muslim.uz
Шаржада 1350 йиллик Қуръони Карим мусҳафи намойиш этилмоқда
БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтмоқда. Бу йилги кўргазмада дунёнинг 60 мамлакатидан 1650 та нашриёт ва матбаа корхоналари иштирок этишмоқда. Кўргазмада 1,5 миллиондан ортиқ китоб ва рисолалар намойиш этилмоқда.
Ярмарканинг бешинчи павилионида Қуръони каримнинг энг қадимий қўлёзмалари тақдим этилмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг Бирмингем университетида сақланаётган 1350 йиллик Қуръони карим қўлёзмаси ҳам намойиш этилмоқда.
Маълумот учун, Британия қироллигининг Бирмингем университетида Қуръони Каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси топилган эди. Уларнинг фикрича, ушбу қўлёзма Қуръони Карим мусҳафининг қадимий нусхаларидан ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу павилионда интерфаол сенсорли экранлар ўрнатилган бўлиб, улар саёҳатчига қадимий қўлёзмалар бўйича кўплаб маълумотларни ўрганишга имкон беради.
Ушбу кўргазма жорий йилнинг 11 ноябр кунига қадар давом этади.
Илҳом Маърупов
тайёрлади
Қалбларни ларзага солган тасвир
Ҳомиладор аёл учун энг ҳаяжонли ва эсда қоларли жараён УТТ кўригидан ўтиш ва дунёга келиши кутилаётган жигарпорасини ривожланиш жараёнини ўз кўзи билан кўриш бўлса ажаб эмас. Бироқ, афсуски, бир тоифа аёллар бор-ки, улар мониторда ўз болажонлари тасвирини кўра олишмайди. Улар – кўзи ожиз оналардир.
Ушбу суратдаги аёлнинг ҳам кўзи ожиз бўлиб, у УТТ кўригига борганда шифокор унинг фарзанди яхши ривожланаётгани, у билан боғлиқ барча жараёнлар меъёрида эканини айтади. Шифокор ушбу кўзи ожиз аёлни хурсанд қилишни хоҳлаб, онанинг қўлига фарзандининг 3D тасвирини тутқазади. Она ўз фарзандини қўллари билан пайпаслаб, ушлаб кўрар экан кўзларидан севинч ёшлари тинмасди. Шу онда унинг қувончи оламларга сиғмас эди...
Умрингиз узоқ бўлсин азиз онажонлар, борлигингиз биз учун бахт аслида, пойи жаннатларимиз!
Илҳом Маърупов
тайёрлади
Ўзбекистон Президенти хотира маросимида иштирок этиш учун Жиззахга борди
Бугун, 6 ноябрь куни Жиззахда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда иштирок этиш учун Жиззах шаҳрига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.
Хабарда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах темир йўл вокзалида тантанали кутиб олингани айтилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жиззахда бу воқеага катта тайёргарлик кўрилган. Шароф Рашидов номи билан аталувчи майдон ва музейда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Кўча ва хиёбонлар байрамона безатилгани қайд этилди.
Дастлаб Шароф Рашидов хотирасига эҳсон дастурхони ёзилиб, Қуръон тиловат қилинган.
Аввалроқ, халқимизнинг атоқли ўғлони, номи ва шони бугунги кунга қадар яшаб келаётган Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган маълумотларни тақдим этган эдик.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда туркиялик мутахассис таклиф қилинди
Аввалроқ, 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, давлат ташкилотлари ва етакчи сайёҳлик фирмалари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилиб, унда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича таклифлар билдирган эди.
Туризм, айниқса, зиёрат туризми соҳасини ривожлантиришда хорижлик мутахассисларни жалб этиш, хориж тажрибасини ўрганиш ушбу соҳани тараққий топишида муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига ташрифи доирасида туризмни ривожлантириш ва координация қилиш мақсадида туркиялик мутахассислар таклиф этилган эди.
Туркия Миллий ассамблеяси собиқ депутати Содиқ Бадак Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар берди
Қўмита берган хабарга кўра, 30 йиллик тажрибага эга бўлган Содиқ Бадакнинг вазифалари нимадан иборат экани келтирилган.
Туркия Республикаси зиёрат туризмини ривожлантиришда катта ютуқларга эришган мамлакат ҳисобланади. Ушбу диёрга ҳар йили зиёрат мақсадида миллионлаб хорижликлар ташриф буюради. Туркиянинг зиёрат туризми йўналишида эришган ютуқларидан бири бу нафақат мусулмонлар, балки насронийларни ҳам қадамжоларга жалб қила олганидадир.
Ўзбекистонда ҳам диний бағрикенглик, динлараро тотувлик таъминлангани, буни халқаро мутахассислар томонидан эътироф этилганини ҳисобга олиб, ушбу йўналишда ислоҳотларни амалга оширишда туркиялик экспертнинг жалб қилингани мақсадга мувофиқдир.
Мутахассис Ўзбекистон ҳудудларининг туристик инфраструктурасини ривожлантиришда иштирок этади.
Содиқ Бадак шунингдек, Ўзбекистон учун салоҳиятли чет эл бозорини ўрганиш ишларида ҳам қатнашади. Янги сайёҳлик маҳсулотларини яратиш ишларига, туристик брендлар ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, Содиқ Бадак лавозимга ноябрь ойида тайинланиши белгиланган.
ЎМИ матбуот хизмати
Фидель Кастрони қойил қолдирган ўзбек ўғлони
Халқимиз тарихида буюк ўғлонлар кўп бўлган. Уларнинг номи ва шони бугунги кунга қадар яшаб келмоқда. Биз авлодларнинг вазифаси эса уларнинг хотирасини абадий қилиш ва келажак авлодларга уларнинг амалга оширган ишларини етказишдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган эди.
Таниқли адиб, давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида, деҳқон оиласида таваллуд топган. 1934 йилда Жиззахдаги педагогика техникуми тугатди. 1938-1941 йилларда Самарқанд вилоятининг рўзномаларидан бирида ишлайди.
1941 йилда Самарқанд Давлат университетини тугатиб муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган. 1941-1942 йилларда урушда қатнашади.
1944-1947 йилларда раҳбарлик ишига ўтади. Самарқанд вилоят партия котиби сифатида фаолият олиб борган.
1947-1949 йилларда “Қизил Ўзбекистон” рўзномасига муҳаррирлик қилади. 1940-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси сифатида ишлаган.
1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби бўлиб ишлаган.
Шароф Рашидов раҳбарлик қилган йиллари жаҳон халқлари бошига улкан кулфат келтирган Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг оғир йиллар, 1966 йилда содир бўлган Тошкент зилзиласи ва ундан кейинги чўлни ўзлаштириш ҳамда пахта майдонларини кенгайтириш йиллариги тўғри келган.
У ўн бир марта “Ленин ордени”, икки марта (1974, 1977) “Меҳнат қаҳрамони Олтин юлдузи” ва Ленин мукофоти совриндори ҳам бўлган.
Шароф Рашидов қобилиятли бошқарувчиликдан ташқари ўз даврининг кўзга кўринган ёзувчиси ҳам бўлган.
Унинг ижоди асосан 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган бўлиб, дастлаб шеъриятда қалам тебратган. Унинг биринчи шеърий тўплами “Самарқанд куйлари” номи билан босилган. Сўнг эса “Ўлкам”, “Орзуимиз” (1939) каби шеърлари чоп этилган. Улуғ Ватан уруши даврида фашизмга қарши ғалабага етакловчи шеърлар ёзиб, 1945 йилда “Қаҳрим” номи билан тўплам сифатида чоп эттиради. У айни чоғда адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган эди. У жанг майдонларида:
Агар жангдан қайтсам орқамга,
Лаънат ўқинг, яшашим бекор.
деган аҳд билан она-Ватан душманларига, фашизмга қарши қаҳр-ғазаб туйғуларини тўкиб сочади.
Шароф Рашидов мақоланавис — публисистликдан камолга етган адиб даражасига кўтарилди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчи ўринни эгаллайди. Адибнинг катта наср намуналари бўлган “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романларида урушдан кейинги Ўзбекистон халқини, тикланиш йилларидаги меҳнат жасоратлари бадиий ифодасини топган.
Ижодкорнинг “Кашмир қўшиги”, “Комде ва Мудан” каби лирик қиссалари анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзал ҳаёт нашидаси мадҳига бағишлангандир. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган “Дил амри” қиссаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Белорусь заминида кечган жанг манзаралари, турли миллат жангчиларининг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирига багишланган.
Шароф Рашидов ҳам Шўро ҳокимияти даврининг барча давлат арбоблари сингари вафотидан кейин қораланди. Ҳаёти ва ижодини ўрганиш таъқиқланган. Мустақиллик шарофати билан камтарин адиб ва давлат арбобининг номи қайта тикланди. У 1983 йилнинг кузида тўсатдан вафот этди.
Ижтимоий тармоқларда Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фотосуратларни кузатганимизда улар орасида биринчи учувчи Юрий Гагарин, Куба раҳбари Фидель Кастро билан тушган муратлари юзага чиқади. Улар эса Шароф Рашидовнинг илм маърифат, халқаро муносабатларда мустақил бўлишга уриниши сифатида англаш мумкин.