muslim.uz

muslim.uz

Среда, 21 Июнь 2017 00:00

Намоз гуноҳдан сақлайди

Намоз – инсоннинг қалбини поклаб жисмига саломатлик улашувчи ибодат. У ҳар бир мусулмонга фарз амал. Аллоҳ таолонинг бу раҳматини киши тоқати етганича ғайрат қилиши айтилган. Шунинг учун ибодатининг қай даражада ажру мукофотга эга эканини билмоқчи бўлган инсон ўзининг ушбу амалга қачондан киришганига эътибор қилсин.

Ёшликда киришган бўлса, ибодати ва савобининг сурати ҳам ёш ва чиройли бўлади. Қарилик чоғида берилган бўлса, унинг ҳам сурати шунга ярашадир. Аммо инсон қачон ҳидоятга етса, ўшандан буён ҳамду сано айтиши ва қолган умрига барака тилаб, ғафлатда ўтган умрига истиғфор билан ўрнинг қопламоғи керак. Шунинг учун ибодатни ҳар қачон ғанимат билмоқ зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрнинг сўнгги дақиқаларида ҳам намозни маҳкам ушлашни қайта-қайта тайинлаганлар.           .

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин касал бўлганларида: “Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар (Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Намоз Исломнинг асосий устунларидандир. Қуръони каримни эътибор билан ўқиган инсон намоз бошқа ибодатлардан кўра кўпроқ зикр этилганини, уни комил суратда ўқиш бот-бот эслатилганини билади. Намозни қоим қилган инсон бошқа амалларни ҳам тўкис бажаради. Намозга эътиборсиз одам бошқа ишларга ҳам лоқайд қарайди. Ҳаётда кўриб турганимиздек, намози чиройли, тартибли одамнинг қолган амаллариям кўнгилдагидек бажарилади. Ибодати чала кишининг дунёвий ишлари ҳам ўлда-жўлда бўлади.

Намозга эътиборсизлик ортидан шаҳватларга мутелик, дунёга кўнгил қўйиш каби иллатлар эргашиб келади. Зеро, намоз инсонни гуноҳ-маъсиятдан қайтаради, бандага Аллоҳни, охиратни эслатиб туради. Намозда ажиб бир куч-қувват бор. Мўмин киши шундан ҳамиша куч олади. Натижада қалби мустаҳкам, имони бақувват бўлади. Инсон ибодатга эътибори, ташналиги билан Аллоҳга севимли бандага айланади. Намозга бепарво кимса илоҳий раҳматдан бебаҳра қолади.

 

Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китоби асосида Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадсодиқ Каримов тайёрлади.

 

Среда, 21 Июнь 2017 00:00

Энг баракотли кеча

Лайлатул қадр –  шараф ва улуғлаш, ҳукм ва тақдир кечаси. Аллоҳ таоло бу кечада келаси йилдаги ўлим, ажал, ризқ ва шу каби тақдирга оид ишларни белгилайди.

Маҳмуд Замахшарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қадр кечаси бу барча ишларнинг тақдири ва ҳукми белгиланадиган кечадир”.

Бу кечада фаришталар Аллоҳнинг изни билан ерга тушади. Тонг отгунча инсонларни дуо қилади ва инсонларнинг дуоларига “омин” деб туришади.

Қадр кечаси қуёш ботишидан то тонггача давом этади. Аллоҳ бу кечада фақат яхшиликни тақдир этади. Бошқа кечаларда эса балоларни ҳам, яхшиликларни ҳам ҳукм қилади.

Аксар уламолар фикрига кўра, Қадр Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, чиндан ҳам у Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди”, деди. Сўнгра қатъий тарзда: “Қадр йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Демак, Қадр кечасининг катта аломатларидан бири – ўша куни қуёш шуъласиз оқариб чиқади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларидан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой бор кечага ўхшайди. У кеча тонг отгунича шайтонлар чиқмайди”, дедилар (Тафсири Самарқандий).

Шундай экан, биз ҳам қўлимиздан келганича кимдир намоз ўқир, кимдир тиловати Қуръон билан, яна кимдир тасбеҳу таҳлил каби тоату ибодат ва дуолар билан машғул бўлиб Қадр кечасини ўтказсак,  Яратганнинг улкан инъомидан баҳраманд бўламиз.  

Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,

Ургут тумани бош имом-хатиби

Среда, 21 Июнь 2017 00:00

Китоб – билим манбаи

Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари илдамлайверади. Китоб ўқимаган инсоннинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади.

2017 йил 20 июнь куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан устоз ва талабаларни диний-маърифий, маънавий ҳамда сиёсий ва мафкуравий савияларини янада юксалтириш мақсадида “Имом Бухорий халқаро маркази” нашриётида чоп этилган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

ТИИ АРМ томонидан кўргазма иштирокчиларига 47 номда 55 дона “Мабрур ҳаж мукофоти фақат жаннатдир”, “Абу-л-муин Насафий”, “Талабалар истаги”, “Ўрта асрларда яшаган кешлик алломалар”, “Иштихоний алломалар”, “Абдулҳамид кеший ҳаёти ва илмий мероси”, “Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси”, “Ҳадис илмининг султони”, “Туҳфату-л-мулук” каби адабиётлар ва “Имом Бухорий сабоқлари” маънавий-маърифий, илмий-адабий журналларининг охирги уч йиллик сонлари ҳамда “Имом Бухорий халқаро маркази” буклетлари намойиш қилинди.

Ушбу кўргазмада институт устоз ва талабалари иштирок этиб, нашриёт тақдим қилган адабиётлар билан яқиндан танишдилар. 

Ахборот-ресурс маркази мудири

Камолиддин Маҳкамов

«Эй инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир, 5)

1. Аллоҳни ёд этганни Аллоҳ ёд этади.

«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз! » (Бақара, 152) 

 

*   *    *

2. Аллоҳ эзгу амаллар қилганларни жаннат ва остидан анҳорлар оқиб турувчи боғлари билан мукофотлайди.

«Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга хушхабар берингки, улар учун (жаннатда) остларидан анҳорлар (суви) оқиб турувчи боғлар бордир» (Бақара, 25)

 

*   *    *

3. Аллоҳ дуо қилувчининг дуосини қабул этади.

Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди (Ғофир, 60)

 

*   *    * 

4. Аллоҳ шукр қилувчига неъматларини янада зиёда қилади.

«Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим, 7).

 

*   *    * 

5. Аллоҳ тавба қилувчи бандасининг гуноҳларини кечиради.

«Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол, 33). 

 

*   *    *

6. Аллоҳ таваккул қилувчи бандасини шайтон ва унинг ёмонликларидан сақлайди.

«Албатта, имон келтирган ва фақат Парвардигорига таваккул қиладиганлар устидан у (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир» (Наҳл, 99).

 

*   *    * 

7. Аллоҳ икки дунёда ҳам мўмин-мусулмонларни Ўзи қўллайди.

«Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирган зотларга дунё ҳаётида ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз» (Ғофир, 51).

 

*   *    * 

8. Аллоҳ солиҳ амаллар қилган бандаларининг гуноҳларини мағфират этиб, уларни Ўзи мукофотлайди.

«Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг гуноҳларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлагаймиз» (Анкабут, 7)

 

«Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёматнинг (келиши) шаксиз эканини билишлари учун хабардор қилдик» (Каҳф, 21)

 

                                                                          Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот: “Қалбинг юмшоқ бўлишини истасанг мискинларни таомлантир ва етимнинг бошини сила”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилади. У зот: “Қалбинг юмшоқ, ҳожатларинг раво бўлишини ёқтирасанми? (Ундай бўлса) Етимга раҳм қил, унинг бошини сила, таомингдан таомлантир! (Шунда сенинг) Қалбинг юмшоқ, ҳожатларинг раво бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).                                                                         

Етимнинг бошини силаш ҳақидаги бу набавий кўрсатманинг мўъжизалиги қаерда?

Юқоридаги икки ҳадисда айтилишича, бу ишда икки кишига фойда бор экан:

  1. Боши силанаётган гўдакка;
  2. Силовчи инсонга.
  3. Боши силанаётган етим гўдакда биологик илмий мўъжиза содир бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Маълумки, бош атрофдаги кишилар билан алоқа қилиш аъзоси ҳисобланади. Унда асаб тизими жойлашган. Бундан ўн тўрт аср муқаддам, ҳали илм-фан ривожланмаган, инсонни бошқарувчи асаб тизими нима эканлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган бир даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни ўз ҳадислари орқали баён қилиб қўйган эканлар! Силовчи шахс қўлини етимнинг боши устига қўяр экан, унинг зеҳнида ўрнашган ёмон фикрлар кетади. Бу амалиёт такрор бажарилганида эса етимнинг хотири жам бўлиб, ором олади, танаси яйрайди. Мана шу амалиёт чоғида ҳар икки томонда айни вақтда ажиб бир ҳолат содир бўлади. Яъни жамиятнинг заиф ва меҳрга муҳтож қатлами билан бақувват ва меҳрибон қатлами ўртасида кучли боғланиш юзага чиқади.
  4. Силовчида юзага келадиган самаралар. Етимнинг бошини силаган киши қалб қаттиқлигидек, руҳий касалликдан халос бўлади. Илм тараққий этиб, тиббиёт чўққига кўтарилган бўлса-да, тиббиёт қалб касалликларини даволовчи дори ишлаб чиқара олмади ҳали. Лекин, тибнинг қўли етмаган касалликларни НАБАВИЙ ТИБ бундан қанча асрлар олдин уларнинг даволаш йўлини ҳам, дорисини ҳам кашф қилиб қўйган. Субҳаналлоҳ! Мана шу мўъжиза бўлмай нима? Қаранг, руҳий хасталиклар ичида энг ёмони – қалб касалликларини даволаш йўли жуда осон экан. Бунга пул ҳам, дори ҳам кетмайди. Бироз ҳаракат бўлса бас. Етимлар бошини силовчи инсон “бир ўқ билан икки қуённи урар” экан. Бири уларга бўлган раҳм – шафқати туфайли беҳисоб ажрларга эга бўлса, иккинчиси қалб хасталикларидан халос бўлади. Қалб ва руҳ хасталиклари табибларининг фикрига кўра, ким ёмон ахлоқларга гирифтор бўлган бўлса, унинг давоси ўша ёмон хулқнинг зиддини қилиш билан амалга ошади. Масалан: ман-манлик камтарлик билан, бахиллик саховат билан, қалби қаттиқлик юмшоқлик ва меҳрибонлик билан даволанади…

Хулоса шуки, кимнинг қалби қотган бўлса етимнинг бошини силасин. Кимнинг ҳожати бўлса етимнинг ҳолидан хабар олсин, таомлантирсин, меҳр кўрсатсин! 

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Top