muslim.uz

muslim.uz

#ЭСЛАТМА

Бароат кечаси Шаъбон ойининг ўн бешинчи яъни 2017 йилнинг 11 майдан 12 майга ўтар кечасига тўғри келади.

 

 “Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар. У шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (2017 йилнинг 11 майдан 12 майга ўтар кечаси)га тўғри келади.

 

  1. Бу қандай кеча?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй Ойша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” дедилар.

Мен:Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ, дедим.

Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди, дедилар.

 

  1. Бу кечада нималар содир бўлади?

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми? дедилар.

Ойша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар.

  1. Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”.

***

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади”.

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи”, дедилар.

 

  1. Бу кеча дуолар қабул бўлади.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан)бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар).

 

***

Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси”.

 

  1. Бу кеча одамлар дўзахдан озод қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:

Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан)тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди.

 

  1. Бу кеча қандай амалларни бажариш лозим?
  1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг;
  2. Тавба ва истиғфор айтишга эътибор қилинг;
  3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг;
  4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафллар, Қуръон тиловати қилинг;
  5. Имкон топсангиз шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:

Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон (дейди) дедилар (Ибн Можа ривояти).

 

  1. Бу кечани бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бешта кечани ким тирилтирса (бедор ўтказса), жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади
MUSLIM.UZ 

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат!  Бугунги жума суҳбатимиз улул-азм, яъни матонатли  пайғамбарлар ҳақида бўлади. Шунинг учун аввало пайғамбарлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб биламиз. Биз араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларини она тилимизда “пайғамбар” деб ишлатамиз. Аслида, араб тилидаги “расул” ва “набий” сўзларининг ўртасида бироз фарқ бор.

Расул сўзи “рисолатун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “элчи”, “вакил” ва шу каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинган пайғамбар – расул деб аталади”.

Набий сўзи “набаун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “хабар” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинмаган балки ўзидан олдинги китоб тушган пайғамбарнинг таълимотини давом эттирувчи пайғамбар  – набий деб аталади”.

Хулоса шуки, барча расуллар набий ҳисобланади, лекин барча набийлар расул ҳисобланмайди.

Пайғамбарларнинг адади қанча бўлгани маълум эмас. Аммо баъзи китобларда уларнинг адади бир юз йигирма мингдан ортиқ, қарийб бир юз йигирма тўрт минг экани зикр қилинган. Қуръони каримда йигирма бешта пайғамбар зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчалари расул бўлишган.

Муҳтарам  намозхонлар! Пайғамбарларни Аллоҳ таоло танлаб олади. Шунга кўра, пайғамбаликка ўқиб-ўрганиш ҳамда малака ҳосил қилиш билан эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ

яъни, “Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!” (Ҳаж сураси, 75-оят)

Биз бандалар барча пайғамбарларга иймон келтиришга буюрилганмиз. Пайғамбарларнинг барчаси маъсумдир.

Пайғамбарларни юборишдан асосий мақсад инсонларга Аллоҳ таолони танитиш ва Унга ибодат қилишга чақиришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ إِلَّا نُوحِي إِلَيْهِ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا فَاعْبُدُونِ

 яъни, (Эй, Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!» – деб ваҳий юборгандирмиз. (Анбиё сураси, 25-оят)

Пайғамбарларни юборишдан яна бир мақсад Аллоҳ таолонинг буйруқлари ва қайтариқларини етказишдир:

الَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَالَاتِ اللَّهِ وَيَخْشَوْنَهُ وَلَا يَخْشَوْنَ أَحَدًا إِلَّا اللَّهَ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا

яъни, Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг ўзи (бандаларининг амалларига нисбатан) етарли ҳисобдондир. (Аҳзоб сураси, 39-оят)

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг баъзилари улул-азм пайғамбарлар дейилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

فَاصْبِرْ كَمَا صَبَرَ أُولُو الْعَزْمِ مِنَ الرُّسُلِ

яъни, “Бас, (эй, Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг”. (Аҳқоф сураси, 35-оят)

Ушбу оятдаги улул-азм, яъни матонатли пайғамбарлар кимлар экани ва уларнинг сонлари нечта экани ҳақида баъзи уламолар уларнинг барчаси улул-азм бўлишган десалар, баъзилари эса улардан маълум сонлиларигина улул-азм бўлишган дейдилар. Бу борада энг машҳур фикр улул-азм пайғамбарлар бешта эканидир. Улар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлардир. Улул-азм дейилишидан мурод – улар собит қадам, жидду-жаҳд ва сабр тоқат соҳиблари эканидир. Аслида, барча пайғамбарлар мазкур сифатлар билан сифатланишган бўлишса-да, лекин айнан мазкур бешта пайғамбарлар ушбу сифатларга хосланганига сабаб, улар катта шариат соҳиблари бўлишгани ҳамда бу шариатларини ўрнатишларида кўплаб машаққат ва қаршиликларга дуч келиб, уларни енгиб ўтишда сабр-матонатли бўлишганидир. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб,“улар каби сабр қилинг”, деб намуна қилингани тўртта бўлади. Яъни, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломлардир.

Нуҳ алайҳиссалом узоқ муддат қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирди. Ана шу узоқ муддат давомида қанчадан-қанча қаршиликларга дуч келган бўлса ҳам, имон келтирганлар жуда ҳам оз бўлса ҳам, сабр-матонат ила Аллоҳнинг буйруғини давом эттирди. У зотнинг пайғамбарлик даврининг ўзи тўққиз юз эллик йил давом этган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳмат қилган:

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا نُوحًا إِلَى قَوْمِهِ فَلَبِثَ فِيهِمْ أَلْفَ سَنَةٍ إِلَّا خَمْسِينَ عَامًا فَأَخَذَهُمُ الطُّوفَانُ وَهُمْ ظَالِمُونَ

яъни, “Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди*. Бас, уларни золим (кофир) бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди”. (Анкабут сураси, 14-оят).

Нуҳ алайҳиссалом умидни узмасдан, қавмига турли усуллар билан даъват қилди. Бу ҳақда шундай дейилган:

قَالَ رَبِّ إِنِّي دَعَوْتُ قَوْمِي لَيْلًا وَنَهَارًا فَلَمْ يَزِدْهُمْ دُعَائِي إِلَّا فِرَارًا  وَإِنِّي كُلَّمَا دَعَوْتُهُمْ لِتَغْفِرَ لَهُمْ جَعَلُوا أَصَابِعَهُمْ فِي آَذَانِهِمْ وَاسْتَغْشَوْا ثِيَابَهُمْ وَأَصَرُّوا وَاسْتَكْبَرُوا اسْتِكْبَارًا ثُمَّ إِنِّي دَعَوْتُهُمْ جِهَارًا  ثُمَّ إِنِّي أَعْلَنْتُ لَهُمْ وَأَسْرَرْتُ لَهُمْ إِسْرَارًا

яъни, “Нуҳ айтади:  “Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос. Қачон уларни Сенда кечирим сўрашга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади. Кейин уларни ошкора даъват қилдим. Сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин ҳам гапириб кўрдим” (Нуҳ сураси. 5-9 оятлари).

Шунча узоқ йилларда ва турли услубларда даъват қилсаларда, қавмидан оз сонли кишиларгина имонга келишди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳақида эса шундай дейилган:

وَإِبْرَاهِيمَ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاتَّقُوهُ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

إِنَّمَا تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْثَانًا وَتَخْلُقُونَ إِفْكًا إِنَّ الَّذِينَ تَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ لَا يَمْلِكُونَ لَكُمْ رِزْقًا فَابْتَغُوا عِنْدَ اللَّهِ الرِّزْقَ وَاعْبُدُوهُ وَاشْكُرُوا لَهُ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

яъни,  “Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилингиз ва Ундан қўрқингиз! Агар билувчи бўлсангиз, мана шу ишингиз сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасиз ва (уларни илоҳлар деб) ёлғон тўқимоқдасиз. Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқ беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз ва Унга шукр қилингиз! Сизлар (охиратда) Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут сураси, 16-17 оят)

 Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми гулхан ёқиб, ҳатто у зотни унга отишдан ҳам қайтмади: “(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборингиз! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилингиз!» Биз айтдик: «Эй, олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!» Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса, уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик”. (Анкабут сураси, 68-70 оятлар)

Мусо алайҳиссаломнинг воқеасига келсак, Қуръони каримда энг кўп зикр қилинган қисса у зот алайҳиссаломга тегишлидир. У зотни Аллоҳ таоло худоликни даъво қилган Фиръавннинг замонида пайғамбар қилиб юборди. Мусо алайҳиссалом даъват йўлида мисли кўрилмаган машаққатларга, баҳс-мунозараларга дуч келди.

Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбарлик вазифасини адо қилишда кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Қавм унга куфр келтириб, турли туҳмат бўҳтонлар қилишди.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, барча пайғамбарлар муаллим бўлиб келишган. Инсониятга хайрият уруғини сочишган. Бугунги кунда гарчи орамизда пайғамбарлар йўқ бўлса-да, лекин уларнинг меросхўрлари бордир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилган:

عن أَبي الدرداء رضي الله عنه قال: سَمِعْتُ رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: « ... وَإنَّ العُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأنْبِيَاءِ، وَإنَّ الأنْبِيَاءَ لَمْ يَوَرِّثُوا دِينَاراً وَلا دِرْهَماً وَإنَّمَا وَرَّثُوا العِلْمَ ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بحَظٍّ وَافِرٍ».

رواه أَبُو داود والترمذي

яъни, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: ... Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Чунки пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қилиб қолдиришмаган. Улар илмни мерос қилиб қолдиришган. Шундай экан, кимда-ким уни олса, катта насибани қўлга киритибди”, деб айтаётганларини эшитдим”. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Шунга кўра, биз мусулмонлар уламоларни ғанимат билиб, диний масалаларда ихтилофга бориб қолгудек бўлсак, дарҳол Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.

Айниқса, дунё нотинч бўлиб турган, турли ғаламислар динимизга туҳмат тошини отиб турган, айрим ўлкаларда диний шиорлар остида қон тўкилаётган бугунги кун каби таҳликали замонда огоҳ ва хушёр яшамоғимиз, мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталикни кўз қорачиғидай асрашимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар ва ислоҳотларга Ўзи баракот ато қилсин! Омин!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида «Бу илмни кейинги келган одамлардан одиллари (тақводорлари) кўтариб юрадилар. Улар илмни ғулуга кетувчиларнинг ўзгартиришидан, ботилга чиқарувчиларнинг динни ўзиники қилиб олишидан ва жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.

Уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни «Имамул ҳудо», «Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна» деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ «Аъламул ахёр» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: «Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди»[1].

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ «Ал-Фатҳул мубин» асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди»[2].

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ «Завожир ан иқтирофил кабоир» китобида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:

«Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳларнинг эътиқодлари назарда тутилади»[3].

«Ар-Ровзатул баҳия» китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли Сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган:

«Шуни билки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан»[4].

Аллома Тошкупризода раҳимаҳуллоҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида «Мифтаҳус саодат» китобида шундай деган: «Аҳли Сунна вал Жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотуридий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир»[[5].

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Мирқотул мафатиҳ» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади:

«Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми» оятидаги ҳавойи нафсга Китобу суннатга хилоф бўлган эътиқодий фосид ҳавойи нафсларнинг барчаси киради. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мункар ёмон ҳавойи нафсни баён қилиб шундай деган: «Мункар ҳавойи нафс бу Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имоми: Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодларига  мухолиф бўлган фосид эътиқодлардир»[6].

Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида «Муқаддиматул Кавсарий» китобида шундай деган:

«Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг «Ишаротул маром фи иборотил имом» китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Зубайдий «Иҳё»нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган»[7].

Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Рижалул фикр вад даъва» китобида бу зот ҳақида шундай деган: «Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган»[[8].

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг 

 4- босқич талабаси Нурмуҳаммедова Васила

[1] Абул Бақо Ҳусайн Кафавий. Аъламул ахёр мин фуқаҳои мазҳабин Нўъмон мухтор. – Теҳрон: Кутубхона Мажлис шўро, 2011. – Б. 138

[2] Абдуллоҳ Мустафо Муроғий. Ал-фатҳул мубийн фи табақатил усулиййин. – Байрут: Дорул ирфон, 1986. – Б. 241

[3] Ибн Ҳажар Ҳайтамий.Завожир ан иқтирофил кабаир. – Қоҳира: Дору дарбул ислам, 1987. – Б. 80

[4] Шайх Абдулвожид Халлоф. Хилофу танаввуъил Мотуридий вал ашъарий. – Қоҳира: Дору кутубил илмийя, 1425. – Б. 23

[5] Аллома Аҳмад ибн МустафоТошкуброзода. Мифтаҳус саодат. – Байрут: Дору кутубил илмийя, 1985. – Б. 33

[6] Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон. Мирқотул мафотиҳ  – Байрут: Дору кутубил илмия, 1998. – Б.452

[7] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Муқаддимот Кавсарий. – Байрут: Дорус салом, 1425. – Б. 51

[8] Абул Ҳасан Надавий. Рижалул фикри вад даъвати. – Байрут: Дору муассасатир рисала, 2003. – Б. 432

Аввал хабар берилганидек, амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетган Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари 7 май куни “Ленинград ёшлар уйи”да шу шаҳарда вақтинча яшаб, ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон делегациясидан ташқари Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақа мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев, Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбек диаспораси раҳбари А.Хайдаров ва бошқа мутасадди идора масъуллари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида муфтий Р.Панчеев Ўзбекистон делегацияси аъзоларини ва раҳбари И.Иномовни таништириб, унга сўз берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов йиғилганларга бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган диний-экстремизм, терроризм, унинг оқибатлари, бу йўлга кирмаслик учун нималарга эътибор бериш лозимлиги ва бугунги кундаги бошқа ижтимоий муаммолар ҳақида маъруза қилди. И.Иномов маъруза давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашри бўлган “Смута ИГИЛ” китоби ҳақида атрофлича маълумот берди.

“Ленинград ёшлар уйи”га йиғилган 600 дан ортиқ фуқароларимиз, Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақа мусулмонлари идораси раҳбарияти И.Иномовнинг маърузаси ва унда берилган маълумотлар учун миннатдорчилик билдирдилар.

Шунингдек, ташрифнинг навбатдаги куни 8 май санасида, Ўзбекистон делегацияси Р.Панчеев, бир қатор фронт орти фахрийлари билан Пискарев мемориал қабристонига бориб, у ерда Иккинчи Жаҳон Уруши вақтида вафот этган жангчилар қабрини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи давом этмоқда. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

muslim.uz

 

 

1. Ислом тақвими ойнинг ҳаракатига асосланган. У 365 кундан иборат григорян календаридан тахминан 10 кун қисқа. Шу боисдан Рамазон ва Қурбон байрамлари ҳар йили ўн кун олдинга сурилиб келади.

2. Одам алайҳиссаломнинг бўйи 30 зироъ атрофида бўлган. Зироъ узунлик ўлчови бўлиб бир зироъ тахминан ярим метрга тўғри келади.

3. Мусулмонларнинг аксари Яқин Шарқда яшамайди. Аҳоли энг зич яшайдиган мусулмон давлати Индонезиядир. Бу мамлакат 257 миллион (2015 йилги маълумот) аҳолиси билан нуфус бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Ҳиндистондаги мусулмонлар аҳолиси сони Сурия, Ироқ, Иордания, Фаластин ва Арабистон ярим ороли давлатларидан кўп.

4. Ойнинг бўлиниши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк мўъжизаларидан биридир. Қурайш мушрикларининг раҳбарлари келиб: “Агар ростдан ҳам пайғамбар бўлсанг ойни иккига бўлиб бер-чи”, дейди. Уларнинг аксари Пайғабаримизнинг қариндошлари эди. Пайғамбаримиз уларнинг иймонга келишини, нажот топишини истар эдилар. Аллоҳ таолога илтижо қилиб қўлларини юқорига кўтардилар. Ой ўртасидан иккига ажралиб икки тоғнинг устига келди. Ойнинг иккига ажралганини йўлда карвонда келаётиб кўриб, нега бундай бўлганига ҳайрон қолган бадавийлар, яҳудийлар Маккага келганларидан сўнг бу Муҳаммад алайҳиссаломнинг иши эканини билиб иймон келтириб мусулмон бўлдилар. Аммо у зотдан шу ишни талаб қилган мушриклар “Муҳаммад (с.а.в.) сеҳр кўрсатди”, деб шовқин солиб иймон нуридан бебаҳралигича қолаверди.

5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати олдин ўтган пайғамбарларнинг барчасининг умматини қўшгандаги ҳисобдан ҳам кўп.   

6. Каъбани Одам алайҳиссаломдан кейин Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссалом бино этганлар.

7. Мусулмонлар Каъбага сажда қилмайдилар, Каъба Аллоҳ таоло қайси томонга қараб ибодат қилишни кўрсатган йўналишни белгилайди. 

8. Ашаддий мушрик Абу Жаҳл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган муқаддас Қуръон оятларини яширинча эшитиб юрган. Чунки унга ояти карималарни тинглаш ёққан.

10. Статистик маълумотларга кўра, дунёда 1.6 (2010 йилги маълумот) миллиард мусулмон яшайди.

11. "Муҳаммад" исми дунёда энг кўп тарқалган исмдир.

12. Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёлларидан бири африкалик, иккита аёллари яҳудийлардан бўлган.

13. Албания Европадаги аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган ягона давлат.

14.Милодий йилни ҳижрийга айлантириш учун милодий йилдан 622 айириб олинади. Қолган сон 32 га бўлинади. Кейин эса икки амал натижаси қўшилади. Ана шу қўшилма натижаси ҳижрий-қамарий йил бўлади.

15. Алгебра, нол, пахта, диван, гуруч, конфет, шафран, балкон сўзларининг инглизча ифодаси инглиз тилига арабчадан ўзлаштирилган. Булар арабчадан инглизчага ўзлашган сўзларнинг озгина қисми, холос.

16. Чечак ва қизамиқ ҳақидаги биринчи рисолани биринчи бўлиб  Абу Бакр Ар-Розий (864-925) ёзган. Шундан кейин мусулмон давлатларида чечакка қарши эмлаш одатий амалиётга айланган.

17. Оксфорд ва Кембриж университетининг биринчи талабалари математика, медицина, кимё, оптика ва астрономия фанларини мусулмон олимлари ёзган дарсликлардан ўрганган.

18. Аделард Батский Ўрта асрларнинг пешқадам олимларидан бўлган. Мусулмон олимларининг асарларини арабчадан латинчага таржима қилиш уни машҳур қилган.

19. Масжиди Набавийнинг эшикларининг оғирлиги беш тоннадан. Катта миқдордаги ёғочлар тўпланиб қуритиш учун компьютерлашган печларда қуритиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнатилди (уларни одатдаги печларда қуритиш жараёни бир неча йилга чўзилиб кетиши мумкин эди). Ёғочларни қуритишга беш ой вақт кетди. Яхши қуриган ёғочлар Барселонага (Испания) юборилди ва эшикнинг асосий қисми ўша ерда ясалди. Ниҳоят бадиий безак бериш учун Францияга олиб борилди.

20. Фақат 1932 йилда кисвани (Каъба ёпинчиғи) тўлиқ Саудия Арабистони фуқаролари тайёрлаган.

21. Масжиди Набавийнинг томи устидан яна қўшимча қаватлар қураверилса бўладиган қилиб ёпилган.

22. Қуръони карим оятлари эркак ва аёлни тенглаштирган: “эркак” сўзи 24 маротаба тилга олинган бўлса, “аёл” сўзи ҳам шунча тилга олинган.

23. Қуръони каримдаги энг узун сура Бақара. Энг қисқа сура эса Кавсар сурасидир.

24.Қуръони каримда сут энг фойдали ичимлик сифатида, асал эса энг фойдали егулик сифатида тилга олинган.

25. Қуръони карим 23 йил давомида нозил бўлган.

26. Қуръони каримнинг битта ҳарфини чин ихлос билан ўқиган киши ўн савоб олади. Ихлос сураси Қуръони каримнинг 1/3 дир.

27. Рамазонда ўқилган бир оятнинг савоби бошқа ойларда Қуръони каримни тўлиқ хатм қилганнинг савобига яқин.

28. Қиёмат кунида Қуръони карим уни ўқиган одамларни шафоат қилади. Қиёмат кунида Қуръони карим уни ўқимаган одамлардан шикоят қилади.

29. Зам-зам суви Иброҳим алайҳиссалом даврида Исмоил алайҳиссаломнинг чанқоғини босиш учун отилиб чиққан. Кейин орада 2600 йил йўқолиб кетган. Шунча йил ўтганидан сўнг севикли пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталиб қазиб булоқ кўзини очган. Булоқнинг жойи унга тушида аён бўлган.

30. Ислом энг тез тарқалаётган дин ҳисобланади. 2030 йилга келиб у биринчи рақамли динга айланади.

31. 10 та саҳобага ҳаётлик пайтидаёқ жаннатнинг хабари берилган. Улар:

  • Абу Бакр Сиддиқ;
  • Умар ибн Хаттоб;
  • Усмон ибн Аффон;
  • Али ибн Абу Толиб;
  • Зубайр ибн Аввом;
  • Талҳа ибн Убайдуллоҳ;
  • Саъд ибн Абу Ваққос;
  • Абу Убайда ибн Жарроҳ;
  • Абдурраҳмон ибн Авф;
  • Саъид ибн Зайд.

32. Ислом шамширлар тиғи остида тарқалмаган. У маърифат билан тарқалган. Зеро, Қуръони каримда: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси 256-ояти), дейилган.

33. Муслима аёллар Аллоҳнинг ҳукмларини бажаришга қулай бўлсин учун одмигина кийинган. Диндор аёллар бутун тарих бўйича кенг-мўлгина кийиниб келган. Анъанавий кийимлар сирасига роҳиба аёллар киядиган кийимлар яққол мисол бўлади. Шунингдек, Исо алайҳиссаломнинг волидаси Биби Марям тасвирланган санъат асарларида ҳам унинг кийими шундай тасвирланган.

 

Top