muslim.uz

muslim.uz

Среда, 19 Апрель 2017 00:00

Савдогарлик одоблари

Савдо-сотиқ билан шуғулланиш шарафли касблардан биридир. Динимиз кўрсатмасига кўра тижоратда ростгўйлик, тўғрилик, мулойимлик алоҳида ўрин тутади. Инсонларнинг ҳаққига хиёнат қилмай, бир-бирини алдамай савдо-сотиқ қилган кишиларга охиратда Аллоҳнинг энг суюкли бандалари билан бирга бўлиш бахти насиб бўлади. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ишончли, ростгўй савдогар (жаннатда) набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тўғрилик деганда аввало, ёлғон, хиёнат, туҳмат, бевафолик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлиш тушунилади.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўрганмоқ керак. Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки у роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унитади. Касби туфайли атрофдагиларига ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Демак, инсон ҳалол меҳнати билан ваъда қилинган улуғ савоблар, даражаларга эришар экан.

Демак, савдо-сотиқ, тижорат билан машғул бўлган киши динимиз кўрсатган йўлга мувофиқ тижорат қилса, унга охиратда катта ажру мукофот бўлиши, хатто жаннатда пайғамбар-у, сиддиқлар билан бирга бўлар экан. Аммо унинг акси бўлса, ўзининг фойдаси учун ҳийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик ва ғирромлик қилса, динимиз талабларидан ташқарига чиққан бўлади ҳамда қиёмат кунида оғир ҳисоб китобга мубтало бўлиши муқаррар. Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто ёлғон қасам ичадилар. Бу савдонинг баракасини кетказади. Бошқа томондан бало ва офатлар етиши ҳам мумкин.

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Олувчи ва сотувчи ихтиёрлидир. Агар бир-бирларига рост сўзлаб, молини айбини яширмасалар ўрталарида барака бўлади. Агар моллари айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака кўтарилади”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги сал нам экан. Шунда У зот: “Бу қандай бўлди?”, деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”-деб узр айтди. Он ҳазрат: “Нам теккани устида тураверса бўлмайдими? Кимки ҳиёнат қилса биздан эмас”-дедилар.

Баъзи бир ўлкаларга Исломни ёйишда мусулмон савдогарларнинг ўрни беқиёс бўлган. Кўплаб инсонлар мусулмон тижоратчилар сабабли исломга кирганлар. Хитой ерларига қарашли Шарқий Туркистон исломни мусулмон савдогардлар орқали ўрганганлар. Шу билан хитойликлар орасида ислом ёйила бошлаган. Мусулмон савдогарлар туфайли Ислом Индонезия, Малайзия, Филиппин каби  Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига етиб борган. Шри-Ланканинг  жанубий ғарбида жойлашган Малдив ороли ва Вьетнамга ҳам исломнинг тарқалиши ортида мусулмон савдогарларнинг хизматлари катта.

Африка қитъасининг шимолидан тортиб марказий-шарқий ва жанубий Африкагача бўлган ҳудудларда ҳам исломнинг тарқалишига мусулмон савдогарларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс.

Бироқ, қалб қулфларининг исломга очилишида тижоратчилирнинг хулқи қандай ўрин тутган?

Ана ўша биз улар ҳақида гапираётган тижоратчилар кўп ишлар қилмаган. Лекин улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган хулқ билан хулқланган эдилар холос.

Бу хулқ Аллоҳ таоло ўз набиййиниوَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ  “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб мақташига сабаб бўлган хулқ эди.

Бу хулқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

بعثت لأتمم مكارم الأخلاق

“Мен ахлоқларнинг энг мукаррамларини мукаммал қилиш учун юборилдим” деган сўзларида жо бўлган хулқ эди.

Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. У бизга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи ҳам фаҳш гапларни айтувчи ҳам эмасдилар. У зот:

إن خياركم أحاسنكم أخلاقاً

Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқи гўзалларингиздир, дер эдилар”, -деди” (Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

إن من أحبكم إليَّ وأقربكم مني مجلساً يوم القيامة أحاسنكم أخلاقاً

“Сизларнинг менга энг севиклигингиз ва қиёмат куни менга энг яқин жойда бўладиганингиз хулқи чиройлиларингиздир”, дедилар  (Термизий ривояти).

  Исломда тижоратнинг ҳам ўзига хос ахлоқи бўлиб, у ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб хабар берадилар:

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (إِنَّ أَطْيَبَ الْكَسْبِ كَسْبُ التُّجَّارِ الَّذِينَ إِذَا حَدَّثُوا لَمْ يَكْذِبُوا، وَإِذَا ائْتُمِنُوا لَمْ يَخُونُوا، وَإِذَا وَعَدُوا لَمْ يُخْلِفُوا، وَإِذَا اشْتَرُوا لَمْ يَذِمُّوا، وَإِذَا بَاعُوا لَمْ يُطْرُوا، وَإِذَا كَانَ عَلَيْهِمْ لَمْ يَمْطُلُوا، وَإِذَا كَانَ لَهُمْ لَمْ يُعَسِّرُوا

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касбларнинг энг яхшиси – тижоратчиларнинг касбидир. Улар гапирсалар ёлғон гапирмайдилар, уларга омонат қўйилса хиёнат қилмайдилар, ваъда берсалар хилоф қилмайдилар, сотиб олаётгаларини пастга урмайдилар, сотаётганларини бўрттирмайдилар, қарзларини беришни чўзиб юрмайдилар ва бировга қарз берганларида уни қистамайдилар” (Байҳақий ривояти).

Мусулмон тижоратчининг омонатдор бўлиши муқаддас динини кўрсатмаси ва топшириғи экан. Ривоятларда келишича Юнус ибн Убайд ҳар хил нархдаги кийимларни сотар эди. Баъзи кийим-кечакларининг нархи тўрт юз танга бўлса, баъзилариники икки юз танга эди. Бир куни ўзининг ўрнига дўконда жиянини қолдириб ўзи намоз ўқиш учун масжидга жўнабди. Шунда дўконга бир аъробий келиб тўрт юз тангалик кийим сўрабди. Унга икки юз тангалиги кўрсатилганда либос унга маъқул келиб уни сотиб олибди. Юнус ибн Убайд йўлда ҳалиги аъробийни учратиб қолибди ва либос ўзининг дўконидан сотилганини пайқаб ундан “Қанчага сотиб олдинг?” деб сўрабди. Аъробий тўрт юз тангага олганини айтгач Юнус ибн Убайд у либос икки юз танга туришини ва қайтариб олиб боришини айтибди. Аъробийнинг: “Биз томонларда бунинг нархи беш юз танга, мен розиман” деган гапига қарамай “Тўғрилик мол-у дунёдан яхшироқ” деб дўконидан икки юз тангасини қайтариб берибди, жиянига эса бу иши учун қаттиқ дашном бериб, уни инсофли бўлишга чақирибди.

Бунга ўхшаш воқеани Муҳаммад ибн Мундакир роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларида ҳам учратишимиз мумкин. У киши ҳам савдогарлардан бўлиб турли либосларни сотар эдилар. Бир куни ўрнига ёш бола савдо қилиб беш тангалик кийимни ўн тангага сотганлигини билиб қолиб харидорни излашга тушибди. Ахири топгач унга: “Ёш бола сизга беш тангалик кийимни ўн тангага сотибди”  дебди. У одам розилигини айтганда унга қарата: “Биз ўзимизга раво кўрганимизнигина бошқаларда бўлишига розимиз. Энди ё ўн тангалик либослардан бирини олинг, ёки беш тангани қайтариб берай, ёки бўлмаса либосни қайтариб пулларингизни олиб кетинг” деб айтибди. Ҳалиги одам беш тангани қайтариб олибди ва одамлардан бу улуғ зот ким эканлигини сўрганида улар Муҳаммад ибн Мундакир эканлигини айтишибди.

Аллоҳ таоло юртимиз бозорларига Ўзининг баракотларини ёғдирсин. Барчамизга муқаддас динимиз кўрсатмасига мувофиқ савдо-сотиқ қилиб, бу дунё бахти охират саодатига насиб этсин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Жаҳон оммавий ахборот воситалари ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий қўлга олингани ҳақида хабар бермоқда. У Мосулдан қочишга уринган. Ироқ ва Сурия чегарасида террорчи гуруҳ раҳбари қўлга олинган.

Араб мамлакатлари оммавий ахборот воситалари ИШИД етакчиси қўлга олингани ҳақида биринчи бўлиб хабар беришган. Бу маълумотни БМТ Хавфсизлик ва ахборот Қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Хейтам Абу Саид тасдиқлади.

Бундан олдинроқ оммавий ахборот воситаларида Мосул шаҳри яқинида ҳарбий амалиёт жараёнида ал-Бағдодийнинг яқин ёрдамчиларидан бири бўлган “Кавказлик амир” лақабли жангари қўлга олинаётганида ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатилган эди. Ўтган ойда ал-Бағдодий жангариларга қараб сўзлаган нутқида қатор мағлубиятларга учраганини эътироф этган эди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобини ўқир эканман, муаллиф энг долзарб масалага айланган ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ечимига доир қувватли далиллар – Қуръони карим оятлари, саҳиҳ ҳадислар, маъмурий ва жиноий  жавобгарликка тортувчи моддалар,  воқеий ҳикоялар келтирганига гувоҳ бўлдим. Асарнинг ҳар саҳифаси тагидан “билиб олинг” рукнида  уламоларимизнинг доно насиҳатлари жой олган. Китобни ўқиган сари янги-янги маълумотларга эга бўласиз.

Умуман олганда, китоб ўқиш  инсонни буюклик сари етаклаши ҳақ гап. Аммо ҳозирги кунда баъзи  ёшларимиз, ёши катталар, ҳаттоки аёлларимиз орасида  китобни бир четга улоқтириб интернетга  муккасидан кетиш ҳолатлари учраётгани ачинарли.

Раҳматли Ғуломқодир ҳожи Юнусов  “Дониёр бин Озод” жоме масжидига асос солган эдилар. У киши қачон бўш қолсалар мутолаа қилар эдилар. 90 ёшга кирганларида ҳам кўзойнаксиз китоб ўқиганлар. Бугун ўйлаб қарасам, у кишининг узоқ умр  кўришлари ҳамда тетик юришларининг сабаби кўп китоб ўқиганларидан экан.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз” деб таъкидладилар.  Бу мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни китобни севишга ўргатиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бу ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.  

Хулоса ўрнида  энг аввало, ёшлар бугунги кунда юртимизда барқарор бўлган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиб, бу неъматни кўз қорачиғидай асраши мақсадида, тинмай ўқиш ва изланишда бўлиши, китобга меҳр қўйиши керак.  

Махмуджон АБДУСАИДОВ,

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи  

Савол: Ассалому алайкум! Муҳтарам Шайх Ҳазратлари, бир биродарим бомдод  намозига масжидга келганда аввал масжид ҳаққи намозини ўқиб, кейин бомдод намозининг суннатини ўқийди. Мен: “Биродар субҳ киргандан кейин фақат бомдоднинг суннати ўқилади, бошка нафл намоз ўқиш мумкин эмас”, деб айтдим.

Бир неча кундан кейин биродарим: “Бомдоднинг суннатини ўқигунча нафл намозини ўқиш мумкин экан, менга фалон домла айтдила”, деди ва яна нафл намозини ўқишни давом эттирди.

Сиздан илтимос, шу саволимга аниқлик киритиб берсангиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат!!!

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Субҳ (тонг) вақти киргач бомдоднинг суннатидан бошқа бирор нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади. Бурҳонуддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳидоя” асарида бу ҳақда қуйидагича баён этилади: “Тонг отгандан сўнг бомдоднинг икки ракат (суннат)идан ортиқча нафл намоз ўқиш макруҳ бўлади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишга ҳарис-рағбатлари кучли бўлса-да, айнан шу вақтда икки ракат суннат намозидан ортиқ нафл намоз ўқимаганлар”.

Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ бу сўзнинг шарҳида “Ҳарис бўла туриб, нафл ўқишни тарк қилиш нафл ўқишнинг макруҳлигига далил”, деганлар.

Мулла Али қори раҳимаҳуллоҳни “Фатҳу бобил иноя би шарҳин-Нуқоя” китобида бундай дейилган: “Тонг отгандан сўнг фақатгина нафл намоз ўқиш макруҳ. Бомдоднинг суннатини ҳамда қазо намозларни ўқиш, тиловат саждасини қилиш, жаноза намозини ўқиш эса макруҳ эмас”. Бунга далил сифатида бир неча далилларни айтиб ўтганлар. Жумладан: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларига: “Сизлардан шоҳид (шу жойда ҳозир) бўлганлар ғоиб (шу жойда ҳозир бўлмаган)ларга тонг отгандан сўнг икки сажда (бомдоднинг икки ракат суннати)дан бошқа ҳеч қандай (нафл) намоз ўқиш йўқ эканини етказиб қўйсин!” деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳафса розияллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отгач қисқагина икки ракат намоздан бошқа (ҳеч қандай нафл) намоз ўқимас эдилар”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу тонг отгандан сўнг (қуёш чиқишидан илгари) Каьбани етти марта тавоф қилганлар ва (тавофдан сўнг ўқилиши вожиб бўлган икки ракатлик тавоф) намозини ўқимаганлар. Йўл юриб, то “Зий Туваа” деган жойга етиб борганларида қуёш чиқиб, кўтарилиб бўлгандан сўнг тавофнинг икки ракат намозини адо этганлар.

Ҳанафий фиқҳига оид барча китобларда айнан шу маъно ифодаланиб, тонг отгандан сўнг бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа бирор нафл намоз ўқиш макруҳлиги таъкидланган. Валлоҳу аълам.

ЎМИ фатво ҳайъати / savollar.muslim.uz

Ўтган ҳафта сўнгида Навоий шаҳридаги “Ҳазрати Алишер Навоий” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Навоий вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ва отинойиларнинг 2017 йил 1-чоракда амалга оширилган ишлари ва истиқболдаги режаларга бағишлаб йиғилиш ўтказилди.      

Вилоят ҳокими ўринбосари Ғофиржон Мусурмонов ҳамда вилоят маҳалла хайрия жамоат фонди  раиси Нормурод  Исоқовлар иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Навоий вилоят вакиллиги 2017 йилнинг 1-чорагида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, масжид имом-хатибларининг 2017 йилнинг 1-чорагидаги маънавий-маърифий тадбирларда иштироклари, ОАВда чиқишлари ҳар бир туман ва шаҳар масжидлари имомлари мисолида таҳлил қилинди ва келгусида жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги иштирокларини янада жонлантириш, тадбирларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний экстремизм таҳдидига қарши  огоҳлик ва ҳушёрликни кучайтиришга қаратилган илмий-асосли маърузалар билан иштирок этиш тўғрисида кўрсатмалар берилди.

 ЎМИнинг Навоий вилоят вакиллиги

Top