muslim.uz
Ҳаромда шифо йўқ
Аллоҳ таоло бандасига бир дард берар экан, ўша дарднинг шифосини ҳам беради. Аммо унга кимнидир ёки ниманидир сабабчи қилади. Шунинг учун ҳам касалликка шифо ахтариш ҳар бир мусулмонга вожиб. Лекин касалликларни даволаш шариатда рухсат этилган, ҳалол дори-дармонлар воситасида амага оширилмоғи лозим. Таассуфки, кейинги вақтларда нодонлик оқибатида ҳаром нарсаларни шифо бўлади дея турли касалликларга тавсия қилувчилар кўп учрамоқда. Улар ўзларининг адашгани камдек шифоталаб кишиларни хам адаштирмоқда. Бир томчиси ҳам ҳаром бўлган ароқни ошқозонга ёки винони камқонликка тавсия қилувчи тиббиёт бўйича билими ҳаминқадар бўлган саводсиз табиблар бор. Яна чўчқа гўшти ва унинг ёғини эритиб ичиш ёки баданга суркаш, айниқса, ёш болаларга яхши фойда беради дея ташвиқ қилгувчилар ҳам топилади. Бундан ташқари, айрим кимсалар инсоннинг пешобини кўп касалликка даво сифатида тавсия қилади. Ахир унинг томчиси кийимга тегса, нажас бўлади. Қандай қилиб шифо сифатида истеъмол қилиш мумкин?!
Шунингдек ит, илон, типратикон гўштини ҳам шифо сифатида буюрувчи чала табиблар учрайди.
Абу Бакр Сиддиқ р.а. дан ривоят қилинади: “Расулуллох с.а.в. айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Абу Аъло Базор ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: “Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”.
Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Тухома тоғига тенг келадиган яхшиликлари бўлади. Улар кетишгач Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди-да, ўзлари дўзахга улоқтирилади”. Расулуллоҳдан сўрашди: “Бундай бўлишининг боиси нима?” Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Улар намоз ўқирдилар, рўза тутардилар, закот берардилар. Бироқ дуч келган ҳаром нарсани ердилар. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”.
Мўмин мусулмоннинг ейдиган таоми пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари шубҳадан холи бўлмоғи лозим.
Раҳмати кенг Аллоҳ таоло бандаларига ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам осон қилиб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риояси эътиборга олинишини шариатга киритган. Масалан, ҳозиқ табиб ана шу нарсадан шифо бўлишини тажрибасида кўрган бўлса, тиббиёт фанида ҳам шифо бўлишига оид аниқ маълумот бўлса, ўша нарсани шифо учун ишлатиш мубоҳ бўлади. Яъни, ихтиёри шифо истовчининг ўзида бўлади.
Аллоҳ барчамизнинг дори-дармонимиз ҳалолу пок бўлишини насиб айласин!
Х.ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги Улуғбек жомъе масжиди имом-хатиби
Саудия уламолари ҳайъатининг “такфир” тушунчаси ҳақидаги хулосалари (2-жузъ)
Саудия Арабистон Подшоҳлигидаги “Мўътабар уламолар кенгаши”нинг такфир (бировни куфрда айблаш) ҳақидаги баённомалари ва қарорларининг хулосаси:
2-жузъ
Ар-Риёз шаҳри 26.09.2016
- Такфирга шошилишнинг ортидан бировнинг қонини ва молини ҳалол ҳисоблаш , ўзаро мерос олишни ман қилиш, никоҳнинг бекор бўлиши ва бошқа – муртадлик сабабидан келиб чиқадиган – хатарли ишлар келиб чиқади. Ахир қандай қилиб мўмин кишига арзимас шубҳани деб кофирликда айблаш мумкин?
- Ҳокимлар ва ҳукуматларни кофирга чиқариш бошқалардан хатарлироқдир. Чунки унинг ортидан уларга қарши оммани қўзғатиш, уларга қарши қурол кўтариш, беқарорликни келтириб чиқариш, ноҳақ қон тўкиш, одамлар ва шаҳарларни ҳароб қилишдек ишлар келиб чиқади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалллоҳу алайҳи васаллам) бундан қаттиқ қайтариб: “... Фақат очиқ-ойдин куфрни кўрсангиз ва унга сизларда Аллоҳ таоло томонидан ҳужжат-далил бўлсагина (куфрга нисбат беришингиз дуруст)” деганлар.
- Бу бузуқ эътиқод – Такфирдан қуйидаги ишлар урчимоқда:
- Мусулмоннинг қонини тўкишни мубоҳ санаш;
- Обрўни тўкиш;
- Хусусий ва умумий мол-мулкларни тортиб олиш;
- Турар жойлар ва ташкилотларни портлатиш;
- Иншоотларни ҳаробага айлантириш.
- Такфирга шошилишнинг катта хатари бор. Бу борада Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди”, деган (Аъроф сураси, 33-оят).
- Набий (соллалллоҳу алайҳи васаллам) кофир бўлмаган шахсни куфрга нисбат беришдан огоҳлантириб бундай деганлар: “Қайси бир киши ўз биродарига “Эй кофир!” деса, бу гап иккисидан бирига тегур. Агар (биродари ҳақиқатда) у айтгандек бўлса (ўшанга), ундай бўлмаса, ўзига қайтиб, ўзи кофир бўлур”.
Саййид Муҳйиддин маҳдум ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси Аъзамов Баходиржон таржимаси
Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Софийя бинти Абул Осс ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўттиз беш йил олдин (мелодий олти юз саксон тўққизинчи йили) Маккаи мукаррамада туғилганлар.
У Қурайш қабиласининг сардори, Макка шаҳрининг бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани (кейинчалик исломни қабул қилиб саҳоба бўлган), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам энг катта ғанимларидан бўлган Абу Суфённинг қизи эди. Унинг қавми Бани Абди Шамснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми Бани Ҳошимга адовати кучли эди. Бу қавм Ислом даъватига ҳамда даъват соҳибига доимо тўсқинлик қилар эди. Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Парвардигори томонидан олиб келган бу муборак Ислом даъватини тўсишга бор кучи, имконияти билан қаршилик қилди-ю, лекин бу уринишида муваффақиятга эришмай, ҳасрату надомат ила умидини узди. Бу вақтда Макка аҳлидан кўпгина кишилар ва аёллар Исломни қабул қилишган, ҳаттоки Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳам Ислом ҳидоятини топган эди. У ўз отасидан қўрқиб, бу азиз динини сақлаш учун эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга кетган эди.
Ҳабашистонда Аллоҳ таоло унинг эрини залолатга мубтало қилиб, у (баъзи ривоятга кўра) Ислом динидан чиқиб, насроний динини қабул қилди. Буни билган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дархол ўз эридан воз кечди. Аёл эрининг турли йўллар ила яна қайта ярашишга қилган ҳаракатларини рад қилиб, ўз дини бўлмиш Исломда собит, мустаҳкам турди. Ўзи ёлғиз қолгач, у бегона юрт Ҳабашистонда кўпгина қийинчилик, кўрқинчларга дучор бўлди. Барча қийинчилик, оғир шароитларга сабру матонат ила чидади. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Қурайшнинг сардори, каттаси ва ботири ҳисобланган отасининг таъқибидан ва шунингдек, одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қайтариб, доим унга қарши гиж-гижловчи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ашаддий душмани бўлган онаси Ҳинднинг ғазабидан қўрқувда эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо, шунингдек, ўз қавми ва қариндошлари нафратидан ва уларга кулги бўлишдан ҳам қўрқар эди. Чунки арабларда душмани унинг бахтсизлигидан кулиши энг катта ор ҳисобланарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳони ўзларига жуфти ҳалол қилиб олишга ёрдамини сўрадилар. Нажоший бу хушхабарни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога етказганида, у хурсандлигидан кўкка учаёзди. Кўнгли кўтарилиб, дарз кетган қалби яралари тузалди. Уни шодлик қамраб олди. Унинг қанчалик хурсанд бўлгани Аллоҳ таологагина аён эди.
Нажоший Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога иззат-икром кўрсатиб, унга кўп меҳрибонлик ва яхшиликлар қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр қилиб тўрт юз динор ва бошқа нафис ҳадялар тақдим этди. Ва уни Шураҳбил ибн Ҳасна билан биргаликда иззат-икромини жойига қўйиб, Мадинаи Мунавварага — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кузатиб қўйди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Мадинаи Мунавварага келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Ҳижратнинг олтинчи ёки етгинчи санасида эри вафот этганидан сўнг уйландилар. Ўша вақтда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ёшлари ўттиз олтида эди.
Бу муборак турмушнинг никоҳини ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар.
Аллоҳ таоло Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо туфайли қуйдаги оятни нозил қилган:
عَسَى اللَّهُ أَنْ يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُمْ مِنْهُمْ مَوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ (бундай ишларга) қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир. (Мумтаҳанаҳ, 7-оят)
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳо ҳижратнинг қирқ тўртинчи санасида (мелодий олти юз олтмиш тўртинчи йили) Мадинаи мунавварада вафот этдилар. Бақеъ қабиристонига дафн этилдилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади
Тафсир илмида Имом Табарийнинг ўрни
Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим ўн икки ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари:
- Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон;
- Китобут-тарих;
- Китобул-қироот;
- Вал-адад ват-танзил;
- Китоб ихтилофил-уламо;
- Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини ажратувчи олим эдилар.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар.
“Тафсири Табарий” ҳақида
“Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”.
“Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар.
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”.
Аллоҳ таоло бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилсин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмасин.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Канадада Қуръоннинг 100 кўргазмаси
Канададаги Коллингвуд шаҳри мусулмон ёшлари жамияти Ислом динининг мўътабар манбаси Қуръони каримга бағишланган мамлакат бўйлаб 100 та кўргазма ўтказдилар.
Ушбу кўргазма Канаданинг 65 та шаҳрида бўлиб ўтди. Бундай кўргазмани ўтказишдан мақсад Ислом дини ҳақида одамларга тўғри тушунчаларни беришдан иборатдир.
Моҳира Зуфарова
тайёрлади.