muslim.uz
Қуръони карим тиловатида истиоза
Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.
Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир» дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.
Истиъоза – бу « أعوذ بالله من الشيطان الرجيم » (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм) дир.
Маъноси: «Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ беришини сўрайман».
وَقُلْ رَبِّ أَعُوذُ بِكَ مِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ
Айт: «Эй, Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. (Муминун 97-оят.).
Имом Қуртубий: Иблисни шайтон дея номланди, буни сабаби ҳақдан узоқлашгани ва Аллоҳнинг буйруғидан юз ўгирганидир. Чунки инсу-жинларни ҳақдан юз ўгириб, узоқлашганини шайтон дейилади деганлар.
وَكَذَلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنْسِ وَالْجِنِّ
Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсон ва жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. (Анъом 112-оят.).
Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал истиозани айтиши керак.
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ
Бу оятда Аллоҳ таоло: «Агар Қуръон ўқисанг, бас, қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ беришини сўра» демоқда. (Наҳл сураси 98-оят.).
Истиозани айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.
Баъзи уламолар бу оятдаги амрни вожиб деганлар, баъзилари эса мустаҳаб деганлар. Шунга кўра, истиозани ўқиш вожиб ёки мустаҳаб бўлади. Истиозани тиловатдан олдин бир марта ўқиса, кифоя қилади. Агар тиловат асносида бошқа иш аралашиб, тиловат тўхтаб қолса (масалан, бирор киши билан гаплашилса ёки туриб бирор иш бажариб келинса), истиъоза яна қайта ўқилади. Агар тўсатдан аксириш, йўтал тутиши ёхуд шунга ўхшаш ихтиёрдан ташқари ҳолатлар содир бўлиб қолса, у ҳолда истиъоза қайта ўқилмайди.
أعوذ – сўзи ҳақида “Лисанул - араб “ китобида шундай дейилади: “ عاذ به , яъни “таянмоқ, ундан паноҳ сўрамоқ” маъносида”. Ҳадисдан мисол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир араб аёлга уйландилар. Ҳузурларига у аёл киритилганида шундай деди: أعوذ بالله منك яъни, мен сиздан Аллоҳ таоло томон қочаман, У Зотдан паноҳ сўрайман”. Пайғамбар алайҳис - салом: “ Сен паноҳ Берувчи Зотдан паноҳ сўрадинг, ўз аҳлингга кетавер”, - дедилар.
“Шайтон” – араб тилида “ бўйин товловчи, кеккайган, узоқлашган” деган маънони англатади. Араблар: شطنت داره яъни, унинг ҳовлисидан узоқлашдим, дейдилар. Сибавайҳ айтадилар:” Араблар бирор киши шайтоннинг ишини қилса تشيطن дейдилар” . Қуртубий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Шайтон сўзи фақат жинларга хос эмас, балки, инсон ва ҳайвонларнинг ҳам бўйин товловчи, осийларини ҳам “шайтон” дейилади. Бунга оят яққол мисол “شياطين الإنس والجن” яъни, Инсон ва жинларнинг шайтонлари.( Анъом сураси 112-оят).
Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу бир эшакка миндилар. Ўзларини кеккайгандай ҳис қилдилар, шунда: “Мени шайтонга миндирибсизларку?” - дедилар. Хуллас “шайтон”– ҳар қандай яхшиликдан, раҳматдан фисқи туфайли узоқ, деганидир .
“Рожим” – яхшиликдан узоқ қилинган, улоқтирилган ҳамда васваса ва ёмонликни отувчи деган маънони англатади.
Қуртубий (роҳматуллоҳи алайҳи) шундай дейдилар: “رجم – аслида “тош отмоқ” дегани. Баъзан, “ражм” қатл, лаънат, ҳайдаш, сўкиш, маъноларида ҳам ишлатилади. Буларнинг барчаси қуйидаги оятда мужассам бўлган:
“لئن لم تنته يا نوح لتكوننّ من المرجومين ”
“Улар: эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилганлардан бўлурсан”, дедилар”.( Шуаро сураси 116-оят).
“ Истиоза “даги масалалар қуйидаги тартибдадир:
Баъзи олимлар намозда истиоза айтиш суннат эканлигига ижмоь қилганлар. Уни тарк қилиш намозни бузмайди хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ бехосдан. Намоздан ташқарида Қуръон ўқувчига истиозани айтиши мустаҳабдир.
Машҳур тобеин Ато ибн Рабоҳ (роҳматуллоҳи алайҳи), истиозани айтиш вожиб, намозда бўлсин ёки ундан ташқарида бўлсин, фарқи йўқ, дейдилар. Бунга далил қилиб فإذا قرأت القرآن فاستعذ بالله, яъни, Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин (Наҳл сураси 98-оят) оятининг зоҳирий маъносини ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда доимий бўлганликларини келтирадилар.
Кўпчилик олимлар: оятнинг маъноси, “Қуръон ўқимоқчи бўлсангиз, Аллоҳдан паноҳ сўранг”, деганидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунда доимий бўлганларига келсак, у зот бундан бошқа намознинг жуда кўп амалларида доимий бўлганлар. Масалан: намознинг ичидаги такбирлар ва тасбиҳлар. Ваҳоланки, булар вожиб эмас.
Баъзи олимларнинг наздида, Истиозани айтиш намоздами ёки ундан ташқаридами, фарқи йўқ, қироатдан олдин бўлиши керак. Бунга далил Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳу айтадиларки: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси намозга турсалар такбир ва санодан сўнг шундай дер эдилар: “Мен ўта Эшитувчи ва Билувчи бўлган Аллоҳдан лаънати шайтондан, унинг ёмонлигидан, фисқи фасоди ҳамда бузуқлигидан паноҳ сўраман”. (Термизий ривояти).
Иброҳим Нахаий роҳимаҳуллоҳ, истиоза қироатдан кейин бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Бу гапга Довуд, Аҳмад ва Ибн Сирийнлар қўшиладилар.
Имом Муҳаммад “Осор” китобида шундай келтирадилар: “Беш ўринда имом овозини махфий қилади. Улар: сано айтганда, тааввузда (истиоза), Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимда, омин айтганда ва “Аллоҳумма Роббана лакал ҳамд”ни айтганда”.
Иброҳим Нахаий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Намозда тўртта ўринда овоз махфий қилинади: сано айтганда, тааввузда (истиоза), Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳимда, омин айтганда”. Буни Абдурраззоқ ўз китобларида келтирганлар.
Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималарнинг наздиларида Истиозани қироат учун айтилади.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи истиоза сано учун, деб ҳисоблайдилар. Шу ихтилофга кўра, масбуқ (яъни жамоатдан 1 ва ундан кўп ракаатдан кеч қолган киши) Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималарнинг наздиларида истиозани айтади. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг наздиларида эса, масбуқ киши истиозани айтмайди. Чунки масбуқ ўзи давом эттираётган ракаатларида санони айтмайди. Зеро, у кишининг наздиларида истиоза сано учун айтмайди. Шунингдек, Ийд намозида истиозани айтилиши Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг наздиларида сано айтилганидан кейинг уч такбирдан олдин бўлади. Имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳималар, ийд намозларида истиоза қироат учун айтилгани сабаб уч такбирдан кейинг бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар.
Имом Шофеий ва Абу Ҳанифа роҳимаҳумаллоҳи алайҳималарнинг наздида, оятнинг зоҳирига биноан, истиозанинг айтилиши “ أعوذ بالله من الشيطان الرجيم ” бўлади ва бунга Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далилдир. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи: “ Истиозанинг айтилиши “ أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم ” бўлади ва бунга Абу Саид ал -Ҳудрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далил”, - дейдилар.
Истиоза айтишнинг ҳикмати – банда ўзини ожизу нотавон, заиф ва қул эканини иқрор этиши ва Борий азза ва жалла барча зарар ва офатларни даф қилишга қодирлигини ҳамда шайтон инсонга очиқ-ойдин душман эканини эътироф этишидир.
Жафар ас-Содиқ роҳматуллоҳи алайҳи шундай дейдилар: “Қироатдан олдин истиоза айтилиши шарт. Бошқа тоатлардан олдин истиоза айтилмайди. Қироатдан олдин айтилишининг ҳикмати банда тилини ёлғон, ғийбат, чақимчилик каби ёмон иллатлар билан нажосат қилади. Аллоҳ таоло банданинг тили пок бўлиб, шу пок тилбилан Пок бўлган Зотнинг нозил қилинган каломини ўқиши учун бандани истиозага буюрди.
Унинг бир неча кўринишлари мавжуд:
1) أعوذ بالله من الشيطان الرجيم
2) أعوذ بالله من الشيطان
3) أعوذ بالله العظيم من الشيطان الرجيم
4) أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم
5) أعوذ بالله من الشيطان الرجيم من همزه ونفخه ونفثه
6) أعوذ بالله العظيم من الشيطان الرجيم إنه الله هو السميع العليم
7) أعوذ بالله العظيم بوجه الكريم وسلطانه القديم من الشيطان الرجيم
8) أعوذ بالله السميع العليم من الشيطان الرجيم من همزه ونفخه ونفثه
Истиъозани овоз чиқариб ва махфий айтиладиган ҳолатлар
Овоз чиқариб айтиладиган ҳолатлар:
1- йиғилишларда овоз чиқариб ўқилади;
2- таълим ўрнида қироатни бошловчи киши овоз чиқариб ўқийди.
Махфий айтиладиган ҳолатлар:
1- намозда;
2- ўзи ёлғиз тиловат қилганида;
3- таълим ўрнида, тиловат қилишни бошламаган бўлса.
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
Зиёратчиларимизга замонавий транспортлар хизмат кўрсатади
Жорий йил 22 январь куни Ўзбекистон ҳаж делегацияси аъзолари Ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи Транспорт бош уюшмаси раҳбари Аҳмад Самбава билан учрашишди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама этилди. Ўз навбатида, Аҳмад Самбава Ҳаж мавсумини намунали амалга ошириб келаётгани учун Ўзбекистон ишчи гуруҳига самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, уюшма раҳбари томонидан ўзбекистонлик ҳожиларнинг тартиб-интизоми таҳсинга лойиқ экани эътироф этилди.
Шунингдек, учрашув доирасида 2017 йилги Ҳаж мавсумида Мадина–Макка ҳамда Макка–Жидда йўналишларида ҳожиларимизга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари хусусида ҳам музокаралар олиб борилди. Учрашув якунида, юртимиз зиёратчилари учун замонавий, шинам, қулай ва янги автобуслар хизмат кўрсатишини таъминлаш борасида баённома имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Президентимиз нуронийлар билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида бир гуруҳ нуроний отахонлар билан учрашди. Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида муҳтарам Президентимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили Шамшетдин Бауатдинов кутиб олишди.
Президентимиз дастлаб, ушбу масжид атрофини кўздан кечириб, унинг атрофида муҳташам мажмуа барпо этиш, уламолар ҳаёти-фаолиятини тарғиб этадиган кутубхона ташкил этиш, шунингдек, ҳудуднинг коммуникация ва инфратузилмасини янгидан барпо этиш бўйича тавсиялар берди. Ушбу бунёд этиладиган мажмуа Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигига муносиб совға бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Президентимиз ўз сўзида: “Бу табаррук маскан Қорақалпоғистон Республикасидаги энг файзли ва нурафшон маънавият ўчоғи бўлиши керак”, деб, бу мажмуа Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигига топширилиши бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берди.
Нуроний отахонлар билан мулоқотда Давлатимиз раҳбари: “Дуода гап кўп. Бу ерда ўтирган кўпни кўрган, кўп меҳнат қилган оқсоқоллар ҳамиша дуода бўладилар. Чунки дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Дуо туфайли бу заминдан барака аримайди” деб алоҳида қайд этди.
Учрашув давомида меҳнат фахрийлари, нуроний отахонлар сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган хайрли ишларга ўз муносабатларини билдиришди. Ўзбек ва қорақалпоқ халқининг асрий алоқаларини, маданий уйғунлигини тилга олишди. Келажакда амалга ошириладиган режалар ҳақида сўз юритишди.
Ташриф сўнгида нуроний отахонлар Президентимизга эзгу тилаклар билдириб, дуолар қилишди.
Шамшетдин БАУАТДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили
Юртимиз зиёратчилари учун меҳмонхоналар ажратилди
2017 йил 22 январь куни Ўзбекистон ҳаж делегацияси ҳаж ва умра мавсумларини намунали ташкил этиш доирасида жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳаж мавсумида ажратилиши кўзда тутилган Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” ва умра мавсумида хизмат кўрсатадиган“Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналарини кўздан кечиришди.
Замонавий ва барча қулайликларга эга “ Аброж ал-Кисва ” меҳмонхонаси жорий умра мавсумида юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатиши белгиланди. Ушбу меҳмонхона Масжидул ҳарамдан 600 метр масофада жойлашган бўлиб, юртдошларимиз ибодатларини Байтуллоҳда адо этишга қулай имконият ҳосил қилиш мақсадида танланди.
Делегация аъзолари “ Аброж ал-Кисва ”меҳмонхонасидаги шарт-шароитлар, ошхона-ресторан ва тиббий бўлим билан яқиндан танишишди ҳамда ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар беришди.
Шунингдек, делегация аъзолари 2017 йилги Ҳаж мавсумида ҳожиларимизга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасининг иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Эслатиб ўтамиз, янги қуриб битказилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси 2016 йилги Ҳаж мавсумида, биринчи бўлиб, юртимиз ҳожиларига хизмат кўрсатган эди.
“Ҳаж – 2016” мавсумида Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари жуда ҳам мамнун бўлишган. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, барча хоналар тўрт кишилик қилиб тайёрлангани, ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак.
Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 2200 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган. Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда 2000 киши сиғадиган эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Шунингдек, меҳмонхонада ҳар бири 20 кишилик бўлган 21 та лифт мунтазам ишлайди.
Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф” масжидига бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийси ҳудудига яқин жойлашгани сабабли зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлди.
Хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам меҳмонхона яхши қурилган. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани сабабли ҳожилар эркин ҳаракат қилиши мумкин. Меҳмонхона раҳбарлари ва ишчи-хизматчилари ҳожиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатганларини алоҳида қайд этиш керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Канадада Ислом дини ҳафталиги
2017 йил 30 январдан 3 февралга қадар, Канададаги Режина университетида “Исломни танитиш ҳафталиги” тадбири ўтказилади. Ушбу ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирларда, Режина, Алберта ва Саскачуан университетларидан иқтидорли талабалар ўз маърузалари билан иштирок этишади.
Тадбир ташкилотчиларидан бири Мунир Усмоннинг айтишича, мазкур ҳафталикни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – Ислом динининг мусаффолиги, дин ниқоби остида амалга оширилаётган бузғунчиликларнинг моҳияти, хусусан, аҳоли онгида ислом тўғрисида шаклланиб қолган нотўғри тушунчаларга барҳам бериш ҳисобланади.
Халқаро алоқалар бўлими