muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтиришдаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги 1992 йил 27 мартдаги ПФ-368-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2016 йил 6 июль дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.

2. Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов
Тошкент шаҳри, 2016 йил 1 июль

Олийжаноблик, саховат, сахийлик деганда фойдаси ва манфаати кўп ишларни қилиш ёки яхшилик ва эзгулик йўлида мол-мулкни инфоқ-эҳсон қилиш тушунилади.

Пайғамбар алайҳиссалом қўли очиқ ва саховатли киши бўлиб, ул зотнинг ўзлари умматларини ҳам сахийликка қизиқтириб, шижоатлантирган ҳолда шундай дердилар: “Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади”. (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофот етказгин”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).

Яна у зот: “Қизғанчиликдан сақланинг. Чунки у сизлардан аввалгиларни ҳалок қилган”, деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари – мақталиш ёки бирор маломатдан қочиш учун бўлмаган. Ёки фахр-ифтихор ва маддоҳлар мақташини ният этмаганлар. Балки Расулуллоҳнинг саховатлари динни ҳимоя қилиш, ҳидоят йўлига чорлашни қўллаб-қувватлаш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга қарши чиқишга қаратилган.

Шунингдек, Пайғамбаримиз мол-дунёни сақлашни асло ёқтирмаганлар. Қўлларига тушган ғанимат ва ўлжаларни камбағал ва муҳтож мўмин-мусулмонларга инфоқ қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом етимлар бошини силаб беваларнинг моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлар. Ўз хожайини билан пул бериш эвазига озод бўлишга келишиб олган қулларни озод қилардилар. Ислом динига мойил бўлган қалбларни улфат қилиш учун мол-дунёни аямаганлар. Бу каби тадбирлар у зотнинг ҳаётлари давомида кўп кузатилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзгалари ва оилаларидан кўра бошқаларга кўпроқ саховат кўрсатганлар. Бирон нарсага ўзлари энг ҳожатманд бўлишларига қарамай, бошқаларга берганлар. Ўзлари муҳтож бўлиб турганда ҳам буни ўйлаб ўтирмай, дарҳол ҳадя қилиб юборганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ йўлида имкони борича кўпроқ инфоқ қилсалар ҳам, буни оз санардилар. Кўп нарсаларни ҳадя қилиб юборсалар ҳам кўп бердим, деб ҳисобламасдилар. Ислом йўлида у зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон рад жавобини олинмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда саховат шу даражага етгандики, бирор нарса сўраб келган одамни қуруқ қайтариш ёки “Ўзимизда ҳам йўқ” деб узр айтишдан ҳаё қилар эдилар. Бир киши ёрдам сўраб олдиларига келганда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳозир менда ҳеч нарса йўқ, бироқ менинг номимдан нарса сотиб ол. Қўлимизга бирор нарса тушса, ўзим бериб қўяман”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, унга ҳадя қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло ўзингиз қодир бўлмаган ишга сизни буюрмаган-ку!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўз ёқмади. Сўнг ансорлардан бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгаси бўлган Зот озайтириб қўяди, деб ўйламанг”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Ансорий кишининг сўзидан юзларида хурсандчилик аломати пайдо бўлиб: “Мана шунга буюрилганман”, дедилар. (Термизий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима сўралса, уни берардилар. Сафвон ибн Умайя ҳали мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келганида, унга икки тоғ орасидаги бир сурув қўйларни ҳадя қилдилар. У қавми олдига бориб: “Эй қавмим, исломга киринглар. Чунки Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кишининг ҳадясини берди”, деди”. Бошқа бир ривоятда: “Фақирликдан қўрқмас экан”, деб келган.

Ҳунайн куни ҳам озод қилинган кишиларнинг қалбларини исломга мойил қилиш учун кўп ҳадялар улашдилар. Ўшанда туяларни юзталаб тарқатдилар. Бундай ҳадяни олганлар орасида Молик ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Сўнгра Молик ибн Авф бу ишларини деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этиб, қасида ҳам битган. (Имом Муслим ривояти).

Саид ибн Мусайяб Сафвон ибн Умайядан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга жуда кўп ҳадя берганлар. У киши мен учун мусулмон бўлишимдан олдин инсонларнинг энг ёмони бўлсалар, ҳадя берганларидан сўнг инсонларнинг энг суюклисига айланганлар”. (Термизий ривояти).

Воқидийнинг “Мағозий” китобида келтирилишича, Сафвон Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўлжаларни бирга кўриб юришиб, туялар ва ўлжага тўла дара олдидан ўтишди. Бу ўлжалар Сафвонга ёқиб, уларга бошқача қарай бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Ваҳб, булар сенга ёқдими?” дедилар. Сафвон: “Ҳа”, деб жавоб берди. У зот: “Барчаси сенга бўлсин”, дедилар. Сафвон ниҳоятда қувониб: “Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳнинг Расулисиз. Бундай ҳадяни фақатгина пайғамбар хушнуд бўлиб бера олади”.

Имом Термизийнинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқсон минг дирҳам олиб келинди ва бўйра устига қўйилди. У зот уни тақсимлашга тушдилар. Ҳаммасини тақсимлаб бўлгунларича ким сўраб келса, уни қуруқ қайтармадилар.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса сўраб келишганда сўраган нарсаларини бердилар. Сўнг яна сўрадилар, уни ҳам бердилар. Сўнг яна сўрадилар, уни ҳам бердилар. Охири олдиларида ҳеч нарса қолмаганда: “Ҳузуримдаги ҳадя-ўлжалардан бирортасини сизлардан яшириб ғамлаб олмайман. Ким иффатни истаса, Аллоҳ уни иффатли қилиб қўяди. Ким ўзини тийса, Аллоҳ уни бой қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ унга сабр бериб қўяди. Зеро, кишига сабридан кўра хайрли ва кенгроқ нарса берилган эмас”. (Олти саҳиҳ тўплам соҳиблари ривоят қилишган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга бирор кишини вакил қилмасдилар. Ўзлари сўровчининг қўлига топширардилар”. (Ибн Можа ривояти.)

Ибн Саъд Айёш ибн Абу Рабиъанинг мавлоси Зиёддан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсага ҳеч кимни вакил қилмасдилар. Кечаси турган пайтлари таҳорат сувини ўзлари тайёрлардилар ва бирор нарса сўраб келган кишига ўзлари берардилар”.

“Сунани Абу Довуд” ва “Сунани Байҳақий” китобида шундай ривоят қилинади: Абдуллоҳ Ҳавзанийдан ривоят қилинади: “Мен Билол розияллоҳу анҳу билан кўришиб қолдим ва: “Эй Билол, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақалари қандай бўлганини айтиб беринг”, дедим. У киши: “Пайғамбар алайҳиссаломга тааллуқли бирор иш бўлса, ўзим ўша ишни қилардим, яъни молларига мен қарар эдим. Аллоҳ таоло у кишини пайғамбар қилиб юборганидан то вафотларига қадар шундай қилдим. Агар у зотнинг ҳузурларига бирор киши мусулмон бўлиб келса, уни кийимсиз ҳолда кўрсалар, менга қарзга кийим сотиб олиб унга беришни ва овқатлантиришни буюрардилар”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ” китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли киши эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у кишининг ҳузурларига келадиган пайтлари янада сахий бўлиб кетардилар. У зот инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар”.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

Пятница, 01 Июль 2016 00:00

Ғанимат вақтлар

Мана кечагина эшигимизни тақиллатиб келган рамазон бугун ўз поёнига етмоқда. Кунларни тез ўтиши билан мана, охирги ўн кунликка ҳам етиб келдик. Кечқурунлари ойга назар солсак, бу ой ҳам ўз поёнига етаётганидан дарак бермоқда. Кечагина биз бу ойни кўриб нақадар ҳурсанд бўлган эдик. Ўшанда: “Энди Аллоҳ таолонинг тоатларига киришаман, бу ойда кўплаб яхши ишларни қилиб, Аллоҳ таолодан мукофатлар оламан” деган эдик. Ҳа, Рамазон руҳий тарбиямиз учун энг фойдали ойдир. Бу ойда чанқоқ қалбларимизни руҳий тарбия билан суғормоқликка фурсат бўлади. Қорайган қалбларимизни поклашга фурсат бўлади. нафсларимиз бўлса, ўз Яратгувчисига қайтади. Ким бу ойда солиҳ амаллар қилиб Роббисига яқин бўлган бўлса, демак, у ютуққа эришибди. Кимки орзуларига берилиб, улуғ амалларни тарк қилган бўлса, демак, у ютқазибди. Кечалари ва кундузлари фазилат ва баракага тўлган ойни қўлдан бой берибди!

Ўн кун ёки ундан ҳам оз кунлардан сўнг бу йилги Рамазон ойи ҳам ўз нихоясига етади. Улуғ меҳмонни яна кузатамиз. Энди келаси йилга бу меҳмонни кутиб олишга бизларни орамиздан кимга насиб қилади? Буни Аллоҳ таолонинг ўзи билади.

Лекин, шунга қарамай Аллоҳ таолонинг бандаларига фазли улуғдир. Рамазоннинг охирги кечаларидан фойдаланиб қолишимиз учун у кечаларни янада баракотли қилди. Бу кунларда енгни шимариб ибодатларга киришмоғимиз лозим. Фурсатларни қўлдан бой бермай, улардан фойдаланиб олган банда қандай ҳам яхшидир! Охирги ўн кунликни бошқа ўн кунликларга қараганда бир нечта кўпроқ хусусиятлари бор.

  1. Инсонларга ҳидоят йўлини кўрсатувчи Аллоҳ таолонинг охирги китоби Рамазоннинг охирги ўн кунлигида қадр кечасида нозил бўлди.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда Қадр сурасининг 1 оятида шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик.”

Бу эса охирги ўн кунликнинг энг улуғ фазлларидандир. Аллоҳ таоло очиқ равшан бўлган Нурни ушбу кечада нозил қилди. Бу Нур инсониятни жаҳолат ботқоғидан порлоқ бир йўлга олиб чиқди. Инсонларга жаҳолат зулматидан илм нури сари йўл бошлади. Бу улуғ Қуръон инсонлар учун Шифо, тўғри йўлга бошловчи, мўминларга раҳматдир!

  1. Бу ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири унда минг ойда қилинган ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг бор эканлигидир. У кечада қилинган ибодат саксон уч йилда қилинган ибодатдан афзалдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қадр сурасида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир”.

  1. Бу ўн кунликнинг бошқаларидан ортиқча яна бир фазли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ўн кунликда тоат ибодатда жидду-жаҳд қилар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда шундай дейилади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн кунликда бошқаларига қараганда кўпроқ жидду жаҳд қилар эдилар”.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидандир. Охирги ўн кунликда кечаларини бедор ўтказар, Аллоҳ таолонинг раҳмати этсин деб ўз аҳли аёлларини ҳам уйғатар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда:

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечанинг барчасини ухламасдан ўтказар ва аҳли аёлларини ҳам уйғотар эдилар” деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ўн кунликда намоз ўқиш, зикр қилиш, Қуръон ўқиш каби ибодатларнинг барчасини қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки келаси йилги рамазонга етиб бориш ёки бормаслик номаълум!

Тошкент вилояти Қибрай тумани

“Саъдулло ота” жоме масжиди

имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Top