muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 11 Май 2019 00:00

Йўлчи юлдузлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга: «Аммо сен, эй Абу Бакр, умматимдан жаннатга биринчи бўлиб кирадиган кишисан» деганлар. Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривоят қилишган. 

******* 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда розияллоҳу анҳум ажмаъийн Ислом билан шарафланишган. Бу зотларнинг барчалари Ашараи мубашшара (Жаннатга кириши ҳақида хушхабар олган ўнта саҳобалар)дан ҳисобланишади.

*******

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Шайтон сен юраётган кўчадан эмас, балки бошқа кўчадан юради» деганлар.

*******

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига урушда ишлатиш учун кийимларининг бир четида минг динор олиб келиб, у Зот алайҳиссаломнинг қўйниларига тўкдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши олиб келган динорларни қўлдан ўтказа туриб: «Бугундан кейин Аффон ўғлига қилган амали зарар бермайди», деб марҳамат қилдилар. Бу гапни бир неча марта такрорладилар.

*******

Набий алайҳиссалом Ҳайбар ғазотида Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай дедилар: «Эртага байроқни бир одамга бераман. Аллоҳ унинг қўли билан ушбу диёрни фатҳ этади. Унинг ўзи Аллоҳни ва Расулини яхши кўради. Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўради».

*******

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланарди. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.

*******

Ибн Умар розияллоҳу анҳу рўза тутиб, ифторни мискинлар билан бирга қилардилар. Масжидга бориб (Шомни) ўқиб, кейин уйларига бир гуруҳ мискинлар билан қайтардилар.

*******

Сўзимиз сўнггида Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг мана бу гапларини келтирсак: «Салафи солиҳлар ўз фарзандларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуни яхши кўришни худди Қуръондан суралар ўргатгандек ўргатишар эди».

 

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлсин! Уларга эргашиб яшашимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин Ўзи бизни муборак Рамазон ойига етказиб, бу ойнинг ибодатларидан баҳраманд этмоқда. Аллоҳ ўзининг ибодатига лойиқ кўриши биз учун чексиз неъматдир. Чунки ибодат банданинг бу дунёдаги энг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Инсон яратилишидан кўзланган бош ғоя ҳам шундан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Рамазон ойи биз учун Аллоҳга яқин бўлиш, хулқимизни сайқаллаш, савобли амалларни кўпроқ қилиш, имонимизни мустаҳкамлаш каби ибодатлар учун қулай бир фурсатдир.

Қуръони каримда рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилингани таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Демак, рўза банда учун шунчалик муҳим ибодатдирки Аллоҳ уни тутишликни барча умматга фарз қилди. Эҳтимол, рўзанинг фазилати бунчалик кўп бўлмаганда барча уммат учун бирдек фарз бўлмаган бўларди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси қудсийда бундай дедилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман, деди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривоят қилишган). Аллоҳ таоло барча солиҳ амаллар ичидан фақатгина рўзани ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.

Рўза ибодати банда ва Робби ўртасидаги энг махфий ибодатлардан бири ҳамдир. Рўзадор кун давомида бир неча бор ўзи ёлғиз қолганда ейиш ёки ичишга имкони бўлса ҳам Аллоҳнинг кузатиб турганлигини ҳис қилиб, ейиш-ичишдан нафсини тияди, сабр қилади. Шунда рўзанинг асл ҳақиқати намоён бўлиб, банда Аллоҳга тобора яқин бўлиб боради.

Рўза қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, рўза ойининг фазилатлари чексиз, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзининг саъй-ҳаракат ва ниятига кўра бу ойнинг савобидан турлича баҳраманд бўлади. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳар бир рўзадорнинг жаннатга «Райён» деб аталган эшикдан кириши ҳақдир. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани? дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этиб, жаннатга «Райён» эшиги орқали киришимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Чилонзор туманидаги Сўгалли ота зиёратгоҳи ёнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қурилишини бошлатган масжид узоқ йиллар қаровсиз ҳолда қолиб кетган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили февраль ойида бу ерга келиб, масжидни кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берган эди. 

Бугун 2 гектардан зиёд майдонда улкан мажмуа бунёд этилди. Аввалги лойиҳадаги айвон ўрни ҳам масжид биносига қўшилиб, янада кенгайтирилди. Мажмуадан, шунингдек, конференц-зал, ўқув хоналари, таҳорат хона, музей ва бошқалар жой олган. Йўл бўйидаги Сўгалли ота мақбараси таъмирланган. Бетон қолдиқлари чиқариб ташланиб, кўкаламзорлаштирилган.

Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлган. Турли диний-маърифий мавзуларда юздан зиёд китоблар ёзиб, ислом дини моҳиятини тўғри етказиш, одамларнинг билим ва маънавиятини оширишга катта ҳисса қўшган.

Президентимиз бу масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.

 Манба: https://president.uz

Бугун, 10 май – муборак Рамазон ойининг илк жума куни беназир авлиё Сузук ота ҳазратларининг Тошкент шаҳрида бунёд этилган ёдгорлик мажмуаларини очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қутлуғ ойда Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга раҳмати, лутфу карами жуда кўп ёғилади. Ўлкамизга ҳам Рамазон туҳфалари мавсуми бошланиб кетди. Мана бугун Рамазон ойи баракотидан юртдошларимизга икки гўзал туҳфа армуғон этилмоқда. Икки улуғ донишманд аллома – Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги муҳташам мажмуалар мўмин-мусулмонларимизга топширилди.

Бугун юртимиз ҳаётида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз кузатиб, гувоҳи бўлиб турибсиз. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ҳар жабаҳада улкан ўзгаришлар бўлмоқда.

Хабаримиз бор, 2017 йил 26 май куни муҳтарам Президентимиз азим пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Сузук ота” мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни қайта таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эдилар. Ўша йилнинг июнь ойидаёқ қурилиш ишлари бошланиб кетди.

Мана орадан сал кам икки йил ўтиб “Сузук ота” мажмуасида улкан бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етганининг гувоҳи бўлдик. Ушбу мажмуада музей, ҳунармандлар маркази ва кутубхона барпо этилгани ташриф буюрувчилар учун жуда ҳам фойдали бўлди.

Асли исми Мустафоқул бўлган Сузук ота Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ёлғиз қизи Гавҳари Хуштожнинг кенжа фарзанди бўлган. 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган Мустафоқул бобосининг хизматига борганида Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни “Менинг сузигим, (суюклигим) хуш келдингиз! деб эркалаган эканлар. Шунинг учун аввал унинг яқинлари, сўнг бошқалар ҳам уни Сузук деб яхши кўрганлар, камолот касб этганларида эса Сузук ота деб ҳурмат қилганлар.

Сузук ота Тошкентдаги Чақар, Чуқуркўприк ва Мирлар маҳаллаларига туташ бўлган кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат ерда қўним топиб, шу маҳаллани обод қилишга киришади. Ўзи туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар, яқин дўст-биродарларини олиб келиб, уй-жойлар қурдириб, барчага бошпана бериб, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қила бошлаганлар. Ёшларга деҳқончилик, ҳунармандлик ва бошқа касб-кор сирларини ўргатганлар. Юзлаб ҳунарманд уста-шогирдларга пиру комил бўлганлар.

Кейинчалик мазкур маҳаллага кароматлар соҳиби, аҳолининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пир-муршиди бўлган Сузук ота номи берилган.

Ушбу ноёб тарихий-меъморий обидадан эл 1936 йилгача фойдаланиб келган. Шундан кейин, то мустақилликкача бўлган давр мобайнида турли корхоналарнинг цехлари фаолият юритган. Натижада муҳташам тарихий обиданинг ноёб ва нафис қиёфаси йўқолиб харобага айланиб қолган. Мустақиллик шарофати сабаб, масжид биносидан корхоналар кўчириб юборилди ва масжидни тиклаш ишлари бошланди. 1998 йил бошида масжиднинг хонақоҳ қисми таъмирланиб, расман фаолият юрита бошлади.

Ўтган йиллар мобайнида мазкур маҳалла тор кўчалардан иборат бўлиб, кўримсиз жой айланиб қолган эди. Ҳозирги кунда қўшни мамлакатлар ва Туркия давлатида у зотнинг муридлари яшайди. Бу маскан фойдаланишга топширилса, улар Сузук отани зиёрат қилгани келадилар. Нафақат Туркия, балки бутун дунёдан зиёратчилар оқиб кела бошлайди.

Муҳтарам Президентимиз топшириқлари билан масжид атрофига қўшимча айвонлар қурилди. Мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Бундан ташқари, йўлларга асфальт ётқизилиб, автомобиль тураргоҳи тайёрланди. Масжид маҳобатли мовий гумбаз, кенг хонақоҳлар, сўлим ҳовлига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида икки мингга яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.

Кўриб турганимиздек, 8 гектар майдонда “Сузук ота” мажмуаси муҳташам шаклда ва ўзгача қиёфада бунёд этилди. Бир жиҳатни таъкидлаш керакки, қурилиш жараёнида масжиднинг эски биноси олиб ташланмасдан янгисининг ичкарисига олиниб, чиройли қилиб таъмирлаб қўйилди. Бу ажойиб тажриба билан ушбу масжидни қуришга ҳисса қўшган ўтган аждодларимизнинг ҳам хотирасига ҳурмат бажо келтирдик.

Миллий ўймакорлик асосида ишланган нақшинкор эшик-ромлар, устун ва тоқилар билан безалган, миллий ва замонавий меъморлик санъатини ўзида мужассам этган ушбу улкан мажмуа маҳаллий ва хорижлик  зиёратчиларни ўзига оҳанграбодек жалб этиши, шубҳасиз.

Мажмуанинг икки томонида ҳунармандлар учун ўттиз икки қаватли намунали уй-жой қурилиб битказилди. Ҳар бири 4.5 сотихдан бўлган ушбу уйлар хонадон, устахона ва дўкон сифатида фойдаланиши ўзига хос янгича услуб бўлди.

Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда Ислом нурини тараннум этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ташкил этилган ҳунармандлар маркази ва кутубхона эса ёшларимиз таълим-тарбиясини янада сайқал топишида муносиб ўрин эгаллайди.

Маълумки, юртимиз қадим тарихи, забардаст алломалари, табаррук зиёратгоҳлари билан дунёга машҳур. Пойтахтимиз ҳам азалдан илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларидан бири бўлиб келган. Бу заминдан кўплаб буюк олимлар, улуғ сиймолар етишиб чиққани барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.

Бугун оқшомдан мўмин-мусулмонларимиз ушбу жоме масжидда таровеҳ намозлари ўқиб бошлайдилар. Намозхонларимиз дуога қўл очиб, яратгандан бундай неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишади. Яратгандан юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини, халқимиз бунданда фаровон бўлишини сўрашади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

 

Top