muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Эй Роббим! Бизни дунё озорларидан, нафснинг саросимага тушишидан, маҳзунликдан, қалбнинг аламдан йиғлашидан, виждоннинг ўлишидан ва ёмон хотимадан асрагин!

“Сукутдаги садолар”

*****

Ғазаб пайтида гапиришдан тийил! Эҳтимол гапинг тўғри бўлиши мумкин, лекин услубинг аниқ хато бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўз бахтинг калитини бошқа шахснинг ҳамёнига солишдан эҳтиёт бўл!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ушбу уч нарсани эҳтиёт қил:

  • Оилангни;
  • Қалбингни;
  • Қадрингни.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Баъзи одамлар билан ихтилофга борсанг, уларга айтган сирларинг тижорат рекламаларига айланади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қарсак чалиш – нотиқнинг ғазабини келтирмай, унинг сўзини тўхтатишнинг ягона йўлидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 *****

Ким бир инсоннинг бахтли бўлишига сабаб бўлса, Аллоҳнинг марҳамати билан, ўзи ҳам бахтли бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Эркак ёшроқ пайтида қизларидан кўра ўғил фарзандлари борлигидан кўпроқ қувонади. Лекин вақт ўтиб, кексайганида, қизларининг қадрини тушуниб етади.

 “Сукутдаги садолар”

*****

Шундай жойлар борки, унинг ёнидан ўтаётганингда ўтмишингнинг бўйини ҳис қиласан. Худди ўша замон яна қайтгандек бўлади. 

“Сукутдаги садолар”

*****

Қайта-қайта танбеҳу тушунтиришлар фойда бермайдиган ўринда билмаганга олиш роҳатдир.

“Сукутдаги садолар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Рамазон ойининг илк кунида Наманган вилоятидаги Мингбулоқ нефть конида олиб борилаётган инвестицион лойиҳалар доирасидаги синаш ишлари мобайнида илк нефть қазиб олинган.
Бой захирага эга Мингбулоқ нефть конида ер ости бойликларини ўзлаштириш тадбирлари анча мураккаб бўлиб, бу ишга Хитой Халқ Республикаси CNPC миллий нефть-газ корпорациясининг бой тажрибага эга мутахассислари, илғор технология воситалари жалб қилинган.
Лойиҳа ижроси масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мингбулоқнефть” ўзбек-хитой қўшма корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Кейинги икки йил давомида бу ерда М 15-қудуғини бурғилаш ва бошқа бир қатор лойиҳавий ишлар олиб борилди.
Экспертларнинг фикрича, Мингбулоқ кони бир неча сабабларга кўра оддий эмас, деб саналади. Конни ишга туширишда асосий муаммолар қуйидагилардир: унинг ўта чуқурликда эканлиги (6000 м ва ундан ҳам ортиқ); юқори пласт босимлари (115 МПа’дан ортиқ), пласт ҳароратлари (168 даражадан ортиқ) ва бошқа омиллар.
Хитойнинг СNPC нефть компанияси Хитойнинг Торим ботиғида шундай конлар билан ишлаб кўриб орттирган тажрибасини Мингбулоқ конида ҳам қўллаган.
Аллоҳ таоло ушбу нефть конини баракотли қилсин, халқимиз фаровонлигига хизмат қилишини насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 08 Май 2019 00:00

Саҳарлик фазилатлари

Саҳарлик – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти) 

Набий алайҳиссалом саҳобаларга саҳарлик қилиш ва унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берардилар, улар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти). 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Top