muslim.uz
Қувайтда қадимий масжид топилди
Alkhalij нашри хабарига кўра, польшалик археологлар Қувайт давлатига тегишли Фаилака оролидан қадимий масжид харобаларини топишга муваффақ бўлишган.
Жамоа раҳбари Агниеска Бинковсканинг айтишича, ушбу масжид Ҳарайеб ал Дашт қишлоғидан топилган. Майдони қарийб 200 квадрат метр бўлган масжиднинг тўртта бир ярим метрлик устуни бўлган.
Археологлар масжид меҳробининг изларини ҳам топишга муваффақ бўлишган.
Эндиликда олимлар ушбу масжидлар қайси даврга тегишли экани устида изланишлар олиб боришмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шри Ланкада Қуръони карим сингал тилига таржима қилинди
Жорий йилнинг 7 апрель куни Шри Ланка давлатининг Коломбо шаҳрида сингал тилига таржима қилиниб, чоп этилган Қуръони карим маънолари таржимасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда мамлакат президенти Маитҳрипала Сирисена ҳам иштирок этган.
adaderana.lk нашрини маълум қилишича, ушбу тафсир Ислом тарихини тушунишга ва мусулмонлар ҳаётини тўғри англашга кўмак беради. Ушбу тафсирни яратишда Бутун Цейлон Уламолар жамияти (All Ceylon Jamiyyathul Ulama (ACJU) ташаббус кўрсатган.
Тафсирнинг илк нусхаси Уламолар жамияти муфтийси томонидан мамлакат президентига совға қилинган.
Маълумот учун, Шри Ланка аҳолисининг (2011 йилда) 70.2% фоизини буддавийлар, 12.6% фоизини ҳиндуийлар, 9.7% фоизини мусулмонлар (суннийлар), 7.4% фоизини насронийлар (католиклар) ташкил қилади.
Сингал тили сингал (синҳала) миллатининг миллий тили бўлиб, Шри Ланкадаги йирик этник гуруҳ ҳисобланади. Уларнинг сони тахминан 16 миллионни ташкил этиши қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Эронда талабалар ўртасида энг катта халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилмоқда
8 апрель куни Теҳронда талабалар ўртасида олтинчи халқаро Қуръон мусобақасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Iqna хабарига кўра, матбуот анжуманида сўзга чиққан Эрон таълим вазири ўринбосари Али Ризо Козимий халқаро Қуръон мусобақаси мамлакатдаги энг катта маданий тадбир эканини таъкидлади. "Бу ҳафта 36-Қуръон мусобақаси вақфлар ва хайрия ишлари ташкилоти раҳбарлигида остида бўлиб ўтади ва у билан бир пайтда талабалар ўртасида олтинчи халқаро Қуръон мусобақаси ҳам ўтказилади", деди у.
Унинг сўзларига кўра, ушбу мусобақаларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири талабаларни таниқли Қурон карим ҳофизлари ва арбоблари, Қуръон каримни қироат билан ўқиш ва ёд олиш усуллари билан таништиришдир. Козимийнинг таъкидлашича, бу йилги мусобақалар “Бир китоб, бир уммат” шиори остида бўлиб ўтади.
“Бу ислом умматининг биродарлиги ва бирлигини англатади. Мусобақанинг илк босқичида аниқ квоталарга мувофиқ, 34 мамлакатдан 105 нафар талаба Қуръон тиловатлари ёзилган ўз файлларини котибиятга Интернет орқали йўллади. Ироқ, Сурия, Иордания, Афғонистон, Жанубий Африка, Танзания, Қозоғистон, Қирғизистон каби 21 мамлакатдан 31 талаба мусобақанинг Қуръон тиловати ва ҳифзи номинацияларида яримфинал ва финал босқичларига чиқишди”, - дейди Козимий.
11 нафар йигит талабалар ва 11 нафар қиз талабалар ҳифз номинациясида, 9 нафар йигит талабалар тиловат номинациясида 9-14 апрель кунлари иштирок этишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Энди ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчи ва олимлар Германияда малака оширади
Ўзбекистон билан Германияни 5 минг километрлик масофа ажратиб турган бўлса-да, икки халқнинг тинч ва фаровон ҳаётга интилиши, тараққиётга хизмат қиладиган муштарак ғоялари, меҳнаткаш ва олижаноб инсонлари ҳар қанча олис масофаларни яқин қилишга, бир қарашда мураккабдек туюлган вазифаларни ҳал этишга қодир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил январь ойида Германияга амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ишончли алоқаларни янада мустаҳкамлаб, уларни янги босқичга олиб чиқди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг исломшунос, шарқшунос олимларидан иборат делегация Германия пойтахти Берлин шаҳрида кўҳна қитъанинг нуфузли университетлари, илмий марказлари, музей ва қўлёзма фондларида учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда. Сафардан кўзланган мақсад икки мамлакатнинг исломшуносликка ихтисослашган таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, буюк аллома аждодларимизнинг Германияда сақланаётган нодир асарларини ўрганиш, ҳамкорликда конференциялар, илмий семинарлар ташкил этишдан иборат.
Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институтида ўтказилган учрашув ўзбекистонлик ва немис исломшунос олимлари ҳамкорлигига тамал тошини қўйди.
Таъкидлаш лозимки, Берлин эркин университети Германиянинг энг нуфузли 4 та олий ўқув юртидан бири ҳисобланади. Бу ерда 35 мингга яқин талаба ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлардан таҳсил олади. Германиянинг шуҳрати, обрў-эътиборини оширган Герхард Эртль, Герта Мюллер, Райнхард Зелтен сингари Нобель мукофоти совриндорлари, кўплаб таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари Германия эркин университетининг ўқитувчи ва талабаларидир.
Германиялик мутахассислар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг кўп асрлик диний қадриятлари, бой илмий меросини асраш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. “Ислом илмлари ривожида, айниқса, ҳадисшуносликнинг шаклланиши ва мукаммал фан соҳасига айланишида, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиё уламоларининг ўрни беқиёс. Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, бу ерда сақланаётган қадимий қўлёзмалар дунёнинг турли чеккаларидан шарқшунос олимларни ўзига чорлайди”, - дейди исломшунослик фанлари доктори, профессор Конрад Хиршлер.
Мулоқотда дунёнинг турли чеккаларида дин номидан содир этилаётган нохуш ҳолатлар, муросасизлик ва жаҳолатга қарши туришда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги лойиҳалар – Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрни ва аҳамияти юқори экани қайд этилди.
Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институти билан ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, германиялик исломшунос олимларни Ўзбекистонга жалб этиш, ўқувлар ташкил қилиш, махсус PhD дастурларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўзбекистонда малакали исломшунос олимлар тайёрлашга катта эътибор қаратилаётган бугунги шароитда эришилган ушбу келишувлар муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Олий Маҳадда Қуръони карим мусобақаси ғолиблари аниқланди
Кеча, 9 апрель куни Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида ушбу олий таълим муассасаси талабалари ўртасида «Қуръон мусобақаси-2019» кўрик-танловининг институт босқичи ўтказилди.
Мусобақанинг саралаш босқичида 20 нафардан ортиқ қорилар иштирок этган.
Республика миқёсида ўтказиладиган мусобақага йўлланма берувчи “Қорилар мусобақаси”нинг саралаш босқичини Тошкент Ислом институтида ўтказиш анъанага айланган.
Институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “ҳифз”(яъни, Қуръонни тўлиқ ёд олганлар) ҳамда “тиловат” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқиш) йўналишларида “Қорилар мусобақаси” ўтказилди.
Мусобақани қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди: ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири: Жаҳонгир қори Нематов, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари: Валихон қори Азимбоев, Муроджон қори Кабиров, Абдулбосит қори Қобилов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Жасур қори Кулбоев.
Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:
“Ҳифз” йўналишида мутлоқ ғолиб:
Ҳайитбоев Муҳаммадали (4 курс);
“Ҳифз” йўналиши 18-25 ёш:
1-ўрин: Тожиддинов Ҳабибуллоҳ (3 курс);
2-ўрин: Ҳомидов Муҳаммадюсуф (1 курс);
3-ўрин: Иззатуллаев Файзуллоҳ (2 курс).
“Ҳифз” йўналиши 25-40 ёш:
1-ўрин: Ҳайитбоев Муҳаммадали (4 курс);
2-ўрин: Ходжалиев Ёдгор (2 курс);
3-ўрин: Отахонов Адҳам (3 курс).
“Тиловат” йўналиши 18-25 ёш:
1-ўрин: Абдураҳмонов Муҳаммадюсуф (4 курс);
2-ўрин: Ҳомидов Ҳикматуллоҳ (1 курс);
3-ўрин: Муҳаммадсолиев Сайфуллоҳ (3 курс).
“Тиловат” йўналиши 25-40 ёш:
1-ўрин: Тўрақулов Иброҳим (1 курс);
2-ўрин: Абдураҳмонов Шерзод (2 курс);
3-ўрин: Шарипов Назар (3 курс).
Мусобақа сўнгида ғолиблар институт томонидан дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир охирида юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини сўраб дуойи хайр қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати