Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz
Масжидлар қуриш ва уларни обод қилишнинг фазли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга ёқимсиз жойи – бозорларидир” деганлар (Муслим ривояти).Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, эътикоф, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.
Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.
Масжидларда мусулмон авлод тарбия топади. Тавҳидни, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишни, Аллоҳни яхши кўришни, Унга юзланиб, тавба қилишни, Унинг ибодатларига бўлган рағбатнинг кучайишини, Унга исён қилишдан узоқлашишни, Ундан қўрқишни, Ундан умидвор бўлишни, Унга ихлос, таваккул қилишни, Унга ибодат қилишни, Унга бандалик қилишни ўрганадилар.
Аллоҳнинг дини масжидлардан тарқала бошлайди. Масжидлардан Аллоҳга берган аҳдларида содиқ бўлган кишилар чиқадилар. Улар Роббиларини яхши кўриб, Унинг уйини обод этадилар. Улар Унинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтадилар. Улар намозга бўлган чақириққа “Лаббай” дейдилар ва Унинг ҳузурига киришга ошиқадилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда каримда шундай деб марҳамат қилган: “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 37–38-оятлар).
Масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни каримни ёдлаш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини таълим олиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган бўстонлардир. У ерда одамлар бир-бирларидан тарбия, ахлоқ, одоб ўрганадилар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида камбағал мусулмонлар масжидларда яшашган. Элчилар масжидларда кутиб олинган. Турли мамлакатларга мусулмон элчилар масжидлардан тарқалишган. Аллоҳ таоло масжидларни ширк ва куфр ифлосликларидан тозалашга буюриб: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”деган (Жин сураси, 18-оят).
Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда каримда: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар” деб айтган (Нур сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).
Масжидларда Аллоҳни зикр қилишдан тўсадиган, масжидларнинг бузилишига сабаб бўладиган кимсаларни У Зот дунёда хорлик, охиратда улкан азоб билан қўрқитди, таҳдид қилди. У зот Қуръон каримда шундай деган: “Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир” (Бақара сураси, 114-оят).
Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман».
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатда бир уй», дейилган.
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким унда Аллоҳ зикр қилиниши учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.
Насоий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.
Аҳмад ривоят қилган.
Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Еттита иш борки, бандага, у вафот этганидан кейин қабрида ётганида ҳам ажри етиб туради: ким илм ўргатса ёки дарё кавласа ёки қудуқ қазиса ёки хурмо экса ёки масжид бино қилса ёки Мусҳафни мерос қилиб қолдирса ёки вафотидан кейин унга истиғфор айтадиган фарзанд қолдирса”. Баззор ривоят қилган.
Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.
Бешта ташаббус бўйича дастурлар ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Аввал хабар қилинганидек, 19 март куни бу борада видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бирламчи вазифалар белгилаб берилган эди. Уларга мувофиқ ҳар бир ташаббус бўйича чора-тадбирлар дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Йиғилишда мазкур дастурларга киритилган таклифлар, уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.
Хусусан, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшни маданият ва санъат соҳасига жалб этиш бўйича ҳудудий “йўл харита”ларини тасдиқлаш кўзда тутилган. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланган. Янгидан қуриладиган, реконструкция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати ҳам шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари дастур лойиҳасида тадбирларни амалга ошириш механизмлари етарли эмаслиги, ҳар бир шаҳар ва туманга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилган соҳа намояндаларининг амалий вазифалари аниқ белгиланмаганини қайд этди. Ҳудудий “йўл харита”лари ижросини тизимли ташкил этиш, тўгарак ва синфларга қамраб олинган болаларни рағбатлантириш, жумладан, турли танловлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Белгиланган қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари, шунингдек, маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини зарур чолғу асбоблари билан таъминлаш учун тегишли маблағ ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида яқин 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш белгиланган.
Президентимиз мавжуд ва янги қуриладиган спорт иншоотларига аҳоли ва ёшларни кенг жалб этиш, оммавий спорт тадбирларини ўтказишни янада кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
Учинчи ташаббусга мувофиқ аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилган.
Йиғилишда аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.
Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда ушбу корхоналарни пухта ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бозорини, яъни аниқ харидорини топиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилиб, дастурлар лойиҳаларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: http://uza.uz
Ҳадис билимдони мусобақаси ғолиблари аниқланди
Ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимизнинг улкан илмий меросини ўрганиш ва ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни талаба-ёшларга етказиш мақсадида шу йилнинг 3 апрель санасида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида академия талабалари ўртасида “Ҳадиси шариф билимдони” мавзусида интеллектуал мусобақа ташкил этилди.
Мазкур мусобақада “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раиси Искандар Халилов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Убайдулла Уватов ва бошқалар иштирок этди.
Мусобақада талабалар 4 шарт асосида ўз билимларини синадилар. Биринчи шартда талабалар “Тарихи Муҳаммадий” асаридан саволларга жавоб бердилар. Талабалар блитц савол-жавоб шартида 10 та саволга тез ва қисқа жавоб беришлари талаб этилди. Учинчи шартда ҳар бир гуруҳ вакили Имом Нававийнинг “40 ҳадис” китобидан берилган билетдаги ҳадисларни давом эттириб, таржимасини айтиб бердилар. Сўнгги шартда ҳар бир жамоадан танланган вакиллар “ҳадислар занжири”ни узвий давом эттиришлари талаб этилди.
Шартларнинг умумий натижасига кўра, “Хадис билимдонлари” жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Қолган жамоалар эса баллар нисбатига кўра 2- ва 3-ўринларга лойиқ кўрилди. Ғолибларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари ва қимматбаҳо мукофотлар топширилди. Ғолибларни тақдирлаш чоғида Фонд раҳбари Искандар Халилов ҳадис мусобақаси сабаб Ислом академиясига ўзгача файз киргани ҳамда талаба-ёшларнинг юз-кўзларидан нур ёғилиб турганини билдирди.
"Вақф" фонди ғолибларни тақдирлади
2-3 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилди. Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Вақф" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакиллари қатнашди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни муҳтарам Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани, ушбу Фармонда “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда имконияти чекланганларга давлатимиз Раҳбари томонларидан барча соҳаларда бўлгани каби, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ бир қатор марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этилаётгани, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатилаётгани, яқин кунларда “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этди.
Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилди. Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломлари ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир якунида имконияти чекланган юртдошларимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Мазкур маърифий суҳбат ва самимий мулоқот уларга олам-олам қувонч бағишлади.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати