muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2 апрель куни пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилди. Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ходимлари қатнашишди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни муҳтарам Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани, ушбу Фармонда “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда имконияти чекланганларга давлатимиз Раҳбари томонларидан барча соҳаларда бўлгани каби, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ бир қатор марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этилаётгани, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатилаётгани, яқин кунларда “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этди.
Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилди. Ғолиблар диплом ва муносиб совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида имконияти чекланган юртдошларимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Мазкур маърифий суҳбат ва самимий мулоқот уларга олам-олам қувонч бағишлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муҳтарам Президентимиз шу йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади»,  — дея таъкидлаган эди.

Аввал хабар берганимиздек, мазкур ташаббусга монанд Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар ўзлари таълим олган ва яшайдиган ҳудуддаги мактабларига ташриф буюриб, шахсий кутубхоналаридан диний маърифий адабиётларни туҳфа этдмоқдалар.

Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Динимиз илм асосига қурилган. Илм эса китобларда қолдирилади. Қуръони каримнинг номларидан бири ҳам Китобдир.

Ҳозирги кунда мактаб кутубхоналари давлатимиз томонидан анчайин бойитилмоқда. Бироқ улар орасида диний маърифий адабиётлар етишмаётгандек эди. Шубҳасиз, бундай китоблар ўқувчилар тарбияси, хулқ-атвори учун энг зарурий манба бўлади, иншааллоҳ. Зеро, муқаддас динимизни тўғри ўрганган ҳар бир ёш йигит-қиз руҳий баркамол, маънавий пок инсон бўлиб етишади.

Таъкидлаш лозим, ҳозирга қадар жами 1209 нафар имом-хатиб томонидан 1227 та мактабга 16172 дона диний-маърифий, бадиий, илмий-оммабоп китоблар ҳадя қилинди.

Китобларни қабул қилиб олган устоз ва ўқувчилар имом домлаларга миннатдорчилик билдириб, мактаб кутубхонасида диний-маърифий асарлар камлиги, бу китоблар ёшлар қизиқиши учун  муддао бўлганлигини, ва албатта уларни ўқиб чиқишларини билдирдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Тавба ҳақида ҳикматлар

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: “Агар банда гуноҳ содир этиб қўйиб, кейин дарҳол чин юракдан тавба қилса, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади” дедилар.

*****

Ҳасан раҳимаҳуллоҳдан насуҳ тавба ҳақида сўралганда у киши: “Қалб билан надомат қилиш, тил билан истиғфор айтиш, тана аъзолари билан гуноҳни тарк этиш ва гуноҳга қайтмасликка қасд этишдир” деб жавоб бердилар.

*****

Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Биз тавба қилмасимиздан туриб ўлишни истамаймиз, ваҳоланки, ўлгунимизча тавба қилмаймиз”.

*****

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Бу дунёда фақат икки кишига яхшилик бор: тавба қилувчи кишига ва даражалари юксалиши учун амал қилувчи кишига. Улардан биринчиси хатолари кечирилиши учун амал қилса, иккинчиси ҳасанотлари кўпайиши учун амал қилади”.

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ёмонликлардан кейин яна ёмонликлар қилиш нақадар жирканч! Ёмонликлардан кейин яхшиликлар қилиш нақадар чиройли! Ундан-да чиройлироғи яхшиликлардан кейин яхшиликлар қилишдир!” дедилар.

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар: “Тавба қилувчи инсоннинг қалби шишага ўхшаб, унга теккан ҳамма нарса таъсир қилади. Уларнинг қалбларига мавъиза, панду насиҳат тезроқ етиб боради. Улар юмшоқликка жуда яқин бўладилар. Шундай экан, қалбларингизни тавба билан даволанглар! Жуда кўп ҳолларда тавба қилиш тавба қилувчини жаннатга чорлаб, охири унга киритади. Тавба қилувчилар билан бирга ўтиринглар! Чунки, Аллоҳнинг раҳмати тавба қилувчиларга яқинроқдир!”

*****

Авн ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тавба қилувчилар билан бирга ўтиринглар! Чунки, улар инсонларнинг орасидаги қалблари энг юмшоқ кишилардир”.

*****

Амр ибн Муҳожир айтади: “Умар ибн Абдулазиз менга шундай деди: “Агар менинг ҳақдан чарчаганимни, малолланганимни кўрсанг, ёқамдан ушлагин, кейин мени силкитгин, сўнгра “Эй Умар, нима қиляпсан?!” дегин!”

*****

Ҳорис ибн Саъийд айтади: “Агар Абу Имрон Жувний азоннинг овозини эшитсалар, ранглари ўзгариб, кўзларидан ёш қуйилиб келарди”.

 

“Солиҳларнинг дурдона сўзлари” номли китобдан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Иймонингиздан айрилиб қолманг

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (Жин сураси, 26). 

Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, деганлар. (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

Аждодларидан Бухорий, Термизий, Замахшарий, Насафий ва бошқа дунё халқларига соф ислом, тўғри эътиқод бўйича дарс бериб мусулмон жамиятлари тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар етишиб чиққан халқ, бугун юқорида Қуръон ва ҳадисда тилга олинган улкан гуноҳнинг асосий иштирокчиларига айланишмоқда. Минг афсус, авваллари хилват, пасқам жойларда “фаолият юритадиган” фолбинлар бугун очиқчасига кўчаларда, бозорларда ва айниқса одамлар гавжум бўладиган хиёбон ва боғларида бемалол “ғайбдан” сўз очиб тижоратларини юритмоқда. Эътиқоди суст, гуноҳ ишлардан хабари йўқ кимсалар, айниқса аёллар ва ёш қизлар фолбинларнинг “тегирмонига сув қуймоқда”.

Ачинарлиси, бугун хусусий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари пул топиш илинжида Аллоҳ таоло ман қилган, халқнинг онгини захарловчи ишлардан ҳам фойдаланмоқда. Мана шундай ишлардан бири “мунажжимлар башорати” саҳифасидир. Қайси-ки сариқ матбуот ва оммавий нашрга кўз ташламанг барчасининг асосий рекламаларидан бири ҳафталик мунажжимлар башоратидир. Мазкур нашрларни реклама қилиш чоғида эса мунажжимлар саҳифасининг ўта “ишончли” эканига катта урғу беришади.

Интернет нашрларга кирсангиз деярли кўпчилиги “мунажжимлик” ва “фолбинлик”ни даво қиладиганлардан. Яқинда телеканалларнинг бирини кузатиб турсам яхши маърифий дастурдан сўнг пастки ёзувда мунажжимлар башоратини беришяпти (эссиз маърифий кўрсатув). Энди эса уяли алоқа операторлари ҳам кунора “Сизни нима кутаётганини билишни истайсизми?”, “Тақдирингизни ўзгартиринг”, “Ўз бахтингизни топинг” каби жимжимадор сарлаваҳалар остида фолбинлик  ва мунажжимлик гуноҳини тарғиб этишни канда қилмаяпти. Хизмат нархи эса яхшигина пул туради. Табиийки кўпчиликни ҳолат юзасидан фикри аниқ: “Нима бўлипти!”, “ёмон ишмаску, гапларининг базиси тўғри чиқадику”, “менга нима” каби бепарво ҳамда лоқайд кайфият.     

Хўш мазкур ишларга шунчаки, оддий ҳол сифатида қараш биз учун қандай оқибатларга олиб келади?

  • Аввало, жамиятда қаллоб ва текинхўр фолбин, мунажжим каби “тижоратчилар” кўпаяди.
  • Гуноҳ ишлар авж олади, кўплаб инсонлар (шу ишни қилган ва унга ишонганлар)нинг иймонида шубҳа пайдо бўлиб, бора-бора ҳеч қандай жиноятдан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
  • Одамлар орасида фитна авж олади. Чунки фолбин ва мунажжим кимнидир сизга душман қилиши, ўз яқинингиздан шубҳалантириши аниқ.
  • Аллоҳ таолонинг балосига сабаб бўлувчи ишлар авж олади.

Мунажжимларнинг асл иши фолбинлик. Улар фол очиб, ўзларининг «тахминлари»ни айтадилар. Мунажжимлар башорати ва газета саҳифаларини қўйиб туринг. Бир ташқарига чиқинг, атрофни кузатинг, додлаб юборасиз. Ноёб маҳсулот келганда ҳам мавжуд бўлмайдиган навбат сафи айнан фолбинлар қабулхонасида...

Бундай воқеалар айни пайтда жуда кўпайиб кетган. Бунинг сабабини ўрганиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таълимотларига юзлансак, тушунамизки, сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган кишини динда бўлмайдилар, демоқдалар. Демак, бу ерда гап иймон-эътиқод ҳақида!

Фолбин ва мунажжимнинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда таъқиқлаган. Парвардигор инсонларни синаш учун баъзан фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.

Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, охири абадий дўзах бўладиган йўлни тарк этинг. Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини яратилишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нега улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб иймонингизни поймол қилманг, охиратингизни куйдирманг.

Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳайзли аёлга яқинлик қилса ёки аёл кишининг орқасидан яқинлик қилса ёхуд фолбинга борса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дедилар». 

Сўзимиз сўнгида турли газета ходимлари, интернет нашрлари ва шу иш билан шуғулланувчи барчага айтмоқчимизки: “Одамларни алдаб арзимаган дунё матоси учун ўзингизни ҳам, мусулмонларни ҳам оқибати оғир бўлган гуноҳларга ботирманг”

Ақл юритувчи ва ибрат олувчилар учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ҳавола этамиз:

“Унга битилганки, албатта, унга ким дўст бўлса, шубҳасиз, уни адаштиради ва дўзах азобига «ҳидоят» қилади”. (Ҳаж сураси, 4)

“Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир”. (Ҳаж сураси, 2)

 

 

Саидаброр Умаров

Вторник, 02 Апрель 2019 00:00

Кичик қурбақа

Қурбақалар ўзаро югуриш бўйича мусобақа ўтказиб, баланд минорага биринчи бўлиб чиққанни ғолиб деб эълон қилишга келишиб олдилар. Уларни қўллаб-қувватлаш ва жараённи томоша қилиш учун каттагина жамоа тўпланди.

Мусобақа бошланди. Йиғилганлар мусобақа иштирокчиларининг баланд чўққига чиқишига ишонишмасди. Барчалари: “Иложи йўқ, эплолмайсизлар!” деб қичқирар эдилар.

Чиндан ҳам минора баланд бўлиб, қурбақаларнинг у ерга чиқиши анчагина машаққатли эди. Чиқишга уринаётган иштирокчилар бирин-кетин пастга қулаб тушарди. Аммо бир кичик қурбақа минорага маҳкам ёпишганча, фаолликни қўлдан бермай, чиқишга астойдил уринарди. Томошабинлар яна: “Барибир эплолмайсан! Бу анча баланд! Чиқиш қийин!” деб бақиришарди. У бўлса бу гапларга парво қилмай, кўтарилишда давом этарди.

Ҳамма қурбақалар ярим йўлдан у ёғига ўтолмас, миноранинг ярмига етганда қулаб тушарди. Аммо ҳикоямиз қаҳрамони кўтарилишда давом этиб, охири чўққига етиб борди. Ерга қайтиб тушгач, енгилган қурбақалар у билан танишишни истаб, унинг муваффақияти сирини билмоқчи бўлишди.

Хўш, унга бундай куч-қувват қаердан келди? Миноранинг устига қандай қилиб етиб борди?    

Сўраб-суриштиришлардан кейин маълум бўлдики, ғолиб қурбақа кар бўлиб, қулоғи эшитмас экан. Шу боис у томошабинларнинг “Эплолмайсан” деган ҳайқириқларини, умидни сўндирувчи гапларини эшитмай, марра сари олға интилаверган. Қолган қурбақалар эса бу каби ҳайқириқлар таъсирида тушкунликка тушиб, ўзларига бўлган ишонч сўниб, йўлнинг ярмидан йиқилаверганлар. Томошабинларнинг “Қўлингиздан келмайди!” деган гаплари уларни тушкунликка тушириб, умидларини сўндирган эди.

Ҳа, одамларнинг сўзлари сенинг ишларингга таъсир қилиши мумкин. Рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш инсонга ижобий таъсир қилиб, муваффақиятга эришишга ундаса, “Эплолмайсан”, “Қўлингдан келмайди”, “Бу иш қийин” деган гаплар енгилишга, чекинишга, мақсадга етолмасликка олиб келади.

Одамлар сенга “Эплолмайсан” десалар, қулоқларингни беркитиб ол, умидсизликка туширишларига, орзуларингдан маҳрум қилишларига йўл қўйма! Улар “Қила олмайсан” десалар, сен “Аллоҳ насиб этса, қила оламан!” дегин!

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top