muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Қудуққа туфлама, бир кун ундан ўзинг ҳам сув ичишинг бор”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
*****
Виждон шундай нарсаки, у сенга “Сени Буюк Зот кўриб турибди” деган хабарни беради.
*****
Пок бўлиб бораверсанг, сени болалар, ҳайвонлар, қушлар, дарахтлар ва одамлар яхши кўриб бораверади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Хиёнатнинг мингта йўли бор. Лекин уларнинг ичидаги энг жирканчи – ўзини севадигандек кўрсатишдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ер юзида мухлис дўстдан кўра каттароқ мукофот йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Баъзи одамлар сунъий дарахтларга ўхшайди. Ҳар қанча сув қуйсанг (яхшилик қилсанг) ҳам, мева бермайди.
“Ҳаётнинг нариги юзи”
*****
Гўдаклар еттита хислат билан ажралиб турадилар:
- Улар ризқнинг ғамини емайдилар.
- Касал бўлсалар, Аллоҳнинг қазои қадаридан безовта бўлмайдилар.
- Қалбларида гина, адоват, ҳасад йўқ.
- Улар тез сулҳга келишадилар.
- Улар биргалашиб овқатланадилар.
- Уларни озгина қўрқитилса, қўрқадилар.
- Уларнинг кўзлари тез-тез ёш тўкади.
*****
Ёстиқ бойнинг, фақирнинг, кичикнинг, каттанинг, қўриқчининг, подшоҳнинг ҳам бошини кўтариб туради. Лекин унда фақат кўнгли хотиржам инсонгина ухлай олади.
*****
Қудуққа туфлама, бир кун ундан ўзинг ҳам сув ичишинг бор.
*****
Ҳамма нарса кичик ҳолда бошланиб, кейин катталашади. Аммо мусибат ундоқ эмас. У катта ҳолда бошланиб, кейин кичраяди.
*****
Ўртача ақлли инсон билан доно инсоннинг орасидаги фарқ – ҳар бирлари муваффақиятсизликка учраганда қандай муносабат билдиришидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уятли ҳолат бир тошга икки марта қоқилишдир.
*****
Кутилган қимматбаҳо совғадан кўра кутилмаган кичикроқ совға инсонга кўпроқ таъсир қилади.
*****
Муваффақиятсизликка учраганлар икки қисмга бўлинади:
- Ҳеч иш қилмай, фақат ўйлайдиганлар.
- Ҳеч ўйламасдан иш қиладиганлар.
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Араб тилининг бойлиги
Маълумки, Қуръони Карим араб тилида нозил қилинган. Дарҳақиқат, араб тили жуда бой тилдир. Феълларнинг тусланиши, отларнинг турлари жуда хилма-хил ва сермаҳсулдир. Қуйида биргина “келмоқ”, “келиш” маъносини ифода этадиган бир қанча феълларни кўриб чиқайлик.
Атаа (أَتَى) - яқин макондан келди.
Қодима (قَدِمَ) - узоқ макондан келди.
Ақбала (أَقْبَلَ) - қизиқиб, рағбат қилиб, ҳаяжонланиб келди.
Ҳазора (حَضَرَ) - чақириққа лаббай деб келди.
Заара (زارَ) - ўзаро алоқаларни улаш ва яхшилик мақсадида келди.
Торақа (طَرَق) - кечқурун келди.
Ғошия (غَشِي) - билмасдан, тўсатдан келди.
Ваафаа (وافَى) - келаётиб, йўлда мақсадига эришди.
Варода (وَرَدَ) - сув олиш мақсадида келди.
Вафада (وَفَدَ) - бир гуруҳ кишилар билан келди.
Ҳа, азизлар, биргина феълнинг маъносини ифода этувчи шунча феълларнинг борлиги бу тил нақадар бой ва сермаҳсул тил эканини кўрсатиб турибди.
Қуръонни ўрганишимиз, маъноларини яхши тушунишимиз учун ушбу тилдаги ҳар бир сўзнинг ўзи хос нозик қирраларини, маъноларини билиш, тадқиқ этиш талаб этилади.
Аллоҳ таоло барчамизга Қуръон тили бўлмиш – араб тилини яхши ўрганиб, ўзлаштириб боришимизни насиб этсин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Европадаги энг йирик масжид ўзбек меъморлари лойиҳаси асосида қурилмоқда
Чеченистонда 2019 йилнинг май ойида Европа минтақасидаги энг йирик масжид очилади. Бу ҳақда «Regnum» нашрига таяниб xabar.uz маълум қилди.
Шали шаҳридаги ушбу масжид бир пайтнинг ўзида 20 000 киши намоз ўқишига мўлжалланган. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров маълум қилди.
Айни пайтда масжидда ички ва ташқи безатиш ҳамда атрофида ободонлаштириш ишлари кетмоқда. Бу ишларга 300 нафар мутахассис жалб этилган.
Масжид ўзбек меъморлари лойиҳаси асосида барпо этилаётгани ҳақида «Грозний» телерадиокомпанияси 2016 йилда хабар берганди.
Хабарларга кўра, масжид Марказий Осиё ва Яқин Шарқ усулларида безатилиб, Грециядан келтирилган оқ мармар ишлатилади. Ёритиш тизими эса италиялик мутахассисларга ишониб топширилган. Қурилиш ишлари 2012 йилнинг декабрь ойида бошланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Барака нима ўзи?
Барака ўзи нима? Барака сўзи арабчадан таржима қилинганда “Аллоҳнинг марҳамати, инояти ва ҳадяси”, деган маъноларини англатади.
Зеро, саҳар туришда ҳам барака бор. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларидан сўрашди: “Нимага қўйлар доимий истеъмол ва қурбонлик мақсадида сўйилишига қарамай, насли қирилиб кетмайди? Аксинча, кўпайгани кўпайган. Ваҳоланки, қўйлар йилига бир ёки икки марта биттадан, баъзан эса иккитадан туғади. Лекин итлар сўйилмаса ҳам кўпаймайди. Қўйлар каби кўп бўлиб кетмайди?”
Мавлоно жавоб бердилар: “Тонгги вақт энг барокотли вақтдир. Бу вақтда қўйлар ҳеч ухламайди. Доимо уйғоқ бўлади. Итлар эса кечаси билан санғиб, шу вақтда ухлаб қолиб ғафлатда бўлади. Қўйлар тонг барокотидан баҳраманд бўлишади. Итлар эса бу барокотдан бебаҳра қолишади. Шунинг учун қўйлар кўпайгани кўпайган. Бас, ризқингиз кенг бўлишини хоҳласангиз саҳарлари бедор бўлинг”.
Айрим инсонларнинг ҳозирги барака билан ишлари бўлмай қолди. Гўё барака кераксиз нарсага айланиб қолди. Масалан вақт баракасини олсак. Охирзамон аломатларидан яна бири йиллар ойлар каби, ойлар ҳафталар каби, ҳафталар кунлар каби қисқа бўлиб қолади, дейилади.
Минг шукрки, ҳозирги вақтда неъматларга кўмилган ҳолда ҳаёт кечирмоқдамиз. Бирор манзилни кўзласак, автомобиллар шай, бир зумда етиб борамиз ёки бирор узоқроқ шаҳарни ирода қилсак, остимизда тайёралар, янада тезроқ етиб борамиз. Буларданда тезроқ дастёримиз бўлмиш телефонларимиз бор – қанча олис бўлмасин, муаммоларимиз бир зумда ҳал бўлади.
Қарангки ҳожатларимиз нақадар зудлик билан амалга ошишига қарамай, кўпгина юмушларимизга улгурмай қоляпмиз. Ким билан сўзлашманг, ҳамма шу ҳасрат – нимадир юмуши қолиб кетаётганидан арзланади. Нега шундай? Чунки, вақтимизда барака йўқ. Аввалгиларга назар солсак, бу шароитлар бўлмаган, лекин вақтларидан биздан кўра унумлироқ фойдаланишган.
Шундай бўлгач, Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганларидек, ризқимиз кенг бўлишини хоҳласак вақт қадрига етайлик.
Олимжон Исоқов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси