Мақолалар

Барака нима ўзи?

Барака ўзи нима? Барака сўзи арабчадан таржима қилинганда  “Аллоҳнинг марҳамати, инояти ва ҳадяси”, деган маъноларини англатади.

Зеро, саҳар туришда ҳам барака бор. Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларидан сўрашди: “Нимага қўйлар доимий истеъмол ва қурбонлик мақсадида сўйилишига қарамай, насли қирилиб кетмайди? Аксинча, кўпайгани кўпайган. Ваҳоланки, қўйлар йилига бир ёки икки марта биттадан, баъзан эса иккитадан туғади. Лекин итлар сўйилмаса ҳам кўпаймайди. Қўйлар каби кўп бўлиб кетмайди?”

Мавлоно жавоб бердилар: “Тонгги вақт энг барокотли вақтдир. Бу вақтда қўйлар ҳеч ухламайди. Доимо уйғоқ бўлади. Итлар эса кечаси билан санғиб, шу вақтда ухлаб қолиб ғафлатда бўлади. Қўйлар тонг барокотидан баҳраманд бўлишади. Итлар эса бу барокотдан бебаҳра қолишади. Шунинг учун қўйлар кўпайгани кўпайган. Бас, ризқингиз кенг бўлишини хоҳласангиз саҳарлари бедор бўлинг”.

Айрим инсонларнинг ҳозирги барака билан ишлари бўлмай қолди. Гўё барака кераксиз нарсага айланиб қолди. Масалан вақт баракасини олсак. Охирзамон аломатларидан яна бири йиллар ойлар каби, ойлар ҳафталар каби, ҳафталар кунлар каби қисқа бўлиб қолади, дейилади.

Минг шукрки, ҳозирги вақтда неъматларга кўмилган ҳолда ҳаёт кечирмоқдамиз. Бирор манзилни кўзласак, автомобиллар шай, бир зумда етиб борамиз ёки бирор узоқроқ шаҳарни ирода қилсак, остимизда тайёралар, янада тезроқ етиб борамиз. Буларданда тезроқ дастёримиз бўлмиш телефонларимиз бор – қанча олис бўлмасин, муаммоларимиз бир зумда ҳал бўлади.

Қарангки ҳожатларимиз нақадар зудлик билан амалга ошишига қарамай, кўпгина юмушларимизга улгурмай қоляпмиз. Ким билан сўзлашманг, ҳамма шу ҳасрат – нимадир юмуши қолиб кетаётганидан арзланади. Нега шундай? Чунки, вақтимизда барака йўқ. Аввалгиларга назар солсак, бу шароитлар бўлмаган, лекин вақтларидан биздан кўра унумлироқ фойдаланишган.

Шундай бўлгач, Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганларидек, ризқимиз кенг бўлишини хоҳласак вақт қадрига етайлик. 

 

Олимжон Исоқов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

5360 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бебаҳо марварид Араб тилининг бойлиги »

Мақолалар

Top