muslim.uz

muslim.uz

Уламолар “Илм иккига бўлинади: дин илми ва тиб илми” дейишган. Дин илми инсоннинг руҳиятидаги мувозанатни сақлаш ҳамда уни тарбиялашга хизмат қилса, тиб илми инсон танаси ва унда кечадиган жараёнларни ўрганади. Шунинг учун қадимдан динни мукаммал билган инсонлар тиббиётдан ҳам хабардор бўлишган. Зеро, машойихлар “Ким ўзини таниса, Роббисини танийди” дейишган. Яъни ким ўз танаси ҳақида тафаккур қилса, Аллоҳ таолонинг қудратига шак-шубҳа қилмайди.   

Олимларнинг таъкидлашича, бугунги ривожланган замонавий тиббиёт одам танасини ҳали тўлиғича ўргана олмаган. Шу сабабдан шифокорлар баъзи бир хасталиклар ва физиологик жараёнларнинг ҳолатини изоҳлаб бера олишмаяпти.

Баъзан ён атрофимизда оғир дардга чалинган беморларга мутахассислар томонидан: “Сизнинг касаллигингизга даво йўқ” каби жуда қўпол ва лоқайдлик билан айтилган жавобларни ҳам эшитиб қоламиз.

Хўш, аслида шифокорларнинг касалликка нисбатан бундай муносабатда бўлиши тўғрими?   

Бундан бир неча минг йил аввал одамлар оддийгина шамоллаш туфайли оммавий тарзда ҳалок бўлишган. Тиб илмининг отаси, Шайхур раис Абу Али ибн Сино давригача сувчечак ва қизамиқ энг хавфли касалликлар сирасига кирган. Бизнинг давримизда бу каби касалликларга оддий кўз билан қараймиз. Сабаби ўз даври учун хавфли бўлган бу каби дардларнинг бугунга келиб давоси топилган. Демак, тиббиёт учун номаълум бўлган бирор бир паталогик ҳолатни кўрганда, “Бунинг давоси йўқ” демасдан, балки, “Бу касалликнинг давоси ҳали тиббиётда аниқланмаган, аммо изланишлар кетяпти” дейиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа барча дардларнинг давосини туширгани ҳақида хабар берганлар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг лафзида бундай дейилган: «Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир».

Инсондан (шифокорлар, тадқиқотчилар, олимлар ва бошқа соҳа вакилларидан) эса, Аллоҳ ато этган шифони излаш ва илмий тадқиқ этишга интилиш талаб қилинади.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи – Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят).

Аллоҳ таоло барча беморларнинг дардларига шифо бериб, тиб илми мутахассисларининг илмини зиёда қилсин, омин!

 

 

Нозимжон Иминжонов ва

Саидаброр Умаров тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

“Surdo-online Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва сўзлашда нуқсони бор фуқаролар учун жума маърузаларини сурдо таржимон ёрдамида намойиш этиш доимий равишда йўлга қўйилди. Бугун ҳам Андижондаги ушбу масжидда ногиронлиги бўлган юзлаб инсонлар йиғилдилар ва яратилган имкониятдан фойдаланган ҳолда мавъизаларни томоша қилишди.

Жума намозига қарийб 130 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқаролар ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган “Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ғамхўрлик” мавзусидаги тезис ва унинг “Вақф хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари” тўғрисидаги иловаси ҳақидаги маъруза surdo-online шаклида етказилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан яратилган ушбу хайрли ишлардан барчалари бирдай хурсанд бўлмоқдалар. Шунингдек, ҳар ҳафтанинг якшанба кунлари эса ушбу масжидда эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилиб келинмоқда.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

(1-қисм) 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм 

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

“Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир” (Имом Бухорий ривояти) деган, барча ишларида умматларига намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин! 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳ таолодан гўзал одоб ва хулқлар билан зийнатлашини сўраб дуоларида: “Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин”, дер эдилар.

Шунингдек, ёмон хулқлардан Аллоҳдан паноҳ сўраб: “Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин”, деб дуо қилардилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло у зотни мадҳ этиб, бундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир Аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.

Аъробий: “Эй Муҳаммад! Ҳузурингдаги молдан менга ҳам улуш берсинлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикми-каттами, аёлми, эркакми, барча муҳтожларнинг ҳожатини раво қилардилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар(Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камтар ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан ҳам аъло эди.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўп қўйларни бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лўнда, қисқа, аниқ, фасоҳат билан ҳар кимнинг ақлига мослаб гапирардилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларида дона-доналик ва шошилмаслик бор эди” (Имом Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни охирига етказардилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Ибн Можа ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни урмаганлар ҳам, койимаганлар ҳам.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани: аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. У зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти). 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен: “Аллоҳга қасамки, бормайман”, дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да, чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдидан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен у зотга назар солдим. Ул зот: “Эй Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?” дедилар. Мен: “Ҳа! Мен бораман. Ё Расулуллоҳ”, дедим ва юриб кетдим (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан енгилини танлар эдилар.

Ойша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри бўлса, модомики гуноҳ бўлмаса, улардан енгилини танлар ва гуноҳ ишлардан ўзларини узоқ тутардилар” (Имом Бухорий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кам овқат еб, кам ухлар эдилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бир кунда икки маҳал қоринлари тўйиб овқат емаганлар. Уйда ойлаб қозон осилмас, кўпинча оила таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди. Гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни камситмас, ёқса ер, ёқмаса емас эдилар. Ёқтирмаганларини бошқаларга ёмонламасдилар.

Ойша розияллоҳу анҳо онамиз билан истиқомат қилган ҳужралари бир хонали бўлиб, гуваладан тикланганди. Ҳужранинг торлигидан Расулуллоҳ алайҳиссалом намоз ўқиганларида Ойша розияллоҳу анҳо онамиз ухлай олмас эдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом сажда қилганларида Ойша розияллоҳу анҳо онамиз оёқларини йиғиштириб олардилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, витр ўқишдан олдин ухлайсизми?” дедим.

У зот: “Кўзим ухлайди. Қалбим ухламайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Истанбул шаҳрида яқин кунларда Туркиянинг энг йирик масжиди бўлиши кутилаётган “Чамлижа” жоме масжиди фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда aa.tr.com нашри хабар берди.

Қурилиши олти йил аввал бошланган мазкур масжидда бир пайтнинг ўзида 60 000 киши намоз ўқиши мумкинлиги қайд этилган.

Масжидда музей, санъат галереяси, кутубхона, анжуманлар зали, санъат устахонаси ва автомобиллар тўхташ жойи ҳам бўлади.

Усмонийлар-салжуқийлар меъморчилиги анъаналарига мувофиқ барпо этилган “Чамлижа” масжидида ҳар бири 107 метрлик тўртта ва 90 метрлик иккита минора барпо этилган.

Баландлиги 72 метр бўлган масжид гумбази эса Истанбулда яшовчи 72 миллатнинг рамзидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 22 Февраль 2019 00:00

Тана қариса ҳам, вафо қаримайди!

Мардлик – сени ўзига қалқон деб билиб ортингда турган, сенга сирларини айтиб, ишонган аёлни хўрламаслигингдир.

*****

Бирор кишини алдаган бўлсанг, уни аҳмоқ деб ўйлама. У шунчаки сенга ишонган эди.

*****

Кимгадир сенинг пулинг, обрўйинг, мансабинг керак. Кимгадир ўзинг кераксан.

*****

Муҳаббатнинг ростлигини таъкидловчи нарса – феъллардир. Аммо (“севаман, яхши кўраман” каби) гапларга келсак, ҳамма ҳам гапира олади.

*****

Дўст оғриқни бўлишолмайди. Яхши кўрганинг изтиробнинг ярмини кўтаролмайди. Бирор яқининг ўрнингга бедор бўлолмайди. Шунинг учун ўзингга кўпроқ эътибор бер. Воқеаларга ҳажмидан катта тус берма.

*****

Таналар қариса ҳам, вафо қаримайди.

*****

Бирорта инсондан бирор нарса кутма! Борлигингни байрам, ютуқ деб билмаган киши йўқлигингни аза, мотам деб билмайди.

*****

Аёлларнинг пасткаши – эрининг қалбига унинг оиласига нисбатан ёмон фикрларни солганидир.

Эркакларнинг пасткаши - аёлининг шундай фикрларига қулоқ солиб, ўз ота-онаси ва ака-укаларига нисбатан қўпол бўлиб қолганидир.

*****

Агар сенинг оиланг, чин дўстларинг, дастурхонингда таоминг ва бошинг тепасида шифтинг бўлса (яъни яшайдиган уйинг бўлса), сен тасаввур қилганингдан-да бойроқ экансан. Алҳамдулиллаҳ дегин!

*****

Опа – уйнинг зийнати, оиланинг улфати ва атири, онанинг бир бўлаги, Аллоҳ таолонинг ҳадясидир. Эй Роббим! Бизни улардан маҳрум қилма!

 

 

Фейсбукдаги “Ҳабибам журнали” номли саҳифадан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top