muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ таъало Каломи шарифида марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик, ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан афзал қилиб қўйдик”. Исро сураси 70-оят.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбапўшга осилиб, ушбу байтнинг ҳурмати гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман деб дуо қилаётган кишини эшитиб, шунда Эй Аллоҳнинг бандаси ўзингни ҳурматингдан сўрагин, албатта, мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида бу байтнинг ҳурматидан улуғ дедилар”.

Ғиёсиддин кичкина Алишер Навоийга: “Эй ўғлим, Иброҳим (а.с.) Каъбани бино қилиб, мағрурланиб қараб турганларида, ғоибдан бир яланғочники кийинтирдингми?, бир очники қорнини тўйдирдингми? бунча мағрурланасан деган овоз келибди дедилар.

Абдураҳмон Жомий айтадилар:

Каъбанинг бунёдкори Иброҳим (а.с.)дир.

 Кўнгил каъбасининг яратувчиси Аллоҳ таъолодир.

Алишер Навоий айтадилар:

Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Кўнгли ярим, дилхаста, хожатмандни ҳурсанд қилиш, агарчи Каъба вайрон  бўлган бўлса, уни обод қилгандан яхшироқ савобдир.

Бир мўминни дилини оғритиш, кўнглини қолдириш, обрўсини тўкиш, Каъбани вайрон қилгандан ҳам каттарок гуноҳдир.

Абу Саид Худрий (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таъоло унга қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув берса, Аллоҳ таъоло қиёмат куни унга Роҳиқ ул-махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин кийими йўқ мўминга кийим кийдирса, Аллоҳ таъоло унга жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийдиради дедилар”.

Аҳмад Яссавий айтадилар:

Қутиларсан Ҳақ йўлинда жон берсанг,

Ҳулла бўлар бир ғарибга тўн берсанг,

Соя бўлар бир муҳтожга нон берсанг,

Бир очни тўйдирмоқ Ҳаждир ёронлар!

Умматнинг илм денгизи деб ном олган зот Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) айтадилар: “Мусулмон оилани бир кун, бир ҳафта ёки Аллоҳ таъоло хоҳлаганича таомлантириш мен учун ҳаж кетидан ҳаж қилгандан яхшироқ”.

Алишер Навоий айтадилар:

Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

Қадри йўқ, андоқки, кўнгил каъбаси.

Оламнинг қибласи бўлган каъбанинг кўнгил каъбасичалик қадри йўқ. 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Четверг, 21 Февраль 2019 00:00

Аудиохабарлар (21-02-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Кундалик ризқини ҳаммоллик орқали топувчи бир йигит намозларида:

“Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт”,  деб дуо қилар экан.

Ҳаммолнинг мудом бир хил дуони такрорлайвериши атрофидагиларнинг эътиборини тортибди. Улардан бири сўрабди:

– Эй дўстим, нима учун сен намоз ўқиб бўлгач, "Ё Раббим, менга нима берадиган бўлсанг, хайрлисини бер. Бир бурда нон бўлса ҳам хайрлисидан насиб эт",  деб Аллоҳга илтижо қиласан. Ноннинг ҳам хайрсизи бўладими?

Ҳаммол жавоб берибди:

– Биродар, менинг бошимга тушган савдони билсайдинг, сен ҳам шундай дуо қилган бўлардинг.

Атрофидаги одамлар қизиқиб сўрабдилар:

– Бошингдан ўтган воқеани сўзлаб бер, биз ҳам эшитайлик.

Ҳаммол сўзлаб берибди:

– Бир куни оғир юк кўтариб қияликдан юқорилаётган эдим. Ҳолдан тойиб, устимдаги юкни бир муддатга ерга туширишга мажбур бўлдим. Пешонамдан оқаётган терни артар эканман, ич-ичимдан фарёд чекдим: "Эй Аллоҳ, насибам бўлган бир бурда нонни қандай қийинчилик­лар билан берасан-а! Мени жиққа терга ботирмай, ейдиган нонимни ўтирган жойимдан қўзғатмай, эҳсон қилиб қўя қолсанг бўлмайдими?!"

Бу илтижо оғзимдан чи­қар-чиқмас, бирдан қаршимда икки киши бир-бирини савалаётганини кўриб қолдим. Жим қараб тура олмай, уларни ажратишга уриндим. Шу пайт улардан бири шундай мушт туширдики, оғзи-бурним қонга бўялди. Етиб келган миршаб­лар мени ҳам жанжалкашларга қўшиб, ҳибсга олдилар.

Қамоқдалигимда миршаблар ҳар куни  нон олиб келардилар. Шифтга термулганча ётар эканман, қайғуга ботганим учун томоғимдан бу текин нон ўтмасди. Ўз-ўзимга: "Энди юк ҳам ташимаяпсан, пешонангдан тер ҳам қуйилмаяпти. Мана сенга текинга келган нон. Тўйгунингча еб ол”, дердим. Чунки озодликда манглай терим эвазига топилган кулча тутқунлиқда берилган текин нондан лаззатли эди.

Нотўғри дуо қилганимни тушуниб етдим. Ўша кундан эътиборан дуоимни ўзгартирдим. Аллоҳдан доим хайрли ризқ беришини сўрайман.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Четверг, 21 Февраль 2019 00:00

Биласизми?

Инсонда икки нарса бардавом бўлмайди:

  1. Ёшлиги.
  2. Куч-қуввати.

Инсондаги икки иш унга фойда келтиради:

  1. Гўзал хулқ.
  2. Кечиримлилик.

Икки иш инсоннинг шаънини юксалтиради:

  1. Камтарлик.
  2. Одамларнинг ҳожатини раво қилиш.

Икки иш балони даф қилади:

  1. Садақа.
  2. Силаи раҳм.

*****

Инсон вафот этиши олдидан умри давомида қалбини нималарга тўлдирган бўлса, ўша нарсалар тилига келади. Булар бирор шахснинг исми ёки қўшиқлар ёки диний иборалар бўлиши мумкин. Хуллас, ўлимдан олдин айтилган энг охирги сўз ва гап унинг умри давомида энг кўп эътибор қаратган нарсалари бўлади.

*****

Эркак киши аёллардан кўра таом пиширишга моҳир бўлади. Дунёдаги машҳур ошпазлар эркаклардир, аёллар эмас. Бу борада изланиш олиб борган мутахассисларнинг хулосасига кўра, эркаклар ўз қўллари билан пиширган таом аёллар пиширган таомдан бир неча баробар мазалироқ бўлар экан.

*****

Баъзи инсонлар ўзларидаги тушкунликни енгиш ва хурсандчиликни рўёбга чиқариш учун уйларини тозалашга киришадилар.

*****

Россиянинг Сибир ҳудудида дунёдаги кислороднинг 25 фоизи ҳосил бўлади. Чунки бу ерда АҚШ майдонидан ҳам каттароқ ҳудудда ўрмон жойлашган.

*****

Сени иккита одам тушуна олади:

  • Аҳволингни бошидан кечирган одам.
  • Сени қаттиқ яхши кўрадиган одам.

*****

Қаттиқ чарчоқ, мудроқ ва кўп эснаш танамизда бактериялар тўпланиб қолганидан далолат.

*****

Калтакесакларнинг баъзи турлари шу даражада тез чопадики, ҳатто дарё ва кўллар юзасидан сувга ғарқ бўлмай югуриб ўтиши мумкин.

*****

Коала айиғи сутканинг 22 соатини ухлаб, 2 соатини овқатланиб ўтказади.

 

 

Фейсбукдаги “Биласизми?”

саҳифаси маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top