muslim.uz

muslim.uz

  • Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.
  • Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрони неъмат қилувчилар ҳам ёввойи қобонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар.
  • Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.
  • Аллоҳ таолодан астойдил илтижо билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди.
  • Сув йўллари ирмоқлари билан бўлгани каби шариатнинг тўғри қонун-қоидалари Пайғамбар алайҳиссалом таълимотлари биландир.
  • Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир.
  • Сен залолат тўлқинига ўзингни уриб сузсанг, сени фақат кўп тоат-ибодат ва тасбеҳлар қутқаради.

Саидаброр Умаров таёрлади

 

 

Пятница, 16 Ноябрь 2018 00:00

Унутган дўстимга мактуб

Азиз дўстим бошингни оғритиб, қўл оёғингни буткул банд этган тирикчилик ғамини бир лаҳза унутгинда атрофингга назар сол. Дунё сен ўйлаганчалик тор ва машаққатли ҳамда фақатгина нафс ғамидан иборат эмас. Тангри таоло дунёни бандалари тафаккур қилмоғи учун гўзал ва турфа қилиб яратган. Бошингдаги мия ҳужайраларингни еб-ичиш, пул топиш ва жисмоний эҳтиёжлар учун сарфлаб нобуд қилмасдан, бир зум ақл чироғингни ҳам ёққин. Зеро, дунёда истеъмолчиликдан ҳам бошқа – ҳис-туйғу, руҳият ва фикрият кабилар ҳам мавжуд. Қолаверса сенинг ғалвали ва ташвишли кичкинагина “дунёнгнинг” бир бурчагида мен ҳам борман. Аслида сен, ғурбат ва машаққатлар аро излаб юрган бахт ва саодатга мен туфайли осонгина эришишинг мумкин.

Агар билсанг мендан узоқлашганинг учун қалбингда хотиржамлик, ризқингда барокат, кунларингда маъно, ҳаётингда бахт йўқ. Сен мен учунгина яралгансан. Сен мен сабаб гуноҳ ва хатоларинг кўп бўлса-да тириксан. Чунки, Меҳрибон ва Раҳмли Зот кун келиб мен томон қайтишингни ва мени ҳеч қачон тарк этмаслигингни хоҳлайди. Лекин сен мендан узоқлашиб, жуда кўп марта ранжитгансан...

Унутма ҳаётинг мен билан ўрнатган дўстлик риштангнинг даражасига қараб ўзгаради. Ўтмишга боқ. Аждодларингдан ким тарихда яхши ном қолдирган бўлса барчасининг ҳамроҳи мен бўлганман. Ким надоматда бўлса мендан узоқлашгани сабаб шундай бўлган. Сени ҳамма тарк этиб, ташлаб кетганда мен сен биланман. Фақат мени сўндириб қўйма.

Сўнги сўзим – дўстим сен муҳаббат қўйган бу дунё бир лаҳзаликдир. Мен эса сен билан ҳатто қоронғу қабрда ҳам бирга бўламан, қачонки ўзинг мени тарк этмасанг. Кўзингни оч, тафаккур қил ахир Аллоҳ таоло ҳам ўз каломида “...тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик.” (Нахл, 44) дея марҳамат қилган. Тафаккур қил, ақлингни ишга сол шундагина мен сен учун нақадар содиқ эканлигимни ҳис этасан.

Аллоҳнинг сенга инъом этган энг катта неъмати, сен унутган дўстинг ИЙМОН!

Саидаброр УМАРОВ оққа кўчирди

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамай, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳ Аллоҳ таолодан қўрқиб, гоҳида эса умматлари учун раҳмат ва шавқатдан йиғлардилар. Баъзи ҳоллар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўз ёшлари оқишига сабаб бўларди. 

Ё Аллоҳ! Умматим, умматим

Абдуллоҳ ибн Масҳуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръондан қироат қил!”, дедилар. “Сизга нозил бўла туриб, мен ўқийми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар. “Нисо сурасидан тиловат қила бошладим ва Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?! оятига етганимда у зотга қарасам, йиғлаётган эканлар!” (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир» ва «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан» оятларини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтариб: “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, деб йиғладилар!”

Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдига келиб, Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қиламиз”, деб айт, деди”. 

Биродарларимни соғиндим

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар. 

Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади

Анас ибн Молик розияллоҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Сайфнинг олдига бордик у Иброҳим алайҳиссаломнинг энагаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олдилар ва уни ўпиб, ҳидладилар. Сўнг биз унинг олдига кирдик. Иброҳим жон бераётган эди. Расулуллоҳ йиғлай бошладилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф: “Ё Расулуллоҳ, йиғлаяпсизми?!”, деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу раҳматдир эй ибн Авф”, дедилар ва яна: “Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади лекин биз фақатгина Роббимиз рози бўладиган гапларни айтамиз! Биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз, эй Иброҳим!”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 

Бадавий билан сухбат

Ё Аллоҳнинг расули, мен ҳам ҳисоб­китоб қилинаманми?! деб сўради саҳройи киши.

– Ҳа, агар хоҳласа, ҳисоб­китоб қилади.

– Ўзининг иззати ва улуғлигига қасам, агар мендан ҳисоб сўраса, мен ҳам сўрайман, – деди у.

– Раббингдан нимани сўрайсан? – дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом).

– Агар Раббим менинг гуноҳимдан сўраса, мен Унинг мағфиратини сўрайман. Агар осийлигимдан сўраса, мен Унинг афвини сўрайман. Агар менинг бахиллигимдан сўраса, мен Унинг саховатини сўрайман! – деди саҳройи киши.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди.

Шунда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди:

 – Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Йиғини тўхтатинг! Аршга муаккил фаришталар тасбеҳ айтиб чалғиб кетишмоқда. Саҳройи кишига айтинг: У сизнинг жаннатдаги рафиқингиз бўлгай!

Жаҳолат гуноҳлари кечирилгандир

Вазийн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Бир одам Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва сўзлай бошлади: "Ё Расулуллоҳ! Биз жаҳолат аҳли эдик. Бутларга сиғинар эдик. Қизларимизни тириклай кўмар эдик. Менинг бир қизим бор эди. Гапга тушуниб, чақирса, жавоб берадиган бўлиб қолган эди.

Бир куни ёнимга чақириб, орқамдан эргаштирдим. Оилам ва аҳлимдан узоқ бўлмаган бир қудуқ ёнига бошлаб бордим. Кейин севимли қизимнинг қўлидан тортиб, қудуқ ичига отиб юбордим. Унинг сўнгги сўзлари "Отажон, отажоним!" деб қолиши бўлди".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар. Узоқ йиғладилар. Атрофларида ўтирганлардан бири ҳалиги одамга: "Сен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ғамгин қилдинг!" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Унга тегманглар! У ўзи учун муҳим бир нарса ҳақида сўрамоқчи", - дедилар. Кейин бояги одамга қараб: - "Воқеани қайтадан айтиб бер!" дедилар. У одам яна бир бор сўзлаб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна йиғлай бошладилар. ҳатто кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди. Кейин бундай дедилар: "Аллоҳ таоло жоҳилият замонида қилинган барча гуноҳларни кечирди. Сен амалингни бошқатдан бошла!" (Имом Доримий).

Сизни қутқара олмайман

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро сураси, 214- оят) нозил бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Сўнгра қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қараб: "Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Нафсингни жаҳаннам оловидан қутқар! Аллоҳ ҳузуридаги ҳеч бир азобдан сизларни қутқара олмайман. Фақат сизларга яқинлигим бор, тез орада бу яқинликдан сўраламан!" дедилар. 

Ҳозирлик кўринг

Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазилаётган қабр ёнидан ўтдилар. У зот алайҳиссалом йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари томчилаб тупроқни ҳўл қилмоқда эди. Сўнгра бизга қараб: "Эй биродарларим! Шундай бир кун учун ҳозирлик кўринг!" дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Жорий йилнинг 7-14 ноябрь кунлари Гулистон шаҳридаги «Гулистон» жоме масжидида 2018-2019 йилларда Сирдарё вилоятидан муборак Умра зиёратига бориши режалаштирилган юртдошларимиз учун ўқув-амалий машғулотлари бўлиб ўтди.

Машғулотларда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров томонидан Умранинг мазмун-моҳияти, шартлари ҳамда адо қилиш тартиб ва одоблари тўғрисида зарур маълумотлар берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган «Умра зиёрати» номли видео намойиш этилиб, тушунтириш ва изоҳлар берилди.

Ҳар қандай сафарга тайёргарлик билан чиқилгани каби, умрани адо қилиш учун ҳам жисмонан, ҳам маънан алоҳида ҳозирлик кўриш кераклиги, ниятнинг тўғри бўлиши, умра амалларини тўлиқ бажариш, зиёратга борганда фурсатни ғанимат билиб кўпроқ савобли ишларни қилиш, гуруҳ раҳбарларининг кўрсатмаларига риоя қилишнинг зарурлиги таъкидланди.

Умра ибодати қурби етган кишиларга суннати муаккада, яъни таъкидланган суннат амали ҳисобланади. Қуръони каримнинг Бақара сурасида: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг” — дейилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра — икки умра оралиғида қилинган гуноҳларга каффоратдир ва пок ниятда қилинган ҳаж ажри — фақат жаннатдир!», деб айтганлар. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида "Президент мактаблари" ташкил этилиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган учрашувда маълум қилди.

«Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар - Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилди. Таклифни барча катта хурсандчилик билан қўллаб-қувватлагач, Президентимиз соҳа мутасаддиларига бу бўйича топшириқлар берди.

Келгуси йили Қорақапоғистонда 2 минг 400 ўринли 7 та мактаб қурилиши, мактабгача таълим ва соғликни сақлаш тизимларидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши аъзолари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Видеоселектор орқали уни шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб бормоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top