muslim.uz

muslim.uz

Буюк мутафаккир Алишер Навоий бир ҳарф бир ҳарф ўқитган зот ҳақини юз ганж ила адо этиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фидойи устозлар доимий эътиборда.

Ҳар йили 1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинаётгани ҳам уларга кўрсатилаётган юксак ҳурмати –эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Мамлакатимизда таълим ва тарбия тизимини давр талаблари асосоида такомиллаштириш, соҳага доир ислоҳатларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун жорий йилнинг 4-октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги томонидан Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари тақдирланди. Ушбу тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири А.Аяпов, вазир ўринбосари, билим юрти мудири ва ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирни билим юрти мудири Ш.Бауатдинов кириш сўз билан очди ва ўқитувчиларни касб байрамлари билан табриклаб, юртимизда диний таълим тизимининг ривожланиши
Президентимиз ташаббуси билан Ота-боболаримиздан бизгача етиб келган муқаддас ислом динини ўрганишда, халқимизга соф ислом динининг мазмун-моҳиятини тўғри етказиш мақсадида Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги каби Ҳадис, Тасаввуф, Фиқҳ ва Ақоид илмларини ўрганадиган мактаблар ташкил қилинганлиги, бугунги кунда юртимизда диний билимларни ривожлантириш учун навбатма-навбат ўрта махсус ислом билим юртлари, Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент Ислом институтини тугатиб, Ўзбекистон Ислом академиясида таҳсил олишни давом эттириш ҳам йўлга қўйилганлиги энг муҳими буларнинг барчаси юртимизда барча соҳалар қатори диний таълим соҳасига давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ва имкониятлар замири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Сўнгра сўзни халқ таълими вазири А.Аяповга берди. У ўз сўзида бугунги кунда Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар ҳақида гапириб ўтди ва байрам муносабати билан кўп йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган билим юрти мудири Бауатдинов Шамсуддин Салиевич ва бир қатор ўқитувчиларга "Қарақалпақстан Республикасы халық билимлендириў ағласы" кўкрак нишонлари тантанали равишда топширди.
Албатта, бу эътибор билим юртидаги барча ўқитувчиларнинг самарали меҳнатларининг меваси эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу мукофат билим юрти ўқитувчиларини келгусида янада ўз устида ишлаб, ёшларимизни Ватанга садоқат ва меҳир-оқибатли қилиб тарбиялашга замин яратади.

Саламат Кудайбергенов
Билим юрти ўқитувчиси

Пятница, 05 Октябрь 2018 00:00

Беморликка бериладиган ажрлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини (гуноҳларини) кафорат қилади», дедилар».

Демак, мусулмон киши катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келди. Бас, у киши:

«Сизларни нима кулдирмоқда?» дедилар.

«Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб,  йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди», дедилар.

«Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман»,  дедилар Оиша онамиз.

Эътибор берайлик, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундай ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло катта марҳамат кўрсатар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай киши ҳақида: “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир  хатоси ўчирилур”, демоқдалар.

Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур”, дедилар”.

Ана ўшандек синовларнинг бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таолодан ўзига нисбатан синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрамоғи керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло берадиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирор кишини кўрмадим”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди. Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим. Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

“Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан? ” дедилар.

“Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!” деди у.

“Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказур”, дедилар у зот”.

Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.

Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умму Соиб онани кўргани борганлари шунга далолат қилади.

Иккинчидан мўмин-мусулмон одам ўзига  етган беморликни сўкмаслиги кераклиги.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга: “Хурсанд бўл! Аллоҳ бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман, деюр”, дедилар.

Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

Албатта, Аллоҳ таоло, қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман, деюр”, деганларини эшитдим”.

Бу ҳадиси шарифдаги “икки суюклиси” дан мурод икки кўзидир.

Албатта, икки кўзидан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар”.

Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.

гуноҳларнинг ювилиши;

даражаларнинг кўтарилиши;

хатоларнинг ўчирилиши;

Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилиши;

дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши;

дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши;

тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;

Оғир дардга сабр қилган банданинг жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталик тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мутлақо мумкин эмас.

 

Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон манбалар асосида тайёрлади.

 

 

 

Al Hilal исломий банки Қозоғистондаги илк Исломий ипотекани йўлга қўйди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлар идораси маълум қилди.

Исломий молиялаштириш тамойилларига таянган мазкур хизматдан ҳозирча Алмати, Остона ва Чимкент аҳолиси турар жой сотиб олиш ёки бошқа банкдаги мавжуд ипотекани қайта молиялаштириш мақсадида фойдаланиши мумкин. Azon интернет нашрининг маълум қилишича, мазкур хизмат диний эътиқодидан қатъи назар, барча учун мўлжалланган.

Al Hilal бошқарув кенгаши раиси ўринбосари Елтай Муҳаммаджонов мазкур хизматнинг йўлга қўйилиши Қозоғистонда исломий банкингни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини таъкидлаган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида “АҚШ ва Ислом олами ўртасидаги цивилизацион ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжуман ўз ишини бошлади. Ислом олами уюшмаси ташаббуси билан икки кун давомида ўтказиладиган анжуман ишида Ислом ва цивилизацияда икки томонлама катта аҳамиятга эга бўлган муаммолар  муҳокама қилинади.

Миср Араб Республикаси муфтийси маслаҳатчиси Доктор Иброҳим Нажмнинг айтишича, Миср муфтийси Доктор Шавқий Иброҳим Аллом анжуманда нутқ сўзлайди, анжуман иштирокчилари Ислом ва араб олами билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашиш, исломофобияга барҳам беришда ҳамкорлик қилиш ҳамда бир қатор диний ва маданий масалаларга доир мавзуларда ўзаро фикрлар алмашадилар.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими   И.Аҳмедов тайёрлади.

Жисмонан соғлом бўлиш учун банданинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланмоғи  савобли амаллардандир. Яъни бир мусулмоннинг спорт билан шуғулланишдан нияти соғлом, бақувват ва кучли бўлиб Аллоҳ ва Расулининг розилигига эришиш бўлса, бу банда яхши амал қилувчилар қаторида бўлади. Соғлом инсон ўзгаларга юк бўлиб, умрини дарди ҳол билан ўтказмайди.

Ислом одамларни фақат руҳий тарбияга эмас, балки жисмоний тарбияга ҳам даъват этади. Мусулмоннинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиши дини ва дунёси учун манфаатлидир. Бу борада  ислом дини спорт ва жисмоний тарбия тарғиботчиси, десак муболаға бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» (Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан ривоят қилинади: «Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар» (Абу Довуд ривоят қилган). 

Уламолар мазкур ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қилишган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: «Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди. «Совринга нима қўясан?» дедилар. «Қўйларимдан бирини», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: «Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим тўлишганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).                                                  

Таъкидлаш жоизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш бўйича мусобақа ўтказган эканлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишга тарғиботдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бундай амаллардан бехабарлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида «ҳироб» яъни найза билан чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий-спорт ўйинини ўйнашаётган эди. Умар розияллоҳу анҳу кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Умар, тегма уларга!» дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу хадисдан шундай хулоса чиқадики Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларда жисмонан соғлом бўлиш учун рағбат уйғотиш мақсадида хатто масжидда ҳам рухсат берганлар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: «Отинглар, эй Бани Исмоиллар! Оталарингиз мерган эди, отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда рақиб тараф ўтишни тўхтатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди, нега отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб отамиз?» дейишди. Шунда у зот: «Отинглар, мен ҳамманглар биланман!» дедилар» (Бухорий ва Аҳмад ривояти).                                                                                                             

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларга қарата: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни – таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган.                                   

Спорт билан одамларга мақтаниш мақсадида шуғулланиш фақат зарар келтиради, холос. Ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида турли зарарли кимёвий моддаларни истеъмол қилиб,  спортдан кўр-кўрона фойдаланиш ҳам гуноҳ (кибр), ҳам ўзига зулмдир.  

Саидаброр УМАРОВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Top