muslim.uz

muslim.uz

Савол: Киши намозда акса уриб, “Алҳам­ду­лиллаҳ” деса, намо­зи­ бузи­ладими? Акса уриб, ҳамд айт­ганга намоздаги одам жавоб бер­са-чи?

Жавоб: Намозда акса уриб, ичида ҳамд айт­ган ки­шининг намози бузилмайди. Аммо сукут сақлагани ях­шидир (“Хулоса”). Агар бу киши имомга эргашган бўл­са, у ичида ҳам, ташида ҳам ҳамд айтмайди (“Темир­то­ший”). Бундай киши намозини битиргач, ҳамд ай­тади.

Акса урганга намозда туриб жавоб бериш би­лан эса намоз бузилади (“Муҳит”).

"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати

2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Қабристонда намоз ўқиш гуноҳ деб эшитдим. Ҳайитда айрим кишилар масжид ёнидаги қабристон ичида туриб, имомга эргашишади. Уларнинг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Қабристонда, йўл ўртасида, туянинг ёто­ғида, ахлат-чиқинди ташланган жойларда, кушхоналарда (қассобхона), ҳожатхона ва таҳо­ратхоналарда, Каъбанинг устида, ҳаммомда (юви­ниш жойларида), ўтиш жойлари ва йўл ус­тида намоз ўқиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Фа­то­войи Қозихон”).

Қабрларни босиб ўтиш одобдан эмас.

Иложи борича ибодатларимизни камчиликсиз, тў­лиқ адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим.

"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?

Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойи­нинг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутиш­ни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): «Ал­лоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алай­ҳис­са­лом)­нинг рўзасидир. Довуд (алай­ҳис­са­лом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эди­лар», деган­лар (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам мак­руҳдир.

"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати

Туясини миниб чўлда кетаётган бадавий ҳар сафар дам олиш учун туясини чўкаллатганда Аллоҳ таолога ўзи ва ўлкаси учун ҳеч бир нарсанинг тескари келмаслигини сўраб дуо қилар эди. Бир вақт қаршисидан ўзига қараб тўғри келаётган бир кишини кўриб қолди. Яхши ниятли инсон бўлгани туфайли учратган одамидан бирор ёмонликни гумон қилмади. Сувсизликдан лаблари қуриган одам бадавийдан сув сўради. Бадавий туясининг устидаги озгина суви қолган бидонни олиб унга узатди. Сувни сўнгги томчиси қолгунича симириб ичган одам бадавийни итариб ташлаб туяни етаклаб қочишга тушди.

Бадавий унинг орқасидан хотиржам овозда:

­­– Майли, туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос, бу туяни мендан олиб қочганингни асло бировга айта кўрма, ­– деди.

Бу гапни эшитган одам ҳайрон бўлиб тўхтади ва ундан бунинг сабабини сўради. Ниҳоятда яхши тилакли бўлган бадавий унинг саволига:

– Агар бу воқеани бирор кишига гапириб берсанг, у хабар тезда атроф-оламга ёйилиб кетади. Натижада инсонлар чўлда қолган муҳтожларга асло ёрдам бермай қўядилар... – дея жавоб берди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top