Мақолалар

Туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос...

Туясини миниб чўлда кетаётган бадавий ҳар сафар дам олиш учун туясини чўкаллатганда Аллоҳ таолога ўзи ва ўлкаси учун ҳеч бир нарсанинг тескари келмаслигини сўраб дуо қилар эди. Бир вақт қаршисидан ўзига қараб тўғри келаётган бир кишини кўриб қолди. Яхши ниятли инсон бўлгани туфайли учратган одамидан бирор ёмонликни гумон қилмади. Сувсизликдан лаблари қуриган одам бадавийдан сув сўради. Бадавий туясининг устидаги озгина суви қолган бидонни олиб унга узатди. Сувни сўнгги томчиси қолгунича симириб ичган одам бадавийни итариб ташлаб туяни етаклаб қочишга тушди.

Бадавий унинг орқасидан хотиржам овозда:

­­– Майли, туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос, бу туяни мендан олиб қочганингни асло бировга айта кўрма, ­– деди.

Бу гапни эшитган одам ҳайрон бўлиб тўхтади ва ундан бунинг сабабини сўради. Ниҳоятда яхши тилакли бўлган бадавий унинг саволига:

– Агар бу воқеани бирор кишига гапириб берсанг, у хабар тезда атроф-оламга ёйилиб кетади. Натижада инсонлар чўлда қолган муҳтожларга асло ёрдам бермай қўядилар... – дея жавоб берди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

4151 марта ўқилди

Мақолалар

Top