muslim.uz
Интернет оламига ғарқ бўлаётган ёшлар
Муфтий ҳазрат билан самимий суҳбатлар давом этмоқда
Наманган вилоятига ташрифлари давом этаётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчилигидаги гуруҳ жойларда аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш ишларини жадал олиб боришмоқда.
Бугун мутасаддилар Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлигида Учқўрғон туманига ташриф буюриб, “Соҳил” номли масканда хорижга меҳнат сафарига кетган фуқароларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан асосий мақсад қилиб қўйилаётганини алоҳида таъкидладилар. Бугунги доно сиёсат узра уни кенг тарғиб этиш, динимиз ва ватанимизни ҳимоя қилишда барча иштирокчи бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини таъкидладилар. Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар. Шунингдек, мана шундай шарт-шароитлардан кейин ҳам адашиш, нотўғри йўлга қадам қўйиш ўта ношукрлик эканини изоҳладилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этиб ўтди. Ҳозирги кунда ёвуз кучларга алданиб, ўзга юртларда юрган юртдошларимиз чин дилдан қилмишларига пушаймон бўлиб, юртга қайтсалар муҳтарам Президентимиз, албатта, уларни кечиришларини айтиб берди.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари ва Яратганнинг буйруқларига итоат этиб, мана шундай неъматларга муносиб шукроналик келтиришлари лозимлигини айтиб ўтди. Миллий, диний ва ирқий низолар сабаб дунё саҳнасида бўлаётган нотинчликлардан мисоллар келтириб, бу ҳолатлардан ўзимизга хулоса чиқариб, мусаффо Ислом динимизни асраб авайлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Ҳақиқатда инсон хатодан холи эмаслиги, хатосини англаб тўғри йўлга қайтган фуқароларимизга нисбатан ҳукуматимиз кечиримли бўлаётгани энг олийжаноб иш сифатида баҳоланди.
Давра суҳбатида Фозилов Ҳолмуҳаммад, Турсунов Иброҳим, Солибаева Адиба, Хожимирзаева Муқаддас, Умрзақова Ҳанифа, Жалилов Ғиёсиддин, Юнусов Сиддиқжон, Қодирова Дилдорахон сўзга чиқиб, кўрсатилаётган бундай эътибор учун муҳтарам Президентимизга чин юракдан ташаккур билдириб, у кишининг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ кунларда ҳаёт кечираётганларини билдирдилар.
Улар бугунги учрашувдан хулоса чиқариб, ўзга юртларда мусофир бўлиб юрган яқинларини, албатта, жонажон ватанимизга қайтаришга ваъда қилиб, келажакда юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилишларга тайёр эканларини маълум қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло Ўзидан нимани сўрашни тақиқлаган?
Ривоят қиладиларки, кунларнинг бирида Иблис Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурига келиб, унга:
– Эй Мусо (алайҳиссалом)! Аллоҳ таоло сени пайғамбар ва каломуллоҳ қилиб танлади. Мени ҳам У яратди. Аммо мен гуноҳ қилдим ва осий бўлдим. Энди эса Раббимга тавба қилмоқчиман. Дуо қил, менинг тавбамни қабул этиб гуноҳимни кечирсин, – деди.
Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим! Иблиснинг тавбасини қабул эт! – деди.
Аллоҳ таоло:
– Одамнинг қабрига бориб сажда қилсин, тавбасини қабул қиламан, – деди.
Аммо Иблис сажда қилишдан бош тортиб:
– Одам тирик вақтида унга сажда қилмаган эдим, энди ўлигига сажда қиламанми? – деди.
Ривоятларда айтиладики, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:
– Эй Мусо! Менинг марҳаматим сенга яқин бўлишини истайсанми? Агар истасанг сенга тилингдаги сўзингдан ва кўзинг оқидаги қорачиғингдан ҳам яқин бўламан, – деди.
Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим! Албатта истайман, – деб жавоб берди.
Аллоҳ таоло:
– У ҳолда Муҳаммад мустафога кўп салавот айтишни одат қил, – деди.
Яна Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббий! Сен менга яқин вақтингда жимгина ибодат қилавераман. Агар мендан узоқлашсанг баланд овозда Сени чорлашга мажбур бўламан, – деди.
Унга жавобан Аллоҳ таоло:
– Ким Менга яқинлашишни истаса, Мен унинг яқинидаман. Ким Мени севса, Мен ҳам уни севаман. Агар бандам Мени изласа, Мен уни албатта топаман, – деди.
“Рисолайи Қушайрий”да келтирилишича, Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим! Сен одамни ўз қудратинг билан яратдинг ва унга турли мўъжизалар ато қилдинг. Унинг мамнунлиги нимада ифодасини топди? – деб сўради.
Аллоҳ таоло:
– У Мендан нимани ўрганган бўлса, ўшандан, – деб жавоб берди.
Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим! Менга ҳам Сени рози қилиб ажру мукофотга етказадиган амалларни ўргат, – дея илтижо қилди.
Аллоҳ таоло:
– Эй Мусо! Менинг розилигим бу – айни вақтда сенинг ҳам розилигингдир. Агар сен Менинг амрларимга рози бўлсанг, Мен ҳам сендан рози бўламан.
Аллоҳ таоло яна айтдики:
– Эй Мусо! Қачон дарвешларни учратсанг, уларни ўқитиб, илм ўргат. Бойларни ўқитаман деб бекорга вақтингни сарфлама, уларни ўқитиш билан камбағалларни ўқитмаслик – илмни чуқур қазиб кўмиш билан баробардир,– деди.
Парвардигор яна хитоб қилиб:
– Эй Мусо! Қиёмат кунидаги тарози палласида эзгу ишларинг оғир келишини истайсанми? – деб сўради.
Мусо алайҳиссалом:
– Албатта, истайман, – дея жавоб берди.
– У ҳолда беморларнинг ҳолидан хабар ол, уларга меҳрибонлик кўрсат. Дарвешларга бит ва кир-чирдан покланишга ёрдам бер, – деди.
Шундан сўнг Мусо алайҳиссалом беморларнинг ҳолидан хабар олишни, уларга меҳрибончиликлар кўрсатишни ҳамда юртма-юрт кезиб юрувчи дарвешларнинг кийимларини тозалашга ёрдам беришни одат қилди.
Малик ибн Динор айтади: “Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: “Эй Мусо! Оёғингга темирдан пойафзал яса, қўлингга асонгни ол-да, пойафзалинг адо бўлгунга қадар ер юзида сайр қил, Мен қўйган белги-ишоратларни кузат, Менинг билимларимни ўрганиб илмингни зиёда қил”, деди”.
Масойиб ўз асаридаги шарҳларида қуйидагиларни ҳикоя қилади.
Мусо алайҳиссалом кунларнинг бирида Аллоҳ таолодан:
– Ё Раббим! Арш ва Курсининг орасидаги масофа қанча? – деб сўради.
Аллоҳ таоло:
– Шарқу Ғарб орасидаги масофадан ўн минг баробар катта, – деб жавоб берди. Мусо алайҳиссалом:
– Ё Раббим! Сен менга Тавротни инъом этдинг, мен билан суҳбатлашдинг. Аммо мен тўртта нарсадан қўрқаман ва битта нарсадан умид қиламан, – деди.
Аллоҳ таоло:
– Нима экан улар? – деб сўради.
– Ё Раббим! Мен қашшоқликдан, ўлим олди талвасасидан, Қиймат даҳшатидан ва қабр азобидан қўрқаман. Аммо Сен менга ато қилган пок муҳаббатдан умид қиламан, – деди.
Шундан кейин Аллоҳ таоло бундай деди:
– Эй Мусо! Агар қашшоқликдан қўрқсанг, тонгда ибодат қил ва зухо намозини ўқи! Қашшоқликдан қутуласан. Ўлим олдидан бўладиган талвасадан қўрқсанг, шом намозидан кейин нафл намози ўқи. Ўзингни қабр азобидан халос қилишни истасанг, таҳажжуд намозига эътиборли бўл. Агар ражаб ойида рўза тутсанг, Қиёмат даҳшати ваҳимасидан эмин бўласан.
Эй Мусо! Агар сен учта нарсадан воз кеча олсанг, уларнинг ўрнига бошқа учта нарса бераман:
- Агар тилингни ёлғон ва ғийбатдан сақласанг, жаннатни бераман.
- Агар нодон улфатлардан йироқлашсанг, сени хайрли йўлдошларга яқин қилиб қўяман.
- Агар халқумингни тақиқланган ва шубҳали нарсалардан пок тутсанг, донишмандликни ато қиламан.
Эй Мусо! Мендан тўртта нарсани сўрама, Мен уларни ҳеч кимга бермаганман, сенга ҳам бермайман:
- Ўзингга ҳеч қачон керак бўлмайдиган бойликни Мендан сўрама, Кўриб турибсанки, бутун яралмишнинг Менга эҳтиёжи бор.
- Мендан ғайб илмини сўрама. Бу илмни Мендан бошқа ҳеч ким била олмайди. Фақат Менинг Ўзим хабар қилганларимни билишинг кифоя.
- Мендан ўзинг ҳақида одамлар тарқатган турли миш-мишларни тўхтатишни сўрама. Мен уларни яратувчи ва ризқлантирувчиман. Мен уларни тирилтираман ва ўлдираман. Мен уларни жаннатга ёки дўзахга тушираман. Шунга қарамасдан, улар Мен ҳақимда ҳақиқатни гапирмайдилар. Шу қилиқларига сабр қиламан, уларнинг тилини кесиб олганим йўқ. Сен учун ҳам бу ишни қилмайман.
- Мендан бу дунёда абадий қолишни сўрама. Боқий қолувчи фақат Менман. Барча яралганлар ўткинчидир.
“Анварул ошиқийн”дан олинди
Таржимон Робия ЖЎРАҚУЛОВА
"Тошкент сити" марказидаги қабрлар. Уларнинг тақдири нима бўлди?
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими Баҳодир Ғойибназаров ушбу тарихий объектлар тўғрисида ўз фикрини ЎзА мухбирига билдирди.
Ҳокимнинг айтишича: “Тарихий объектлар бузилмайди, мисол учун энг замонавий лойиҳалардан бўлган “Тошкент сити”нинг қоқ марказида халқ орасида “Эшонзодалар сағанаси” номи билан машҳур бўлган қабрлар бор. Ана шу жой ҳам сақланиб қолинади. Тошкент йирик мегаполисга айланиб бораётган бўлса-да, шаҳарнинг тарихий намуналарини, барибир сақланиб қолаверади”. Туман ҳокими кунлик изчил иш режасидан чекиниб, мухбирларни сағана бошига етаклаган.
Шиша ойнали замонавий кўркам бинолар қаторида икки ғиштин сағана Тошкентнинг кечаги кунини, буюк аждодларини эслатиб туради.
Маълумотларга кўра, сағаналарнинг бири Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший қабри ҳисобланади. У халқ орасида “Қора салла Эшон” тахаллуси билан машҳур бўлган. Ҳозирда “Тошкент сити” яқинидаги маҳалла ва кўча номи ҳам айнан унинг номи билан “Қоратош” деб аталади.
Қоратоший ҳақида қисқача маълумот
Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший 1788-1889 йилларда яшаган. Халқ орасида “Аҳмад Маъдум” номи билан машҳур бўлган. “Аҳмад Маъдум” томонидан Жиззах, Зомин шаҳри, Ўратепа шаҳар (Тожикистон Республикаси) ва Шайхонтоҳур туманида жами 4 та масжид қурилган. Ушбу шахс исломий рисолалар ва шеърлар ёзган. “Аҳмад Шоший – Қоратоший”, деб имзо чеккан. У Баҳоуддин Нақшбанд тариқати давомчиси бўлиб, ўнлаб шогирдлар етказган. Улардан бири Обидхон Маҳдум саналади.
“Эшонзодалар сағанаси”да 60 га яқин шахс дафн қилинган. Ушбу ҳудуд 33 сотихга яқин бўлиб, унда “Сугул” масжиди ва ҳаммом бўлган. Афсуски, масжид ва ҳаммом 1986 йилда бузиб ташланган. Кейинчалик Тошкент шаҳри ҳокимининг 2007 йил 2 августдаги қарорига кўра “Сугул” масжиди ва Эшонзодалар 4 та сағанаси номи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясига ўтказилган. “Эшонзодалар сағанасини” “Олмазор” кўчаси бузилишидан олдин мутасаддилар сақлаб қолиш, маданий ёдгорлик сифатида атрофи ўраб, тартибга келтириш режасини ишлаб чиқишган. Ҳозирда, сағаналарга зарар етмаслиги учун бу жой темир тўсиқлар билан ўралиб, атрофида “Тошкент сити”нинг қурилиши давом этмоқда.
Пойтахтнинг йирик мегаполисга айлантирилиши замон талаби, бироқ кечаги кунимизни ҳам ёддан чиқармаслик ва ўтган аждодларга ҳурматни сақлаб қолишимиз керак. Бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиз нафақат уларга янги техно-мегаполислар қуриб бериш балки буюк авлиё ва уламолар ёдгорлигини гард юқтирмай етказиб беришдан ҳам иборатдир.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қозонда Шариатга мувофиқ бизнес юритиш мактаби очилди
Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида Халқаро Ислом бизнеси, иқтисодиёти ва ҳуқуқи мактаби очилди. Бу ҳақда "golosislama.ru" нашри хабар берди.
Ислом бизнеси мактабида таҳсил олган 150 нафар талаба Шариатга мувофиқ иш юритиш кўникмаларини эгаллаганлиги тўғрисида КФУ (Татаристон), BIBF (Баҳрайн) ва DIEDC (Дубай) ўқув муассасаларининг сертификатларини қўлга киритишлари маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати