www.muslimuz

www.muslimuz

Ушбу мақолада “Ҳаж — 2019” мавсумида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича Малайзия, Индонезия, Туркия сингари ҳаж ибодатини юқори даражада ташкил этадиган биринчи бешталик давлатлар қаторидан жой олгани, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги томонидан Ўзбекистон илк бора ушбу рўйхатга киритилгани ҳақидаги хушхабар билан бошланади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати хабар берди.

Бундай юксак эътироф замирида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний-маърифий соҳада олиб борилётган эзгу ташаббуслар ётгани алоҳида таъкидланади. Ҳамда мазкур сафар бевосита Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ўзаро келишув асосида, тизимли ва тартибли равишда ташкил этилаётгани ҳам муваффақият ва ютуқларнинг асосий гарови бўлаётгани келтирилади.

Мақолада бу йил “Ҳаж-2019” мавсумида зиёратчилар учун хизматлар сифати оширилиб, нархлар арзонлаштирилгани, бу ўз навбатида, Ўзбекистонда халқни рози қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатнинг самараси экани айтилади.
Шунингдек, мақолада ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш масалалари йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани, айниқса, ҳаж сафарига отланганлар Ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини улуғ ибодатга ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, хайрли ташаббуслар билан чиқишаётгани, ўз ихтиёрлари билан ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдам кўрсатаётганлари зикр қилинади.

Мақолада ўзбекистонлик ҳожилар давлат кўмагини ҳар қадамда ҳис этаётгани, ҳаж амалларини тўлиқ бажаришлари учун зарур барча шарт-шароит муҳайё қилингани, уларга ўзбекистонлик 35 нафар кишидан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз яқиндан кўмак беришаётганидан жуда мамнун эканликлари алоҳида қайд этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Среда, 14 Август 2019 00:00

Ғулув - зарардир!

Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).

Динда ғулувга кетишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа кеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни халифаликни Али розияллоҳу анҳудан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам юқори қўяди. Улар мана шу даражада ғулувга кетиб Аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.

Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Шундай қилиб, равофиз ва хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

 

Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳнинг зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, хавориж ва мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар.

Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103).

Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади. Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.

Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.  

Баъзи инсонлар қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинг шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.

Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан, таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади.

Мағрурланиш, ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир.

 

Бобур РАХМОНОВ,

Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жоме масжиди имом-ноиби

Среда, 14 Август 2019 00:00

Бахт калитлари

Эр эрта тонгда уйқудан турди. Нонуштани қилиб бўлгач, кийимларини кийиб, ишга жўнашга чоғланди. Офиснинг калитини олиш учун ўзининг китоблари турадиган хонасига кирди. Қараса, столнинг ва компютер турадиган хоннинг усти қалин чанг билан қопланган экан. Оҳисталик билан у ердан чиқди ва хотинига: “Аёлим, севгилим, хонамга кириб, стол устидан калитларимни олиб чиқиб бер” деди. Аёл калитларни олиш учун ҳалиги хонага кирди. Калитларни олиб, энди чиқмоқчи эди, хон устидаги чангнинг ўртасига бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. Ортга қайрилиб, хонадан чиқмоқчи эди, компютер турадиган хоннинг устидаги чангнинг ўртасига ҳам бармоқ билан: “Хонимим, сени севаман. Эй умримнинг йўлдоши, сени жуда ҳам севаман” деб ёзиб қўйилибди. Аёл хонадан чиқиб, калитларни эрига узатар экан, юзида табассум кўринарди. Гўёки, у эрининг нима демоқчилигини тушунгандек, бундан кейин уйининг тозалигига жиддий эътибор беришга қасд қилгандек эди. Ҳа, бу ҳодиса хато қилган аёлига ёмон муомала қилмасдан, балки унинг хатосини гўзал шаклда тушунтириб, ноқулай ва кўнгилсиз вазиятни ҳурсандчиликка айлантирган ақлли эрнинг уйида содир бўлган. Мана шу ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий бахтиёр оиладир. Зеро, оилапарвар динимиз Ислом ҳам бизларни ана шундай мулойимликка, оғир вазиятларни ҳам юмшоқлик билан ҳал этишга чорлайди. Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни бахтиёр оилалардан қилсин, омин!    

 

Нозимжон Ҳошимжон

Среда, 14 Август 2019 00:00

Улуғларнинг ишлари ҳам улуғ

Ҳакиймул уммат Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг икки аёли бўлиб, катта аёллари ҳазратнинг кўп ҳизматларини қилар, шу билан у зотнинг дуоларини олишга ҳарис эдилар. Шу мақсадда Рамазон ойларидан бирида ҳазратга атаб камзул тиксам, ҳазрат уни ҳайит намозига кийиб чиқсалар, шу билан намоз ўқисалар ва менинг ҳаққимга ҳам дуо қилсалар, деган фикр қилдилар. Аммо аёл киши табиатан зебу зийнатга ўч қилиб яратилганлиги сир эмас. Мана шу табиат ҳазратнинг аёлларини ҳам четлаб ўтмаган эди. Шу сабаб дўкондан очиқ рангдаги, ёшлар боп матони танладилар. Ва буни ҳазратдан сир тутдилар, сабаби рамазон ойи ичида тикиб ҳайитга яқин кутилмаган совға қилиш эди. Бир ой давомида жуда ихлос билан бор маҳоратларини ишга солиб камзулни тикиб битирдилар. Ҳайитга бир кун қолганда фурсат топиб камзулни ҳазрат Таҳонавийга кўрсатдилар ва: “Бу камзулни кийиб намоз ўқисалар, охирида менинг ҳаққимга дуо қилсалар”, – деди. Ҳазрат Таҳонавий камзулни қўлга оларкан бу кийим у зотга мутлоқ муносиб эмаслиги бу ёшлар боп кийимлиги ва буни кийиш бачканалик эканлигини англаб етдилар. Лекин ҳазрат аёлларининг меҳнатини қадрлаб бу кийим жуда чиройли тикилганлиги, сотса яхшигина пулга кетиши, энг асосийси, иш ихлос билан қилинганлигини айтиб дуо қилдилар.

Эртаси куни камзулни кийиб намозгоҳга чиқиб ҳайит намозини адо этдилар. Намоздан сўнг одамлар бирин-кетин ҳазратни зиёрат қилишди ва ўзларига ярашмаган кийим кийганликлари учун ҳамма таажжубда эди. Шу пайт бир киши журъат қилиб: “Ҳазрат, нега бу ўзингизга ярашмаган кийимни кийиб олдингиз, ахир бу сизга ҳеч ярашмабди, сиздек улуғ инсон ўзининг улуғворлигига мос кийинса бўлмайдими?” – деди. Ҳазрат Таҳонавий унинг сўзларини жим туриб эшитдилар ва охирида: “Тўғри айтдинг, бу кийим ярашмаганлигини ўзим ҳам яхши биламан. Лекин аёлим бир ой давомида ихлос билан тикканлиги учун унинг меҳнатини, ихлосини қадрладим, энг асосийси, қалбини эҳтиёт қилдим”, – дедилар ва камзулни ечиб ўша кишига ҳадя қилдилар. Улуғ зотларнинг ишларида ўзлари каби улуғ бўларкан, бунда сиз ва биз учун ибрат бор.

Аёлларимизни эҳтиром қилайлик. Зеро, улар биз учун омонат. Гоҳида кўчадаги ишларимизни битириш учун энг разил кимсалар билан ҳам тил топишиб уларнинг аҳмоқгарчиликларига кўз юмамизу уйга келганда аёлимизнинг озгина ҳатти-ҳаракати ошиқчадек туюлади. Шунда бизнинг кўчадаги  одамларга кўрсатган илтифотимиз, ширин сўзимиз ва очиқ чеҳрамиз Аллоҳ учун эмаслиги сезилиб қолади. Унутманг! Аёлингиз билан муомала қилаётганда фарзандларингизга келажакда пишиб етиладиган шу билан бирга унутилмас сабоқ бераётган бўласиз. Шундай экан қандай дарс ўтиш ўзингизга ҳавола.

 

 

Андижон Саййид Муҳйиддин махдум ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов

Среда, 14 Август 2019 00:00

Гўзал масжидлардан бири

Малайзия пойтахти Куала Лумпурдан 20 км жанубда Путражая номли шаҳар жойлашган. Бу шаҳарда Путражая номли сунъий кўл бор. Кўл соҳилида эса дунёнинг йирик ва гўзал масжидларидан бири — Путра жомеъ масжиди қад ростлаган.

Масжид 1999 йилда қурилган бўлиб, ўзида 15 мингдан ортиқ намозхонни сиғдиради.

Гумбазларининг сони 9 та бўлиб, энг катта гумбазнинг баландлиги 76 метр, диаметри 36 метрни ташкил этади.

Катта хонақоҳдаги мазкур улкан гумбазни 12 устун кўтариб туради.

Миноралар сони 1 та бўлиб, баландлиги 116 метрга етади. Минора Исломнинг беш устуни рамзи сифатида 5 даражали қилиб ишланган.

Масжидни томоша қилар эканмиз, қалбимиз тўридан МАА ШАА АЛЛОҲ деган гап тилимизга келади.

Аллоҳ таоло бу масжидни ва дунёдаги барча масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмонлар учун ибодат, илм-маърифат, ахлоқ ва тарбия маскани бўлишини насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top