Мақолалар

Экинларни  ким  ўстиради?

Cизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз: «Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз» (деб надоматда қолган бўлур эдингиз)” (Воқеа, 63-67).

Аллоҳ таборака ва таоло бу ояти карималари билан биз бандаларини тафаккурга чорламоқда, кундалик турмушимизда Ўзи яратган қонуниятлар асосида такрор-такрор содир бўлиб тургани учун одатий ҳолга айланиб қолган экиннинг униб чиқиш ҳодисаси ҳақида бир дам ўйлаб кўришни буюрмоқда: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?” Эккан уруғингизни ундирувчи, уни экин ва сунбулага айлантириб, мева ёки бошоқ-дон берадиган ҳолатга келтирувчи сизми, Менми? Ишларинг фақат ерни кавлаб, уруғ сочиш (экиш) ва суғориб қўйишдан иборат эмасми? Уруғдан бошоқ ундирувчи эмаслигингизни эътироф этганларинг ҳолда, ердан ўликларни чиқариб, ҳаётга қайтарилишини қандай инкор қиласизлар?

Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: Ояти каримадаги “ҳарс” ва “заръ” сўзлари орасидаги фарқ бор: “ҳарс” экишнинг бошланишидир. У ҳам бўлса, ерни ҳайдаш, уруғ қадаш (сепиш, экиш) ва суғоришдан иборат. “Заръ” (ундириш) бўлса, экиннинг ердан униб чиқиши, ўсиши, бошоқ ёки ҳосил бериши каби экишнинг натижасидир.

“Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” Бу ояти каримада Аллоҳ таоло экин экишни бандага, ундириб чиқаришни Ўзига боғлиқ эканини баён этган. Чунки экиш банданинг иши, унинг ихтиёри билан бўлади. Ундириб-ўстириш Аллоҳ таолонинг  феълларидан бири, истаса, ўстиради, истамаса йўқ. Мовардий Абу Ҳурайрадан  ривоят қилади: Расулуллоҳ  бундай марҳамат қилдилар: «Ҳеч бирларинг “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўстирувчи (зориъ) Аллоҳ таолодир”. Сўнг Абу Ҳурайра  деди: “Аллоҳ таолонинг “Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” оятини эшитмаганмисиз?» (Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Байҳақий).

Қуртубийга кўра, ҳадисдаги қайтариқ вожиб эмас, одоб моҳиятига эга. Бу маънода Пайғамбаримиздан  яна кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъоза (“Аъузу”)ни ўқиганидан кейин “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” оятини ўқисин. Сўнгра: “Ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Ё Аллоҳ, Муҳаммадга  салавот ва салом йўлла, бу экиннинг мевасидан бизни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла. Эй оламларнинг Парвардигори, буни бизга баракали қилгин”, деб дуо қилсин. Бу ўзи учун яхши бўлади. Бундай дуо ўқиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка каби барча бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва у тажрибадан ўтганини айтади (“Ал-Жомеъ ли аҳкомил Қуръон”).

Муфассир Розий бундай ёзади: «У ҳолда Аллоҳ таолонинг “...зориъ (ўстирувчи)ларни лол қолдирадиган...” (Фатҳ, 29) деган ояти каримаси, Пайғамбаримизнинг  “Зироат зориъникидир” (“экин экканникидир”) деган ҳадиси шарифларини қандай тушуниш керак?” деб сўралса, бундай жавоб берамиз: оятларнинг тафсирида “ҳарс” (экиш) билан “заръ” (ўстириш)нинг бир-бирига боғлиқлиги баён этилди. Экиш ўстиришнинг боши, ўстириш эса экишнинг натижаси ва самарасидир. Бу икки сўздан бирининг ўрнига иккинчисини қўллаш мумкин. Фатҳ сураси 29-оятида “зурроъ” (ўстирувчилар) сўзи “ҳуррос” (деҳқонлар) маъносини билдиради. Зеро, деҳқон эккан уруғи униб чиқиб, мева бериш билан якунига етганини кўриб, қувонади.

Пайғамбаримизнинг  “Экин экканникидир”, деган ҳадисларига келсак, бу ўринда бундай нозик жиҳат бор: агар у зот “экин ҳорисга тегишлидир” деганларида эди, киши ерни ҳайдаб, шудгор қилиши билан экинга эга бўларди. Бу эса экиннинг уруғи сепилишидан олдин қилинадиган ишлар. Экин ундан кейин ерга уруғ сепганга тегишли бўлади. Яъни Абу Ҳанифа  мазҳабларида уруғ кимники бўлса, экин ўшаники бўлади.

Баъзи олимлар бу борада муболаға қилиб, бундай дейишган: “Уруғ экдим ва ҳосил олдим” деб бўлмайди. “Аллоҳ таоло менга мадад берди, экин экдим ва У ўз марҳамати билан менга ҳосил олишни насиб этди”, дейиш лозим».

Мовардий айтади: “Бу ояти карима икки нарсани ўз ичига олган: биринчиси, Аллоҳ таоло экинларни ўстирган Ўзи эканини эслатиб, бандалари Унинг марҳамати билан ҳаёт кечиришларини билдирмоқда. Бу уларнинг ана шу неъматларга шукр қилишлари лозимлигига далолат қилади.

Иккинчиси, ибрат олиниши лозим бўлган далил. Зеро, қадалган уруғни ўстириб чиқаришга, мўрт ва заиф ниҳолни кучли экинга айлантириб, яшнатишга қодир Зот учун ўлган бандаларини қайтадан тирилтириш осондир. Соғлом ақл эгалари учун бу далил етарлидир.

“Агар Биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик...” Яъни, агар хоҳласак, экинларингга офат юбориб, бир зумда озуқа ва емишга ярамайдиган, қуруқ ўтинга айлантириб қўярдик.

Бу билан Аллоҳ таоло икки жиҳатга диқ­қатимизни тортмоқда. Биринчиси, бандалари Аллоҳга шукр қилишлари керак, зеро, У экинларини қуруқ чўпга айлантирмади.

Иккинчиси, бандалар ибрат олиб, ёмонлик­лардан воз кечсин. Чунки экинларни қуритиб юбориши мумкин бўлгани каби, хоҳлаган пайт уларни ҳам ҳалок қила олади.

Икрима ва бошқа муфассирлар ояти каримадаги “ажабланиб...” сўзини қилмишларингиз касри ҳатто экинларингизга уриб, “бир лаҳзада қуриб битгани учун афсус ва надомат қиласиз”, деб тафсир қилишган.

«Бизлар зиён кўрувчилармиз...” жумласини Ибн Аббос  ва Қатода: “Шубҳасиз, биз азобланувчилармиз”, деб таъвил қилишган. Бошқа баъзи тафсирчилар “Биз ҳалок бўлувчимиз”, тарзида тафсир қилишган.

Заҳҳок ва Ибн Кайсонга кўра, ояти каримадаги “муғрам” сўзи молнинг эвазсиз йўқ бўлиши маъносини беради. Шунга кўра, оят: “эккан донимиз йўқ бўлиб кетди”, маъносида тафсир қилинади.

“Балки бизлар маҳрумдирмиз”. Яъни, кутган ҳосилимиздан маҳрум бўлдик. Қатода маҳрум бўлиш ризқдан тўсилиб қолиш эканини айтган.

Анасдан  ривоят қилинишича, Расулуллоҳ  ансор ерларидан ўтаётиб, улардан сўрадилар: “Сизларни экин экишдан нима тўсмоқда?” Улар: “Қурғоқчилик” деб жавоб беришди. Шунда у зот: “Йўқ, ундай қилманг, чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб-ўстирувчи зот Менман. Истасам, сув билан, истасам, шамол билан, истасам, уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган”, дедилар. Сўнг: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!” ояти карималарини ўқидилар (“Ал-Жомеъ ли аҳкомил Қуръон”).

 

Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

 Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3720 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бургутлар Иккинчи бекат »

Мақолалар

Top