www.muslimuz
Эътиқод дурдоналари: ИСЛОМ УММАТИНИНГ ЕТМИШ УЧ ФИРҚАГА БЎЛИНИШИ
Ислом умматининг етмиш уч фирқага бўлиниши ва “Саводул аъзам”дан ажралмаслик лозимлиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишлари билдирилган. У зот алайҳиссалом бу ҳақида шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ تَفَرَّقَتِ الْيَهُودُ عَلَى إِحْدَى وَسَبْعِينَ أَوِ اثْنَتَيْنِ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً وَالنَّصَارَى مِثْلَ ذَلِكَ وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ فِرْقَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир фирқага ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар. Насронийлар ҳам ўшанча (фирқага бўлиниб кетишган). Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади”, – дедилар”. Имом Термизий[1] ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда эса улар ҳақида шундай дейилган:
إِنَّ بَنِى إِسْرَائِيلَ تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً كُلُّهُمْ فِى النَّارِ إِلاَّ مِلَّةً وَاحِدَةً قَالُوا وَمَنْ هِىَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِى. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
“Албатта Бани Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш уч миллатга бўлинади, фақат битта миллатдан бошқа барчаси дўзахда бўлади”, – дедилар. Шунда (саҳобалар): Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? – дейишди. У зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта миллат тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу миллатнинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ أُمَّتِي لاَ تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلاَلَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الأَعْظَمِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларинг “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар”, – деяётганларини эшитдим”. Ибн Можа[2] ривоят қилган.
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносига тўғри келади.
Уламолар ушбу ҳадисда хабар берилган “саводул аъзам”ни Аҳли сунна вал-жамоадир, – деганлар.
Демак, мазкур ҳадиси шарифларга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам кўплаб фирқаларга бўлиниб кетадилар. Аммо уларнинг ичидан фақат биттаси у зотнинг ва саҳобаларининг ҳамда уларга эргашганларнинг йўлларини маҳкам ушлаган бўладилар. Бу зотлар умматнинг “саводул аъзам”и бўлишади. “Саводул аъзам”дан ажралмаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига қарата айтган буйруқлари ҳисобланади. Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири Абул Қосим Ҳаким Самарқандий “Саводул аъзам” асарида ҳадиси шарифда хабар берилган нажот топувчиларнинг олтмиш иккита хислатини баён қилган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:
– Мусулмонлар жамоасига қарши чиқмаслик;
– Қибла аҳли бўлган кимсани мадомики ҳалол санаб қилмаган бўлса бирор гуноҳ туфайли кофирга чиқармаслик;
– Қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб билиш;
– Ноҳақ равишда бирорта мусулмонга қарши қурол кўтармаслик;
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини ҳақ деб билиш;
– Валийларнинг кароматларини инкор этилмайдиган ҳақ деб билиш;
– Гуноҳкор мўминларга гуноҳлари миқдорича дўзах азоби бўлишини ҳақ деб билиш;
– Аллоҳ таолони макон, замон, келиш ва кетиш (каби сифатлар)дан холи деб билиш.
Абул Қосим Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарида мазкур хислатларни мотуридия мазҳабига кўра баён қилган.
Баъзи уламолар ҳадиси шарифда хабар берилган етмиш икки фирқанинг асли еттита фирқага тақалади, деганлар ва уларни номма-ном келтирганлар:
- Мўътазила фирқаси. Бу фирқанинг ўзи йигирма фирқага бўлиниб кетган;
- Шиа фирқаси. Бу фирқанинг ўзи ҳам ўзаро йигирма иккита фирқага бўлиниб кетган;
- Хавориж фирқаси. Бу фирқанинг ўзи ҳам йигирма фирқага бўлиниб кетган;
- Нажжория фирқаси. Бу фирқанинг ўзи учта фирқага бўлиниб кетган;
- Жабария фирқаси. Бу фирқа бандаларга ихтиёр берилганини инкор қиладиган ягона фирқа бўлган;
- Мушаббиҳа фирқаси. Бу фирқанинг ўзи бешта фирқага бўлиниб кетган;
- Ҳулулия фирқаси. Бу фирқа ҳам камчиликни ташкил қиладиган битта фирқа бўлган.
Ушбу ҳисобга кўра, мазкур фирқаларнинг умумий адади етмиш иккита бўлади ва бу қарашни айтган уламоларнинг наздида булардан кейин чиқадиган фирқалар ҳам аслида ушбу фирқалардан бирига мансуб бўлади.
Шу ўринда ақидавий масалалардаги ихтилофларнинг ҳаммасида ҳам ҳукм собит бўлмаслигини билиб қўйиш лозим. Эътиқодий масалалар икки қисмга: “асл” (асосий эътиқод) ва “фаръ” (асосий эътиқоддан келиб чиққан эътиқод)га бўлинади.
“Асл” (асосий эътиқод) масалаларнинг ўзи ҳам яна иккига бўлинади: “Усулуд-дин” (диннинг асослари) ва “Усулу аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал жамоанинг асослари).
“Усулуд-дин” (диннинг асослари) деганда Аллоҳ таолонинг борлиги, Унинг бирлиги, оламни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилгани каби масалалар тушунилади. Диннинг асоси бўлган бундай масалаларга қарши чиқиш билиттифоқ куфр ҳисобланади.
“Усулу Аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал жамоанинг асослари) деганда саҳобаларни фақат яхшилик билан ёдга олиш, гуноҳи кабира туфайли мўмин кишининг диндан чиқмаслиги, қабр азоби ва неъматининг ҳақлиги, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш аниқлиги каби масалалар тушунилади. Аҳли сунна вал-жамоа иттифоқ қилган бундай масалаларга қарши чиқиш оқибати ўта хатарли бўлса-да, буларга қарши чиққан киши куфрга нисбат берилмайди. Балки адашган, фосиқ ва бидъатчи нисбати берилади. Чунки бундай кимса диннинг асосига эмас, Аҳли сунна вал-жамоанинг асосига қарши чиққан бўлади.
Ақидадаги фаръий (асосдан ажралиб чиққан) масалалар деганда юқорида айтиб ўтилган икки қисмга ҳам кирмайдиган жузъий масалалар масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда ўз кўзлари билан Аллоҳ таолони кўрганмилар ё кўрмаганмилар каби масалалар тушунилади. Мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасидаги фарқли қарашлар ҳам худди шу қисмга киради.
Ақидадаги фаръий масалаларда қарама-қарши эътиқодда бўлиш туфайли адашувчи ё бидъатчи каби бирор ҳукм собит бўлмайди.
АҚОИД МАСАЛАЛАРИ:
- Асл (қарши чиқиш туфайли ҳукм собит бўлади):
а) Усулид-дин (қарши чиққан диндан чиқиб кетади);
б) Усулу аҳли сунна вал жамоа (қарши чиққан аҳли суннадан чиқиб кетади).
- Фаръ (қарама-қаршилик туфайли ҳукм собит бўлмайди).
Демак, ақоид масалаларида ниҳоятда ҳаддан ошиб кетган рофизий каби айрим фирқалардан ташқари аксарият фирқалар диннинг асосига эмас, балки, Аҳли сунна вал-жамоанинг асосига қарши чиққанлар.
Машҳур ақидавий фирқалар
Юқорида баён қилинган фирқаларнинг энг машҳурлари ва ақида китобларида улар билан Аҳли сунна вал жамоа ўртасидаги баҳсларга кенгроқ ўрин ажратилгани асосан қуйидаги фирқалардир:
Хавориж фирқаси
Хавориж фирқаси “Таҳким”[3] воқеасидан кейин пайдо бўлган. Бу фирқа турли гуруҳларга бўлиниб кетган бўлиб, улардан ҳозирда “Ибозия” фирқасигина сақланиб қолган. Бу фирқа вакиллари Мағрибда ва Арабистон ярим оролининг жанубий-шарқида учрайди. Бу тоифа мўътазилий фирқасининг кўпгина дастурларини ўзлаштириб олганлар. Жумладан, яхши ва ёмон нарсалар ақл билан билинади, деб ҳисоблайдилар. Аллоҳ таоло ҳақидаги “муташобиҳ” (бир-бирига зид икки хил маъно эҳтимоли бор) хабарларни таъвил қилишга (ақл етадиган маънога ўтказишга) уринадилар, охиратда Аллоҳ таолони кўришни инкор қиладилар. Шу билан бирга, осийлар дўзахда абадий қоладилар, деган қарашлари ҳам сақланиб қолган. Ибозийлар мазкур қарашларида мўътазилийлар билан бир хил эканини инкор қилмайдилар, балки мўътазилийлар бу қарашларни биздан олишган, деб даъво қиладилар.
Хаворижларда такфир тушунчаси ва уларга
уламоларнинг раддиялари
Такфир сўзи “бировни куфрга киритиш”, “Исломдан ажратиш” маъноларини англатади. Хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” (мусулмон бўлмаган диёр) деб номлаганлар. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким” ни қабул қилишини куфр деб ҳисоблаганлар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган “Ашараи мубашшара” (Жаннатий экани айтилган ўн киши)дан бири бўлган зотни кофирга чиқаришган.
Ҳар бир даврда ҳам Аҳли сунна вал-жамоа уламолари “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солишга, мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатиб келганлар.
Али розияллоҳу анҳу ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган шоввозларнинг ғаройиб даъволарига жавоб бериш ва уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида қуйидаги басҳ-мунозара бўлиб ўтган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Уни (яъни мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуни) нимада айблайсизлар?
Хаворижлар: “Уч нарсада”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қандай нарсалар?”
Хаворижлар: 1. Аллоҳнинг амри бўлган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: ﴿ إِنِ ٱلۡحُكۡمُ إِلَّا لِلَّهِ ﴾”Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёрида-дир”[4], деган;
- Уришди-ю, лекин таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади. Агар улар мўмин бўлсалар, улар билан уришиш ҳалол эмас эди. Агар улар кофир бўлсалар, улар билан уришиш ҳам, уларни таҳқирлаш ҳам ҳалол бўлган бўларди.
- Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди. Агар у мўминларнинг амири бўлмаса, кофирларнинг амири бўлади-да, дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Агар сизларга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далолат қиладиган далил келтирсам қайтасизларми?”.
Хаворижлар: “Нега қайтмас эканмиз?”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: “Аллоҳнинг амрида кишиларнинг ҳукм қилишига келадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи китобида шундай деган:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡتُلُواْ ٱلصَّيۡدَ وَأَنتُمۡ حُرُمٞۚ وَمَن قَتَلَهُۥ مِنكُم مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآءٞ مِّثۡلُ مَا قَتَلَ مِنَ ٱلنَّعَمِ يَحۡكُمُ بِهِۦ ذَوَا عَدۡلٖ مِّنكُمۡ ﴾
“Эй иймон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур”[5].
Бошқа бир оятда эр-хотин ҳақида:
﴿وَإِنۡ خِفۡتُمۡ شِقَاقَ بَيۡنِهِمَا فَٱبۡعَثُواْ حَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهِۦ وَحَكَمٗا مِّنۡ أَهۡلِهَآ إِن يُرِيدَآ إِصۡلَٰحٗا يُوَفِّقِ ٱللَّهُ بَيۡنَهُمَآۗ ﴾
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай”[6], деган. Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Сизлардан Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман айтинглар-чи, мусулмонларнинг қони ва ораларидаги ислоҳ тўғрисида кишиларнинг ҳакам бўлишлари афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён тўғрисида ва хотин билан яшаш тўғрисида ҳакам бўлишлари афзалми?”.
Хаворижлар: “Йўқ, албатта бу афзал”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.
Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сизларнинг уришди-ю, таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, оналарингиз Оишани таҳқирламоқчи эдиларингизми? Агар онамиз эмас, десаларингиз кофир бўласизлар (агар онамиз десангиз қилаётган иддаоингизни ўзингиз инкор қилган бўласиз). Сизлар иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансизлар. Энди сизларни бу фикрдан қайтардимми?”.
Хаворижлар: “Ҳа, албатта”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, сизлар рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия кунида Суҳайл ибн Амр билан сулҳ тузганда: эй Али, бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад сулҳ тузган нарсалар, деб ёз, дегандилар. Шунда Суҳайл ибн Амр: сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда сен билан урушмас эдик, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй, Аллоҳим, сенинг элчинг эканимни Ўзинг биласан, дедиларда: Эй Али (ёзганингни) ўчириб: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Суҳайл ибн Амр сулҳ тузган нарсалар” деб ёзгин, – дедилар...”.
Ушбу жавобдан сўнг икки мингдан зиёд кишилар хаворижликдан қайтган эдилар.
Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “очиқ хат” билан мурожаат қилдилар. Кошки эди булар ҳам бор ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар...
Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ “Очиқ хат” асарларида мусулмонлар орасидаги нохушликларнинг бош сабаблари ва уларни бартараф қилиш чора тадбирлари ҳақида батафсил баён қилган.
Шиа фирқаси
“Шиа” сўзи “тарафкаш” маъносини англатади. Шиалар дастлаб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликлари сўнгида юзага келган фирқа ҳисобланади. Шиаларнинг ўзлари ҳам жуда кўплаб фирқаларга бўлиниб кетган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг учта энг катта асосий фирқаси бор:
- Исмоилия фирқаси. Исмоилия фирқаси Исмоил ибн Жаъфар Содиққа мансуб бўлиб, шиаларнинг энг катта фирқаларидан бири ҳисобланади. Бу фирқа вакиллари бир қанча нотўғри ғояларни илгари суришган:
– Шариат жаҳолат билан кирланиб, залолат билан аралашиб кетган, уни ювиб тозалаш фақат фалсафа билан бўлади;
– Ақл тўғри топиши ҳам, хато қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун дин ишида унга суяниб бўлмайди. Ақлнинг ёлғиз ўзи Аллоҳ таолони танишга ожизлик қилгани учун бу ишда бошқа бир масдарга суяниш лозим бўлади. У масдар маъсум муаллим, яъни исмоилий имомдир. Аллоҳ таолони танишга, дин ҳукмларини англашга ёлғиз йўл мана шудир;
– Аллоҳ таолони бор ҳам демаймиз, йўқ ҳам демаймиз, олим ҳам демаймиз, жоҳил ҳам демаймиз, қодир ҳам демаймиз ожиз ҳам демаймиз... Чунки Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақиқий исбот қилинса, У зот билан бошқа мавжудотлар орасида шериклик тақозо қилиниб қолади.
- Исноашария фирқаси. Бу фирқа шиаларнинг энг катта фирқаларидан бири бўлиб “Зайдия” ва “Исмоилия” фирқалари билан имомларнинг ададида ихтилоф қилмайди. Бу фирқанинг эътиқоди бўйича ўн иккинчи имомлари ҳижрий 260 йилда ғойиб бўлган. У бир куни қайтиб келади ва ер юзини адолатга тўлдиради. Исноашария фирқасининг эътиқодига кўра, имомлик пайғамбарлик ишларини давом эттириш ҳисобланади. Шунинг учун имомни Аллоҳ таоло пайғамбарнинг тили билан баён қилган бўлиши керак ёки олдинги имом тайинлаган бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Бу фирқа дин ҳукмларини фақат имом орқали билиш мумкин деб ҳисоблаганидан имомда бир қанча сифатлар бўлишини шарт қилиб қўйганлар:
– Илм. Яъни имом илмли бўлиши шарт. Бундан ташқари шижоат, иффат, тўғрисўзлик ва сахийлик сингари ўз асрининг энг афзали бўлиши учун лозим бўлган сифатлар бўлиши шарт. Агар ўз асрида ундан афзал киши бўладиган бўлса, имомлик тўғри бўлмайди. Ҳар бир асрда фақат битта имом бўлади. Мазкур сифатлар ичида энг муҳими илм сифати ҳисобланади. Чунки имом илмни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, ё ўзидан олдинги имомдан қабул қилиб олган ёки унга илҳом қилинган бўлади. Унинг илми бошқалардек таълим олиш билан ҳосил бўлмайди.
– Исмат. Яъни имом Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сингари барча зоҳирий ва ботиний ёмон ишларни қасддан қилишдан ҳам, билмасдан қилишдан ҳам маъсум бўлиши керак. Бу маъсумлик унинг гўдаклигидан то вафот этгунча бўлиши лозим. Чунки имом шариатни ва унинг ҳукмларини англаш йўлини сақловчи шахсдир. Агар унда хато камчиликлар бўлиши жоиз бўлса, унинг хатоси туфайли бутун уммат залолатга кетиб қолади.
– Кароматлари зоҳир бўлиши керак. Яъни бу имомнинг ҳақиқий имом эканига далолат қиладиган кароматлари бўлиши керак. Чунки баъзи вақтларда халойиқ фақат ўша кароматлари орқалигина унинг имомлигини қабул қилишлари мумкин. Ана ўшанда одамлар унинг Аллоҳ томонидан тайинланган имом эканини англайдилар.
Исноашария фирқаси эътиқод қиладиган имомлар:
- Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;
- Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу;
- Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу;
- Али Зайнул Обидин ибн Ҳусайн;
- Муҳаммад Боқир ибн Али Зайнул Обидин;
- Жаъфар Содиқ ибн Муҳаммад Боқир;
- Мусо Козим ибн Жаъфар Содиқ;
- Али Ризо ибн Мусо Козим;
- Муҳаммад Жавод ибн Али Ризо;
- Али Ҳодий ибн Муҳаммад Жавод;
- Ҳасан Аскарий ибн Али Ҳодий;
- Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарий.
Исноашария фирқаси вакиллари ушбу ўн иккинчи имом Муҳаммад Маҳдий ибн Ҳасан Аскарийни бир куни қайтиб келади, деб эътиқод қиладилар.
- Зайдия фирқаси. Зайдийлар шиаларнинг энг катта фирқаларидан бири бўлиб, ҳозирги кунгача сақланиб келмоқда. Бу фирқа Зайд ибн Зайнул Обидиннинг нотўғри қарашларига кўра шакллангани учун ушбу ном билан аталган. Зайд: “Али барча саҳобалардан афзал бўлган, лекин саҳобалар ўз маслаҳатларига ва диний қоидаларга кўра, имомликни Абу Бакрга топширганлар”, – деган даъвони қилган. Зайдия фирқаси имомлар ҳақида қуйидагича эътиқодда бўлганлар:
– Ўзидан афзал киши бўла туриб, афзал бўлмаган киши ҳам имом бўлиши жоиз;
– Саҳобалар атайлаб хилоф ишни қилмаганлар. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликка Али розияллоҳу анҳунинг сифатини айтиб ишора қилганлар, шахсини айтмаганлар;
– Имом – Али ва Фотима розияллоҳу анҳумоларга мансуб зоҳид, шижоатли, ўзига эргашишга чақирувчи, амру маъруф қилиб, наҳий мункар қилувчи бўлиши керак;
– Агар зарурат бўлса бир-биридан узоқ икки ўлкада икки имом бўлиши жоиздир. Имом маъсум бўлиши шарт эмас.
Адл ва тавҳид масалаларида мўътазила фирқасининг қарашларини ўзлаштирганлар.
Мўътазила фирқаси
Мўътазила фирқаси тобеинлар даврида пайдо бўлган ва ўзларнининг ақидавий қарашларини ишлаб чиққан фирқа ҳисобланади. Бу фирқанинг асосчилари Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайд исмли шахслар бўлган. Ақидавий қарашларини ишлаб чиқишда ақлга суянганлар. Кўпроқ юнон фалсафасидан таъсирланганлар. Мўътазила фирқаси Исмоилия фирқаси сингари ҳаддан ошиб кетмаган. Имомлик масаласида Аҳли сунна вал-жамоага хилоф қилмаган. Мўътазилийларнинг бешта асосий қоидалари бўлган:
- Адл;
- Тавҳид;
- Ваъда ва тавҳид;
- Икки манзил орасидаги манзил;
- Яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш.
Мўътазила фирқасининг бошқа фирқалардан ажралиб турадиган жиҳати шуки бу фирқа шиа ё хаворижларга ўхшаган сиёсий фирқа бўлмаган.
Ҳашвия фирқаси
Ҳашвия фирқасини муайян бир фирқа дейиш ҳам қийин. Чунки улар шаръий далилларни яхши тушунмайдиган турли гуруҳлар бўлишган. Ҳашвия фирқаси Қуръон ва суннатда келган зоҳири Аллоҳ таолонинг махлуқотларга ўхшаш эканига далолат қиладиган далилларни айнан ўшандай деб эътиқод қилишга уринадиган фирқа бўлган. Бу фирқа турли хато қарашлари туфайли “ҳашвия” деб номланиб қолган. Аслидаحَشْوٌ калимаси “бир нарсанинг ичига тиқилган нарса” маъносини англатади. Ушбу фирқанинг бундай номланиши ҳақида уч хил қараш бор:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг ичига у зот айтмаган сўзларни киритиб қўйишгани учун “ҳашвийлар” деб номланган.
- Улуғ тобеинлардан бири Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг дарс ҳалқаларига авом ровийлардан бир гуруҳ инсонлар келиб, у зотнинг ҳузурларида яроқсиз гапларни гапиришган. Шунда у зот رُدُّوا هَؤُلاءِ إِلَى حَشَا الْحَلْقَةِ яъни “анавиларни дарс ҳалқасининг ичига қайтариб қўйинглар”, деган. Шу сабабли улар “ҳашвийлар” деб номланган.
- Бу фирқа Аллоҳ таоло ҳақида فِي حَشْوِ الْعَالَمِ яъни “оламнинг ичида” деганлари учун “ҳашвийлар” деб номланиб қолишган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Зоҳирия мазҳаби;
Аҳли сунна вал-жамоанинг икки ақидавий мақсади;
Имом Ашъарий ва ашъария мазҳаби;
Имом Мотуридий ва мотурудия мазҳаби;
Имом Мотуридийнинг устозлари;
Имом Мотуридийнинг шогирдлари;
Имом Мотуридийнинг асарлари;
Мақолалар;
Раддиялар;
Аллоҳ таолого иймон келтириш асослари;
Имом Мотуридийнинг унвонлари;
Мотуридия мазҳабининг ривожланиши;
Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари;
Абул Муин Насафий;
Абулюср Паздавий;
Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий;
Нуриддин Собуний Бухорий;
Камол ибн Ҳумом;
Мулла Али Қори;
[1] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Буғий Термизий ҳижрий 209 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Имом Термизий Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. Илм талабида Хуросон, Тобаристон, Бағдод, Басра ва Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Имом Термизийнинг ёдлаш қувватлари ниҳоятда кучли бўлганидан, ҳифзда бу зот зарбулмасал қилинган. Имом Термизийнинг энг машҳур китоби “Сунани Термизий”дир. Бундан ташқари “Шамоилу Набавия”, “Тарих” ва “Илал” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Термизий ҳижрий 279 йилда 70 ёшида Термизда вафот этган.
[2] Муҳаммад ибн Язид Робъий Қазвиний ҳижрий 209 йилда ҳозирги Эрон ҳудудига кирувчи Қазвин номли жойда туғилган. Имом Ибн Можа илм талабида Басра, Бағдод, Шом, Миср ва Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Имом Ибн Можанинг энг машҳур китоби “Сунани Ибн Можа”дир. Бундан ташқари “Тафсирул Қуръон” ва “Тариху Қазвин” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Ибн Можа ҳижрий 273 йилда 64 ёшида Қазвинда вафот этган.
[3] Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳулар ўртасидаги битим аҳди.
[4] Юсуф сураси, 40-оят.
[5] Моида сураси, 95-оят.
[6] Нисо сураси, 35-оят.
Халқаро конференция иштирокчилари Ҳадис илми мактабида
Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳри “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференциясига меҳмонлик қилди. Аввал хабар қилганимиздек, мазкур халқаро анжуманга 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Халқаро конференция доирасида иштирокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳат қилдилар. Конференция қатнашчилари 4 март куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, даставвал муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилдилар. Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларга мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.
Мактаб ўқитувчи ва талабалари учун яратиб берилган шароитларни кўздан кечирган меҳмонлар давлат раҳбари томонидан буюк алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.
Мактабга ташриф буюрган исломшунос олимлар мактабнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз дил истакларини ёзиб қолдирдилар.
Жумладан, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси Мустафо Черич ўз тилакларини қуйидагича ифодалади:
“Илм нур, Қуръон чироқ, суннат дастур, Самарқанд эса дунё илми учун буюк йўлдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фуқароларининг саодати йўлидаги раҳнамодир. Аллоҳ таоло яхши бир ишни ташкил этганлиги учун кўплаб ажр савобларни насиб қилсин. Мен Ўзбекистонда амалга оширилган ишларни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан алломалар диёрига ушбу илм масканини берган буюк Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин”.
Мустафо Черич, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси.
2020 йил 4 март, ҳижрий 1441 йил ражаб ойининг 8 куни.
“Ҳадис илми ривожи йўлида мислсиз ўринга эга Имом Бухорийнинг юртини зиёрат қилишга мушарраф бўлдим. Аллоҳ таолодан Ўзбекистоннинг тинчлиги ва хотиржамлигини бардавом қилишини, ушбу олийгоҳ тўғри ва ишончли илмларни дунёга тарқатадиган марказ бўлишини сўраб қоламан”.
Аҳмад Тамим - Украина бош имом-хатиби, муфтий.
Бугун зиёрат қилган ушбу ислом олий таълим муассасасининг ривожланиши ва юксак натижалар кўрсатишини, ҳадис илмлари учун олий минбар ва илм талаб қилувчилар учун булоқ, тадқиқотчилар учун эса хазина бўлишини Аллоҳ таоладан сўрайман. Ҳадис илми олийгоҳини ташкил этилишида бош бўлган барча мутасаддилар, унинг ўқитувчи ва талабаларини Аллоҳ таоло икки дунёда даражаларини баланд қилсин.
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари академияси Бош котиби Муҳаммад Назир Ийад.
2020 йил 4 март, ҳижрий 1441 йил ражаб ойининг 8 куни”.
Халқаро конференция доирасида Ҳадис илми мактабига ташриф буюрган меҳмонлар ва уларнинг таассуротлари ҳақида келгуси мақолаларимизда яна маълумотлар бериб борамиз.
Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
2020 йил 6 март куни Дин ишлари бўйича қўмитада Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мехмет Суреййе Эр ва маслаҳатчиси Ибраҳим Гемеже қабул қилинди.
Самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида диний-маърифий соҳада ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Соф ислом таълимоти, унинг тинчликпарварлик ва эзгулик моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳозирги давр талаби эканига эътибор қаратилди ва бу борада икки давлат диний соҳа ходимлари биргаликда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Туркиянинг Дин ишлари бошқармаси (Диёнат) ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ ИЛК ВА СЎНГГИ НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТЛАР
«Улуми Қуръон» мутахассислари Қуръони Карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охири нозил бўлгани ҳақида ҳам жиддий изланишлар олиб борганлар. Чунки кўп бор такрорланганидек, Қуръони Каримга боғлиқ; ҳар бир маълумот мўмин-мусулмонлар учун ўта аҳамиятлидир. Шу билан бирга, Қуръони Карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охирги нозил бўлганини билишда бир қанча фойдалар ҳам бор:
- Оятларнинг қай бири носиҳ ва қай бири мансуҳлигини билиб олиш.
- Ислом шариати жорий бўлишининг тарихини ўрганиш.
- Мусулмон уммати Қуръони Каримга қанчалик эътибор берганини яна бир бор изҳор қилиш.
Уламоларимиз Куръони Каримнинг оятларидан қай бири аввал, қай бири охири нозил бўлганини аниқлашда таҳмин ва тафаккурга, хаёлга ҳеч қандай йўл йўқлигини алоҳида таъкидлайдилар. Бу борада фақат ишончли ривоятлар асосидагина изланиш олиб бориш лозим булади.
ИЛК НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТЛАР
Ушбу маънода келган ривоятларни жамлаб, таҳлил қилинганда, тўрт хил фикр борлиги аниқ бўлади.
Биринчи қавл: Энг аввал Алақ сурасининг биринчи оятлари нозил бўлган.
Бу фикрнинг тасдиғи ўлароқ, бир неча ривоятлар келган.
Биринчи ривоят:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушмай бир неча кеча «таханнус», яъни ибодат қилар эдилар. Бунинг учун озуқа ғамлаб олар эдилар. Сўнгра Хадижанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага озуқа ғамлаб олар эдилар. Ниҳоят, Ҳиро ғорида эканларида у зотга ҳақ келди. Фаришта келиб: «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедилар. (У зот) айтдилар:
«Шунда мени тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени иккинчи марта тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Ўқи!» деди. «Мен ўқий олмайман», дедим. Сўнг мени учинчи марта тутиб, қисди ва қийнаб ҳам қўйди. Кейин қўйиб юбориб, «Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир», деди».
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари ларзага тушган ҳолда улар (оятлар) билан Хадижа бинт Хувайлиднинг олдига қайтдилар-да:
«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар! дедилар. У зотни қўрқинчлари кетгунча ўраб қўйишди. Кейин у зот Хадижага воқеани айтиб бериб: - Ўзимдан хавотирланиб қолдим», дедилар. Шунда Хадижа:
«Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», деди.
Сўнгра Хадижа у зот билан отланиб, амакиваччаси Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг олдига бошлаб борди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган киши эди. Иброний ёзувида ёза олар, Инжилдан Аллоҳ хоҳлаганича ибронийча ёзарди. У кўзи ожиз бўлиб қолган катта ёшли қария эди. Хадижа унга:
«Эй амакиваччам! Биродарингизнинг ўғлига қулоқ солинг!» деди. Варақа у зотга:
«Эй биродаримнинг ўғли, нимани кўряпсан? деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўрганларини айтиб бердилар. Варақа у зотга: - Бу Аллоҳ Мусога туширган Номусдир*. Қанийди қавминг сени ҳайдаб чиқарганида тирик бўлсам! Қанийди ўшанда навқирон бўлсам!» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар мени ҳайдаб чиқаришадими?» дедилар.
«Ҳа, сен олиб келган нарсани келтирган киши борки, унга албатта душманлик қилинган. Ўша кунингга етсам, сенга катта ёрдам бераман», деди.
Кўп ўтмай, Варақа вафот этди ва ваҳий бир муддат узилиб қолди».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
Иккинчи ривоят:
Ouшa розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қуръондан илк нозил бўлган сура «Иқроъ бисми роббика»дир».
Ҳoкuм ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Уламолар жумҳури ушбу биринчи қавлни қабул қилган ва ҳаммага тарқалган.
Иккинчи қавл: Биринчи Муддассир сураси нозил бўлган.
Яҳё розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Саламадан:
«Қуръоннинг қайси жойи дастлаб нозил бўлган?» деб сўрадим.
«Йа айюҳал муддассир!» деди.
«Иқроъ» эмасми?» дедим.
Жобир ибн Абдуллоҳдан:
«Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим.
«Йа айюҳал муддассир!» деди у.
«Иқроъ» эмасми?» дедим. Жобир:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтиб берган бўлсалар, ўшани айтиб бераман. У зот: «Бир ой Ҳирони живор тутдим. Живоримни тугатганимдан кейин пастга тушдим. Водийнинг ўртасига етганимда, менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнгимга, сўлимга назар солдим. Ҳеч кимни кўрмадим.
Сўнгра менга яна нидо қилинди. Назар солиб, яна ҳеч кимни кўрмадим. Сўнгра менга яна нидо қилинди. Бошимни кўтариб қарасам, Жаброил ҳавода, тахтда. Мени қаттиқ титроқ тутди. Хадижанинг олдига бориб:
«Мени буркаб қўйинглар! Мени буркаб қўйинглар! Устимдан сув қуйишди», дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!»ни нозил қилди».
Имом Муслим ривояти.
Бу келтирилган маълумотлар бир қарашда ихтилофли кўринса ҳам, аслида уларнинг орасида ихтилоф йўқ. Ровийлардан ҳар бири ўзи эшитган нарсани омонатдорлик билан етказган. Ўзи эшитмаган ёки билмаган нарсага аралашмаган. Ушбу мавзуни яхшилаб ўрганган уламоларимиз: «Иқроъ» нубувват бўйича биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» рисолат бўйича биринчи нозил бўлган», дейдилар.
«Улуми Қуръон» мутахассислари: «Иқроъ» умуман биринчи нозил бўлган, «Йа айюҳал муддассир» эса ваҳий узилиб қолганидан кейин биринчи нозил бўлган», дейдилар.
Муддассир сурасининг аввали нозил бўлиши билан кишиларни Исломга даъват қилиш ҳам бошланди. Шундан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари – Аллоҳ таолонинг динини умматларига етказиш иши бошланди. Чунки Аллоҳ, таоло Ўзининг охирги Пайғамбарига «Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» деган нидони қилган эди.
Учинчи қавл: Энг аввал Фотиҳа сураси нозил бўлган.
Бу қавлга Байҳақий «Далаилун нубувва» китобида келтирган ривоят далил қилинган. Лекин уламолар бу ривоят ҳужжат бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.
Тўртинчи қавл: Биринчи «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» нозил бўлган.
Бу қавлга далил сифатида Воҳидийнинг Икримадан қилган ривояти келтирилган. Аммо уламолар бу ривоятнинг ҳам далил бўлишга яроқли эмаслигини таъкидлаганлар.
СЎНГГИ НОЗИЛ БЎЛГАН ОЯТ
Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бормайди. Шунинг учун уламолар уларнинг барчасини ижтиҳод билан айтилган гаплар, дейишади.
Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги қавл ва ривоятлардан баъзиларини келтирамиз.
- Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, Байҳақий Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оят экани айтилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَذَرُواْ مَا بَقِيَ مِنَ ٱلرِّبَوٰٓاْ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ٢٧٨
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (278-оят).
Аммо муҳаққиқ уламолар бу оят Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти эмаслигини, балки рибо ҳақида нозил бўлган оятларнинг охиргиси эканини таъкидлайдилар.
- Саъид ибн Мусайяб ва Ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳилардан келтирилган ривоятларда: «Қуръони Каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти «дайн» оятидир», дейилган.
Бу оят Бақара сурасидаги оят бўлиб, у Қуръони Каримдаги энг узун оят ҳамдир. Мазкур оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли ила бошланади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيۡنٍ إِلَىٰٓ أَجَلٖ مُّسَمّٗى فَٱكۡتُبُوهُۚ
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг» (282-оят).
Аммо уламоларнинг кўпчилиги бу қавлни ҳам қабул қилмаганлар.
- Ибн Мардавайҳ Умму Салама розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда айтилишича, Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти Оли Имрон сурасидаги қуйидаги оятдир:
فَٱسۡتَجَابَ لَهُمۡ رَبُّهُمۡ أَنِّي لَآ أُضِيعُ عَمَلَ عَٰمِلٖ مِّنكُم مِّن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰۖ بَعۡضُكُم مِّنۢ بَعۡضٖۖ فَٱلَّذِينَ هَاجَرُواْ وَأُخۡرِجُواْ مِن دِيَٰرِهِمۡ وَأُوذُواْ فِي سَبِيلِي وَقَٰتَلُواْ وَقُتِلُواْ لَأُكَفِّرَنَّ عَنۡهُمۡ سَئَِّاتِهِمۡ وَلَأُدۡخِلَنَّهُمۡ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ ثَوَابٗا مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِۚ وَٱللَّهُ عِندَهُۥ حُسۡنُ ٱلثَّوَابِ١٩٥
«Робблари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман, Аллоҳ хузуридан савоб ўлароқ», дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир» (195-оят).
Бу қавлнинг раддияси унинг ҳужжати ўлароқ келтирилган ривоятнинг ўзидадир. Унда айтилишича, ушбу оят Умму Салама розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг эркакларни зикр қилиб, аёлларни зикр қилмаганини кўрмоқдаман?» деган сўроқларига жавоб ўлароқ нозил бўлган уч оятнинг сўнггисидир. Қуръони Каримнинг сўнгги нозил бўлган ояти эмас.
- Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, охирги нозил бўлган сура Наср сурасидир.
Аммо уламолар: «Бу охирги нозил бўлган сурадир, охирги нозил бўлган оят эмас. Сура Расулуллоҳ соллаллоҳху алайҳи васалламнинг вафотларига ишора бўлиб тушган оятларнинг охиргиси, умумий Қуръони Карим оятларидан охирги нозил бўлгани эмас», дейдилар.
- Ноилмий доираларда Қуръони Каримнинг барча оятлари ичида энг сўнгги нозил бўлгани Моида сурасининг учинчи ояти бўлса керак, деган гумон бор. Улар оятнинг қуйидаги қисмидан шу хулосани чиқарганлар:
ٱلۡيَوۡمَ أَكۡمَلۡتُ لَكُمۡ دِينَكُمۡ وَأَتۡمَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ نِعۡمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلۡإِسۡلَٰمَ دِينٗاۚ
«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».
Бу оят Қуръони Каримнинг охирги тушган оятларидан бири ҳисобланади. Ояти карима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажларида нозил бўлган. Ушбу ояти карима нозил бўлганда, ҳамма саҳобалар: «Динимиз мукаммал бўлди, Аллоҳ бизга неъматини батамом қилиб берди, Исломни дин деб рози бўлди», деб чексиз қувондилар. Аммо хассос қалбли инсон, буюк идрок ва ақл соҳиби Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар. Бу ҳолни кўрган саҳобалар ташвишга тушдилар ва: «Сенга нима бўлди, эй Умар, нечун йиғламоқдасан?» деб сўрадилар. Шунда ҳазрати Умар: «Ҳар бир нарса мукаммал бўлганидан сўнг унга нуқсон етиш бошланади. Мен бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларининг яқинлашганига белги деб билмоқдаман», дедилар.
Ушбу зикр қилинган омилларга биноан, Улуми Қуръон илмидан бехабар бўлган кимсалар мазкур оятни Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган оятидир, дея таҳмин қилишади. Аммо бу гап тўғри эмас. Чунки ушбу оят нозил бўлганидан кейин яна бошқа оят нозил бўлганини илмли кишилар яхши биладилар.
«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим» ояти нозил бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксон бир кун яшаганликлари ҳам ишончли манбаларда қайд этилган.
- Қуръони Каримнинг охирги нозил бўлган ояти Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:
وَٱتَّقُواْ يَوۡمٗا تُرۡجَعُونَ فِيهِ إِلَى ٱللَّهِۖ ثُمَّ تُوَفَّىٰ كُلُّ نَفۡسٖ مَّا كَسَبَتۡ وَهُمۡ لَا يُظۡلَمُونَ٢٨١
«Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ олур. Уларга зулм қилинмас» (281-оят).
Қуръон илмлари билан шуғулланган уламолар ушбу ояти карима Аллоҳ, нозил қилган оятлар ичида энг охирги оят эканини баён қилганлар. Ибн Журайжнинг айтишларича, Набий алайҳиссалом ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг тўққиз кун яшаганлар, холос.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Қуръони Карим оятларининг маккий ва маданийга тақсимланиши;
Маккий ва маданий оятларнинг таърифи;
Маккий ва маданий оятларни билишга элтувчи йўл;
Маккий ва маданий оятларнинг аломатлари
<code>ЎМИ матбуот хизмати</code>
Ўзбекистон коронавирусдан холи туристик жозибадор мамлакат сифатида эътироф этилди
Буюк Британиянинг таниқли “The Telegraph” газетаси Ўзбекистонни саёҳат қилиш учун коронавирусдан холи, туристик жиҳатдан жозибадор 19 мамлакат қаторига қўшди, деб хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
“Telegraph Travel” мухбири Сара Уилер мақоласида жумладан бундай ёзади: “катталиги Испаниядек келадиган бу давлат, ўзидан нур ва ажиб гўзалликни таратиб туради. Замонавий Ўзбекистонда Буюк Ипак йўлининг уч буюк шаҳри (Бухоро, Хива ва Самарқанд) ва Тян-Шан тоғ массиви жойлашган”.
Шунингдек, ушбу рўйхатга Аргентина, Намибия, Куба, Туркия, Мўғулистон, Мадагаскар, Перу, Малдив, Малта, Лаос, Ботсвана, Жанубий Африка, Чили, Полша, Колумбия, Венгрия, Боливия ва Танзания каби давлатлар киритилган.
Нуфузли нашрда ёзилишича, ушбу мамлакатларда коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмаган ҳамда у ерларда кўриш мумкин бўлган жойлар кўп.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати