www.muslimuz
Ҳаж ҳақидаги ҳадиси шарифлар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: «أَيُّهَا النَّاسُ، قَدْ فَرَضَ اللهُ عَلَيْكُمُ الْحَجَّ فَحُجُّوا»، فَقَالَ رَجُلٌ: أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلَاثًا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ r: «لَوْ قُلْتُ نَعَمْ لَوَجَبَتْ وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ»، ثُمَّ قَالَ: «ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ، فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ وَاخْتِلَافِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ، فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَيْءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، وَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ فَدَعُوهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: «Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Ҳаж қилинг!» дедилар. Шунда бир киши: «Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. Шунда у зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳа» десам вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада мени ўз ҳолимга қўйинглар. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёларига ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлишган. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинглар. Қачон сизни бир нарсадан қайтарсам, уни тарк қилинглар».
Муслим, Насоий ва Термизий ривоят қилишган.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يُدْخِلُ بِالْحَجَّةِ الْوَاحِدَةِ ثَلَاثَةَ نَفَرٍ الْجَنَّةَ: الْمَيِّتَ، وَالْحَاجَّ عَنْهُ، وَالْمُنْفِذَ ذَلِكَ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла битта ҳаж (бадал ҳажи) билан уч нафар кишини жаннатга киритади: маййитни; ҳажжи бадал қилувчини, ҳажжи бадал қилдирувчини (васийни)».
Байҳақий ривоят қилган.
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ رَفَعَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم، قَالَ: «الْحَاجُّ يَشْفَعُ فِي أَرْبَعِ مِائَةِ أَهْلِ بَيْتٍ - أَوْ قَالَ: مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ - وَيَخْرُجُ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ».رَوَاهُ الْبَزَّارُ.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу марфуъ ҳолатда ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳожи тўрт юз хонадон аҳлини ёки (бир ривоятда) «Ўз аҳли байтидан тўрт юзтасини] шафоат қилади ва гуноҳларидан онасидан туғилган кундагидек пок бўлади».
Баззор ривоят қилган.
عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: عَنْ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «إِذَا خَرَجَ الْحَاجُّ مِنْ أَهْلِهِ فَسَارَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ أَوْ ثَلَاثَ لَيَالٍ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ، وَكَانَ سَائِرُ أَيَّامِهِ دَرَجَاتٍ...». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳожи ўз аҳлидан чиқиб, уч кун [ёки уч кеча] юрса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек (пок) бўлиб чиқур. (Ундан кейинги ҳаж сафарида ўтказган) қолган кунларда мартабаси юқори бўлади…».
Байҳақий ривоят қилган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ حَجَّ هَذَا الْبَيْتَ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَمَا وَلَدَتْهُ أُمُّهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким бу Байтни ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилган кундагидек бўлиб қайтади».
Бухорий ривоят қилган.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ يَرْفَعُهُ قَالَ: «مَا أَمْعَرَ حَاجُّ قَطُّ»، فَقِيلَ لِجَابِرٍ: مَا الْإِمْعَارُ ؟ قَالَ: مَا افْتَقَرَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилинади:
(Набий алайҳиссалом): «Ҳожи ҳаргиз имъор бўлмас», дедилар. Жобирга «Имъор нима?» дейишди. У: «Фақир бўлмас (дегани)» деди».
Байҳақий ривоят қилган.
«Мўминнинг умр сафари» китобидан
манба: islom.uz
НАМОЗ ЕТТИНЧИ ОСМОНДА ФАРЗ БЎЛГАН
Намоз диннинг устуни. Ислом биноси беш устун – иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж устида туради. Ана шу беш устундан бири намоздир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки раҳм қилсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Рўза йилда бир ой тутилади. Шунда ҳам бемор ва мусофирларга рўза тутмасликка рухсат берилган. Бемор тузалганидан сўнг, мусофир уйига келганидан сўнг қазосини тутиб беради. Қаранг, рўза ибодатини ҳамма ҳам адо этмай, маълум тоифа кишиларга рўза тутмасликка рухсат бор экан.
Закот – моли нисобга етган кишиларгагина фарз. Ҳамма мусулмонлар бирданига закот бермайдилар. Фақат шариатда бой деб ҳисобланган мусулмонлар закот берадилар. Қаранг, бунда ҳам ушбу фарз амални бажарадиганлар сони камайяпти.
Ҳаж – умрда бир марта йўлга қодир бўлган соғлом кишиларга фарздир. Юртимизда 33 миллион киши иститқомат қиладиган бўлса, шулардан 7 минг киши ҳажга боряпти. Қаранг, бу фарз ибодатни бажарувчилар ҳам анча кам. Йўлга қодир бўлмаганлар, маҳаллада навбати келмаганлар, саломатлиги яхши бўлмаган кишиларга ҳаж фарз эмас.
Аммо намоз ибодати ҳеч кимдан соқит бўлмайди. Беморга ҳам, мусофирга ҳам, кўзи очиққа ҳам, кўзи юмуққа ҳам, юрадиганга ҳам, юрмайдиганга ҳам ва ҳоказо барчага фарз. Кучи етса тик туриб, етмаса ўтириб, агар унга ҳам имкони бўлмаса, ёнбошлаб имо-ишора билан намозни адо этади. Лекин намоз асло соқит бўлмайди.
Маълумки, рўза, закот ва ҳаж ибодатлари Мадинаи Мунавварада (яъни Ерда) фарз бўлган. Аммо намоз ибодати меърожда (еттинчи осмондан юқорида) фарз бўлган.
Мана шуларнинг ўзиёқ намоз ибодатининг нақадар муҳим фарз ибодат эканини кўрсатади.
Аллоҳ таоло барчамизга намозларимизни ўз вақтида адо этиб боришимизни насиб этсин ва бенамозликдан асрасин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Адлия вазирлиги вакиллари иштирокида семинар ўтказилди
8-август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон вакиллиги тизимидаги масжид имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Э.Турсунов, вазирликнинг 2-даражали юристи И.Алдабергеновлар иштирок этди.
Э.Турсунов 2018 йил 13-апрелдаги 3666 сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳияти, диний ташкилотларни қайта руйхатдан ўтказиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан амалий ёрдамлар бериш ҳақида тушунчалар берди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида турли конфессияга тегишли диний ташкилотлар фаолият кўрсатиш билан бирга, фуқароларимиз ўз диний амалларни эмин-эркин бажариши, диний ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириши ва давлат ҳаётида фаол қатнашиши учун барча шароитларнинг яратилганлиги, бу борада ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар туғрисида”ги қонунда белгиланганлиги, диний ташкилот фаолиятини устав асосида амалга ошириш тартиби ҳақида Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси, 2-даражали юрист И.Алдабергенов батафсил айтиб ўтди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди ва муаммоларга аниқлик киритди. Семинарни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов бошқариб борди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.
Намозга муҳаббат уйғотувчи ҳикоя ва ҳикматлар: “БУЮК ТАРБИЯЧИ ВА НАСИҲАТЧИ”
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ
“Намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур” (Анкабут сураси, 45-оят).
“Фарзандим айтганимни қилмаяпти”, “Ўғлим жиноятга қўл урибди”, “Қизимнинг ортидан ёмон гапларни эшитдим”, “Эрим нега оилага беэътибор, аёлларга илакишиб қолган?”, “Аёлим нега менга итоат қилмаяпти?” деган саволларни барчасига жавоб битта – улар намозга эътиборсиздир!
Ҳа, Намоз инсонни гуноҳлардан қайтаради.
Фарзандингизни уриб, сўкиб ўтирманг, ўғлингизнинг юзига тарсаки тушириб, оёқ-қўлларини синдиришнинг кераги йўқ, қизингиздан воз кечишга шошилманг, эрингиз билан ажрашишга ҳовлиқманг, аёлингизни дўппослашдан фойда йўқ! Унинг ўрнига уларнинг ҳаммаларига намозни ўргатинг! Ўргатганда ҳам ихлос билан, қолдирмасдан намоз ўқишни таълим беринг! Кейин натижасини кўрасиз! Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтаришини эълон қилиб қўйган! Ҳа, намоз энг буюк тарбиячи ва насиҳатчидир!
Аллоҳ таоло аҳли оиламизга намозни ўргатиб, ўз вақтида ўқишларини назорат қилиб боришимизда бизга Ёрдамчи бўлсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Нишонга урилган гаплар: “Етакчилик буйруқ бериб ўтириш эмас, балки у аввало намуна бўлишдир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Таълим юртни чегара қўшинларидан афзалроқ ҳимоя қилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Эски дўстни ташлама. Чунки янги дўст у билан солиштирилмайди.
Сулаймон Ҳаким
*****
Ахлоқсизлик ёйилган даврда одоб билан муомала қилиш эътиборни жалб қиладиган нарсага айланиб қолди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кучли бўлишинг учун бирорта инсон сени яхши кўришини кутмаслигинг керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Мутакаббир ва бахил одам эътиборга лойиқ кимсалар эмас!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳар қанча солиҳ киши бўлсанг ҳам одамлар сенга нисбатан ўзларининг табиатлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳукм чиқарадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар қонунни бузсанг, жарима тўлайсан.
Агар қонунга амал қилсанг, солиқ тўлайсан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Етакчилик буйруқ бериб ўтириш эмас, балки у аввало намуна бўлишдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов