Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
www.muslimuz
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг ҳикматлари
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Сўнгра узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим...” (Намл сураси, 22-оят).
Ҳудҳуднинг Пайғамбарга айтган гапига қаранг. Сулаймон алайҳиссаломдан кичикроқ бўлган махлуқ Ҳудҳуд Сулаймон алайҳиссаломга “Мен сен билмаган нарсани билдим” деяпти. Бу сўз бизга ўзимиздан кичиклар билан гўзал одоб ила муомала қилишимизни ўргатиш учун айтилмоқда. У Зот биздан кичик бўлганларга бизга ўргатмаган нарсани ўргатади.
Қарға бизга вафот этганларимизни қандай дафн этишни ўргатмадими? Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди” (Моида сураси, 31-оят).
*****
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا وَكَانَ يَأْمُرُ أَهْلَهُ بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ وَكَانَ عِنْدَ رَبِّهِ مَرْضِيًّا
«Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди. У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди» деган. (Марям сураси, 54-55-оятлар)
Ким нубувват хислатларидан бир хислатни олишни (хислатга эга бўлишни) истаса, аҳлини намозга буюрсин.
*****
Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши «Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман» деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини унутиши керак.
*****
Одамларнинг тадбирларидан безовта бўлма! Улар нари борса Аллоҳнинг сен ҳақингдаги иродасини амалга оширадилар, холос.
*****
Ҳаётдаги энг катта мусибат ўлим эмас. Чунки, ўлим ҳаёт қонуни. Лекин энг катта мусибат — ўзинг тирик бўла туриб, қалбингда Аллоҳдан бўлган қўрқувнинг ўлишидир.
*****
Уммийлик (саводсизлик, ўқиш-ёзишни ўрганмаганлик) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун айб деб гумон қилишдан эҳтиёт бўл. Саводсизлик бошқалар учун айб бўлса-да, у зот алайҳиссалом учун бу шарафдир. Чунки, уммий сўзининг маъноси “Онасидан туғилган кунидагидек соф фитратда бўлиб, бирор кишидан илм ўрганмаган” деганидир. Шундай! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халқдан илм ўрганмадилар. У зот алайҳиссалом Холиқдан таълим олдилар. Натижада, у зот алайҳиссаломнинг илмларининг мартабаси халқларнинг илмининг мартабасидан устун бўлди.
*****
Агар мусулмонлар орасида битта фақирни кўрсанг, билгинки, ўша ерда унинг ҳаққини ўғирлаган битта бой бор.
*****
Қилган ҳар бир ишингга надомат қилмасликни хоҳласанг, барча ишни Аллоҳ учун қил!
*****
Агар Аллоҳ сендан кетишини кутмаган нарсангни олиб қўйса, тезда сенга келишини кутмаган нарсангни беради.
*****
Шундай кун келадики, юзингда биргина табассум пайдо бўлиши учун ўзини фидо қиладиган, ўзини бахшида қиладиган инсонни топасан. Шундай экан, қалбинг эшикларини қулфлаб олма! Чунки, қалбинг эшикларини чертувчиларнинг ҳаммаси ҳам уни жароҳатлашни ният қилмавермайди!
*****
Эй инсонлар! Қаттиқ оғриқ пайдо бўлганда табибнинг олдига борилади. Лекин жоҳилликдан кўра қаттиқроқ оғриқ, гуноҳлардан кўра жирканчроқ касаллик, ўлимдан кўра хавфлироқ хавф йўқ.
*****
Агар берганингдан кўра олганингда кўпроқ ҳурсанд бўлсанг, демак, сен дунё аҳлидан экансан.
Агар олганингдан кўра берганингда кўпроқ ҳурсанд бўлсанг, демак, сен охират аҳлидан экансан.
*****
Ўлим ўз ҳақиқатида яхшиликдир. Агар ўлаётганлар яхши инсонлар бўлишса, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофот уларга тезлаштирилади. Агар ўлаётганлар ёмон кимсалар бўлишса, Аллоҳ таоло юртлар ва бандаларини улардан қутқаради.
*****
Саҳобалардан бири шундай деган: “Агар биз масжидга кирсак, дунё ишини поябзалларимиз билан бирга ташқарида қолдирардик”.
*****
Фурсатни қўлдан бермайлик!
Фарзандингизга бошқа биров Фотиҳа сурасини сиздан олдин ёдлатиб қўйишига имкон берманг. Ахир у умр бўйи ушбу сурани тиловат қилиб намоз ўқийди.
(Н.Ҳ. Яъни бир умр ўқиладиган сурани бошқа киши ёдлатиб, бир умрлик савобдан қуруқ қолманг!)
*****
ҲАҚНИ АЙТА ОЛМАСАНГ, У ҲОЛДА БОТИЛГА ҚАРСАК ЧАЛМА!
*****
Аллоҳга, сизга бирор нарса бериши учун ибодат қилманг, балки, Аллоҳга, сиздан рози бўлиши учун ибодат қилинг. Агар рози бўлса, неъматлари билан сизни ҳайрон қолдиради.
*****
Баъзи одамлар “Мусо алайҳиссаломнинг давридаги Фиръавн ким эди?”, “Зулқарнайн ким эди?” каби саволлар билан ўзларини машғул қиладилар. Биз уларга айтамиз: “Сизлар ҳеч нарсанинг тагига ета олмайсизлар. Чунки, қиссани ҳикоя қилишдан мақсад муайян шахс эмас, балки қиссадан олинадиган ҳикмат, ибрат эканини билишимиз учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло бизга шахсларни баён қилмай, қиссанинг ўзини ҳикоя қилди”.
*****
Албатта, дин гапириладиган сўз ва амал қилинадиган сулукдир. Агар сўз сулукдан ажратилса, даъват зое бўлади.
*****
«Агар ҳақ билан ҳақ ўртасидаги курашни кўрсанг, бундай курашнинг топилиши асло мумкин эмас. Чунки, ҳақ биттадир! Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш узоққа чўзилмайди! Чунки, ботил доим йўқ бўлувчи, енгилувчидир».
*****
Эй Аллоҳ! Мени уч нарсадан узоқлаштирма:
- Намозимдан.
- Ота-онамнинг розилигидан.
- Яхши кўрганимдан.
*****
Асарда шундай келган: “Ҳақиқий олим уни яратган Зотни танийдиган ва нима учун яратганини биладиган кишидир”.
*****
Ризқ фойдаланиладиган нарсадир, қўлга киритиладиган нарса эмас. Гоҳида сен кўп молни қўлга киритишинг мумкин, лекин ундан инфоқ қилмайсан, ундан фойдаланмайсан. Шунинг учун у сенинг ризқинг ҳисобланмайди. У мол бошқаларнинг ризқидир. Сен унинг қўриқчиси бўласан, холос. То уни соҳибларига (меросхўрларга) етказгунингча ундан бир чақа ҳам инфоқ қилмайсан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи “Молим, молим” дейди. Эй Одам боласи! Сенга молингдан фақатгина еб, тугатганинг, кийиб, эскитганинг ёки садақа қилиб, сарф қилганинг ас қотади” деганлар.
*****
Агар сенга нисбатан ҳасад қилувчилар бўлмаса, билгингки, сен муваффақиятсиз инсон экансан!
(Н.Ҳ. Яъни инсонлар фақат муваффақиятли, иши юришиб турган кишиларгагина ҳасад қилишади. Ҳеч ким омадсиз, иши юришмаган, муваффақиятсизликка учраган кишига ҳасад қилмайди. Агар кимдир сенга ҳасад қилаётган бўлса, демак, сенинг муваффақиятингга ҳасад қилаётган бўлади.)
Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Ҳошимжон
Узр сўраганни кечиринг, Аллоҳ ҳам сизни кечиради!
– Абу Барза Асламий айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг, – дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.
– Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда ётган тиконнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиконни олиб ташлайман, бир мусулмон одамга зарар бермасин”, деди. Шунда унинг гуноҳлари мағфират қилинди”, дедилар.
– Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд ва У зотга истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Қуйида ҳадиси шарифларда келтирилган ўзи кичик ва осон аммо савоби улуғ бўлган амаллар билан танишинг:
– Кимки қилмишига пушаймон бўлиб, узр сўраган одамни кечириб юборса, унинг хатоларини ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни кечиради.
– Манзилни сўраганга йўл кўрсатиш ҳам яхшиликдир.
– Дўзахдан яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам сақланинглар! Агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз ширин сўз билан сақланинг.
– Ҳалол касбдан чарчаб ухлаган одам гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди.
– Касал кўргани борувчи одам гўё жаннат боғида юргандек бўлади.
– Кимки дуоларим ижобат бўлсин, ташвишларим бошимдан арисин деса, камбағаллар ҳолидан хабар олсин.
– Кимки кўзи ожиз одамни қирқ қадам етаклаган бўлса, унинг жаннатга кириши муқаррардир.
– Садақа сув оловни ўчирганидек хатони (гуноҳни) ўчиради.
Саидаброр Умаров
ЎМИ матбуот хизмати
Савол: Ота онамга оқ бўлдимми?
Ҳурматли устозлар, кўпинча ота-онамга овозимни баланд қилиб гапираман. Базида фикримга қарши чиқишса ёки менга танбеҳ барсалар қўполлик ҳам қиламан. Мен ота-онамга оқ бўлдимми?
Ушбу саволга тўлиқ жавоб олишни истасангиз, оқпадарликнинг кўринишлари ва унинг салбий оқибатлари ҳамда муолажаси ҳақида билмоқчи бўлсангиз унда Muslim.uz ижодкорлари томонидан тақдим этиладиган янги лойиҳа #Танбеҳ рукни орқали "Оқпадарлик оқибатлари" туркум ҳикояларни кузатиб боринг. Зеро, бугун ота-онанинг фарзанд устидаги ҳақларини бироз унутиш каби ҳолатлар учраб туради. Аллоҳ таоло биз бандаларга хитоб қилиб Ўз Каломида шундай марҳамат қилади: "Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик" (Аҳқоф сураси, 15). Тақдим қилинадиган ҳикоялар мазкур ояти каримадаги амри Илоҳийга итоат қилмаганларнинг топган оқибатлари ҳақидадир.
Ҳикоялар Заҳириддин МАНСУР таржима қилган Иброҳим Ҳозимийнинг "Оқпадарлик оқибатлари" китоби асосида тайёрланади.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин!
БААда Қурбон ҳайити муносабати билан амнистия эълон қилинди
Бирлашган Араб Амирликларида яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан юзлаб маҳкумна нисбатан амнистия қўлланди.
WAM агентлигининг хабар беришича, мамлакат президенти Халифа ибн Зайд ал-Наҳайён бу борада тегишли фармонга имзо чеккан.
Амнистия доирасида турли жиноятлар бўйича айбланган 669 нафар маҳкум кечирилади, БАА президенти уларнинг қарзлари ва жарималарини тўлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Қурбон ҳайитининг биринчи куни 11 августга тўғри келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун ҳожилар Мино водийсига йўл оладилар
Бугун, 8 август куни, юртимиз ҳожилари белгиланган тартибда, муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Мино водийсига чиқиб кетадилар. Шу муносабат билан, 7 август куни «Ҳаж-2019» мавсуми ишчи гуруҳи Макка шаҳридаги «Аброжул ҳидоя» меҳмонхонасида гуруҳ раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Мино, Арафот, Муздалифада амалга ошириладиган ташкилий ишлар, бажариладиган амаллар тартиби бўйича келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, бугун юртимиз ҳожилари таматту ҳажини ният қилиб эҳром боғлаб, «Лаббайка»ни айтиб Мино сари йўл олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати