muslimuz

muslimuz

 

Африканинг марказида жойлашган Чад давлати қадимий маданият ўчоғи­дир. Бу диёр ўзига хос чўллари, воҳала­ри ва кенг яйловлари билан кишилар эъти­борини тортади. Иқлими иссиқ ва ёғингарчилик деярли кузатилмайди.

Бу ўлка этник гуруҳлар, тиллар ва анъаналар маркази бўлиб, бой маданий хилма-хилликка эга. Аҳолисининг олтмиш фоизи мусулмон. Чад халқи самимий ва меҳмондўстдир.

Ислом динининг бу диёрга кириб келиши саҳоба Уқба ибн Нофий розияллоҳу анҳу номи билан боғлиқ. У халифа Умар розияллоҳу анҳу ҳукмронлиги даврида Ливия, Тунис, Жазоир ва Марокаш каби мамлакатларни фатҳ қилган. Унинг авлодлари ҳозир ҳам Чадда истиқомат қилади.

Бу диёрда Исломнинг кенг тарқалишига IX асрда Шимолий Африкадан келган араб ва бербер (Африка қабиласи) савдогарлари сабабчи бўлган. Кейинчалик Канем-Борну империяси минтақага Исломнинг ёйилишида муҳим роль ўйнади.

Чадликлар тижорат мақсадида турли мусулмон мамлакатларида бўлиб, у ернинг яшаш тарзи, маданияти, зироатчилиги, савдо-сотиқ, дин ишларини ва бошқа илмларни эгаллашга киришдилар.

Чадликлар одатда ота-она, фарзандлар ва бир нечта яқин қариндошлари билан биргаликда яшайдилар. Уларнинг урфига кўра, оилада барча масъулият ўғил фарзанд бўйнида. У оиланинг шаъни ва хавфсизлигига жавобгар саналади.

Чорвачилик чадликларнинг асосий даромад манбаидир. Уларнинг уй-жойлари асосан чодирлар ва қамишлардан ясалади. Бу бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчишда қулайдир. Мамлакатнинг жанубий қисмида аҳоли деҳқончилик билан машғул. Унумдор ерлар асосан воҳаларда жойлашгани боис бу ер аҳолиси ўтроқлашган.

Шунингдек, чадликлар тажрибали савдогардир. Улар Марказий Африка мамлакатлари билан чорва моллари, мева, сабзавотлар ва қимматбаҳо тошлар савдосини кенг йўлга қўйган.

Жанубдаги оилалар одатда яқин қарин­дошлари – опа-сингиллари ва ака-укалари билан битта том остида яшайдилар. Уйлар шунга яраша катта қилиб бунёд этилади. Ҳар бир оила аъзосининг шахсий хонаси бўлади. Қизиғи, катталар бир дастурхон атрофига йиғилмайдилар. Эркаклар ва аёллар алоҳида овқатланишади.

Чадликлар миллий анъаналарни ва удумларни эъзозловчи халқ. Шимолий минтақаларда диний маросимлар тўлиқ адо этилади. Жанубдаги баъзи қабилалар суҳбатдошнинг кўзига қарашни одобсизлик деб билишади. Овқатни доим ўнг қўл билан ейдилар. Чап қўлда овқатланиш уят ҳисобланади. Меҳмонларга совға улашиш улар учун одатга айланган.

Мамлакат бўйлаб бой маданий мерос ва диний услубларни уйғунлаштирган кўплаб иншооту масжидларда бежирим ишланган наққошлик асарларини кўриш мумкин. Чад пойтахти Нжамена шаҳридаги “Буюк масжид” шаҳарнинг бош жомесидир.

Чадда диний ва дунёвий таълим берувчи мактаблар ҳамда араб тилини ўрганиш марказлари бор. Бу таълим муассасалари керакли билимларни ва миллий-маданий қадриятларни асраб-авайлашда, уларни келажак авлодга етказишда муҳим аҳа­мият касб этади.

Шоҳрух УБАЙДУЛЛАЕВ

Ҳижрий 1445 йилнинг бошидан буён Масжид ан-Набавий кутубхонасига 157 319 дан ортиқ зиёратчи, талаба ва ислом илми тадқиқотчилари ташриф буюрган. Бу ҳақда “IQNA” Саудия Арабистони ахборот агентлигига таяниб маълум қилди.

Бу кутубхона ислом илмлари бўйича талабалар ва тадқиқотчилар учун энг муҳим маълумот марказларидан биридир.

Масжид ан-Набавий кутубхонаси турли фанларга оид 176 300 дан ортиқ ном ва хорижий тиллардаги 2 992 китобга эга бўлиб, дин ва диний фанлар бўйича кўплаб китобхонларни қабул қилади.

Масжид ан-Набавий кутубхонаси Мадинадаги Пайғамбаримиз масжиди қошидаги оммавий кутубхона бўлиб, Мадина вақфлар ишлари мудири таклифи билан ҳижрий 1352 (1933) йилда ташкил этилган. Кутубхонада Ар-Равда аш-Шарифанинг китоблари бор эди, уларнинг баъзилари кутубхона ташкил этилган кундан ҳам қадийроқ саналади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Вторник, 25 Июнь 2024 00:00

Икки буюк неъмат

Бизга кўп нарса ўз-ўзидан бўлиб қолаётгандек туюлаверади. Гўё тинчлик,  осудалик ҳам ўз маромидадек. Лекин бу икки неъматнинг бардавом бўлиши ҳаммага боғлиқ. Ирмоқлар қўшилиб сой, сойлар қўшилиб дарё ва денгиз бўлгани сингари ҳар ким ўз уйини асраши, маҳалласи осудалигига ҳисса қўшиши натижасида бутун юртнинг тинчлиги таъминланади, аслида.

 Бугун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бўка тумани "Тошлоқ"  масжидига ташриф буюрди.

Жамоат билан учрашиб,  дилдан суҳбатлашган Жасурбек домла уларга "Тинчлик ва осудаликни таъминлаш - савоби улуғ амал" мавзусида мавъиза қилиб берди.

 Масжидда намозхонларга яратилган шарт-шароит кўздан кечирилди. Зарур тавсиялар берилди.

 Хайрли дуолар билан ташриф ниҳоясига етди.

 Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Понедельник, 24 Июнь 2024 00:00

Ҳаёт-мамот масаласи

Илгари болалар эсини танигунча алла эшитарди. Аллада гўзал туйғулар куйланади. Ўзимиз гувоҳмиз, алла эшитиб катта бўлган бола ҳар жиҳатдан тўкис улғаяди. Алланинг ўзига хос жозиба, таровати бўлиб, мурғакнинг қалбига яхшиликни сингдиради.

Афсуски, бугун болаларга алла айтиш ўрнига қўл телефон, телевизор пультини бериб қўйяпмиз. Бундан фарзандларимиз ҳам азият чекяпти.

Болага икки-уч ёшидаёқ қисқа-қисқа ибратли ҳикояларни ўқиб бериш – кони фойда. Уни ўқишга, илм олишга, теран фикрлашга ўргатади. Ота-боболаримиз, момоларимиз шундай қилишган. Энди-чи, тўғриси, оиладаги мутолаа удумидан узоқлашиб кетдик. Аммо сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти янада равнақ топмоқда. Китоб ўқиган шарафланмоқда, рағбатлантирилмоқда. Масалан, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон”, “Энг китобхон оила” каби кўрик-танловлар ўтказиляпти. Энг билимдон ёшларимизга эса қимматбаҳо буюмлар ва ҳатто автомобиль совға қилинмоқда.

Албатта, ота-оналаримиз болаларнинг таълим-тарбияси билан янада қаттиқроқ шу­ғулланишлари шарт. Баъзан ойнаи жаҳонда кўриб қоламан, ёш йигитлар турли безорилик­лар, жиноятлар қилишмоқда. Уларнинг қа­биҳ ишларга қўл уришига нима сабаб бўлмоқ­да? Албатта, тарбия масаласига жиддий эъти­бор қаратмаётганимиз туфайли шундай бўлмоқ­да. Бежиз Абдулла Авлоний бобомиз: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳа­локат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, дея таъкидламаган.

Агар фарзандга мурғаклик давриданоқ ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишдек халқимизнинг минг йиллик қадриятларини қулоғига қуйиб борса, албатта, яхши инсон бўлиб улғаяди.

Ўз ўрнида фарзанд катта бўлгач, ота-онаси олдида ҳам бир талай бурч ва вазифалари бўлади. Уларни астойдил адо этиш фарзандни саодатга етаклайди. Жумладан, ўғил-қиз ота-онасига умрбўйи яхшилик қилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: «Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга “Тубо” бўлади, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади» (Имом Абу Яъло ва Имом Табароний ривояти).

Ҳадисдаги “тубо” сўзини уламолар жаннат ва яхшилик маъноларида деганлар. Яъни ота-онасига яхшилик қилган фарзанд охиратда жаннат билан мукофотланади. Бундай солиҳ фарзанднинг умри баракага тўлади.

Айниқса, ота-она кексалик ёшига етганида, уларга яхшилик қилиш динимизда муҳим амаллардан саналади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «“Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин”. “Ким (нинг бурни ерга ишқалсин), эй Аллоҳнинг Расули?” дейилди. У зот: “Кекса ота-онасининг бири ёки ҳар иккаласи (билан бирга яшаш бахти)га эришган, сўнгра жаннатга кирмаган кимса(нинг бурни ерга ишқалсин), дедилар» (Имом Муслим ривояти)

Фарзанд ота-онасини улуғлаш, уларга итоат этиш, дуоларини олиб юришдек буюк бахтдан маҳрум бўлмаслиги зарур. Бу ҳурмат ва эҳтиром уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азиз ва мукаррам қилади. 

Матлуба ҳожи она ОЧИЛОВА

Шу кунларда Россия Федерацияси Свердловск вилояти мусулмонлари диний бошқармаси “Марказий муфтийлик” қароргоҳида муфтий Абдулқуддус Ашарин бошчилигидаги Урал мусулмонларининг Ўзбекистон Республикаси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади “IslamNews”.

  Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация вакилларидан Ўзбекистон Республикаси мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири ўринбосари Иброҳим Иномов, Андижон вилоятидаги “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон Тожибоев, Россия Федерацияси, Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консули вазифасини бажарувчиси Самандар Юлдашев ва Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги консули Улуғбек Ҳаллаков мазкур йиғилишда қатнашдилар. Йиғилишда мезбонлар томонидан Свердловск вилояти Халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг 1-халқаро бўлими этно-иқтисодий алоқалар ва конфессиявий муносабатлар бош мутахассиси Павел Кох ва Свердловск вилояти ички сиёсат бошқармасининг экстремизмнинг олдини олиш бўйича ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Иван Падерин иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Урал мусулмонларига салом ва дуоларини етказишди. Ўзбекистон имом-хатиблари делегациясининг Урал мусулмонлари диний идораси таклифига биноан диндошларига ёт ғоялар ташвиқотига қарши профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича Екатеринбургга ташрифи билан бошланган бугунги ҳамкорликдан мамнунлигини билдирди.

Муфтий Абдулқуддус Ашарин меҳмонлар учун Марказий муфтийлик қароргоҳи бўйлаб ташриф уюштирди ва Екатеринбургда марказий жоме масжиди қурилиши режалари ҳақида сўзлаб берди.

 Томонлар Ўзбекистондаги қадамжоларга сафар қилиш орқали зиёрат туризмини ривожлантириш, Ўзбекистон ва Урал мусулмонлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма таълим тадбирлари бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати.

Страница 1 из 264
Top