Қуръони карим

Қуръони карим – маънавиятимиз асоси

 30 январь – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кунга бағишланади 

 Қуръони карим – маънавиятимиз асоси

Мустақиллик туфайли миллатимизга насиб этган улуғ неъматлардан бири динга, жумладан ислом динига ҳамда унинг асосий манбаси Қуръони каримни ўрганишга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгариши бўлди.

“Қуръони каримни яхши билган киши бу илоҳий китобда инсонпарварлик, тинчлик, осойишталик ва бошқа динларга муроса билан қараш тарғиб қилинишини жуда яхши билади”, – деб таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов.

Шунингдек, давлатимизнинг илк асосчиси айтиб ўтганларидек: “Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Халқимизнинг маънавиятини шакллантиришга, ҳар қайси инсоннинг Аллоҳ марҳамат қилган бу ҳаётда тўғри йўл танлаши, умрнинг мазмунини англаши, авваламбор, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида унинг таъсирини бошқа ҳеч қандай куч билан қиёслаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, динимизнинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”.

Ҳеч шубҳа йўқки, юқорида таъкидланганидек, ўзбек халқининг яхши фазилатларга эга бўлишида ислом дини ва унинг асосий манбаси бўлган Қуръони карим беқиёс аҳамият касб этади.

Мустақилликдан аввал юртимизда диний таълим-тарбия сустлашиб, унинг ўрнига халқимиз онгига даҳрийлик эътиқодини зўрлик билан сингдириш сиёсати йўлга қўйилди. Натижада ўзбек халқи маънавий жиҳатдан заифлашди. Бир неча авлод диний билимлардан бебаҳра қолди. Миллий маънавиятимиз ва қадриятларимиз ўз асосларидан тамомила узилди. Бунинг замирида бир томондан тарихимизни сохталаштириш, иккинчи томондан диний саводсизлик ва буюк алломаларимизнинг улкан илмий меросидан бехабарлик, кейинчалик эса баъзи-бир ёшларнинг турли диний-сиёсий оқимларнинг енгил ўлжасига айланиб қолиш ҳолати юзага келди. Албатта, ўтган асрларда ҳам турли фирқа ва оқимлар томонидан муқаддас ислом динини ўзларининг ғаразли ниятлари тарафига буриб, нотўғри талқин қилиш ҳаракатлари бўлган. Аммо аҳолининг энг зарур диний билимларга эга эканлиги ҳамда уламоларимизнинг мазкур оқимларга ўз вақтида далил-ҳужжатларга таянган ҳолда асосли зарба бериб туришлари халқимизни диндаги бузғунчилар таъсиридан сақлаб қолди. Бу борада буюк алломаларимиз имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий ва бошқа уламоларимизнинг қилган улкан ишлари фикримизнинг яққол далилидир.

“Таассуфки, – деб ёзади ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида Ислом Каримов, – баъзан Ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар, аввало, муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса, маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз даркор”.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда дунёнинг турли бурчакларида диний экстремистик гуруҳлар пайдо бўлиб, улар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш, мусулмонларнинг онги ва тушунчасини чалкаштириш мақсадида Қуръони карим оятлари ҳамда Ҳадиси шариф маъноларини ўз фойда ва хоҳишларига буриб, айниқса, Қуръони карим оятларини ўз раъйларича тафсир қилиш билан шуғулланмоқдалар. Бунинг таъсирида Қуръони карим илмидан жиддий хабари бўлмаган баъзи ёшлар орасида ундай ғаламисларнинг бузуқ мақсадларини англамасдан, уларни катта олим деб ҳисоблаб, тўғри йўлдан адашиш ҳоллари юзага келмоқда. Шунинг учун Қуръони карим оятларининг мазмунини изчил ва чуқур ўрганиш, бу илмга улкан ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик буюк муфассир олимларимизнинг ўлмас асарлари устида тадқиқотлар олиб бориш айнан Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов бизга кўрсатиб берган энг тўғри йўл бўлиб қолади. Зеро бундай буюк зотнинг порлоқ хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Илоҳим жойингиз жаннатда бўлсин!                 

                                                                                             Аброр АЛИМОВ, 

Тошкент шаҳар 

 “Қатортол” жоме масжиди имом-хатиби

7903 марта ўқилди
Top