Қуръони карим

Қуръони карим тиловатида тартил

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Тиловатдаги тартил борасида Аллоҳ таоло:

"ورتل القرآن ترتيلا"

"Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил",деган. (Муззаммил сураси 4-оят.).

Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ва оятнинг маъноларини тадаббур қилишга имкон бўладиган ҳолатда ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

سُئِلَ أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ ، كَيْفَ كَانَتْ قِرَاءَةُ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ؟ قَالَ : كَانَتْ مَدًّا ، ثُمَّ قَرَأَ (بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ) يَمُدُّ بِبِسْمِ اللهِ وَيَمُدُّ الرَّحْمَنَ وَيَمُدُّ الرَّحِيمَ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб «бисмиллаҳ»ни чўзиб, «ар-Роҳман»ни чўзиб, «ар-Роҳийм»ни чўзиб қироат қилди». (Сунан суғро лил имам Аҳмад Бйҳақий 994-ҳадис.).

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони Каримни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб саҳобаларга ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеъинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони Карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.

Демак, Қуръони Карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса, устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади.

Устозлар ушбу ривоятда васф қилинаётгандек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ўхшаб аниқ қилиб ўргатмоқлари керак.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ الله يُقَطِّعُ قِرَاءَتَهُ يَقُولُ الْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ثُمَّ يَقِفُ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ ثُمَّ يَقِفُ وَكَانَ يَقْرَؤُهَا مَلِكِ يَوْمِ الدِّينِ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатларини узиб-узиб қилар эдилар. «Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн» деб, сўнгра тўхтар эдилар. «Ар-Роҳманир роҳийм» деб, сўнгра тўхтар эдилар. Кейин «Малики явмидийн» деб, қироат қилар эдилар». (Термизий Шамоил Муҳаммадийя 307-ҳадис.).

Шарҳ: Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ ёдлаган ҳамда бошқаларга устозлик қилган зотлардан эдилар. У киши бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидаги бир хусусиятни, ҳар бир оятнинг охирида тўхташларини баён қилмоқдалар.

Бу ҳақдаги барча далилларни ўрганиб чиққан уламолар, ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилиш мандубдир, деганлар.

عن عبد الله بن عمروعن النبي صلى الله عليه و سلم قال يقال لصاحب القرآن أقرا وارتق ورتل كما كنت ترتل في الدنيا فإن منزلتك عند آخر آية تقرأ بها

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». (Сунан Термизий 3914-ҳадис.).

Имом Шофеий: тартилнинг энг ози тиловатда шошилишни тарк этишдур деганлар.

Ёдда сақланг!

Тажвид илми қуйидагиардан иборат:

1-         Чўзиш ҳарфларини табиий миқдоридан ортиқча чўзиш

2-         Ғунналарни чўзиш

3-         Сакта (нафас олмай бир оз тўхтаб сўнгра давом эттириш)

4-         Танғим (овозни гўзал қилиш)

Табиий савол туғиълади тажвид китобларидаги булардан бошқа қоидаларчи? Улар нима?

Жаваб: Улар соф араб тилининг асл қоидаларидур. Соф араб тилида у қоидаларга амал қилинган ва ҳозирда ҳам амал қилинади. Юқоридаги 4 қоида Аллоҳнинг каломига хос бўлган қоидалардур.

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

12671 марта ўқилди
Мавзулар
Top