Қуръони карим

“Қуръонни овозингиз билан безанг”

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деб марҳамат қилдилар» (Абу Довуд ва Насаий ривояти).

Қуръони каримни чиройли овоз билан безаш масаласи олимлар ўртасида турли фикрларга сабаб бўлган. “Қуръоннинг чиройли овозга эҳтиёжи йўқ”, деган тушунчадагилар ҳадис аслида: “Овозингизни Қуръон билан безанг” маъносида бўлгани, бироқ ривоят асносида сўзлар ўрни алмашиб қолганини айтади. Уларга кўра, Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг абадий мўъжизалари бўлмиш Қуръон ҳеч кимнинг чиройли овозига муҳтож эмас. У ҳар жиҳатдан гўзал ва мукаммал, биз унинг қироати билан овозимизни гўзаллаштиришга муҳтожмиз.

Аммо кўпчилик уламолар бу фикрга қўшилмайди. Ибн Дай­ба таъкидлаганидек, ҳадисда келган “Қуръон” сўзидан мақсад унинг тиловатидир. Демак, ўткир хотира ва хушовоз ила Қуръони карим тиловатини гўзаллаштириш кераклигини анг­лаш зарур. Зеро, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни кучайтиради. Демак, ҳадисдан тиловатда имкон қадар овозни чиройли қилишга уриниш кераклиги тушунилади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим, Қуръони каримни чиройли ўқийман деб уни тағаннийга (оҳангга солиш, қўшиқ­қа ўхшатиш) айлантириш ҳам ярамайди. Уламолар тиловатда тажвид қоидаларидан четга чиқиб, тағаннийга йўл қўйишни макруҳ дейишган. Бундай тиловатни эшитганлар ҳам қарши чиқишлари, хатолигини тушунтиришлари лозим. Каломуллоҳ ҳар жиҳатдан ўзгача; унинг тиловатида ҳам бу ўзига хосликни асраш, турли қўшиқ ва байту ғазаллар оҳангига ўхшатмаслик керак. Мулла Али Қори “Мирқот” китобида қўшиқ каби оҳангга солиб тиловат қилиш ҳаромлиги, эшитганлар ҳам гуноҳкор бўлишига доир фатво берган. Унинг чек қўйилиши вожиб бўлган энг ёмон бидъатлардан эканини таъкидлаган. 

Али Қори ушбу ҳадис шарҳида шу маънода ворид бўлган бошқа ҳадисларни ҳам келтиради: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради” (Насаий ва Ҳоким); “Чиройли овоз Қуръон зийнатидир” (Табароний); “Ҳар нарсанинг безаги бор, Қуръоннинг безаги чиройли овоздир” (Абдурраззоқ).

Юқоридаги ривоятларни зикр қилгач, Али Қори айтади: “Бу ерда Қуръонни овоз билан гўзаллаштиришга амр бор. Қуръон­нинг овоз билан гўзаллашиши тажрибада тасдиқланган ҳақиқат. Шундай экан, бу ҳол ҳадисда сўзлар ўрни алмашиб қолган, деган даъвони рад қилади”.

Али Қори фикрининг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга айтган ушбу сўзларини келтиради: “Сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган. Кеча кечқурун сени тинглаётганимни бир кўрсайдинг. Ҳақиқатан, сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган”.

Хулоса, муҳими Қуръонни ўқиш. Тартил билан ўқиб, қироатни бе­заш мустаҳаб эканига бутун уламолар иттифоқ қилишган. Тағанний ва лаҳн билан ўқиш хусусида эса ихтилоф бор. Жумҳур уламо бунинг жоиз эмаслигини, чунки мазкур ҳолатда хушуъ йўқолишини айтганлар.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

6771 марта ўқилди
Top