Қуръони карим

Қуръон забт этган қалблар: Мансур ибн Амморнинг қироати

Абу Саъийд Жуъфий айтади: “Мансур (Ироқ аҳлининг воизи)нинг бундай деганини эшитдим:

“Куфада эдим. Бир куни кечаси тонг отди деб ўйлаб ташқарига чиққандим, қарасам, ҳали тонг отмаган экан. Тонг отишини кутиб уйларнинг эшиги олдида ўтирдим. Шу пайт эшик ортидан бир кишининг Робб азза ва жаллага муножот қилаётганини эшитиб қолдим. У ўз муножотида “Роббим! Иззатингга ва Жалолингга қасамки, маъсиятим билан Сенга хилоф қилишни ирода қилмадим. Лекин гуноҳ қилганимда, жоҳиллигим сабабли қилдим. Уқубутингдан қўрқаман. Гуноҳ қилганим назар солиб турганингни енгил санаганимдан эмас, балки, жоҳиллигимдан, нафсимнинг ёмонлигидан, гуноҳни чиройли кўрсатганидан. Агар арқонинг мендан узилса, кимнинг арқонига боғланаман? Эртага қиёмат куни ҳузурингда қандай тураман? Гуноҳкорларга “дўзахга киринглар” дейилиб, солиҳларга “Сиротдан ўтинглар, Жаннатга киринглар” дейилганда, гуноҳкорлар билан бирга дўзахга кираманми ёки солиҳлар билан бирга Сиротдан ўтиб Жаннатга кираманми? Ҳолимга вой бўлсин, ёшим катта бўлгани сайин гуноҳларим ҳам кўпайди. Ҳолимга вой бўлсин, умрим узайгани сайин маъсиятларим ҳам зиёда бўлди. Неча марта тавба қилдиму, яна неча марта гуноҳга қайтдим? Роббимдан ҳаё қилиш вақти келмадими?!” дер эди. Эшикка яқин келдим-да, баланд овозда: 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят) оятини ўқидим.

Ичкаридан ўша одамнинг қаттиқ изтиробга тушганини эшитдим. Ўзимча: “У киши ҳалиям ўша ҳолатда” деб ўйладим-да, йўлимда давом этдим.

Тонг отгач, ўша ҳовли ёнига келдим. Қарасам, ҳовли ёнида жанозага ҳозирлик кўриляпти. Бир кекса хотин ҳовлига кириб-чиқиб турибди. “Эй онахон, бу кимнинг жанозаси?” деб сўрадим. Аёл: “Мендан нари кет! Ярамни янгилама!” деди. Мен унга: “Онахон, мен бир мусофир одамман. Сиздан самимий маънода сўраяпман” дедим. Шунда аёл: “Агар мусофир бўлмаганингда, жаноза кимникилигини айтмасдим. Бу менинг ўғлим. Шу кечаси бир одам уйимиз ёнидан ўтаётиб, бир оятни тиловат қилибди. Унда дўзахнинг зикри бор экан. Ўғлим ўша оятни эшитиб, қаттиқ изтиробга тушиб, шу ҳолда вафот этибди” деб жавоб берди. Шунда мен: “Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиш мана шундай бўлади” дедим”.

Бу қиссани Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ “Сифатус софва” номли асарларида зикр қилганлар.

 

Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли

асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

7992 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қай бири қадимийроқ? Қуръони каримдан дуолар »
Top