Қуръони карим

Ниятни тўғри қилиш

Қуръон ёд олишдан мақсад дунё матоларини қўлга киритиш, мансаб-мартабага етиш, яқинлари орасида эътиборга сазовор бўлиш, инсонлар ичида мақтовга эришиш, уларнинг назарларини ўзига қаратиш ёки шу каби нарсалар бўлмаслиги лозим.

Гарчи арзимас, кичик нарсаларни бўлса ҳам устоз шогирдлари тарафидан маблағ, хизмат каби манфаатларни таъма қилмаслиги керак. Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 مَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَن كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِن نَّصِيبٍ

 Кимки, охират кунини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки, дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унингучун охиратда насиба (савоб) бўлмас. (Шўро сураси, 20-оят.)

 Яна бошқа бир оятда шундай дейилади:

 

من كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاء لِمَن نُّرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلاهَا مَذْمُومًا مَّدْحُورًا

 Кимки нақд (дунё)ни истаса, Биз (шу дунёда) Ўзимиз истаган кимсаларга хоҳлаганимизча нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (охиратда) унга жаҳаннамни хор ва зор бўлган ҳолида куядиган жой қилиб берурмиз. (Исро сураси, 18-оят.)

 وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم :مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللَّهِ ، لا يَتَعَلَّمُهُ إِلا لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا ، لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الْجَنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رواه أبو داود بإسناد صحيح

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳнинг розилиги исталадиган илмни фақат дунё матоларидан бирор матога эришиш учун ўрганса, қиёмат кунида жаннатнинг ҳидини (ҳам) топа олмайди.” (Саҳиҳ иснод билан Абу Довуд ривоят қилган.)

 

وروي عن أنسوحذيفة وكعب بن مالك رضي الله عنهم أن رسول الله صلي الله عليه وسلم قال:مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ أَوْ يُكَاثِرَ بِهِ الْعُلَمَاءَ أَوْ يَصْرِفَ وُجُوْهَ النَّاسِ إِلَيْهِ فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّاِر. رواه الترمذي من رواية كعب بن مالك وقال أدخله النار

 Анас, Ҳузайфа ва Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмни эси пастлар билан баҳслашиш, уламоларга фахр қилиш ёки инсонларнинг назарини ўзига жалб қилиш учун ўрганса, у инсон ўз ўрнини жаҳаннамдан тайёрласин”, деб марҳамат қилдилар. Термизий Каъб ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда “Аллоҳ уни дўзаҳга киргизади” дейилади.

 Қуръони каримни тиловат қилиш ва уни ёд олишдан аввал ниятни тўғри қилиш, у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини исташ оят ва ҳадисларда баён қилинган. Шунда ушбу тиловат савоб ва ажрга боис бўлади, албатта.

 Жалолиддин Ҳамроқулов

8755 марта ўқилди
Top