Қуръони карим

Мусҳаф эҳтироми

Барча мусулмонлар мусҳафни асраш ва унга эҳтиром кўрсатиш вожиблигига ижмо қилишган. Уламолар айтадилар: “Агар бир мусулмон Қуръонни ахлатга ташласа, Аллоҳ асрасин, кофир бўлади”, деганлар. Шунингдек, уни ёстиқ қилиб ётиш ҳаромдир. Нафақат Қуръони каримни, балки бошқа мўътабар манбаларни ҳам ёстиқ қилиб ётиш мумкин эмас.

 

Агар бир киши олдига Мусҳаф келтирилса, уни эҳтиром қилиб ўрнидан туриши мустаҳабдир. Зеро, уламолар ва солиҳ зотларни ҳурматлаб, ўрнидан туриш мустаҳабдир. Қуръон эса, улардан кўра ҳурматга лойиқроқдир.

 

Имом Доримийнинг “Муснад”ида Ибн Абу Мулайкадан саҳиҳ иснод билан ривоят қилинади: “Икрима ибн Абу Жаҳл[1] (розияллоҳу анҳу) Қуръонни юзига қўяр ва: “Раббимнинг Китоби, Раббимнинг Китоби”, дер эди”.

 

Йиртилиб, ўқишга яроқсиз бўлиб қолган Қуръон варақларини латтага ўраб, одамни дафн эткандек чуқур ковлаб, кўмиш лозим. Баъзи уламолар ёқишга ҳам рухсат бор деб, Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг Қуръонни кўчиртириб бўлгач, қолган барча оят битилган саҳифаларни ёндиришга буйруқ берганини далил келтиришади.

 



[1] Икрима ибн Абу Жаҳл Амр ибн Ҳишом ибн Муғийра Қураший, Махзумий. У ҳам отаси каби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салламга адовати қаттиқ кишилардан эди. Макка фатҳ бўлган йили Исломни қабул этиб, Мадинага ҳижрат қилди. Кейинроқ муртадлар урушида қатнашди. Мусулмонларнинг қўмондонларидан бири бўлган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида Ажнодийн куни шаҳид кетди. Бир ривоятда Умар (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик вақтида Ярмук куни ўлдирилган, дейилади.      

 

 

7384 марта ўқилди
Top