muslim.uz

muslim.uz

The Jakarta Post нашрининг маълум қилишича муқаддас Рамазон ойида Индонезия президенти Жоко Видодо жаҳонда ислом тамаддуни маркази бўлиши кўзда тутилган янги давлат университетининг қурилишини бошлаб берди.

Университетни ташкил этишдан мақсад сифатида Индонезияда ислом динини янада ривожлантириш, кўпқиррали, бағрикенг ва мулоқотга очиқ бўлган динни кенг ёйиш экани айтилган.

Ушбу университетни қуриш бўйича қарор мамлакат президенти томонидан 2016 йилда имзоланган эди. Индонезия халқаро ислом университети (UIII)нинг қурилиши президент томонидан биринчи ғишт қўйилиши билан расман бошланган.

Индонезия дин ишлари бўйича вазири Луқмон Ҳаким Сайфиддиннинг айтишича, мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Индонезия ислом оламида етакчиликни қўлга киритишни мақсад қилган.

Маълумотларга кўра, университет қурилиши учун 142 гектар ер майдони ажратилган. Давлат томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул сарфланиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2022 йилда тугалланиши айтилмоқда.

Университетда таълим фақат магистратура ва докторантура босқичларидан иборат бўлиши, бакалавр босқичидаги талабалар таълим олиши бошқа масканларда бўлиши айтилган.

Таълим етти йўналишда бўлиши айтилган. Улар ислом фанлари, гуманитар фанлар, педагогика, ислом иқтисодиёти, табиий фанлар, технология, архитектура ва санъат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан мамлакатимизда йирик Ислом академияси ва Халқаро ислом академияси ташкил этилган. Бу эса ислом оламида Ўзбекистон ўрнини мустаҳкамлаш учун муҳим омил ҳисобланади.



ЎМИ Матбуот хизмати

Германиянинг Берлин шаҳрида жойлашган Ислом санъати музейи кўпчилик мухлисларнинг таклифига кўра ўз экспонатларини онлайн тарзда кўриш имкониятини беришни режалаштирди. Бу ҳақда "islamosfera.ru" сайти хабар берди.

Пергамон музейи ўзининг 11 мингдан ортиқ тарихий ашёсини онлайн кўриш имкониятини яратди. Ушбу музейда Эрон, Иордания, Туркия, Сурия, Покистон, Ироқ ва бошқа мусулмон мамлакатларидан келтирилган экспонатлар сақланади.

Музейдаги "Алеппо хонаси" деб номланувчи экспонатла Сурия ўтмишига оид осори атиқалар сақланмоқда.

Маълумот учун, Берлиндаги ислом санъати музейига 1904 йилда фон Боде томонидан асос солинган.



ЎМИ Матбуот хизмати

Воскресенье, 10 Июнь 2018 00:00

Мусо ва солиҳ банда қиссаси

Қуръони каримда кўп қисса, битик,

Ҳикматга лиммо-лим, умматга ютуқ.

 

Бир ибрат келмишдир Каҳф сурасида,

Бани исроиллик Мусо ҳақида.

 

Сўйлаб бергайдурман солсангиз қулоқ,

Ҳикоя тарзида бошдан то оёқ.

 

Мусо пайғамбардан хутба чоғинда

Сўрдилар: «Ким эрур билимли банда?»

 

Ўйламай «мен» дея бердилар жавоб,

Бунинг-чун Аллоҳдан эшитди итоб:

 

«Икки денгиз туташ бўлган маконда,

Учрагай сендан-да билимли банда».

 

Деди: «Эй Аллоҳим, қайдан топаман?

Ахир бу борада ожиз бандаман».

 

Деди: «Бир саватга балиқ соласан,

Йўқотган чоғингда уни топасан».

 

Хизматкор Юшаъга берди-ю фармон,

Икковлон йўл олди денгизга томон.

 

Турдилар, юрдилар, қушдек елдилар,

Охири манзилга етиб келдилар.

 

Унутиб қўйдилар саватни аниқ,

Денгизга тушди-ю, йўқолди балиқ.

 

Сал юргач, оч қолди, ҳолдан ҳам толди,

Ёнбошлаб озгина мизғиб ҳам олди.

 

Ходимга буюрди: «Тушликни келтир,

Роса чарчадик-ку, ўзинг ҳам ўтир».

 

Йигит узрин айтди: «Кечиринг, эсиз,

Бундай бўлишини билмабман ҳаргиз.

 

Унутибман, харсанг узра қолибди,

Ажабо, денгизда йўл ҳам солибди».

 

Балиқ йўқолмоғи Аллоҳдан эди,

Мусо ул йигитга жилмайиб деди:

 

«Қўявер, бўлмагин ҳадеб пушаймон,

Биз истаган нарса шу эди, инон».

 

Қайтиб бориб дарҳол кўрдилар анда,

Яшилга бурканган солиҳ бир банда.

 

Юзида ой балқир, кўзида қуёш,

Тик боқишга юрак беролмас бардош.

 

«Сенга ўргатилган рушддан ўргатгин»,

Дея ўтирдилар ёнига секин.

 

Деди: «Сенинг сабринг етмайди бунга,

Уламоқ керакдир кунларни тунга.

 

Ғайб илми гўёки туби йўқ уммон,

Ундан инжу термоқ аниқ даргумон».

 

Деди: «Иншоаллоҳ, сабр этгаймен,

Бу ила муродга аниқ етгаймен».

 

Деди: «Унда битта шартим бор сенга,

Неки кўрсанг, савол бермайсан менга».

 

Шартга рози бўлиб, юрдилар равон,

Кемага чиқишди тўламай товон.

 

Ярим йўлга етгач, ўрнидан турди,

Болтани олди-ю, бурчакка юрди.

 

Катта бир тахтани ўйиб ташлади,

Бу амал Мусонинг кўнглин ғашлади.

 

Сўрдики: «Ё тавба, бу нима одат?

Чўкиб кетамиз-ку, бу ишинг ғалат!»

 

Деди: «Ахир менга ваъда қилгандинг,

Сабринг йўқлигини бошдан билгандим».

 

Деди: «Унутибман, кечиргин бир бор,

Дўстингни жазога тортмагин зинҳор».

 

Ҳамроҳ этмоқликка зўрға кўндирди,

Аммо бир амали қалбин синдирди.

 

Чунки ёш болани ўлдириб қўйди,

Мусо қотилликни гуноҳга йўйди.

 

Деди: «Ўлдирдинг-ку, бегуноҳ жонни!

Сўроғи қаттиқдир тўкилган қоннинг».

 

Деди: «Иккинчи бор ваъдангни буздинг,

Бу билан ҳамроҳлик риштасин уздинг».

 

Деди: «Бундан кейин берсам гар савол,

Не чора кўрсанг ҳам олмайман малол.

 

Охирги марта ҳам кечиргин мени,

Ваъдамда турмасдан қийнадим сени».

 

Икковлон сафарда этдилар давом,

Бир шаҳар аҳлидан сўрдилар таом.

 

Уларни зиёфат қилмади ҳеч ким,

Меҳмоннинг ҳурматин билмади ҳеч ким.

 

Юриб кетар экан ноумид бўлиб,

Қорин оч, тинка йўқ, кўзга чанг тўлиб,

 

Йиқилай деб турган деворни кўрди,

Билакни шимариб, турғизиб қўйди.

 

Деди: «Золимларнинг ғамини единг,

Хоҳласанг, бунинг-чун ҳақ олар эдинг».

 

Деди: «Ажрашмасак бўлмайди энди,

Сенда тоқатсизлик учқуни ёнди.

 

Энди айтиб берай, эшит бирма-бир,

Ўртамизда бошқа қолмасин ҳеч сир.

 

Мискинга тегишли кема эрди ул,

Тешмасам бўлмасди, боисидир бул:

 

Дарёнинг ортида бир подшоҳ бўлиб,

Барча кемаларни оларди тортиб.

 

Нуқсонли кемани ким ҳам оларди?

Мискиннинг кемаси омон қоларди.

 

Болани ўлдирдим, сабаби аён:

Ота-онасига қиларди туғён.

 

Чунки алар мўмин-мусулмон эрди,

Бу ишим уларга омонлик берди.

 

Унинг бадалига солиҳ, меҳрибон

Фарзандлар бермоқни хоҳлади Раҳмон.

 

Икки етимники эди ул девор,

Аларнинг отаси ўтган тақводор.

 

Тагига хазина жойланган эди,

Биров кўрмасин деб лойланган эди.

 

Яна қанчадир вақт шундай турар деб,

Вояга етишгач, шояд кўрар деб,

 

Раббинг у деворни тиклатди менга,

Бу ишнинг боиси ҳикматдир сенга.

 

Буларнинг барчаси хайрли йўлдир,

Неки кўрган бўлсанг, таъвили шулдир».

 

Ҳадиси шарифда берилган дарак,

Ўша солиҳ банда Хизрдир бешак.

 

Илоҳо, кўпайсин билимли банда,

Олимлар иззатда, нодон – шарманда.

 

Қуръон қиссалари ҳикматга бисёр,

Аллоҳ барчамизга бўлсин мададкор!

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти Ҳадиси шариф фани мударриси

 

 

 

 

 

Жонон Қоратой қовун-тарвузга уруш очди, қуртлаган мевага ишорат қилди

Ички касалликлар ва кардиология мутахассиси профессор, доктор Жонон Қоратой Рамазон ҳайити муносабати билан тайёрланадиган ширинликлар ҳақида гапирар экан, ёз меваларидан қайси бирида қурт бўлса, ўша мевани ейишни тавсия қилди. 

“Байрамда ширинлик ўрнига писта, ёнғоқ, енг”

Рамазон ҳайити тўғрисида сўз юритган Қоратой, жумладан, бундай деди: Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайитининг яна бир номи “Ширинлик байрами”дир. Ҳозирданоқ байрамга атаб ширинликлар пишириш бошланди.

Ҳар бир кишига байрамни яхши ўтказишини тилайман. Аммо ширинлик емаслигинигизни истайман. Чунки унда соғлиққа жиддий зарар етказадиган жўхори сиропи бор. Жўхори сиропи таркибидаги шакар оқ шакардан кўра ҳужайраларимизни етти баробар кўп бузади, жигаримизни ёғлантиради. Агар семиз бўлсангиз, қон босимингиз бўлса, қанд касаллигингиз бўлса, шакар қўшилган ҳеч нарса емаслигингизни маслаҳат бераман.

Бизда албатта байрамда ширинлик улашилади, бу – азалий анъанамиз. Аммо икром этди – емасак айб бўлади, дейиш бўлмайди. Зеро, ҳар ким ўз соғлиги учун ўзи қайғуришга мажбур. Рамазон байрамида ширинлик ўрнига писта, ёнғоқ икром этсинлар. Анжир, ўрик қоқи ва данакли майиз соғликка фойдали ширинликлардир. Болаларга ҳам ширинлик тарқатиш ўрнига ана шуларни берсинлар. Шакар – энг ширин заҳардир. Байрамимизни заҳарламайлик.

“Энг фойдали мева қуртлаган олма”

Ёзда турли-туман мевалар пишиб қолади. Тарвузни пишлоққа қўшиб еюувчилар ҳам бўлади... мевасиз куни ўтмайдиганларга нима дейсиз?

Мен тарвуз парҳези нима эканини билмайман. Аммо тарвуз, қовун триглицерид деган хатарли ёғларни кўпайтиради, қонда сийдик кислотасини оширади. Бу гапларни ҳаводан олиб гапирмаяпман, беморларнинг аҳволидан келиб-чиқиб айтяпман. Аммо, албатта, қуртлаган олма енг, қишлоқ хўжалик кимёси заҳарларига тўйинган меваларни еманг дейман. Қовун, тарвузнинг суви шакардир.  Қанд касалингиз бўлса,  ички касаллигингиз бўлса. бу касалликларингиз янада кучаяди ва жигарингиз, қорнингиз, томоғингиз, ҳамма жойингизни ёғлантирасиз. Энг фойдали мева қурт тушган олма ва зайтундир.

Мевасиз кун ўтмайди-ку ёзда... гилос, қулупнай...шундайми?..  

Хорижда эълон қилинган бир мақолада кичик ёшданоқ семириб кетиш боланинг ўқишига ва ҳофизасининг бузилишига сабаб бўлади, дейилади. Вақти-вақти билан есангиз бўлади уларни. 1950 йилда Америкада мевалар устидан тадқиқот ўтказилганда бир дона олмада 4,5 миллиграм темир моддаси борлиги аён бўлган эди. Аммо айни тадқиқот 1998 йилда ўтказилганда 26 та олма еганда 0.18 миллиграм темир олиниши маълум бўлди. Ўшандан бери яна йигирма йил ўтди – олма таркибида бугун қанча темир моддаси қолди – Худо билади уни. Бугун мева еган одам фақат фруктоза билан озиқланади ва бутун касалликларнинг сабабчиси шу ўзи. Шунинг учун еманг демоқдаман. Емасангиз нима бўлади?.. Қуртни топсангиз ейсиз мевани. Фруктоза қоринда ёнғин содир қилади. Бундан ташқари унинг таркибида қишлоқ хўжалик кимёсининг заҳарлари бор... Жами касалликларнинг манбаси ана ўша кимёвий дорилардир: юрак, аутизм, паркинсон, алтсгемер хасталиклари бошланади. Бунинг ортида инсулин баландлиги ётади. Ун ва нон ҳам шуларнинг сирасига киради.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.

 

 

بسم الله الرحمن الرحيم

САВДОДАГИ ҲАЛОЛЛИК – БАРАКА КАЛИТИ

Муҳтарам жамоат! Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабаталарда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чақиради. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат  қилган:

وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا

яъни: “Аллоҳ савдони  ҳалол, рибони ҳаром  қилди” (Бақара сураси, 275 оят).

Баъзи кишилар савдони рибога ўхшатар эдилар, Аллоҳ таоло уларнинг бу ўхшатишини рад қилиб айтадики, савдо сотиқ ҳалолдир, рибо эса ҳаромдир. Аллоҳ садақаларни кўпайтиради, рибони йўқотади.

 Бошқа оятда эса:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (سورة النساء:29 آية).

яъни: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

Ояти каримадаги “Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!” дегани фақат ейиш эмас, балки, молни мутлақ ноҳақ йўллар билан олишдир.

“ноҳақ (йўллар)”, деганда эса шариъатда мумкин бўлмаган ишлар: рибо, қимор, пора, зўрлик билан тортиб олиш, ўғирлик, хиёнат, зулм ва шу кабилар назарда тутилган.

Оятда “Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно.”, дейилди, ўзаро розилик асосидаги тижорат билан молларни тасарруф қилиш мумкин. Чунки мусулмон биродари чин кўнгилдан бермаса, унинг молини олиб, тасарруф қилиб бўлмайди.

Бу ўринда ризқ сабаблари кўп бўлсада фақат тижорат зикр қилинган. Чунки у энг кўп учрайдиган фаолият тури бўлиб, бошқа касблар ҳам унга боғлиқдир.

Муҳтарам азизлар! Маълумки, ислом бир нарсани ҳаром қилса, унинг муқобилига ҳалол нарсани ҳам тақдим қилган. Масалан зинони ҳаром қилди, никоҳни ҳалол қилди. Рибони ҳаром қилди, тижоратни ҳалол қилди. Агар тижоратчи тўғри йўлни тутса, бу касб ниҳоятда пок ва шарафли касбдир.

Бу ҳақида ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган:

عنْ أبي سَعِيدٍ رضي الله عنه عنِ النبيّ صلى الله عليه وسلم قَالَ "التّاجِرُ الصّدُوقُ الأمِينُ، مَعَ النّبِيّينَ والصّدّيِقينَ والشّهَداءِ" (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). 

Мусулмон киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши керак. Яъни, тижорат билан шуғулланаётган ёки энди иш бошламоқчи бўлган киши тижорат илмини диққат билан ўрганиши керак. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тижоратчилардан тижорат илмини билишни талаб қилардилар.

Ислом тижоратчига фойда олишни мубоҳ қилди. Фойдани чегаралаб ҳам қўймади, фақат тижоратчи, одамларга зарари тегадиган ишлар: ихтикор (одамлар ва ҳайвонларга зарар етказадиган даражада товарларни босиб қўйиш), нархни жуда ошириб юбориш ва савдодаги алдов каби ишлардан сақланиши керак. 

Гоҳида савдогар арзимаган пулларга виждонини сотаётгани, Аллоҳ таолонинг номига ёлғон қасам ичаётганини гувоҳи бўламиз. Бу билан у ўз шарафи ва динини йўқотади ва қуйидаги оятда зикри келганларга ўхшаб қолади.

أُولَئِكَ الَّذِينَ اشْتَرَوُا الْحَيَاةَ الدُّنْيَا بِالْآَخِرَةِ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمُ الْعَذَابُ وَلَا هُمْ يُنْصَرُونَ (سورة البقرة: 86  آية).

яъни: “Улар, ҳақиқатан, охират ўрнига (фоний) дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Шундай экан, уларга бериладиган азоб-уқубатлар енгиллаштирилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмагай (Бақара сураси,

86-оят).

Яна савдодаги энг ёмон иллатлардан бири тарозудан уришдир. Унинг гуноҳи катта эканига Қуръони каримда алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам  ёрқин далолат қилади.

وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ (1) الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُوا عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ (2) وَإِذَا كَالُوهُمْ أَوْ وَزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ (3) أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُمْ مَبْعُوثُونَ (4) لِيَوْمٍ عَظِيمٍ (5) يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ (6)

(سورة المطففين: الآية 1-6)

яъни: (Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми? Улуғ кунда (қиёматда) – Одамлар (бутун) оламлар парвардигори ҳузурида  (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифийн сураси, 1-6 оятлар)

Яна бир гуруҳ тижоратчилар бор, улар сифатсиз ва зарарли, таом, ичимлик ва товарларни халққа таклиф қиладилар ва зарар, мусибат келтирадилар. Улар ҳаром луқма (мол) еганнинг борар жойи дўзах эканини унутадилар. Зеро Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنه قَالَ: أَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْبَقِيعِ، فَقَالَ: "يَا مَعْشَرَ التُّجَّارِ" حَتَّى إِذَا اشْرَأَبُّوا، قَالَ: "إِنَّ التُّجَّارَ يُحْشَرُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فُجَّارًا إِلَّا مَنِ اتَّقَى، وَبَرَّ، وَصَدَقَ "(رواه الإمام الترمذي)

яъни: Баро Ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъга келдилар, “Эй, тожирлар жамоаси!”, дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда у зот: “Албатта, тужжорлар қиёмат кунида фожир бўлиб тириладилар, фақат ким Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амал қилса (эҳсон қилса) ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шариф тижорат шарафли касб бўлиш билан бирга ўта масъулиятли касб эканлигини билдириб турибди.

Тижоратда пул муомаласи кўп бўлганидан, тижоратчилар ичида шариъатимиз ман қилган рибо билан иш қилиш ҳам учраб туради. Аллоҳ таоло рибо тўғрисида Оли Имрон сурасида шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (سورة آل عمران: 130 آية).

яъни: “Эй имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли Имрон сураси, 130-оят).

Бундай рибонинг энг оддий кўриниши, бир киши иккинчисига қарз беради, вақтида қарзни уза олмаса, унга муддатни узайтиради ва шу муддат эвазига қўшимча пул олади. Мана шу зиёда олинган пул рибо бўлади ва кўпинча қарз берилган маблағдан бир неча баробар ортиб кетади.

Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам ҳам рибонинг ёмонлигидан, агар у кенг тарқалса, касофати ҳаммага уришиши ҳақида қайта – қайта огоҳлантирдилар.

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَا ظَهَرَ الرَّبَا وَالزِّنَا فِي قَوْمٍ إِلَّا أَحَلَّوْا بِأَنْفُسِهِمْ عِقَابَ اللهِ  عَزَّ وَجَلَّ" (رواه الإمام أحمد).

яъни: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:“Қайси қавмда рибо ва зино зоҳир (очиқ ойдин) бўлса, улар ўзларига Аллоҳ азза ва жалланинг азобини вожиб қилиб оладилар” (Имом Аҳмад ривояти).

 Шунинг учун тижорат аҳли ҳалолни маҳкам тутиши, ҳаромдан узоқ бўлиши, дунёдан кейин охират келиши, у ерда эса, қаердан топдинг, қаерга сарфладинг, деган савол бўлишини эсдан чиқармаслиги лозим. Қолаверса, ҳаром луқма ибодатлар ва дуоларнинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.

Тижорат аҳли, ўзларига Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламни ва саҳоба розияллоҳу анҳумларни намуна қилиб олишлари, уларнинг ичида тириклигидаёқ жаннат башорат қилинган Абдурроҳман ибн Авф каби беҳисоб мол-мулкка эга бўлган тижоратчилар ҳам бўлганлиги, лекин тижорат уларни Аллоҳнинг зикри ва ибодатидан тўсмаганлигини билишлари ҳам зарур.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида тижоратчиларнинг савдо-сотиқ жараёнидаги шариатимиз томонидан белгилаб берилган одоблари ва кўрсатмаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.

- Ростгўй бўлиш; Савдо молини ҳақиқий сифати, нави, жинси, тайёрланган жойи ва сарф-харажати ҳақидаги маълумотларда ёлғон ишлатмаслик даркор.

кенгфеъл ва саховатли бўлмоқ;

Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилиши, ўз навбатида харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмаслиги керак.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса бағрикенг бўлган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилган).

  • Савдога қасамни аралаштирмаслик;

Чунки Савдо пайтидаги ичилган қасам бараканинг кетишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

  • Садақани кўп қилиш.

Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларни ювилиши учун тижоратчи одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим.

Қайс ибн Fазара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Эй, савдогарлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас уни садақа ила аралаштиринглар, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар).

  • Молиявий муомалаларни ва қарзни ёзиб бориш ва гувоҳ келтириш.

Тижоратчи одам савдо шартномасини ва қарз олиш ёки бериш жараёнини қайд этиб бориши лозим. Бировга насияга муомала қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиши мақбул ишдир.

  • Фойда олишда ҳаддан ошмаслик.

Албатта, савдогар  ўз ишидан фойда кўриши лозим. Лекин устама нарх қўйишда ҳаддан ошмагани маъқул. Шариатда сотувчи молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилинмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган даражада ҳаддан зиёд қиммат қилиб сотиш ҳам жоиз эмас. Шунинг учун урфдаги қийматдан ортиқ баҳога сотмаслик лозим.

Аллоҳ таоло ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган, иқтисодий соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизга ўзи тавфиқ, куч қувват ато қилсин, қиёмат кунида ваъда қилинган улуғ ажрларни насиб қилсин. Омин!

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top