muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 12 Июнь 2018 00:00

Ҳайит шукуҳи

    Болалигим хотиралари

Эслайман. Ёш бола эдик. Опа-сингиллар, қўшни ҳамтенглар – ҳаммамиз болалик ўйинларининг бирортасини бегона қилмаганмиз. Ҳар бир байрамни-ку асти сўраманг. Бир-икки ҳафта олдин кийимлар олдириб, ёки онажонимизга тиктириб, ҳар куни камида 2-3 марта кўйлакларимизни кийиб кўриб, роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни пул, ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бошларида енгли желак бўларди,  уни қанд-қурсга тўлдириб келардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайити шеърларини мириқиб тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:

Моҳи Рамазон,

Азиз,  жонажон.

Сен келганинг он,

Қувонч бир жаҳон.

Йилда бир эмас,

Кўпроқ келсайдинг.

Бизга ёқишинг,

Кошки билсайдинг.

Моҳи Рамазон,

Азиз, жонажон.

Қурбон ҳайитига аталган мана бу шеър ҳам ҳамон ёдимда:

Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,

Дастурхони тўкин бу ийд.

Йўқловларинг яна бойит,

Юраклардан ғамни арит,

Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.

Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар халқ оғзаки ижодиданми ёки ўзларининг ижодлариданми билмадиму, бу мисралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.

Йиллар ўтди. Каттарганимда негадир бу байрамни нишонламай, сайлларга чиқмай қўйдик. Сабаби эса аён.

Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади. Илоҳим, менинг юрагимда яшаётган ҳайит шукуҳи энди фарзандларим, набираларим қалбида ўзининг баланд бўйини кўрсатсин.

                                                                                Зебо ОМОНОВА

Понедельник, 11 Июнь 2018 00:00

РАМАЗОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

РАМАЗОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

 

Халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 15 июнь жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги 5290-сонли Фармонига мувофиқ 2018 йил 15-17 июнь кунлари – Рамазон ҳайитининг биринчи уч куни байрам сифатида кенг нишонлансин.
 
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.
 
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
 
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
 




Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

  ЭСЛАТМА!   

Ҳижрий сана ҳисобида кеча кундуздан аввал келишини инобатга олсак, 27-кеча Рамазон ойининг 26 дан 27-куни ўтар кечасидир. Жорий милодий 2018 йил ҳисоби бўйича Қадр кечаси 11 июндан 12 июнга ўтар кечасига тўғри келади. Иншоаллоҳ. 

   “Лайлатул Қадр” – қандай кеча?  

Бу кеча – “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кечадир.

Бу кеча «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3).

1000 ой – 84 йилга тенг.

84 йил – 30000 кунга тенг.

Қадр кечасининг бир соати – 3780 кунга тенг.

Бу кечанинг бир дақиқаси – 63 кунга тенг. 

   “Лайлатул Қадр” кечаси қачон бўлади?   

Абул Олия (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Лайлатул қадр қачон бўлади?” деб сўради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар”, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадр кечаси борасида: “У 27 ёки 29-кечадир. ушбу кеча ерда фаришталар сони тошчалардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

   Бу кечанинг қандай аломатлари бор?   

Ибн Хузайма Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У очиқ ва иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, дедилар.

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил (алайҳиссалом) масканидан) ерга тушишади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилишади. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кечани қандай ўтказар эдилар?

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”, дедилар. 

   Бу кеча қандай амалларни адо этиш лозим?   

  1. Хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқинг.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, у туннинг биринчи ярмини қоим қилибди, ким бомдодни жамоат билан ўқиса, қолган қисмини ҳам қоим қилибди”, деганлар. Шунга кўра, қадр кечаларида ушбу икки намозни жамоат билан ўқишга астойдил ҳаракат қилиши даркор.

  1. Дуо қилинг.

 Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай”,  дедилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин, деб айтгин дедилар” (Имом Термизий).

  1. Нафл намоз ўқинг.

Бу намознинг энг ози икки ракат, ўртачаси 100 ракат, кўпи эса тоқат етгунича ўқилади. “Аллоҳ ризоси учун нафл намоз ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади.

1-ракатда бир марта Фотиҳа ва уч марта Қадр сураси ўқилади.

2-ракатда бир марта Фотиҳа, уч марта Ихлос сураси ўқилади. “Аттаҳиёту”, саловат ва дуолардан сўнг салом берилади.

3- ва 4-ракатлар ҳам айни шаклда ўқилади. 100 ракат ўқиладиган намоз ҳам худди шундай ўқилади.

Намоздан сўнг бир марта ташриқ такбири айтилади: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”. Сўнгра юз марта Қадр сураси, 100 марта “Алам нашрок...” сураси ўқилади. Бундан кейин эса “Қадр” дуоси 100 марта қайтарилади. 

   Бу кеча гуноҳлар мағфират қилинади?  

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар. 

Аллоҳ таоло бу ойда холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилсин. Ўзи дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи Зотдир.

   Дуоларингизда бизни ҳам унутманг.    

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Понедельник, 11 Июнь 2018 00:00

Нишолда

Нишолда миллий ширинлик бўлиб, одатда тўйларда, тантаналарда, ҳайит кунларида, рўза вақтларида тайёрланади.

Нишолда – ширинмия илдизи ва етмак эритмасининг қайнатмаси, тухум оқсилларидан олинган, саваланган кўпиксимон массани карамел шарбати билан аралаштириш йўли билан тайёрланган оқ тусдаги ярим суюқ шакар маҳсулотидир.

Тайёрлаш усули:

Ширинмия илдизи 3 – 4 порцияли сувда қайнитб пиширилади, ювилган ва тўғралган илдиз, сузиб олувчи қопқоқ билан жиҳозланган мисқозонда буғ билан иситилиб тўлдирилади. Қозоннинг тахминан 1/3 қисми ширинмия илдизи билан тўлдирилади. Қозонга вақти – вақти билан ширинмия илдизининг қайнатмаси солиб турилади. У иккинчи ва учинчи марта қайнатиб пиширилгандан кейин ҳосил бўлади. Тайёр қайнатма катта ёғоч тоғорага ёки бакка тўкилади. Сўнгра қайнатма тешиги 1 мм диаметрли тўрдан фильтрланади. Қозонда қолган илдизга яна сув қуйилиб, ўша шароитда 6 – 7 соат давомида қайнатиб пиширилади. Олинган иккиламчи қайнатма ичи керамика билан қопланган бошқа бакка қуйилади. Иккинчи ва учинчи қайнатишлардан кейин олинган қайнатмалар озроқ концентрацияли бўлади.
Учинчи ва тўртинчи марта қайнатиб пиширилгандан кейин, ҳар сафар ширинмия илдизи совуқ сувда совутилади ва олиб ташланади.

Иккинчи, учинчи ва тўртинчи марта қайнатиб пиширилиб, тўпланган қайнатма анча кучсиздир. Фильтрдан ўтказилган тайёр қайнатма лингуп билан ўралади.
Карамель шарбатини тайёрлаш учун идишга сув (1 кг шакарга 300 гр сув тўғри келиши ҳисобида) қуйилади ва шакар тўла эригунча мунтазам аралаштирилиб қизитилади, сўнгра лимон кислотаси (2/3 умумий миқдордан) қўшилади, шарбатни қайнаш ҳарорати +112 С га етгунча қайнатиб пиширилади. Тайёр шарбат элакдан ўтказилади ва ҳарорати +55 – 60 С гача совитилади.

Кўпиксимон массани тайёрлаш учун совитилган тухум оқсиллари 20 – 25 дақиқа давомида саваланади. Оқсиллар саваланаётган пайтида ширинмия илдизи ва желатин мунтазам қуйиб турилади ва савалаш яна 7 – 10 дақиқа то барқарор юмшоқ кўпик масса ҳосил бўлгунча саваланади. Сўнгра кўпиксимон массага карамель шарбати қуйилади ва савалаш тўхтатилмайди, ванилин ва кислота қўшилади, шарбат қўшилгандан кейин то бир хил юмшоқ масса олингунча савалаш 10 дақиқа давом эттирилади.
1 кг. нишолдани тайёрлаш учун 900 гр. шакар, 10-12 тухум оқсили, 1 гр. лимон кислотаси, 10 гр. ширинмия илдизининг қайнатмаси, 0,5 гр. желатин, 0,1 гр. ванилин зарур.

 

Бугун 11 Июнь, Муборак Рамазон ойининг ғанимат ўтиб бораётган 26-кунларидир. Бу кеча Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечаларидандир. Саҳиҳ ҳадис билан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлиги тоқ кунларидан изланлар”, дея марҳамат қилганлар. Тошкент шаҳридаги кўплаб жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 11.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

1. “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди.
(Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Янгиобод маҳалласи, Камолон кўчаси 7-уй. Тел.: +998 71 227 09 83, +97 450-74-67. Масжид расмий веб-сайти: www.kamolon.uz)
Масжид имом-хатиби: Раҳмонов Раҳимберди
Қорилар: Ғойибов Мақсуджон Ҳомидович, Нўмоновжонов Муҳиддин Раҳмонжонович, Муҳсинов Мўминжон Бахтиёр ўғли.

2. “Мирза Юсуф” жоме масжиди.
(Манзил: Юнусобод тумани, “Бодомзор” маҳалласи, Боғишамол кўчаси 98-уй. Тел. :+998 71 234 17 28, +94 666-25-80)
Масжид имом-хатиби: Сайфуддинов Раҳматуллоҳ
Қорилар: Ҳусанов Қодиржон Нематжонович, Сайфуддинов Абдуқодир Раҳматуллоҳ ўғли, Ҳамидов Садриддин Маҳмудхон ўғли.

3. “Алибек” жоме масжиди.
(Бектемир тумани, Ҳусайн Бойқаро кўчаси 1-уй. Тел. :+91 165-40-56)
Масжид имом-хатиби: Халилов Искандар
Қорилар: Норматов Нажмиддин Мерзақулович

4. “Маъруф ота” жоме масжиди.
(Сирғали тумани, Чоштепа 3-тор кўчаси, 3-а уй. Тел.: +998 71 287 60 65, +90 952-28-87)
Масжид имом-хатиби: Мўминов Нўмон
Қорилар: Зуфаров Қутбиддин Нуриллаевич

5. “Тинчлик” жоме масжиди.
(Манзил: Чилонзор тумани, ”Тинчлик” маҳалласи, И.Усмонов кўчаси 17-уй. Тел: +998 71 271 32 68, +93 504-91-92)
Масжид имом-хатиби: Шонеъматов Шукуржон
Қорилар: Туйғун Иброхим Жахонгир ўғли, Мухсимов Шоюсуф Шоахрор ўғли

6. “Имом Аъзам” жоме масжиди.
(Яшнобод тумани Висол кўчаси, 90А уй. Телефон: +998 71 283 00 48, +90 950-17-79.)
Масжид имом-хатиби: Абдусатторов Абдулазиз
Қорилар: Ходжаев Неъматулла Сатволдиевич, Шукруллаев Муҳаммадбобурхон, Абдувалиев Жалолиддин Абдувоҳид ўғли.

7. “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди.
(Манзил: Яшнобод тумани, Ахмад Яссавий маҳалласи, Ховос 1-тор кўчаси 49-уй. Телефон: +998 71 283 59 50, +93 565-12-05)
Масжид имом-хатиби: Хушвақтов Алимардон
Қорилар: Ҳусниддинов Зуҳриддин Нуриддин ўғли, Султонмаҳмудов Абдулмажид Абдурашид ўғли.

8. “Холид ибн Валид” (собиқ “Янгиобод”) жоме масжиди.
(Манзил: Яшнобод тумани, К.Худойбердиев маҳалласи Чилон ота кўчаси 17-уй. Тел: 298-24-14, +97 710-65-74, +90 998-80-65)
Масжид имом-хатиби: Дадашев Дониёр
Қорилар: Акбаров Имияминжон Иминжонович, Аброров Абдулбоқий Абдусамий ўғли, Аброров Абдулҳаким Абдували ўғли.

9. “Абу Ҳанифа” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, Ўрикзор маҳалласи, Зарафшон кўчаси,15-уй. Тел.:+998 71 274 66 61, +97 764-12-22)
Масжид имом-хатиби: Алихонов Муҳаммадамин
Қорилар: Рашидов Ахмадхон Хамидович, Халимбеков Анасхон Хайрулло ўғли, Хайитбоев Мухаммадали.

10. “Азиз ота” жоме масжиди.
(Учтепа тумани, Учтепа кўчаси 54-уй. Тел.:+998 71 247 76 16, +93 506-47-02 )
Масжид имом-хатиби: Болбеков Ботир
Қорилар: Исломов Баҳодир Абдуғаффор ўғли

11. “Яҳё қори” жоме масжиди.
(Шайхонтоҳур тумани, “Обиназир” маҳалласи, Шомаҳмудов кўчаси 50-уй. Тел.:+90 949-25-93)
Масжид имом-хатиби: Умуртоев Дилшодбек
Қорилар: Абдуллаев Абдулбосит Акбаржон ўғли, Қосим Абдулло Мирабзал ўғли, Тўлаганов Ҳожиакбар Баҳодир ўғли.

12. “Исматулло ҳожи” масжиди.
(Манзил: Олмазор тумани, “Истиқлол” маҳалласи, Тарих тор кўчаси 32-уй. Тел.: +99890 944-42-70)
Масжид имом-хатиби: Мирзакаримов Саидғаффор
Қорилар: Абдуллаев Шавқиддин Илҳомжон ўғли

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top