muslim.uz
Баракотли кеча
Аллоҳ таоло Духон сурасининг 1-6- оятларида шундай марҳамат қилади:
Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки,
албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз.
У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур.
(У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз.
Бу Раббингиз (томони)дан раҳматдир. Албатта, Унинг ўзи Эшитувчи ва Билувчидир.[1]
Имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Жумҳур уламоларнинг сўзларига кўра, ояти каримадаги муборак кечадан мурод Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.”[2] Ва: “Рамазон ойи Қуръон нозил қилинган ойдир.”[3] Сўзларига биноан Қадр кечасидир.” Сўнгра айтадилар: Қуръони карим бир жумлада лавҳул маҳфуздан дунё осмонига Қадр кечасида нозил қилган. Сўнгра унга эҳтиёж тушганида Жаброил алайҳиссалом уни Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлинган ҳолатида олиб тушган. Баъзилар, Қуръони каримни бўлинган ҳолда нозил қилиниши бошланиши Қадр кечасида бўлган дейдилар.
Муборак, унда тушадиган яхшилик ва барака ва дуонинг қабул бўлишидан иборат яхшилиги кўп маъносида. Агар бу кечанинг унда Қуръон бўлганидан бошқа фазилати бўлмаганида ҳам, баракотли эканлигига шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди.[4]
Шайхонтоҳур тумани
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби, ТИИ ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Духон сураси 1-6-оятлар.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[2] Қадр сураси 1-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[3] Бақара сураси 851-оят.Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.
[4] Имом Насафий. Тафсирун насафий 1109 б.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]
Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.
“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.
“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.
Шайхонтоҳур тумани
“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби, ТИИ ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)
[2] Имом Бухорий ривояти(1913)
[3] Имом Насаий ривояти(1641)
[4] Имом Бухорий ривояти(952)
Нигериядаги исломий мактабларда қулайлик яратилмоқда
Нигерия. Пайшанба тонгги. Мамлакатнинг аҳолиси кўплиги бўйича иккинчи ўринда турувчи ва Ғарбий Африканинг шимолий қисмидаги саноат шаҳри Кано.
Кўчаларда анъанавий ва рангин либослар кийган одамлар юрибди. Бўш кўчаларда эса уч ғилдиракли велосипед ишқибозлари мусобақа ўтказмоқда. Бир гуруҳ ёш йигитлар қўлида бир шиша сув билан кўча тирбандлигида рикша ва машина ҳайдовчиларидан деразаларини ювиб ҳақ олмоқчи бўлади. Улар тез пайдо бўлди. Бошқа болалар ҳар учраган эшикни тақиллатиб иш излаб юрибди. Бу болалар шаҳарнинг шарқий чеккасидаги Таҳфидул Қуръон мактабида ўқийдиган 250 ўқувчининг бир қисми, ҳозир улар уч соатлик танаффусда. Бир неча эшикни тақиллатгандан сўнг болаларнинг омади келди. Иккита аёл уларни иккига ажратиб ювилмаган идишлар ва косаларга ишора қилди. Тез ишга киришган болалар икки соат ичида идишларни ювиб бўлди. Хизмати эвазига нонушта учун қайнатилган гуруч олишди. 13 ёшли Муҳаммад Сагирунинг айтишича, у ўзининг ёзув тахтачасини ювилмаган идишлар орқасига беркитиб қўйган. “Баъзи одамлар бу аёл сингари бизга иш беради, сўнг бунинг эвазига овқат улашади”.
Сагирунинг ёнида пешонасини қошигача қалин сочлари қоплаган ва тер босиб, оғир нафас олаётган 15 ёшли Умар Муҳаммад ўтирибди. “Биз бу ишда тўрт йилдан буён ишлаймиз. Бугун нонушта олишимиздан жуда хурсандман”, дейди Умар табассум билан. “Биз баъзида бутун танаффусимизни иш ва овқат излашга сарфлаб юборамиз. Мактабга оч борган кунларимиз ҳам бўлган”, дейди Сагиру. Қолган ўқувчилар чивинларга тўлган чодирлар остида ёғоч рамкаларда Қуръон оятларини ўқиб ўтиришибди.
Аларамма Иса Сулаймон отасидан мерос қолган беш хонали интернат мактаби соҳиби. У бу мактабда 6 та ўқитувчи билан бирга ишлайди. “Мен ўқувчиларимнинг муаммоларни яхши биламан. Аммо биз уларни нонушта, тушлик ва кечки овқат билан таъминлашга қурбимиз етмайди. Биз нима ҳам қила олардик?” дейди у ўнг қўли билан бир томонда калтакланаётган ва бир томонда намоз ўқиётган болаларни кўрсатиб. “Улар ташқарига чиқиб кетишганда ҳар нарса бўлиши мумкин. 250дан ортиқ талабаларни таъминлашнинг иложи йўқ. Улар етарлича ухламайди ва овқатланмайди”, деди Сулаймон.
Ҳар бир талабанинг ота-онаси мактабга ҳар ойда 19 доллар тўлайди. Диний бўлмаган мактабларга қараганда анча арзон нарх бу. “Ота-оналарнинг аксарияти камбағал ва баъзан тўловларни тўлай олмайдилар. Уларнинг фарзандлари ҳайдаб юборилмайди. Аммо ҳукуматдан бизга ёрдам керак”, деди у баланд овозда.
Мактаб хоналарининг баъзилари каптархона, эчкихона бўлиб кетган. Ўқувчиларнинг устини ифлос қилмаслиги учун ўқувчиларни бошқа жойларга кўчиришга мажбур бўлишган. Ўқувчиларнинг ярми ташқарида ухлашади, чунки ичкарида ётадиган жой йўқ. Шафиу Муҳаммад синфдошлари ухлайдиган хона олдида турибди. У мактабга келганидан хурсанд, лекин ҳаёт стандартлари яхши бўлишини истайди. “Бу ерда ўқиш мен учун шараф ва бу имкониятни берган Аллоҳга миннатдорчилик билдираман. Биз орқа хонада ухлаймиз, аммо биз ухламаслигимиз керак, биз дуо қилишимиз керак”, дейди Шафиу орқасидаги хонани кўрсатиб. Шафиу бошқа талабалар сингари қўшни Жигава давлатидан келган. Унинг ота-онаси мактабнинг оғир шароитидан хабардор, лекин фарзанди таълим олаётганидан бахтиёр. “Ислом таълимоти уни ва бизни охиратда қутқаришига ишонаман”, дейди Шафиунинг отаси телефон орқали. “Унга жўнатишга пулим йўқ, лекин Аллоҳ таоло унга умид ва сабр беришини сўраб куну тун дуо қиламан”, деди 52 ёшли ота.
– Мамлакатдаги муаммоларни бартараф қилиш учун давлат буджетини охиригача сарф қилсак ҳам, муаммолар ҳал бўлмайди, – дейди губернатор ўринбосари Ҳафиз Абубакар. – Мамлакатда 14 мингдан ортиқ мактаб ва 3 миллионга яқин талаба бор. Кано – исломшунослик маркази. Шунинг учун бу ерга талабалар турли жойлардан ўқишга келишади. Имконият яратишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз.Кано Нигериянинг 9 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳри. Ҳукумат ёшларнинг ўқиш шароитини яхшилаш учун қўлидан келган барча ишларни қилаётир.
Сагиру ва Муҳаммад каби ўқишга меҳр қўйган талабалар шароит ёмон бўлса ҳам ўқишни ташлаб кетмайди. “Бу ерда ҳаёт кечириш осон эмас. Аммо биз Аллоҳ ва охират учун қийинчиликларга қарамай динимизни ўрганишда давом этамиз”, деди Сагиру.
Интернет манбалари асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Олмазор намунали туман бўлади
Юртимиздаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад – халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш ва одамларимизни рози қилишдан иборат. Ана шу улуғвор ният йўлида олиб борилаётан ишлар кўлами кундан-кун ортиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Намунали туман” дастурлари асосида туман ва қишлоқлар аҳолисининг ҳаётида янги саҳифалар очилмоқда. Эндиликда Тошкент шаҳри Олмазор туманини намунали туманлардан бирига айлантириш мақсад қилинди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов бошчилигидаги ишчи гуруҳлар аҳоли билан мулоқот қилиш, намозхонлар билан самимий суҳбатлар ўтказиш ниятида Олмазор туманида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари туман бош имом-хатиби Садриддин Абдурашидов, “Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов ҳамроҳлигида тумандаги жомеларга ташриф қилишди. Ташриф тумандаги “Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди қавми билан дилдан суҳбат қуриш билан бошланди.
Мўйсафид отахонларни муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойининг охирги даҳаси билан қутлаб, ибодату илтижолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билишга чақирдилар. Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларнинг қадрига етиш, муҳтарам Президентимиз ташкил этиб бераётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдириш, Парвардигорга ҳамду санолар айтиш, дуолар қилишимиз даркорлигини сўзладилар.
Муфтий ҳазрат Олмазор туманини намунали туманга айлантириш ташаббусини давлатимиз Раҳбари илгари сурганларини маълум қилиб, мазкур тумандаги масжидлар, зиёратгоҳлар ва табаррук масканларни обод этиш, аҳолининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида, диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар ушбу туманга сафарбар этилганини хабар қилдилар.
Учрашувда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг ташвишларини бартараф этиш, турли рўйхатлардан чиқарилган кишиларни жамиятга киришиб кетишларига кўмаклашишни давлатимиз Раҳбари бош вазифа қилиб қўйганини изоҳладилар. Ўз навбатида масжидлар қавмлари аъзолари ҳам ўзларининг бугунги кундаги ислоҳотларига доир фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди қавми аъзоси Миршоҳид ота Алимов муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатдан намозхонлар чексиз миннатдор экани, аҳолининг кайфияти жуда ҳам юқори бўлаётгани, айниқса, таровеҳ намозлари, Қуръон хатмларидан жуда ҳам мамнунлигини изҳор қилди. Миршоҳид ота сўзининг якунида ушбу хайрли ишларга бош бўлган муҳтарам Президентимиз, муфтий ҳазратлари ва барча мутасаддилар ҳаққига дуолар қилди.
Масжид имом-хатиби Саҳобиддин домла Сотимов масжидни обод этиш, намозхонларни аҳил-иноқлигини таъминлаш ва уларнинг илм-маърифатларини ошириш борасида жонбозлик кўрсатаётганини масжид қавми алоҳида таъкидладилар.
Навбатдаги ташриф тумандаги “Мирза Ғолиб” жоме масжидига бўлди. У ерда муфтий ҳазратлари намозхонлар билан бирга пешин намозини адо этиб, сўнг улар билан самимий суҳбат қурдилар.
Ҳазрат сўзларининг аввалида, жумладан бундай дедилар:
– Мана шундай саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз. Аллоҳга шукрки, ушбу шарофатли ой бу йил диёримизда жуда ҳам файзли, қутли-баракали бўлди. Икки мингдан ортиқ масжидларда таровеҳ намозлари, мингдан зиёд жомеларда Қуръон хатмлари адо этилди. Рамазон кечаларида мусулмонларимиз ушбу ойнинг зийнати бўлган таровеҳ намозларида иштирок қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойнинг кечаларини ибодат ила ўтказганларга хушхабарлар борлигини айтганлар. Хусусан, ҳадиси шарифларнинг бирида: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилинган.
Муфтий ҳазратлари сўзларини якунлагандан кейин масжид жамоасини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Суҳбатлар самимий руҳда, ниҳоятда файзли бўлди.
Олмазор туманига ташриф давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Туркия элчихонасида ифторлик ўтказилди
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Буни турли соҳа вакилларидан иборат бўлган делегацияларнинг алмашинувида кўриш мумкин.
Шу ҳафтада Туркия уламолари делегациясининг Самарқанд, Бухоро, Тошкентга ташрифи, диний соҳа вакиллари ўртасидаги учрашувлар бунинг яққол мисолидир.
Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан, 6 июнь куни Туркия Республикасининг Тошкент шаҳридаги элчихонасида Туркия элчиси томонидан ифторлик ташкил этилди. Ушбу ифторликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этдилар.
Бу сингари учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ривожига катта ҳисса қўшади.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.