muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 31-май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Май ойи – хатоба, нутқ маданияти ва воизлик санъати фан ойлиги” муносабати билан “ЭНГ НАМУНАЛИ ХАТИБ” мавзуида мусобақа бўлиб ўтди.

Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, устоз мураббийлари ва талабалари иштирок этдилар.

Мусобақа анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошлангандан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов тадбирни очиб бериб, иштирокчиларга омад ва муваффақият тиладилар.

Мусобақани олиб борувчи “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов домла талабалар хатоба-воизлик сирларини пухта ўзлаштириши уларнинг келажакда халққа диний илмларни етказишларида нақадар муҳим эканини қуйидагича таъкидлаб ўтди: “Имом-хатиб бевосита халқ мураббийси бўлгани учун унинг доимий аудиторияси халқ бўлади. Воиз қавмига етказмоқчи бўлган мақсадини ифода этишда уни ўзини тутиши, воизликнинг одобларига риоя этиши ҳамда халқ тилида содда тарзда нутқ қилиши тингловчилар эътиборини жалб қила олишда асосий омил эканини таъкидлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта, баён (сўзни тўғри ва гўзал ифода этиш)да сеҳр-жозиба бордир[1]”, деган ҳадиси шарифларини ҳаммага эслатиб ўтдилар.

Мусобақа қуйидаги шартлар асосида бўлиб ўтди:

Хатоба фанига оид назарий савол;
Жума ёки ийд намози хутбасини ёддан ўқиб бериш;
Таровеҳ намозлари тасбеҳларни ёддан ўқиб бериш.

Мусобақада иштирок этган талабаларнинг юқоридаги шартлар бўйича чиқишларини қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар:

Сайдалиев Мўминжон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси;
Рустамов Собиржон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси;
Неъматов Жаҳонгир домла–“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири;
Жангиров Муҳаммаджон домла–“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси.

Юқорида зикр қилинган шартлар бўйича:

3- босқич талабаси Халилов Шавкат 83 балл билан биринчи ўринни
2- босқич талабаси Мансуров Мусохон 79 балл билан иккинчи ўринни
1- босқич талабаси Ғаффоров Умарали 69 балл билан учинчи ўринни эгалладилар.

Мусобақа сўнгида институт ректори У.Ғафуров ташкил этилган мусобақа борасидаги ўзининг ижобий фикрларини билдириб, келгусида ташкил қилинажак мусобақалар бундан-да кўтаринки кайфиятда ўтишини тилаб қолди.

Ғолиб гуруҳлар институт раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 

“Диний фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Б.Азамов

Чоршанба куни Жанубий Африканинг янги президенти Кирил Рамафоса мусулмонларни мамлакат иқтисодиётига қўшган ҳиссалари учун мақтади. Бу ҳақда "Аzon" нашри хабар берди.

«Мусулмонлар аҳолининг атиги 1,6 фоизини ташкил қилса-да, улар 55 миллион одамнинг иқтисодига 10 фоиз ҳисса қўшганларини айтишим мумкин», деди у Кейп Таундаги ифторлик дастурхонида.

Рамафоса ўша куни кечқурун Мусулмонлар суд кенгашининг етакчилари билан биргаликда ибодат қилишди.

Шунингдек, мусулмонларнинг иқтисодиёт, ҳукумат, суд ва бизнесга доир ҳар бир йўналишдаги иштирокини таъкидлаб ўтди.

Рамафоса, шунингдек, жанубий африкалик мусулмонларни кам таъминланган оилаларга ихтиёрий равишда ёрдам беришини ҳам айтиб ўтди. У терроризмни қоралади ва Жанубий Африка террорчилар учун дам олиш жойи эмаслигини айтди.

"Юз йиллар олдин бўлгани каби Жанубий Африка Республикасида ҳеч қачон Ислом тақиқланмайди", деди Рамафоса.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик барчасоҳаларда ривожланмоқда. Икки мамлакатлар ўртасида делегациялар алмашуви бунга ёрқин мисолдир.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 1-6 июнь кунлари Юртимизга Туркия Республикасидан бир гуруҳ олимлар делеацияси ташриф буюриши режалаштирилган. Туркия делегацияси Самарқанд, Тошкент ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилишлари ҳамда ҳудудларда Диний идора вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Делегациянинг ташрифига доир қўшимча маълумотларни Muslim.uz порталида кузатинг.

ЎМИ Матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан пойтахтимизнинг барча шаҳар ва туманларида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

Ушбу ишчи гуруҳ ишида турли соҳа вакиллари қаторида имом-хатиблари ҳам фаол қатнашишди. Жумладан, “Коҳ ота бузрук” жоме масжиди ходимлари иштирокида Халқ билан мулоқот қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, махсус рўйхатдан чиқарилган, афв орқали озод этилган аҳоли вакиллари холидан хабар олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, муаммо ва таклифларини ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўн икки нафар мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ салкам бир ой давомида тумандаги 10 та маҳалланинг уч юздан ортиқ хонадонига бориб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилди, муаммоларини ўрганди.  

Ўрганишлар айрим ҳудудларда ёлғиз қариялар, ёш фарзандлари билан қолган оналар, ногиронлиги бўлган фуқароларга маҳалла раисларининг эътиборсизлигини кўрсатди. “Хадра”, “Гулбозор” маҳаллаларида кўплаб шикоятларга дуч келдик. Жумладан, “Хадра” маҳалласида яшовчи 72 ёшли онахон Ҳамида Қодированинг шикоятлари кишини таажжубга солади. Таъмирталаб уйда ёлғиз яшаётган бу кекса фуқаро маҳалла фаолларининг ҳатто кўмаги у ёқда турсин меҳр ва эътиборини ҳам дариғ тутаётганини куюниб гапирди. Ҳамида опа 25 йил давомида олий таълим тизимида меҳнат қилган экан. Эл-юртга хизмати синган шундай инсонларнинг эътибордан четда қолишига ҳудуд масъуллари парвосиз...

Иккинчи сектор ҳудудида касалманд, даволанишга муҳтожлиги бор-у, имконияти йўқ, ногирон, иш қидираётган, ичкиликка муккасидан кетган фуқаролар кўпчиликни ташкил этди.

Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга ҳам кириб, яшаш шароитларини ўнглаш бўйича маслаҳатлар берилди кичик тадбиркорлик лойиҳалари таклиф қилинди. Ўз мутахассислиги бўйича иш излаётганлар рўйхати бандликка кўмаклашиш марказига юборилди. Махсус рўйхатдан ўчирилган фуқароларга эса керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, бу каби ёрдамлар, маслаҳатларни ҳамма ҳам бирдай қабул қилаётгани йўқ. Айрим ишёқмас, доим ҳаётдан нолийдиган, “Гап десанг қоп-қоп, иш десанг – Аштархондан топ” қабилида иш тутувчи  одамлар, дангасаликка ўрганган, дунёқараши ўзгармаган кишилар ҳам борки, улар фақат баҳона излаш билан машғул. Гўё ҳамма нарсани давлат, одамлар бериши керагу, улар тайёрига айёр бўлиб, бошқалардан беками-кўст, тинчгина еб ўтириши зарур. Томорқасига кимдир келиб, ишлов бериши, деворини суваб қўйиши керакдек. Ёки кўп ишламасаю бинойидек ойлик олиб турадиган иш бўлса. Бундай кишилар корхона-ташкилотларнинг таклифларини ўйлаб ҳам кўрмайди. Чунки таклифни қабул қилиб қолгудек бўлса, кам таъминланганлар рўйхатидан чиқади, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақадан қуруқ қолади.

Динимиз фақирликдан қутилиш учун, аввало, касб-ҳунар эгаллаш, меҳнат қилиш, дангасаликдан қочишга тарғиб қилади. Юқорида таъкидланган салбий ҳолатларга давлат ва жамоат ташкилотлари, жамоатчилик эътибор қаратиши зарур. Агар бунинг олди олинмаса жамиятда тиланчилик, ўғрилик, фирибгарлик каби иллатлар кўпайиб, жиноятчилик ошиб бораверади.

Бутун дунёда амал қиладиган бозор иқтисодиётининг темир қонун-қоидалари ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Давримиз ҳар бир инсондан бирор-бир касб-ҳунар ёки тадбиркорлик билан шуғилланишни талаб қилмоқда.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга иш, имтиёзли кредит, хайриялар бериб турган бир пайтда уларни олмасдан кам таъминланган оила сифатида рўйхатда туришни афзал билиш, ҳалол меҳнатга интилмаслик, “давлат беряпти-ку”, дея боқиманда бўлиш текинхўрлик ва ишёқмасликдан бошқа нарса эмас. Ора-сирада гарчи расмий ишламаса ҳам, даромади бор, аммо уни давлатдан, элдан яширишга ҳаракат қиладиган, кам таъминланганлар рўйхатида тураверадиган кишилар ҳам учраб туради. Бу, албатта, ноинсофлик ва ўта ношукрликдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Агар шукр қилсангиз, албатта зиёда қилажакман. Ва агар куфрона қилсангиз, шубҳасизки, азобим қаттиқдир!” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кўп ҳолларда намоздан сўнг “Менга ялқовликдан паноҳ бер”, дея дуо қилар эканлар. Валий зотлар қўлидан иш келса, бировга юк бўлмасликка, одамларга қарамлик, боқимандаликдан қочишга чақирганлар.

Бозор иқтисодиётининг оддийгина бир қонунияти бор: ишлаган, ақлу заковат билан йўл тутган киши бойиб, иши юришиб кетаверади. Ва аксинча, бирор фаолият билан шуғилланмаган, қийинидан қочиб, осонига югурган, жонини койитгиси келмаган одамнинг эса бири ҳеч қачон икки бўлмайди. Зеро ҳаракат қилганнинг молига, касбига Аллоҳ барака беради. Боқимандалик, кишининг қўлидаги молига кўз тикиб, тайёрига айёр бўлишни иккиси ҳам гуноҳдир.

 

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги “Коҳ ота бузрук” жоме масжиди имом-хатиби

  • Қуръони каримни кўп ўқиш. Ўқиганда ҳам оятларнинг мазмунини тушунишга уриниб, уларда ифода этилган масалалар юзасидан кенг тафаккур юритиб ўқиш.
  • Нафл намозларини кўпроқ ўқишни одат қилиш.
  • “Мен кимман?” “Қаердан келдим ва қаёққа кетяпман?” “Аллоҳ таоло мендан нима истайди ва Унинг қошидаги бурчларим нималардан иборат?” деган саволлар устида кўп фикр юритиш
  • Ўтмишдаги яхши-ёмон амалларни тарози палласига қўйиш, шунингдек, ҳозирги ҳолатга ҳам боқиб келажак ҳақида ўйлаш.
  • Ҳар тунда йўл қўйган хатолар учун астойдил тавба қилиб, шу тунни умрнинг сўнгги туни сифатида тасаввур қилиш.
  • Имкон қадар кўпроқ зикр қилиш.
  • Нимадир сабаб бўлиб бирор мўминни ранжитиб қўйган бўлса, ундан дарҳол кечирим сўраб ярашиб олиш.
  • Жанжаллашиб қолганларни яраштириш ва ғамга ботганларга далда бериш.
  • Муҳтожларга садақа бериш, етимлар ва беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга яхши муносабатда бўлиб моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш.
  • Туғишганлар ва яқинларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам бериш.
  • Намозларни жамоат билан ўқиш
  • Ўтганларни хотирлаб, уларнинг ётган жойларини зиёрат қилиш.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top