muslim.uz
Таомланиш одоби
Ҳамма нарсанинг одоби бўлганидек, таом емоқнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Ана шу одобни ўрганиб, унга амал қилиш ғоят фойдали амалдир.
Таом ейиш шартлари:
- Таоми ҳалол бўлмоғи керак. Чунки дуо ва ибодатларнинг қабул бўлишига ҳалол луқма сабаб бўлади;
- Ризқни Аллоҳ таолодан деб билиш;
- Аллоҳ таоло тақсимотига рози бўлиш;
- Модомики, еган таомининг қуввати баданида бор экан гуноҳ иш қилмаслик.
Таом ейиш одоблари:
- Таом ейишдан олдин икки қўлини бўғимигача уч марта ювиш;
- Таомни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим” ни айтиб бошлаш;
- Таомни ўнг қўли билан ейиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар бирингиз ўнг қўли билан енг ва ўнг қўл билан ичинг ва ўнг қўл билан беринг. Чунки шайтон чап қўл билан ейди, чап қўл билан ичади ва чап қўл билан беради;
- Таом ейишни туз билан бошлаб, туз билан тугатмоқ;
- Нонни икки қўл билан синдирмоқ. Чунки нон улуғ неъматдир.
- Қўл билан ейиладиган таомни уч бармоқ, яьни, бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ ва ўрта бармоқ билан емоқ;
- Таомни ўз олдидан емоқ;
- Таом еган идишни яламоқ;
- Таом егандан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” демоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом таомдан сўнг ушбу дуони айтардилар: “Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жумласидан қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”;
- Таомдан сўнг иккала қўлини бўғимигача уч марта ювмоқ;
- Шериклари билан таом емоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жамь бўлингизлар таомларингизга-ки, Аллоҳ таоло ушбу таомга барака беради”, деб марҳамат қилганлар;
- Таомнинг охиригача шериклари билан бирга еб турмоқ;
- Луқмани кичик олмоқ;
- Товоқнинг четидан олмоқ;
Шуни айтиш керакки, овқатланаётганда бош ва бошқа аьзоларни қашиламоқ, оғзида луқма билан гаплашмоқ, ёнидаги шеригининг овқатланишига қарамоқ, таомни иссиқ ҳолда емоқ, таомни айбламоқ, таомни пуфламоқ, таом юриб кетаётиб емоқ, тик туриб таом емоқ номақбул амаллардан.
Хулоса қилиб айтганда, дуо ва ибодатларнинг қабул бўлиши, комил ва оқил фарзандларнинг дунёга келиши луқмаи ҳалолга боғлиқдир.
Н.НУРМАТОВ,
Марҳамат туманидаги «Сунна» масжиди имом-хатиби
Дунё бўйлаб Рамазон
Ҳиндистон. Хайдаробод шаҳридаги “Макка” жоме масжидида ифтор дуоси.
Туркия. “Кўк масжид” жоме масжиди: Ўн бир ой султони хуш келдинг.
Марокаш. Ошпазлар рўзадорлар учун бодом, ёнғоқ ва асал қўшилган “Селилу” номли ширинлик тайёрламоқдалар.
Покистон. Пешавор аҳолиси Қуръон тиловат қилмоқдалар.
Кения. Найробидаги “Нур” жоме масжидида таровеҳ намозига йиғилганлар.
Филиппин. Илиган шаҳри мусулмонлари таровеҳ намозини ўқимоқдалар.
Жазоир. Рамазон учун маҳсус ширинликлар тайёрланмоқда.
Миср. Қоҳирада ифторлик учун хурмо сотилмоқда.
Афғонистон. Қобулдаги қандолат фабрикаси рўзадорлар хизматида.
Таиланд. Бангкокдаги ифторликдан.
Ливан. Рўзадорларга шарбат тарқатишга тайёргарлик.
Халқаро алоқалар бўлими
Саҳарликда барака бор!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор.[1]”- деган сўзларига кўра рўза тутгувчи нимадир танаввул қилиб саҳарлик қилиши мустаҳабдир. Саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар.[2]” - деганлар.
Саҳарлик қилиш рўза тутишни ҳоҳловчи учун ўзига муяссар бўлган таом ва ичимликдан бирон нарсани саҳарлик вақтида танаввул қилиш билан бўлади. Саҳарлик вақти кечанинг олтидан бирининг охирги қисмидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳамма вақти баракадир. Сизлар унда бир қултум сув бўлса ҳам ичишни тарк қилманг. Чунки, Аллоҳ таоло ва фаришталар саҳарлик қилувчига саловот айтади.”- дедилар.[3] Яна бошқа бир ҳадисларида: “Хурмо мўминнинг қандай ҳам яхши саҳарлигидир.”-деганлар.[4]
Агар кеча ҳали чиқиб кетмаганига шубҳа қилмаса, саҳарликни субҳдан сал олдинроқ қилиш мустаҳабдир. Агар кеча чиқиб кетди, деб гумон қилинганда, овқатланиш макруҳ бўлади. Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Атийядан келтирган ҳадисда саҳарликни субҳга яқин қилиш мустаҳаб эканлигига далил. Абу Атийя разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен ва Масруқ Оиша разияллоҳу анҳо онамиз олдиларига кириб, Ё, Уммул мўминийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан икки киши, бири ифторни ва намозни шошилтиради, бошқаси эса ифторни ва намозни кечиктиради.”- деб сўрадик. Оиша разияллоҳу анҳо: “ Улардан қайси бири ифторни ва намозни шошилтиради?”-деб сўрадилар. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”- дедик. Оиша разияллоҳу анҳу: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар.”- деди[5].
Саҳарликдан кейин ухлаш яхши эмас. Чунки бу ҳолатда ошқозондаги таом хазм бўлиши қийин бўлади. Бу муборак вақтда ибодат ва истиғфор билан машғул бўлиб, субҳ намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга бориш лозим. Бу вақт Аллоҳга тоат ибодат қилишнинг энг афзал вақтларидандир.
Ифторликни тезда қилиш.
Рўзадор қуёш ботиши билан ифторликни қилиши мустаҳабдир. Уни қуёш ботгандан кейин ҳам тахир қилиш макруҳдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса доим яхшиликда бўлади.”[6] - деганлар.
Лекин рўзадор ифторликда узоқ ўтириб, шом намозини мустаҳаб вақтидан кечиктирмасин. Шомнинг мустаҳаб вақти кун ботгандан кейин қоронғулик тушиб, юлдузлар кўрингунгачадир. Энг афзали, таҳорати йўқ киши ёки таҳорат олмоқчи бўлган киши ифторликдан аввал таҳорат олиб, кун ботиши билан ифторликни тезлатиб, овқат емоғидир. Ундан сўнг шом намозини жамоат билан адо этаверади. Бу ҳолат таом тайёр бўлганда, аммо таом ҳозирланмаган бўлса ёки масжид рўзадорнинг уйидан узоқроқ бўлса, афзали рўзадор кун ботиши билан ўзининг олдидаги егуликдан нимадир еб ва ичимликдан бир қултум бўлса ҳам ичиб сўнг шом намозини вақтида жамоат билан ўқиб, ундан сўнг яна таомланаверишидир.
Шу ҳолатларда ифторни шошилтириш ва шом намозини мустаҳаб вақтида ўқиш каби суннатлар ҳосил бўлади. Таом тайёр бўлганда намоз ўқиш каби кароҳият содир бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозирланганда ва икки хабис[7] нарса чақириб турганда намоз ўқиш йўқ.”[8]-дедилар. Яна бир бошқа ҳадисларида: “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар.”[9] -деганлар.
Ифтор вақтидаги дуо
Рўзадор ифторлик пайтида дуо қилиши мустаҳабдир. Чунки унинг дуоси ижобат бўлади, хоссатан мана шу пайтда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди. Ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил имомнинг, мазлумнинг дуоси. Булутлар устидан кўтарилиб, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, агар озгина замондан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман.”-дейди.”-дедилар.[10]
Ҳадисларда келгани каби дуо қилиш афзалдир. (Аллоҳумма лака сумту ва бика а’манту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқийка афтарту. Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу) Маъноси: “Аллоҳим сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, сенга таваккал қилдим ва сен берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва Аллоҳ хоҳласа ажрлар собит бўлди”.
Суннани Абу Довудда Абдуллоҳ ибн Умарнинг: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ифторлик қилсалар: “Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу” -дер эдилар.”-деган ҳадисларида келади. Яна Муоз ибн Заҳранинг: “Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлик қилаётганида:“Аллоҳумма лака сумту ва аъла ризқика афтарту.”-дейишлари хабари етди.”- деган ҳадислари ҳам келади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, рўзадор учун қайтарилмайдиган дуоси бор.”-дедилар. Абдуллоҳ ифторлик қилаётганида: “Аллоҳумма инний ас’алука бироҳматикаллатий васиаът кулла шай’ин ан тағфиро лий. (Аллоҳим, мен сенинг ҳамма нарсани ўраб олгувчи раҳматинг билан гуноҳларимни кечиришингни сўрайман.)” – деганини эшитдим.”
Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш дуонинг одобларидандир.
Хурмо билан оғиз очиш мустаҳабдир
Рўзадор оғзини хурмо билан очиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир дона хурмо топса, у билан оғзини очсин. Агар топа олмаса сув билан очсин. Чунки сув поклагувчидир.[11]”-деганлар. Ёки рўзадор олов ўзгартирмаган бирор бир мева билан оғзини очсин. Абу Яъло разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта хурмо билан ёки бирорта олов тегмаган нарса билан ифторлик қилишни яхши кўрардилар.”-дейилган.
Рўзадорга ифторлик қилиб бериш фазилати
Рўзадорни икром қилиб, рўза ибодатини тақдирлаб, ифторлик қилиб бериш мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ажр ёзилади.[12]”- деганлар.
Ҳадисда рўзадор умумий келгани учун фақир ёки бой рўзадорга ҳам ифторлик қилса бўлаверади. Лекин фақир рўзадорга ифторлик қилиб бериш садақа маъноси борлиги учун бой рўзадорга ифторлик қилиб беришдан афзал.
Ифторлик қилиб берувчи қилаётган зиёфатида ҳаддан ошиб кетмасин. Бундай ишларда ҳаддан ошиш динимизда қайтарилгандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Биз такаллуф (амалда ҳаддан ошиш)дан қайтарилганмиз.”[13]-деган. Ифторликда турли овқатларни кўп қўйишда риё ва сумъа[14]га ўхшаш амаллар билан бу ибодатга путур етиб қолиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари кечирилиб, бўйни дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан ажр унга ҳам ёзилади”- деганларида саҳобийлар: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлардан ҳар биримиз рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз?”-дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарча биргина хурмо ёки бир қултум сув ёки озгина сут билан бўлса ҳам, ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу ажрни мислича унга ҳам бераверади.[15]”-дедилар.
Абдулҳамид Маҳмуд Теҳмазнинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадид” асари асосида тайёрланди.
Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси Б.Исақов
[1] Муттафақун алайҳ ривояти
[2] Ибн Можа ривояти
[3] Имом Аҳмад муснадда ривоят қилган. Аллоҳнинг саловат айтиши раҳматидир. Фаришталарнинг саловат айтиши истиғфордир.
[4] Абу Довуд ривояти
[5] Имом Насоий, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилган.
[6] Саҳл ибн Саъд р.а дан Муттафақун алайҳ ҳадис.
[7] Икки хабис нарса бавл билан ғоитдир. Бу ҳадис вақт кенг бўлган маҳалда бу ҳолатлар содир бўлиб туриб намоз ўқиш макруҳлигига далолат қилади.
[8] Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
[9] Имом Бухорий ривоят қилган.
[10] Имом Термизий, Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Фақат Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадис лафзи “рўзадор ифторлик қилгунча” кўринишида келган.
[11] Абу Давуд ва Имом Термизий Анас р.а дан ривоят қилганлар.
[12] Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.
[13] Имом Бухорий ривояти
[14] Эшитиб қўйсин деган маънода.
[15] Ибн Ҳузайма ўз саҳиҳида ривоят қилган. Бу ҳадисни Салмон р.а. ривоят қилган, Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаъбон ойининг охиридаги хутбаларидан бир жуъздир.
Фоторепортаж: Зангиота тумани "Андалус" жоме масжидида таровеҳ намози
Ифторлик дастурхоним тўкин эмас... аёлим норози
Рамазон ойи бошланган кунлардан эътиборан бирга ифторлик қиламиз деб уйга дўстаримни, танишларимни бошлаб келаман. Чунки рўзадор одамга ифтор қилиб беришнинг савоби рўза тутган одамнинг олган савоби қадар эканини биламан.
Аммо мен дўстларим билан келганимда аёлим асабийлашиб, ўзининг норози қиёфасини кўрсатади. Унинг норозилигининг сабаби, уйда меҳмон кутиш учун шароит ҳозир қилинмаган. Меҳмонларнинг олдига қўйишга тузукроқ нарса йўқ. Мен унга менинг дўстларим мен нима есам, ўшани еб кетаверади, улар иззатталаб одамлар эмас, дейман. Ана шундай баҳсу мунозараларда у: “Мени меҳмонларнинг олдида ноқулай аҳволга солиб қўймайдиган қилиб уйга кўпроқ пул олиб келинг, мен уларнинг олдига макарон қўйишга уяламан”, дейди.
Мен ҳар доим оиламнинг таъминотини қилиб қўйишга ҳаракат қиламан. Бироқ меҳмонларнинг олдига ресторандагидек тўкин дастурхон тортишга қурбим етмайди. Эҳтимол, жуда ҳам содда одамдирман, ишларим ҳам киборларга хос эмасдир. Билмадим, балки аёлим ҳашаматга отасининг уйида ўргангандир, менинг “деҳқонларга хос одатларим”га кўника олмаётгандир. Қайси биримиз ҳақмиз? Балки аёлим билан муроса қилиб уйга меҳмон чақирмаганим тузукмикан ёки бу хотинимнинг мен курашишим керак бўлган инжиқлигимикан, нима маслаҳат берасиз?
Динимиз кўрсатмаси:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифида рўзадор одамга ифторлик қилиб берган киши гуноҳларидан фориғ бўлиши, ўзини дўзах ўтидан халос қилиши ва рўза тутган одам билан баробар савобга эга бўлиши айтилган. Аллоҳ таоло рўзадорнинг оғзини бир қултум сут билан ёки бир дона хурмо билан ёхуд бир ҳўплам сут билан очган бандага улуғ мукофотлар ваъда қилган. “Кимки ифтор вақтида рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг булоғимдан сув ичиради ва у бундан кейин жаннатга киргунига қадар ҳеч қачон чанқоқ нималигини билмайди, деганлар (Имом Суютий).
من فطر فيه صائما كان له مغفرة لذنوبه وعتق رقبتة من النار وكان له مثل أجره من غير أن ينقص من أجره شيئا يعطى الله هذا الثواب من فطر صائما على مذقة لبن أو تمرة أو شربة من ماء ومن أشبع صائما سقاه الله من حوضى شربة لا يظمأ حتى يدخل الجنة
Ҳадиси шаридан аён бўладики, асосийси, дастурхоннинг ҳашаматли бўлиши ва ноз-неъматларнинг мўл-кўллигида эмас, рўзадор одам оғиз очиши учун унга нимадир тақдим этишда.
Аёлингизнинг меҳмонлар олдига одатий таомлар тортишидан ноқулайлик сезиши асоссиз эмас. Чунки замон ўзгарди, одамларнинг егуликларга муносабати ҳам бошқача бўлди. Шунинг учун бу ойда имкон қадар ифторликлар учун одатдаги кечки таомлардан кўра, каттароқ сарф-харажат қилингани маъқул.
Ҳарҳолда аёлингизнинг оддий таомнинг устидан катта муаммо чиқариши дуруст эмас. Чунки улар сизнинг дўстларингиз. Тахмин қилиш мумкинки, дўстларингизнинг ҳам тутуми сизникидек бўлса керак. Сизнинг тутумингиз эса уларникидек. Демак, бу ерда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак деб ўйлайман. Зеро, ҳаммамиз биламизки, бу ой – мукофотлар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой. Шундай экан, Қиёматга захира йиғиб олиш учун фурсатни қўлдан берманг.
Руҳиятшунослик нуқтаи назаридан:
Хатингизни ўқиганда кўзга биринчи чалинадиган нарса – сиз билан аёлингиз ўртасидаги бир-бирингизни тушуниш масаласидир. Икковингизнинг битта ҳодисага ёндашувингиз турлича. Ушбу масалада қайси бирингиз ҳақ эканингизни айтиш қийин. Гап шундаки, сизнинг ҳар бирингизнинг ҳақлигингизни исботлашга етарли далилларингиз бор. Сизнинг дўстларингизни таомлантириш, улар билан бирга ифторлик қилиб кўпдан-кўп савобларга эришиш истагида эканингиз таҳсинга сазовор. Аммо бу – масаланинг бир тарафи, иккинчи жиҳати – аёлингизнинг ўзини тутиши, айнан у уй бекаси сифатида меҳмонларнинг олдига тузукроқ дастурхон ёза олмагани учун ўзини айбдордек ҳис қилади.
Бу ўринда ҳал қилувчи сўзни дўстларингиз айтади: уларга ана шу дастурхон маъқулми, улар ифторга таклиф этганингизда жон деб келяптими...
Ушбу масала юзасидан масалага ўзгача тус бериб аёлингизга бўлган муносабатингизни ўзгартириб уни айблашга асло урина кўрманг. Чунки у жамиятда шаклланган ёлғон маъмурчиликнинг қурбонидир. Афсуски, кўпчилик одамларда мунтазам равишда чиройли ва тўкин-сочин ҳаётга тарғиб этувчи стереотиплар (телевидение, рангли журналлар...) таъсирида бошқаларнинг кўз ўнгида ўзларини иши юришмаган одамлардек кўрсатишга уринишдан қўрқиш туйғуси шаклланган. Ана шундан бошқаларнинг олдида ўзини кам кўрсатмасдан меҳмонларнинг олдига чиройли ва қимматбаҳо дастурхон тузашга бўлган хоҳиш келиб чиқади.
Шунинг учун бу масалани аёлингиз билан самимий оҳангда муҳокама қилинг, унга, модомики, меҳмонлар ана шу ифторлик дастурхонида ўзларини яхши ҳис қилаётган экан, сиқилишнинг нима кераги бор эканини тушунтиринг. Борди-ю, кимдир сизнинг дастурхонингиз ҳақида бошқачароқ фикрда бўлса ҳам, бу сизнинг фойдангизга бўлади, чунки сиз оила боқувчисисиз. Бу ердаги муаммонинг барчаси аёлингизнинг атрофдагилар сиз ва ўзи ҳақида хасис ва қурумсоқ деб ўйлашларидан чўчишида, холос.
Муаммонинг бошқа томони аёлингизнинг ифторларингизга муносабатидир. Шубҳасиз, у дўстларингизнинг ҳар бир ташрифини одатдаги кечки таом ўрнида эмас, катта тантанали хусусиятларга эга бўлган меҳмондорчилик сифатида қабул қилмоқда. Унга ифторлик – ҳашаматни, тантанани талаб этадиган аллақандай маросим эмас, балки бир ҳўплам сув билан ҳам ўтказиш мумкин бўлган оддийгина тадбир эканини тушунтириш керак.
Сиз тасвирлаган вазият бу – аёлингиз билан ўртангиздаги тушунмовчиликнинг биргина кўриниши, холос. Шуни тахмин қилиш мумкинки, аёлингизнинг ботинидаги ишончсизлик (одатда, бунинг асосида имоннинг заифлиги ётади) бошқа вазиятлардан ҳам намоён бўлади, қачонки у ўзининг моддий аҳволидан тортинар экан, бу янада жиддийроқ муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунинг учун унга кўпроқ эътибор қаратишингиз, унинг сиз учун қанчалик қадрли эканини сўзлаб қўйишингиз керак бўлади. У билан суҳбатлашганда динимиз аҳкомларидан, азизларимизнинг ҳаёт йўлларидан сўзлаб беринг. Бу борада энг самарали йўл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини босқичма-босқич равишда батафсил сўзлаб бермоғингиздир. Аллоҳ таолонинг энг азиз бандаси қандай шароитда яшаганини тингласа, унга таъсир кўрсатмай қолмайди, иншоаллоҳ!
Саволга жавоб берганлар:
Мухаммад-Амин Магомедрасулов,
Илоҳиётшунос
Алиасхаб Анатольевич Мурзаев,
Оила ва болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази руҳиятшунос-маслаҳатчиси
Дамин ЖУМАҚУЛ,
таржимон
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.