muslim.uz

muslim.uz

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларида бир гуруҳ мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш мақсадида Наманган вилоятига хизмат сафарларини бошлашди.
Учқўрғон туманидаги “Соҳил” номли мўъжаз кошонада уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда аввал турли руйхатларда бўлган фуқаролар билан дилдан суҳбат ўтказилиб, қалбларидаги илиқ сўзларни айтиб, йиғилганларнинг кўнглини шод этишди. Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Қўмита раиси шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур мулоқотда муҳтарам Президентимиз томонларидан мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш ва динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик бўлишини эканини айтиб ўтди.
Ҳақиқатан ҳаётда бирон-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада уни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, тўғри йўлга бошласа, мушкули осонлашади. Одамга берилган йўл-йўриқ туфайли кишида ҳаётда ўз ўрнини топишда ишонч пайдо бўлади. Эшитиш ва таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.
Давра суҳбатида ҳам турли рўйхатлардан чиқарилган кишиларнинг дил сўзида мана шундай фикрлар ўз исботини топди. Жумладан, Қўчқаров Раҳматилло, Турсунов Ҳабибулло, Ғозиев Баҳром, Мавлонов Нўъмон, Маликов Анвар, Солибаева Адиба кабилар сўз олиб, чин юракдан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ, кенгчилик кунларда ҳаёт кечиришаётганини билдиришди. Айниқса, иш топиш, ўқишга кириш ва ўз тадбиркорлигини юритишдаги берилган имкониятлар уларни чексиз мамнун этганини изҳор қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понедельник, 07 Май 2018 00:00

Масжидда нафл намози

Cавол:  Жума намозига келган одам таҳиятул масжид намозини қай маҳал ўқийди?

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда масжидга кирганида ўтирмасдан олдин икки ракат таҳиятул масжид намозини ўқиш нафл ибодатдир. Аммо масжидда фарз намозини ўқиган киши айни пайтда таҳиятул масжидни ҳам адо этган ҳисобланади. Жума куни масжидга келган одам таҳиятул масжидни ўқимоқчи бўлса, имом хутба ўқиш учун минбарга чиқишидан олдин ўқиб олиши керак. Хутба бошланганидан сўнг нафл намози ўқиш макруҳ (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

“Ҳидоят” журналидан

 

Австрия пойтахти Венада жойлашган Абу Ханифа номидаги Ислом маркази ташкил этган “Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида билмоқчимисиз?” рукни остидаги кўргазамани мамлакат аҳолиси катта қизиқиш билан қарши олди. Бу ҳақда “islamosfera.ru” нашри хабар берди.

Аввалроқ олти мамлакат, 23 шаҳарда бўлган мазкур кўргазамага 50 мингдан ортиқ одам ташриф буюрган. Ушбу кўргазмада ташриф буюрувчилар Набий алайҳиссаломга тегишли бўлган турли буюмлар, ўша даврга мансуб бўлган тангалар ва намойиш этилаётган бошқа қизиқарли экспонатлардан баҳраманд бўлишган.

Абу Ханифа Ислом маркази раҳбари Фуад Ферхатбегович айтишича, ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад европаликлар орасидаги Ислом борасидаги хурофотларга қарши курашишан иборатдир.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси ўзининг табиати, иқлимининг турфа хиллиги билан ажралиб туради.

Мамлакатнинг ғарбида Каспий денгизи кўрфазида жойлашган Мангқишлоқ иқлими оғир бўлганига қарамай азал-азалдан Ислом дини тарғиботчиларининг севимли маскани бўлган.

Хусусан, бу ерда Аҳмад Яссавий тариқати кенг ёйилган бўлиб, кўплаб муридлар Устози каби ер остида ибодат қилишни одат қилишган. Шу сабабли бўлса керак, Мангқишлоқдаги аксарият масжидлар ер остида қурилган.

Ушбу масжидларни қуйидаги фотосуратларда кўришингиз мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистонда диний анъаналар ва урф-одатларни инобатга олувчи меҳмонхоналар тармоғи, яъни зиёрат-меҳмонхоналари бўлиши керак. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов VisitUzbekistan журналига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди.

"Яқин келажакда зиёрат туризми Ўзбекистоннинг ҳам ички, ҳам ташқи туризмида энг талабгор йўналишлардан бирига айланиши мумкин, - дейди Қўмита раиси. - Бироқ аэропортларда, темир йўл ва автовокзалларда, шунингдек меҳмонхоналарда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Бу зиёратчилар ташриф буюрадиган жойларда таҳорат ва ибодат хоналарини яратишни кўзда тутади.

Ўзбекистонда диний анъаналар ва урф-одатларни инобатга олувчи меҳмонхоналар тармоғи, яъни зиёрат-меҳмонхоналари бўлиши керак. Умумий овқатланиш жойлари учун “Ҳалол” ва “Кошер” стандартлари бўйича туристик саноат объектларини сертификатлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда”, - дейди Азиз Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, Туркия фуқаролари учун визасиз режимнинг ўрнатилиши яқин 2-3 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туркиялик сайёҳлар сонини камида 3-4 бараварга (йилига 100-150 минг кишигача) ошириши кутилмоқда.

Бундан аввал, Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси туркиялик ҳамкасблари билан зиёрат туризмини ривожлантиришга доир меморандумни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.

ЎМИ матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top