muslim.uz

muslim.uz

Ҳанафий мазҳабида қабрлар зиёрати мандуб амаллардандир. Аввало ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун ўтганларнинг яхши амалларини хотирлаб зиёрат қилмоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни таъқиқлаган эдилар.

Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди. Қабрларни зиёратига даъват қиладиган энг машҳур даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:

Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Cизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр зиёрати охиратни эслатади, дунёда зоҳид қилади”, деганлар. Яъни, охиратни эслатиб, дунёга ҳирс қўйишдан сақлайди. Инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг бир ўткинчи эканлигини эслайди, одамзотдан ўзи қилган яхшиликлари қолишини англайди. Тўпланган мол-дунёлар инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эсламоқ, дунё муҳаббатини кетказмоқ, манманлик ва мақтаниш, ғурурланишни тарк этмоқ учун машруъ қилинган (яъни шариъатда рухсат қилинган)дир.

Уламолар эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса жумҳур уламолар макруҳ санашган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Жумҳур “уламолар: “Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир”, дейдилар”.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.

Эркаклар учун қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир. «Риёзу-с-солиҳийн» нинг туркий шарҳида эса аёллар учун ҳам қабр зиёратининг зарари йўқ, деганлар. Фақат бунда фитнадан холи бўлиш, ислом ахлоқи ва интизомига, зиёрат одобига риоя қилиш шартдир.

«Аёлларга оид фиқҳий масалалар» китобида эса: «Охиратни эсламоқ учун қабрни зиёрат қилмоқ эркак ва аёлга мандубдир (раводир, савоблидир)» дейилган. (289-саҳифа).

Аҳмад Изуддин ал-Байянунийнинг «Таҳорат ва намоз ҳукмлари» китобининг «Қабрларни зиёрат этиш ва улар ҳаққига дуо қилиш» бобида бундай дейилади:

«Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шартдир» (147-саҳифа).

Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбаларда эса аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз, дейилган. Зотан, аёллар ҳам ўз ота-оналари ҳамда қариндошлари қабрларини зиёрат қилишга ҳақлидирлар. Бунга бир неча далиллар мавжуд. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”, деганлар. Буни муҳаддислардан Имом Муслим ва Имом ан-Насоий раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилганлар.

Ким бўлишидан қаттий зиёратда ниятни тўғриламоқ лозим. Умар (р.а.) дан ривоят қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар:

“Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир. Бас, кимки (Маккадан Мадинага) Аллоҳ таоло ва унинг Пайғамбари учун ҳижрат қилса, унга Аллоҳ ва Расули учун ҳижрат қилганлик савоби ёзилур. Ҳар ким дунё учун ҳижрат қилса – дунёга, аёл учун ҳижрат қилса аёлга етгусидир. Бас, нимани ният қилиб ҳижрат қилса, ўшани эътиборга олинади”.

Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади. Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.

Қабр зиёрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради”. Халқимизда:“Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!”, деган нақл бор. Инсон ҳаётда ўзи билмаган ҳолда манманликка, кибру ҳавога берилиб қолиши мумкин. Инсон ўз айбу нуқсонларини гоҳида кўрмай қолади. Шунинг учун ундай одамларга қабр зиёрати жуда фойдали. Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, мансаб курсисига ўтирганлар қабрларни кўпроқ зиёрат қилиб туриши керак. Қабрлар зиёрати пайшанба, жума, шанба, душанба кунларида бўлса яхши. Зиёрат тик турган ҳолатда бўлади.

 

Миржон ЭГАМБЕРДИЕВ

Бухоро вилояти Шофиркон тумани бош имоми

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Ражастон ва Уттар-Прадеш штатларида юз берган кучли қум бўрони оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Президент Рам Натх Ковиндга ва Ҳиндистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Биз дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Истиқлол йилларида бу ифтихор боис мамлакатимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бироқ бугун жаҳон айвонига назар ташлаган ҳар қандай онгли инсон тинчлик ва фаровонлик истагидаги халқ ўз юртида диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириши ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратиши лозимлигини яққол кўра олади.

Президентимиз томонидан шу йил 16 апрелда қабул қилинган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон айнан шу мақсад-муддаони назарда тутиши билан аҳамиятлидир. Мазкур фармонга асосан маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш, динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш, диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш лозим.

Фармонга асосан, шунингдек, диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди. Бу марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширадиган ахборот-таҳлилий тузилмаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Эндиликда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Юқоридаги муҳим ҳужжатга асосан Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ҳам ташкил этиладиган бўлди. Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноиблари, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.

Шунингдек, фармонда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа марказининг мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилиши, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши хусусида ҳам вазифалар белгилаб берилди.

Таъкидлаш ўринлики, “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ушбу идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўланади, фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимлар хизмат уй-жойлари билан таъминланади, кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларни сотиб олиб, текинга бериш мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, +орақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буюртмасига асосан идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотлар ходимларига хизмат уй-жойлари ва уларга сотиб олиб бериш учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларнинг ажратилиши таъминланади.

Шу йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилиши, пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсияларининг тўлиқ тўланиши, бу имтиёзнинг барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши юртимизда диний-маърифий соҳани тубдан такомиллашишига хизмат қилади.

Эндиликда мамлакатимизда ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахслар “Имом Бухорий” давлат мукофоти билан тақдирланиши мумкин.

Мусохон АББАСИТДИНОВ,

Наманган шаҳар Бош имом хатиби.

Дохада узоқ кутилган “Қатар Миллий кутубхонаси”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради hospitalitydesign.com.

Умумий майдони 40 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган янги ўқув ва маданият марказида Миллий кутубхона, Оммавий кутубхона, Университет кутубхонаси ҳамда араб-ислом цивилизациясига алоқадор қўлёзма ва маданий мерос намуналари сақланадиган бўлим жойлашган.

Қатар Миллий кутубхонасида жами миллиондан кўпроқ китоблар мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида минглаб китобхонларга хизмат кўрсата олади.

“Анъанага кўра кутубхоналар қадимдан билимлар алмашинуви юз берадиган жонли макон бўлган. Ҳозирги кунимизга келиб, маълумот топиш осон бўлган бир даврда, кутубхонанинг учрашувлар ва жамоавий тадбирлар ўтказиладиган жой сифатидаги ўрни юксалди”, – дейди бинони лойиҳалаштирган Эллен Ван Лун.

“Биз бинони шундай лойиҳалаштирдикки, кутубхонага келган киши барча китобларни кўриш имконига эга. Китобхон кириши билан ўзини китобларнинг оғушида кўради. Кутубхонанинг ичи шу қадар улканки, сиз ўзингизни Китоблар шаҳрига тушиб қолгандай ҳис этасиз”, – дейди меъморлардан яна бири Рем Колхас.

 

Манба: fitrat.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бугун китоб дўконларида қора ва рангдор тусдаги, номи эса ташқи кўринишидан ҳам қўрқинчли китоблар тўлиб кетди.
Фарзанд дунёга келар экан, ота-она унга баркамол униб-ўссин, номига монанд атрофдагиларига яхшиликлар улашсин, дея нафис исмлар қўйишади. Ижодкорнинг ҳам бир асар яратишини худди ота-онага мезгаш мумкин. Билакс, бугун китоб дўконларида қора ва рангдор тусдаги, номи эса ташқи кўринишидан ҳам қўрқинчли китоблар тўлиб кетди. Шу ўринда бир савол туғилади. Нега ижодкорлар ўз “фарзанд”ларини қўрқинчли номламоқда? 
 
Масалан, Нуриддин Исмоиловнинг “Иблис салтанати”, “Мафия сардори”, Набижон Ҳошимовнинг “Ёввойи қиз”, Илҳом Зоирнинг “Ажал пирамидаси”, Баҳодир Худобергановнинг “Қўйнимдаги қотил”, Азамат Қоржововнинг “Марҳум келиннинг хиёнати”, “Зиндонбанд қиз ноласи”, “Қил устидаги тақдир”, “Гўр қизи” номли кўплаб асарларга дуч келамиз.

Китоб мутолаасига кенг эътибор берилаётган шароитда улар сони, тури ва хиллари ҳам кўпайиб кетди. Мана йигирма-ўттиз йилдирки, китобхонлар орасида детектив асарларни ўқиш авж олган. Аслида, китобнинг ёмони бўлмайди. Аммо руҳиятга, қалбга салбий таъсир этадиганлари учрайди.
 
Асар яхши бўлса, ҳеч қандай ялтироқ ва жимжимадор номсиз ҳам ўз ўқувчисини топади. Бугунги кунда детектив асарлар шиддат билан ўқувчилар орасида оммалашяпти. Аслида, ўқувчини мажбурлаб бўлса ҳам китоб ўқитиш савоб иш. Аммо бу хилдаги асарлар қай даражада китобхон салоҳияти ўсишида аҳамият касб этаяпти? Бадиий адабиёт бўстонига қанчалар фойдаси тегмоқда? Балки, фақат номигина уларнинг кўп ўқилиш рейтингини сақлаб тургандир. Қайдам, асрлар ўтиб ҳам сўзнинг сеҳри туфайли ўқувчилар қалбига йўл топиб борадими, йўқми буни вақт кўрсатади. Аммо китобни бу даражада қўрқинчли ва қўпол номламаслик керак назаримда. 
 
Тўғри, миллий достончилигимизда “Гўрўғли”, йигирманчи аср адабиётимизда эса “Даҳшат” ва “Жинлар базми” номли машҳур асарлар бор. Вақтлар ўтиб ҳам ушбулар бадиий дид ва савияси баландлиги туфайли адабиётимизда сақланиб, ўз ўқувчисини йўқотмади. Аммо бугун мўмай пул ишлаб олиш мақсадида чиқарилаётган айрим китобларни эртага китобхон ўқимаслиги ҳам мумкин. 
 
Унутмайлик, асрлар ўтса ҳам китоб инсонни маърифатга етаклайдиган ягона йўл бўлиб қолади.

Дилобар Аслиддин қизи, 
ЎзМУ магистранти.
 
 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top