muslim.uz
Париж жомеси – французларнинг мусулмонларга миннатдорлиги тимсоли
Париж жоме масжиди французлар ва Францияда яшовчи мусулмонлар учун улкан рамзий маънога эга. Парижда қурилажак биринчи масжиднинг узоқ давом этган музокараларида французларнинг Исломга оид нотўғри қарашлари сингиши ва мусулмонларни рисоладагидек одамлар деб ҳисоблай бошлаши тарихи акс этган.
Французларнинг мусулмонлар билан илк муносабатлари VIII аср бошларида бошланган, ўшанда Ислом қўшинлари қўшни Испаниядан кела туриб аввал 717 йили Аквитанияни, орадан икки йил ўтиб Нарбоннани эгаллаб олди.
Мамлакат ичкарисига ғолибона юришлар 732 йил «Жафокашлар тўдаси жанги» ёки «Пуатье жанги» номи билан машҳур муҳораба натижасида тўхтатиб қолинди. Аммо 888 йил мусулмонлар Франциянинг Прованс вилоятида ўзларининг жажжи амирлигини ташкил қилишга муваффақ бўлди, у Жалол ал-Ҳалол номи билан аталди (Европа адабиётларида Фраксинет деб тилга олинади), 80 йилдан ортиқ ҳукм сурди ва Реконкиста даврида маҳв этилди.
Мусулмонлар билан шунчалик узоқ танишликка қарамай, Франция мусулмонлари учун йирик ибодат мажмуасини қуриш ғояси фақат XIX аср ўрталарига келиб туғилди ва фақат XX асрнинг биринчи чорагида рўёбга чиқди.
Масжид қурилишига доир илк лойиҳалар Марокашнинг Франциядаги элчихонаси томонидан 1842 йилдаёқ тавсия этилган. Бундай таклифлар 1878 ва 1885 йилларда ҳам такрорланди, лекин Франция ҳукумати томонидан жавобсиз қолдирилди. 1846 йил Шарқшунослар жамияти ҳукуматга аввал Парижда, кейин Марселда масжид қурилиши лойиҳасини тақдим этди. Бу таклиф Жазоирни тинчлантириш учун ўртага ташланган эди. Аммо таклиф Адлия вазирлиги томонидан рад этилди ва лойиҳа 10 йилга музлатиб қўйилган.
1856 йили Усмонли империяси илтимосига кўра 85-дивизиядан қурбон бўлган мусулмон аскарларини дафн қилиш учун Париж шарқидан 800 кв метрга тенг кичик майдон ажратиб берилди. Ўша ерда кичик бир бино қурилиб, масжид деб аталди. Бинода асосан дафн анжомлари сақланар ва тиловатлар қилинарди. У Париждаги илк масжид эди. Худди шунга ўхшаш Марселда қурилган бино эса Франциядаги биринчи масжид саналади. Афсуски, у инқилоб пайти вайрон қилинган. Усмонли империяси эса масжидни реставрация қилиш ва кенгайтириш учун маблағ ажратди ва 1914 йили гумбазли, минорали ва зарур ёндош биноларга эга масжиднинг янги лойиҳасини тақдим этди. Лекин бошланиб кетган Биринчи жаҳон уруши лойиҳанинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Бу ҳақда "info.islom" нашри маълум қилган.
Мазкур ҳодисалар бўлиб турган бир вақтда француз тадқиқотчиси, публицисти, жамоат арбоби ва Франциянинг Африка жамияти раҳбари Пол Бурдари Парижда масжид қуриш ғоясини фаол тарғиб эта бошлайди. Мақолалари ва таниқли шахслар билан суҳбатларида у масжид қурилишини Францияни ҳимоя қиламан деб жон берган ўн минглаб мусулмонлар руҳи олдидаги қарзни узиш билан тенглаштирарди. У йигирма йилдан ортиқ давом этган масжид қурилиши тарғиботига қатор француз сиёсатчилари, дин ва жамоат арбобларини, шунингдек, ҳурматли дворянларни ҳам жалб қилди, улар масжиднинг лойиҳалаштирилиши ва давлат структураларига олиб кирилиши ҳамда қурилишига катта ҳисса қўшадилар.
Ва ниҳоят, Бурдарининг ҳаракатлари натижа берди, 1920 йилнинг августида Франция ҳукумати масжид, кутубхона ва мажлислар залидан иборат мажмуа қурилиши учун 500 минг франк маблағ ажратди. Шунингдек, масжид қурилиши учун энг муносиб жой дея Ўсимликлар боғи ҳудуди белгиланди.
Бўлажак масжид пойдеворига биринчи тош 1922 йили қўйилди, қурилиш ишлари эса 1923 йили бошланди. Лойиҳа муаллифи – француз меъмори, рассоми ва ёзувчиси Морис Траншат де Люнель бўлиб, у узоқ йиллар Марокашда ишлаган ва бу мамлакат маданий ёдгорликларининг сақланиб қолишига катта ҳисса қўшган шахс эди. Қурилиш ишлари эса Люнелнинг лойиҳаси асосида Робер Фурне, Морис Манту ва Шарль Юбе томонидан амалга оширилди.
1923 йил мусулмонлар ишлари бўйича идоралараро комиссия 1914 йил Усмонли ҳукумати томонидан тақдим этилган лойиҳани кўриб чиқади ва Ўсимликлар боғи яқинида катта масжид қурилаётгани боис усмонлилар қабристонидаги эски масжидни тиклаш мақсадга мувофиқ эмас деган қарор чиқаради.
Шундай қилиб, 1926 йил Парижнинг бешинчи округидаги Жарден-де-Плант (Ўсимликлар боғи) ҳудудида 33 метрлик минорага эга Жоме масжиди пайдо бўлади. Мусулмон Андалусиясига хос «мудажжан» меъморчилик услубида қурилган бино дарвозалари 1926 йилнинг 15 июль куни очилди. Очилиш маросимида Франция президенти Гастон Думерг ва Марокаш султони Мулай Юсуф иштирок этган.
Париж жоме масжиди лойиҳасини яратар экан Люнель мусулмон меъморчилигининг икки дурдонасидан илҳомланганди. Биринчиси, Марокашда 859 йили Фотима ал-Фахрий томонидан асос солинган Ал-Қарауййин масжиди бўлиб, у Ислом дунёсининг энг қадимий диний ва таълимий муассасаларидан саналади. Иккинчиси, Тунисдаги аз-Зайтуна масжиди, унинг виқоридан илҳомланиб кейинчалик Кордовадаги катта масжид ҳам қурилган. Париждаги масжиднинг ички безаклари устида Шимолий Африкалик усталар ишлашган.
Бинонинг ўзи 7500 кв метр ҳудудни эгаллайди. Масжиддан ташқари бу ерда кутубхона, мадраса, анжуманлар зали, ресторан, чойхона, ҳаммом ва дўкон ҳам бор. Ҳудуднинг деярли ярми боғдир. Масжид бир вақтнинг ўзида бир минг кишини сиғдира олади, эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхоналар ҳамда таҳоратхоналар, имконияти чекланган инсонлар учун кириш йўллари бор. Масжид қошида мусулмон институти фаолият юритади, у «ҳалол» сертификати бериш ваколатига эга. 1983 йилдан бошлаб бино тарихий ёдгорлик саналади, шунингдек, «Йигирманчи аср мероси» деган алоҳида мақомга эга.
Қизиқарли фактлар
- Иккинчи жаҳон уруши пайти Париж Жоме масжиди мусулмонларнинг нацист истилочиларга қарши кураши маркази бўлган. Франциялик режиссёр Исмоил Фаррухий (келиб чиқиши марокашлик) бу ҳақида «Озод инсонлар» номли фильм суратга олган.
- Турли маълумотларга кўра, уруш пайти 500 нафардан 1600 нафаргача яҳудий шу ердан паноҳ топган. Уларга бошпана ва овқатдан ташқари мусулмон деган гувоҳнома ҳам берилган.
- Бугунги кунгача масжидда бор-йўғи 6 марта имом алмашган. Учинчи имом Хамза Абубакрдан бошлаб барча имомлар ректор лавозимига эга.
- Масжидга имомларни тайинлашда етакчи рол Жазоир ҳукуматига тегишли, шунингдек, у масжид бюджетининг учдан бир қисмига ҳомийлик қилади.
- Масжиднинг оч эман рангли, бронза билан ишлов берилган кириш дарвозаси намоз вақтлари ва жума намозидан ташқари ҳар куни нафақат мусулмонлар, балки сайёҳлар учун ҳам очиқ. Сайёҳлар ва араб экзотикаси мухлислари масжид қошидаги «Шарқ дарвозаси» номли ресторанда анъанавий Жазоир ва Марокаш таомларидан татиб кўришлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Қуръон мўъжизасининг янги адабий тадқиқотлари” анжумани
Иордания ҳошимийлар қироллигидаги Тафилия техника университетининг (ТТУ) араб адабиёти факультети ташаббуси билан “Қуръон мўъжизасининг янги адабий тадқиқотлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
“Ал-араб ал-явм” хабарига кўра, анжуманни кириш сўзи билан очган ТТУ ректори Муҳаммад Хайр Хуроний: "Университет профессорлари талабалар учун уларни тўғри йўлга бошловчи интеллектуал раҳбарлар ва бошқарувчилар ҳисобланади, Қуръон қиссалари эса уларга ҳаётий сабоқ беради ҳамда фикр юритишга ундайди”, деган.
Уч кун давом этган конференцияда “Диалог маданияти”, “Қуръони карим қиссаларида аёл тимсоли”, “Қуръони карим қиссалари хусусияти”, “Қуръони карим қиссаларида рамз” ва “Қуръони карим тафсирларида Қуръон қиссалари” каби мавзулар ўрганилди.
Ироқ университети профессори Таҳа Кейси мазкур форум олимлар ва тадқиқотчилар билан учрашиш учун яхши имконият бўлганини айтиб, жумлдан, шундай деди: “Иордания университетлари илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш учун кўп ишларни амалга оширмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, конференцияда экспертлар ва олимлар иштирокида диний, ижтимоий ва сиёсий мавзулар бўйича илмий мунозаралар ўтказилди.
Халқаро алоқалар бўлими
Фатво ҳайъатига келган саволлар (5-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, кўпчилигимиз гувоҳ бўладиган бир ҳолатда, яъни ёмон бир хабар ёки ходисани эшитганимизда "тавба-тавба" деймиз. Айнан шу ҳолатда кўп гувоҳ бўламанки, баъзилар ирим тарзида қулоқларини ортига бармоқлари билан тегиб қўйишади, яна баъзилар эса қўллари билан "тук-тук-тук" қилишади ва бу қилиқлари билан шайтонни ҳайдашаётганини айтишади. Бундай ҳолатда бу одат ҳақида аниқ диний билимга эга эмаслигим учун менда иккиланиш пайдо бўлади. Саволим: айнан шунақа ҳолатдаги бу одатлар қанчалик тўғри? Тўлиқроқ маълумот берсангиз! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Халқ орасида сиз айтган гаплар мавжуд. Лекин бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутганларига эътиборингизни қаратамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга у кишини хурсанд қиладиган иш келса “неъматлари билан яхшиликлар тўлиқ бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсиин”, дер эдилар. Ва агар у зотга ёмон кўрган иш келса “Барча ҳолатларда Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб ёмон хабар эшитган вақтда турли гаплар ёки ҳаракатларни эмас балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Савол: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ. 5 маҳал намоз ўқиман ҳозир Россияда ишлайман бомдод ва хуфтон туриб ўқишни иложи бор Пешин, аср ва шомни ўтириб ўқиябман мен ишлаётган жойни шароити шунақа ўтириб намоз ўқишим жоизми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Имкони бўлмаган ҳолатларда агар фарзни ўтириб ўқилса кейин ўша намозларни қазосини ҳам қайтадан ўқиб олиш лозим, чунки намознинг баъзи фарзлари тарк қилинади.
Савол: Ассалому алайкум! Мен телеграмдаги диний каналларнинг биттасида "одам намоз ўқишни бошлаганда Аллоҳ фаришталарга у инсонни елкасидаги барча гуноҳларни олинглар дер экан. Намоз ўқиб бўлгандан кейин фаришталар гуноҳларини яна елкасига қўяйликми деса Аллоҳ йўқ у менга ибодат қилди дер экан" деб ўқигандим. Лекин бошқа диний каналда "барча гуноҳлари елкасида бўлади сажда қилганда тўкилади. Шунинг учун кўпроқ сажда қилиш керак" деб ўқиб қолдим. Қай бири тўғри экан. 2- саволим. Фарзандларимнинг тиши тушганда эски тишини тиш фариштаси олиб кетди ўрнига у бу нарсани бериб шуни олиб келди дейман, тиш фариштасига ишонтириш гуноҳмасми умуман бу ишим тўғрими? Жавоблар учун ташаккур!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. 1. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Агар банда намоз ўқишга турса унинг гуноҳларни олиб келинади ва боши ҳамда елкасига қўйилади. У ҳар рукуъга борганда ва сажда қилганда гуноҳлари тўкилади”, деганларини эшитдим, дедилар. 2. Бу иш шариатимизда бирор асосга эга эмас. инсоннинг тиши тушган вақтда уни ерга кўмиш керак. Болаларга дин номидан бундай ёлғонларни айтмаслик керак.
Илм ҳам муҳаббат мевасидир
Қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиқса, билингки, бу – ўша халқнинг ўша илмга муҳаббати зиёдалигидан бўлади. Бунга инсоният тарихида мисоллар кўп: шумерлар деҳқончилик ишларига муҳаббатли бўлгани боис ўз даврида бу борада мислсиз ютуқларни қўлга киритган. Ақл бовар қилмас суғориш тизимларини ихтиро қилган; юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну арастулар ана шу маконда камолга етган ва ҳоказолар.
Ўрта асрларга келиб эса ҳидоятга бошловчи бўлиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролидан порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар қилди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган бизнинг халқимизни ҳам. Миллатимиз исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз ичидан чиқди.
Уламолар эътироф этганидек, Ислом Арабистонда туғилди ва Мовароуннаҳрда камолга етди.
Ислом илми равнақига ҳисса қўшган аждодларимиз кўп. Уларнинг асарларини бўлмаса-да, исми шарифларини ўрганиб олди кўпчилик. Аммо бу ерда эътиборга молик бошқа масала бор: қачонки Қуръони каримни ёддан билган мураттаб қорилар, фақиҳлар, мужтаҳидлар ва бошқа диний олимлар кўп бўлган вақтда биз ҳозир дунёвий илмлар деб атаётган фанлар ҳам бемисл тезликда ривожланган. Қачонки динимизга эътиқодимиз сусайиб бошлаган чоқдан дунёвий ишларимиз ҳам ортга кетаверган...
Аммо, азизлар биласизки, агар бани Одам ер юзида ўз ақли билан тўғри йўлни топиб яшаб кета олганида Аллоҳ таоло ҳеч қайси динни нозил қилмас эди, эҳтимол. Лекин бу имконсиз. Чунки инсоннинг яралиши шунақа. “Биз ўз кучимиз, илмимиз билан ундай бўлдик, бундай бўлдик”, дея лоф ураётганларга ҳам синов учун бериб қўйганки, эртага унинг ҳар заррасининг ҳисобини сўрайди.
Демак, ҳалол-ҳаромни, увол-савобни, оқу қорани таниш учун динга муҳтожмиз. Зотан, болага динсиз тарбия беришга уриниш, уни тарбиядан маҳрум қилиш демоқдир. ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим дин асосида бўлиши лозим, шундагина яхши одамлар етишади”, деган эди.
Муҳтарам Президентимизнинг кечагина эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони замирида миллатимиз табиатидаги Исломга муҳаббат ва илмга ташналик хусусиятлари мавжуд.
Фармоннинг биринчи бандида “Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: “жаҳолатга қарши маърифат”, дейилган.
Ана шу ғоя замирида динимиз кўрсатмаси ва аждодларимиз ҳикмати барқ уриб турибди. Чунки жаҳолатга қарши жаҳолат билан жавоб қайтарган киши маърифатли бўлиши мумкинми?
Шундай экан, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш; ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини пухта ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш ва яна кўплаб олижаноб масалаларда фаоллик кўрсатмоғимиз динимиз, халқимиз, давлатимиз, давлатимиз раҳбарининг талабидир.
Ушбу ишларни самарали ташкил этиш борасида айни фармоннинг ўзидан қуйидаги масалалар ҳам ўрин олганки, динимиз равнақи, жамиятимиз ривожида уларнинг ҳар бирининг ўрни беқиёс бўлади, иншоаллоҳ.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этиш; Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш; Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этиш; Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани.
Мазкур даргоҳлар кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш борасида муҳим роль ўйнайди, иншоаллоҳ.
Дамин Жумақул
Ҳадис моҳиятини тўғри англаш
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиқганда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин, иккинчиси эса: Эй Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер дейди”. (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун Абу Умома розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир”. (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти)
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади. (Сабаъ сураси 39-оят) Ушбу оятни Ибни Касир тафсирларида: Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта У, дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофат беради, деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофат сўзларини мол-мулк маъносида тушинганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлсада фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушинилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофатидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони Каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал(сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал(сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз. (Лайл сураси 5-10 оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава
Муасира” номли асаридан “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳъё таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.