Мақолалар

Илм ҳам муҳаббат мевасидир

Қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиқса, билингки, бу – ўша халқнинг ўша илмга муҳаббати зиёдалигидан бўлади.  Бунга  инсоният тарихида мисоллар кўп: шумерлар деҳқончилик ишларига муҳаббатли бўлгани боис ўз даврида бу борада мислсиз ютуқларни қўлга киритган. Ақл бовар қилмас суғориш тизимларини ихтиро қилган; юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну арастулар ана шу маконда камолга етган ва ҳоказолар.

Ўрта асрларга келиб эса ҳидоятга бошловчи бўлиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролидан порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар қилди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган бизнинг халқимизни ҳам. Миллатимиз исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз ичидан чиқди.

Уламолар эътироф этганидек, Ислом Арабистонда  туғилди ва Мовароуннаҳрда камолга етди.

Ислом илми равнақига ҳисса қўшган аждодларимиз кўп. Уларнинг асарларини бўлмаса-да, исми шарифларини ўрганиб олди кўпчилик. Аммо бу ерда эътиборга молик бошқа масала бор: қачонки Қуръони каримни ёддан билган мураттаб қорилар, фақиҳлар, мужтаҳидлар ва бошқа диний олимлар кўп бўлган вақтда биз ҳозир дунёвий илмлар деб атаётган фанлар ҳам бемисл тезликда ривожланган. Қачонки динимизга эътиқодимиз сусайиб бошлаган чоқдан дунёвий ишларимиз ҳам ортга кетаверган...

Аммо, азизлар биласизки, агар бани Одам ер юзида ўз ақли билан тўғри йўлни топиб яшаб кета олганида Аллоҳ таоло ҳеч қайси динни нозил қилмас эди, эҳтимол. Лекин бу имконсиз. Чунки инсоннинг яралиши шунақа. “Биз  ўз кучимиз, илмимиз билан ундай бўлдик, бундай бўлдик”, дея лоф ураётганларга ҳам синов учун бериб қўйганки, эртага унинг ҳар заррасининг ҳисобини сўрайди.

Демак, ҳалол-ҳаромни, увол-савобни, оқу қорани таниш учун динга муҳтожмиз. Зотан, болага динсиз тарбия беришга уриниш, уни тарбиядан маҳрум қилиш демоқдир. ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим дин асосида бўлиши лозим, шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг кечагина эълон қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони замирида миллатимиз табиатидаги Исломга муҳаббат ва илмга ташналик хусусиятлари мавжуд.

Фармоннинг биринчи бандида “Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: “жаҳолатга қарши маърифат”, дейилган.

Ана шу ғоя замирида динимиз кўрсатмаси ва аждодларимиз ҳикмати барқ уриб турибди. Чунки жаҳолатга қарши жаҳолат билан жавоб қайтарган киши маърифатли бўлиши мумкинми?

Шундай экан, динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш; ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини пухта ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш ва яна кўплаб олижаноб масалаларда фаоллик кўрсатмоғимиз динимиз, халқимиз, давлатимиз, давлатимиз раҳбарининг талабидир.

Ушбу ишларни самарали ташкил этиш борасида  айни фармоннинг ўзидан қуйидаги масалалар ҳам ўрин олганки, динимиз равнақи, жамиятимиз ривожида уларнинг ҳар бирининг ўрни беқиёс бўлади, иншоаллоҳ.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этиш; Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш; Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этиш; Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани.

Мазкур даргоҳлар кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш,  жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш борасида муҳим роль ўйнайди, иншоаллоҳ.

 

Дамин Жумақул

2953 марта ўқилди

Мақолалар

Top