muslim.uz
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди
Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Мақбара ҳовлисида ушбу мажмуани реконструкция қилиш, атрофини кенгайтириш концепцияси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳага кўра, мақбара атрофидаги улкан ҳудудда меҳмонхоналар, уй-жойлар, мактаб, шоҳбекат, савдо ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари қуриш, хиёбонлар ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари лойиҳани такомиллаштириш, мажмуадаги шароитларни янада яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.
Бу ерга келган одам ўзига маънавият олиб кетиши керак. Чет элликлар халқимизнинг илмига, маданиятига қойил қолиши керак. Шунинг учун яна ўйланглар, қурилишни режали, босқичма-босқич амалга оширинглар, деди Шавкат Мирзиёев.
Манба: http://www.president.uz
Қуръони каримга саёҳат
Теҳрон IQNA (Халқаро Қуръон янгиликлари агентлиги) маълумотига қараганда, Буюк Британиядаги Ислом ривожланиш ва тадқиқот институти рамазон ойининг бошида Қуръони каримни функционал тушуниш учун “Қуръони каримга саёҳат” мавзуида ўқув курсини ташкиллаштиради.
19-27 май кунлари ўтказилиши режалаштирилган ўқув курси қуйидаги мавзуларда бўлади:
Қуръон таълимотига асосланган шахс ривожланишининг 99 тамойили;
Қуръоннинг узоқ вақт ёдда қолишига ёрдам берувчи Қуръони карим қиссалари;
Қуръони каримнинг 114 сурасининг қисқача талқини;
Қуръон ҳақидаги билимларни кундалик ҳаётда қўллаш амалиёти;
Қуръони каримдаги атамаларнинг 1000 тасини ўрганиш.
Халқаро алоқалар бўлими
Нафл намози: шукри вузуъ намози
Шукри вузуъ намози
Одатда таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади.
Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар”.
Имом Абу Довуд ривоят қилган.
“Мўминнинг меърожи” китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Нафл намози: Ҳожат намози
Ҳожат намози
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар»
Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Намоздан фориғ бўлгач ушбу дуони ўқийди:
لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلَّه رَبِّ الْعَالَمِينَ: أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ.
«Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи роббил ъааламийн. Асъалука мужибаати роҳматика ва ъазоима мағфиротика вал ғониймата мин кулли биррин, вас-салаамата мин кулли исмин, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳу, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳу, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳа, йаа арҳамар роҳимийн!».
Термизий ривоят қилган.
Маъноси: «Ҳалим ва Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ арш Робби Аллоҳни поклаб ёд этаман. Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Раҳматингга мустаҳиқ қилувчиларни, мағфиратингни вожиб этувчиларни, ҳар бир яхшиликда ғаниматни ва ҳар бир гуноҳдан саломат бўлишни сўрайман. Менда бирор гуноҳ қолдирмасдан мағфират қилишингни, бирор ғам қолдирмасдан очиб юборишингни ва Ўзинг рози бўладиган бирор ҳожат қолдирмасдан раво қилишингни сўрайман, эй раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлиси».
Қуйидаги дуо ҳам ҳожат намозининг дуоларидандир:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، يَا مُحَمَّدُ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ فَتَقْضِي لِي، اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ
«Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййир роҳмати, йаа Муҳаммаду, инний таважжаҳту бика илаа роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи фатақзи лий. Аллоҳумма, шаффиъҳу фиййа»
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сенга юзланиб, Сендан пайғамбаринг, раҳмат набийси Муҳаммад алайҳиссалом билан васийла қилиб сўрайман. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мен бу ҳожатим раво бўлиши учун сиз билан Роббимга юзландим Аллоҳим, у кишини менга шафоатчи қил».
Имом Ибн Ҳажар бу намозни шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен кафилман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати
Президент Самарқандга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 17 март куни Самарқандга келди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил апрель ва ноябрда ҳам бу ерга келиб, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий объектлар қуриш бўйича кўплаб вазифалар қўйган эди.
Ташриф доирасида ана шу вазифалар ижроси таҳлил қилинади, янгилари белгилаб берилади.
Ҳар доимгидек, ташрифнинг биринчи кунида асосан туманларга бориш, вилоят фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказиш режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.