muslim.uz

muslim.uz

Среда, 07 Март 2018 00:00

Қалбимиз райҳонлари

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاء يَهَبُ لِمَنْ يَشَاء إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاء الذُّكُورَ 

أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَن يَشَاء عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро, 49-50).

Ушбу оятнинг аввалида Аллоҳ таоло Еру Осмоннинг яратувчиси, эгаси, Еру Осмон унинг тасарруфида эканининг хабар бермоқда. У зот нимани хоҳласа, ўша бўлади, нимани хоҳламаса, у бўлмайди. У зот хоҳлаганига беради, хоҳлаганини маҳрум қилади. Унинг берганини манъ қилувчи, манъ қилганини эса берувчи йўқ. У зот Ўзи хоҳлаган кишисига Ўзи хоҳлаган нарсасини ато қилади. Чунки у зотгина бандасига ниманинг фойдаси кўпроғ-у, ниманинг фойдаси камроқлигини яхши билади. Аллоҳ – буюк билим соҳиби.

Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан фазилатли ва баракали эканига далолат қилади.

Аллоҳ таоло оятнинг давомида бандаларни тўрт қисмга бўлмоқда:

  1. Лут ва Шуайб алайҳиссалом каби фақат қиз фарзанд берилганлар.
  2. Иброҳим алайҳиссалом каби фақат ўғил фарзанд берилганлар.
  3. Муҳаммад алайҳиссалом каби ҳам ўғил, ҳам қиз фарзанд берилганлар.
  4. Яҳё ва Исо алайҳиссалом каби бирорта фарзанд берилмаганлар.

Аллоҳ таоло кимга нима беришни ўзи билади ва уни яратишга қодир. Бу илоҳий тақсимотга итоат этиш ҳам ибодатдир. Аллоҳ ҳар бир банданинг фойдасини кўзлаб шу ишни бажаради. Банда эса гоҳо бунга шошқалоқлик билан ёндашади. Бу Аллоҳ бандасини ёмон кўради, дегани эмас. Шундай бўлганида ўзининг инсонлар орасидан суюкли қилиб танлаб олган пайғамбарларига ҳар иккисидан ҳам берган бўлмасмиди? Аллоҳ кимга, нимани, қандай, қанча ва қачон беришни ўзи билади. 

Ҳаётда инсонлар тўрт хил ҳолатда яратилган: Одам алайҳиссалом эркак ва аёлсиз тупроқдан, Ҳавво онамиз аёлсиз фақат эркакдан, яъни Одам алайҳиссаломнинг чап қовурғасидан, Исо алайҳиссалом эркаксиз фақат аёлдан, яъни Марям онамиздан, қолган инсонлар эса эркагу аёлдан. Банда буни фикр қилиши ва фарзанддек буюк неъматни шукроналик ила қабул қилмоғи шарт. Бунга ношукур бўлиш – гуноҳи азим. 

Аллоҳ таоло оятда қиз фарзандни биринчи ўринда келтирди. Бу Аллоҳнинг хоҳиши, ота-онанинг хоҳиши эмас. Ота-она кўпинча ўғил истайди. Аллоҳнинг иродаси эса банданинг иродасидан устун. Фарзанднинг ўғил бўлишида на ота-она ва на табибларнинг маҳорати қўл келади. Қўл келганида борми?... Бунга фақат Аллоҳ қодир.

Жоҳилият даврида баъзи араблар қиз болани ор-номус санаб тириклай кўмиб юборарди. Улар қиз болани одам санашмас, унга ҳайвондан-да паст назар билан боқар, бир-бирини ўғил туғилганда, қиз эса кўмилганда қутлашарди. Аллоҳ таоло эса мазкур оят билан қиз болага биринчи ўринда эътибор қаратиб, бандаларни ҳам шунга чорлади. Шу илоҳий хитоб қиз болаларнинг сақланиб қолишига, наслнинг давом этишига сабаб бўлди. 

Шундай экан, қиз болани ёмон кўриш, қиз туғилганда хафа бўлиш, қиз туққан аёлини койиш жоҳил одамларнинг одатларидан. Аксинча, қиз болани яхши кўриш, совға-саломни ҳам ўғилдан олдин қиз болага бериш солиҳларнинг одатларидан. Қиз бола ўғилга қараганда меҳрибонроқ бўлиши ҳам табиий ҳол.

Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл, 58-59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Кимда учта қиз бўлиб, уларнинг тарбиясидаги қийинчиликка сабр этса ва топган молидан уларнинг кийим-кечакларини бут қилса, улар бу кишига дўзахдан парда бўлади" (Имом Бухорий ривояти).

"Ҳар бир мусулмон кишининг иккита қизи бўлиб, уларни яхши ахлоқ, яхши муомала билан тарбият қилса, қизлари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади" (Имом Бухорий ривояти).

"Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбия қилиб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши, албатта, муқаррардир" (Имом Бухорий ривояти).

“Оиша розияллоҳу анҳо ўз яқинларида фарзанд туғилганда қиз ёки ўғиллигини сўрамасдан она ва боланинг бус-бутунлигини сўрардилар. Соғломлигини эшитгач, “Аллоҳга шукур”, деб дуо қилардилар” (Имом Бухорий ривояти). 

“Бир нечта қизи бўлган бир киши Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳузурида бўлган вақтида уларнинг ўлишини орзу қилди. Шунда Абдуллоҳ у кишига қаттиқ ғазаб билан: "Қизларнинг ризқ-рўзини сен ўзингнинг ризқингдан берасанми?" деб койиган эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Юсуф Яъқуб айтадилар: «Еттита қизим бор. Ҳар қиз туғилганда имом Аҳмад ҳузурларига борардим. У зот: “Эй Абу Юсуф! Пайғамбарлар ҳам қизларнинг оталари бўлганлар”, дердилар. Бу гапдан кейин мендан хафалик аломати йўқоларди».

Бир оилада қиз фарзанд туғилганда эру хотин ўртасида катта жанжал чиқибди. Ҳатто эркак бир неча кун аёли билан гаплашмай қўйганида ҳижрон алангаси қалбини тилка-пора қилган бечора аёл бир парча қоғозга шундай мактуб битибди:

Эримга не бўлди, гаплашмай қўйди,

Чароғон уйимиз зулматга тўлди. 

Ширин сўзларининг гадоси бўлдим, 

Гул эдим, бир кунда қуридим, сўлдим. 

Дедим: гапимга бир қулоқ солинг, сиз,

Кўз очиб кўрганим жоним, дилимсиз.

Деҳқоним бўлинг, мен ерингиз бўлай, 

Нимаки эксангиз, шуни ўстирай.

Дарҳақиқат, фарзанд берувчи ҳам, ризқини берувчи ҳам ягона Аллоҳ. Ундан кўра ўзимизнинг ота, жуфтимизнинг она, ота-онамизнинг неваралик бахтига сабабчи бўлган жигарбандлар билан хурсанд бўлиб, фарзанд неъматини насиб этган Яратганга шукрона қилайлик. Кунлар келиб шу қизимиз бизни бахтли этар; оиламизни обод, турмушимизни завқли этар; ҳадисларда ўрганганимиздек, жаннатга киришимизга сабабчи бўлар. Фикримизни бир жойга қўйиб, ўйлаб кўрайлик: агар Худо қалбимиз райҳонлари бўлмиш фарзанд бермаганда, нима қилардик. Шундай экан, уларнинг соғлигини, салоҳиятини, дину диёнатга, миллату мамлакатга манфаати тегадиган шахс бўлиб етишини сўрайлик, илму маърифатли, маънавияти юксак бўлишини тилаб дуо қилайлик. Зеро, ота-онанинг фарзандига қилган дуоси шаксиз мустажобдир. 

Қиз бола нафақат бизнинг қизимиз, балки холамиз, аммамиз, опамиз ва синглимиз, қолаверса онамиз эканлигини бир дам бўлса-да унутмайлик.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

ЎМИ Матбуот хизмати

Фото: ЎзА

Лондон шаҳрида амалий ташриф билан меҳмон бўлиб турган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий меросни тадқиқ этиш маркази ва Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегация Буюк Британия кутубхонаси маъмурияти билан учрашув ўтказди. 

BL-Reading-Room.jpg

Фото: ЎзА

Кутубхона вакиллари Кристиан Женсен, Колин Бекер, Луиза Менгони, Жанет Змрожек билан суҳбатда Буюк Британия кутубхонаси дунёдаги қўлёзма, китоб, харита, журнал ва бошқа манбаларнинг энг бой фондига эга кутубхона ҳисобланиши, унда 150 миллиондан зиёд манба сақланиши таъкидланди. Кутубхонага ҳар йили 3 миллион янги адабиёт қўшилади, кунига ўртача 16 000 китобхон ташриф буюради. Агар кунига Буюк Британия кутубхонасида сақланаётган 5 та китоб ўқилса, жами манбаларни ўқиб тугатиш учун 18 000 йил керак бўлади. 

bl.jpg

Фото: ЎзА

 
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. 
 
Манба: http://uza.uz
 

ЎМИ Матбуот хизмати

Среда, 07 Март 2018 00:00

Бирдамлик – саодат калити

Қуръони карим ва ҳадис шарифда фақат эзгуликка даъват этилганини кўрамиз. Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турли хил фирқаларга бўлиниш каби разил ишларни қоралайди, улардан эҳтиёт бўлишга буюради. Тинчлик неъматини бериб қўйган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан, шу йўл билан бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган. Бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб шундай деган:

Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, борингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечирмоқларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.

Дийдор АСКАРОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Маълумотларга кўра, Олмазор туманидаги "Охунгузар" жоме масжиди 1850 йилда қурилган. Ушбу масжид ўзининг тарихийлиги ва қурилиш услуби билан ажралиб туради.

Тарихий масжиднинг ёнида жойлашган уйнинг аянчли ҳолати масжидга ташриф буюрувчилар ва хорижлик сайёҳларнинг дилини хира қилиши турган гап.

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасига берилаётган эътибор, бу сингари кичик камчиликлар сабабли тўсиқларга учрамаслиги зарур.

Бундай нураб кетган деворлар ҳам масжид аҳлига ҳам хориждан келадиган сайёҳларга салбий таъсир этиши аниқ. Ким ҳам нураган деворни кўриб, бино ичига киради? Масжид ходимлари эса кунига юзлаб сайёҳларга: бу масжид жуда мустаҳкам деб, тушунтира олмайдиларку.

Келган сайёҳ масжид ҳолати яхши бўлсада, ёнбошида турган уй деворининг йиқилай деб турганини кўриб, ушбу обидани зиёрат қилиш ниятидан қайтмаслигига ким кафолат беради?!

Мутасадди ташкилот ва мазкур уй вакилларидан мавжуд ҳолат бўйича тегишли чора кўришларини кутиб қоламиз.

 

ЎМИ матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top