muslim.uz
Ўзбекистон Қуръон мусобақаси: мухлислар эътирофи
Диёримизда бошланган Қуръони карим мусобақаси барча юртдошларимиз томонидан кўтаринки руҳ, хурсандчилик билан қарши олинмоқда. Бугунги кунга қадар Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида мусобақанинг туман-шаҳар саралаш босқичлари ўтказилди.
Muslim.uz портали ҳамда унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Қуръон байрамини кузатиб борган ҳамюртларимиз қалбларининг тубидаги самимий дил изҳорларини қуйидагича ифода этдилар.
Жумладан, Шавкатбек Тожибоев номли фойдаланувчи “Ушбу мусобақани ташкиллаштирган юртбошимизни Аллоҳ ҳамиша паноҳида асрасин. Шундай улуғ кунларга етказган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дея ўз фикрини билдирган.
Абдусаттар Аҳунов эса мусобақани онлайн кузатиб бораётган дўстига мурожаат қилиб “Муҳаммадсодиқ шартта билет олиб қайтайликми-а?” дея Ватанни соғинганини билдирган.
Салмон Форсий номли фойдаланувчи “Андижон ҳофизи Куръонлар макони иншааллоҳ юзлари ёруғ бўлгуси”, деб ёзиб қолдирган.
“Аллоҳ таоло қориларимиздан рози бўлсин! Азизлар, шукрни кўпайтирсак, Аллоҳ таоло бизга неъматларини зиёда қилади”, дея Нозимжон Иминжонов ўз фикрини билдирган.
Маъсумхон Собиров исмли фойдаланувчи “Диндорларга, хусусан, Ислом динига берилаётган эътибор учун давлат раҳбарига раҳмат”, дея ёзган.
Мустафо Алиев “Андижон қорилар (заводи) макони дейишадику. Бу ердаги файзни кўринг.... Ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин!”, деб ўз хурсандчилигини бошқалар билан бўлишган.
Қобилжон Исаков “Субҳаналлоҳ! Ҳакамларнинг энг қийналган жойи – Андижон бўлади шекилли! Булбулзабон қориларимизни қай бирини олий ўринга қўйишниям билмайди одам!” деб мусобақаларнинг юқори савияда ўтаётганига эътибор қаратган.
Руҳуллоҳ Отахонов номли фойдаланувчи “Аллоҳга шукр шу кунларга етказганига. Юртбошимизнинг бошлари омон бўлсин. Иймонлари зиёда бўлсин”, дея ўз миннатдорлигини билдирган.
Онлайн эфирларга қолдирилган 10 мингдан ортиқ изоҳларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мусобақанинг дастлабки босқичи ҳақида ўзларининг илиқ ва ижобий фикрларини билдириб ўтганлар. Фойдаланувчилар ташкилий масалалар бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдириб ўтганлар.
Маълумот учун, мусобақанинг дастлабки босқичи “muslim.uz” саҳифасида 141 мингдан ортиқ мухлислар томонидан кўрилган. Умумий қамров эса 640 минг нафарни ташкил этган.
Айни кунларда мусобақа Андижон вилоятида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Эртага мусобақа энг жўшқин паллага киради!
Азиз Қуръон шайдолари, бугун Андижоннинг бир неча ҳудудларидаги қорилар мусобақасини улкан кошона ва йирик масжидларни тўлдириб, кузатаётган одамларни кўриб, ич-ичимиздан қувондик, Ҳақ таолога ҳамдлар айтдик, барча-барчадан Аллоҳ рози бўлишини тиладик.
Айниқса, Андижон шаҳридаги “Андижон” кошонасининг икки-уч қавати, ҳатто зиналарида ҳам туриб кузатаётганларни кўриб, Аллоҳнинг каломига муҳаббат кишиларимизда чексиз эканига гувоҳ бўлдик.
Ўз навбатида ушбу мусобақани онлайн кузатиб турган мингдан зиёд мухлисларга эса, Қуръонга бўлган муҳаббатингиз бундан ҳам зиёда бўлсин деймиз, ушбу ҳузурбахш онларни, икки дунёга васила бўладиган дақиқаларни дўсту биродарларга ҳам тавсия этишингизни илтимос қиламиз.
Шундай экан азизлар, бундай вақтларнинг қадрига етайлик, руҳониятларимизни сайқаллаб олайлик. Бир неча кундан кейин ниҳоясига етадиган, юракларни эзилтириб кетадиган онлардан ғафлатда қолмай десангиз, бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳамкорлик ривожланади Эрон Элчиси Баҳман Оғозорий билан учрашув
2 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳман Оғозорий Дўрмоний билан учрашди.
Шоазим Миноваров элчи жанобларини ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон ва Эрон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тараққий этиб бораётганини, икки мамлакат ва халқларнинг маданиятлари ва анъаналаридаги умумий томонларни таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсадлари ва вазифалари тўғрисида меҳмонга ахборот берди. Жумладан, асосий кўзланган мақсад ислом динининг асл моҳияти тинчлик, илмга даъват қилиш ва бунёдкорлик эканини жамият аъзолари ва хорижликларга етказиш экани қайд қилинди. Маҳобатли бинода жойлашадиган Ислом цивилизацияси марказида Ислом академияси, илмий кутубхона, музей ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиши баён этилди. Мезбон, шунингдек, зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича ишлар жадал кетаётгани ва бу борада Ўзбекистон делегацияси тажриба алмашиш учун турли давлатларда бўлиб қайтганини айтиб, Эрон давлатидан ҳам сайёҳларни жалб этиш ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлишини таъкидлади.
Ўзининг жавоб сўзида элчи Баҳман Оғозорий жаноблари Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббусини маъқуллади ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этишда Эрон томони ёрдамга тайёр эканини, Эронда сақланаётган қўлёзмалар ва нодир ёдгорликлар, Эроннинг қўлёзмалар ва музейлар фаолияти соҳаларидаги тажрибаси билан ўзбекистонлик мутахассисларни таништиришга, шунингдек, бинога безак бериш жараёни бошланганида Исфаҳондан кошин ва ўймакорлик соҳаларида уста-мутахассисларни юборишга тайёр эканини маълум қилди.
Эрон элчиси сўзида давом этиб, ўзбекистонлик мутахассислар делегациясини Эроннинг Теҳрон, қадимий Исфахон ва Шероз шаҳарларидаги қўлёзмалар билан шуғулланувчи марказлар ва кутубхоналарнинг ишлари билан танишишга, улар билан ҳамкорлик шартномалари тузишга даъват этди. Юбориладиган делегациялар аъзолари учун Эрон томони барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.
Германиялик собиқ сиёсатчи исломни қабул қилди
Ғарб давлатларининг кўплаб таниқли инсонлари томонидан исломни қабул қилиниши бугун ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Европада ҳам, Америка Қўшма Штатларида ҳам исломни янгидан қабул қилганларнинг сони бир неча юз мингдан ошади. Бундан ташқари Ғарб мамлакатларида охирги пайтларда мусулмонлар инсоний фазилатлари туфайли кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлиб, энг юқори лавозимларга тайинланиш ҳоллари кузатилмоқда.
Golositlama.com сайти хабарига кўра, Германиянинг ультра қанот "Германия учун муқобиллик” партияси аъзоси Артур Вагнернинг исломни қабул қилиши бутун дунё оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди. Германиядаги “исломлаштириш”га кескин қаршилик кўрсатган собиқ насроний журналистларга берган интервьюсида, ўзи курашган дин билан танишганидан кейин ўзини қийнаб юрган барча саволларга жавоб топганлигини билдирган. Шунингдек, насронийликка нисбатан муносабатининг ўзгариши учун яна бир сабаб, Вагнернинг бир жинсли никоҳни қабул қила олмаганлиги, бу унинг шахсий қадриятларига мос келмаганлиги билан изоҳланади. Германия ва Швейцарияда ҳар йили ўтказиладиган бир жинслиларнинг намойишларида черков вакилларининг иштирок этиши, бу намойишни болаларнинг кузатиб туришини сиёсатчи умуман қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблайди.
Вагнер исломни ўтган йилнинг октябрь ойида қабул қилган, аммо буни шу йил январь ойига келиб ОАВ вакилларига ошкор қилган. Бу ҳаракати унинг “исломлаштириш”га қарши кескин кураш олиб бораётган сафдошларига қаттиқ зарба бўлди.
The Guardian нашри хабарига кўра, 2013 йилда Голландиядаги исломга қарши курашадиган ўта ўнг “Озодлик партияси” аъзоси Арнуд Ван Доорн исломни қабул қилиб, Саудия Арабистонига ҳаж сафарини амалга ошириш учун йўлга отланган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир инсон кечинмалари: бахтли ҳаёт ғолиб бўлган йил
Бир муаллиф хонасида ўтирар эди. Қўлига қаламини олдида ёза бошлади.
“Ўтган йили ўт пуфагимни олиб ташлаш жарроҳлик амалиётини бошимдан ўтказдим. Шундан кейин бир неча ой тўшакка михланиб қолдим. Ёшим олтмишдан ўтибди. Нашриётдаги ўттиз йилдан бери қилиб келаётган муҳим ишим ҳам ўлда–жўлда қолиб кетди. Отам вафот этди. Ўғлим автоҳалокатга учрагани сабабли бир неча ой дарсларга иштирок этмай, ўқишидан қолиб кетди...”
У саҳифанинг ниҳоясида: “Эҳ, бу йил нақадар ёмон йил бўлди”, дея якунлади.
Шу пайт унинг аёли хонага кириб келди. Эрининг ҳаёли тарқоқ, паришон ҳолда кўрди. Курсига ўтирганча чуқур ҳаёл саҳросида кезиб юрган муаллиф аёлини кирганини ҳам сезмади. Аёлнинг кўзи эри ёзган кечинмаларга тушди. Унга ҳеч нарса демай аста хонани тарк этди. Бир неча дақиқадан кейин қўлида бошқа вароқни тутганча унинг ёнига қайтди. Ва эри ёзган вароқ олдига асталик билан қўйди. Эр хотинининг қоғозини қўлига олдида ўқий бошлади.
“Азизим! Ўтган йили, узоқ йиллар ўт пуфаги туфайли чекаётган аламли оғриқдан буткул шифо топдингиз. Олтмиш ёшга тўлдингиз ва сиз ҳозир тамомила соғ– саломатсиз. Яна сиз билан муҳим китоблар бўйича шартнома, битимлар тузилгач, барча учун манфаатли китобларни ёзишга киришасиз. Отангиз узоқ умр кўрди. Бирор кишига оғирлиги тушмасдан минг ойнинг юзини кўрди. Ўғлингиз автоҳалокатдан қутилиб қолди. Ҳеч қандай жисмоний камчиликсиз, майиб бўлмай соғайиб кетди...
Аёл ўзининг ибораларини ушбу сўзлар билан якунлади.
“Эҳ, нақадар ажойиб йил! Қийинчилик устидан бахтли ҳаёт ғолиб бўлган йил... Ҳар қандай ҳолда Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Биз доим, етиша олмаган ва эга бўлмаган нарсаларга назар соламиз. Шу сабаб, ўзимиздаги ғам–ташвишлар билан овора бўлиб Аллоҳга шукур қилишни унутамиз.
Доимо биздан тортиб олинган нарсаларга қараймиз. Шу сабаб, бизга берилган неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтишни унутамиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта Раббингиз оламларга нисбатан фазллидир. Лекин уларнинг аксарияти шукр қилмайдилар» (Намл сураси, 73-оят).
Аллоҳ таоло сени бахтиёр этиш учун, сени қийинчилик ва оғир машаққатларга рўбарў қилади. Сени мукофотлаш учун сени айрим нарсалардан тақиқлайди. Сени кулдириш учун ғоҳида кўз ёш тўкдиради. Сени энг афзал мақомга қўйиш учун, гоҳида сени баъзи нарсалардан маҳрум қилади. Сени яхши кўргани учун баъзи қийинчиликлар билан синаб кўради.
Авазхўжа БАХРОМОВ
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.