muslim.uz
Ғийбатнинг рухсат этилган турлари
Вьетнамда Ўзбекистон маданият кунлари ўтказилади
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг масъул раҳбар кадрларидан иборат ишчи гуруҳи Вьетнам Социалистик Республикасида ижодий сафарда бўлиб турибди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган йўл харитасига асосан “Вьетнамда Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказишда ташкилий масалалар юзасидан муҳокама ва келишувлар амалга оширилмоқда.
Вазирлик матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, маданият кунлари тадбирлари шу йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлик томонидан 2017 йилда Қувайт, Қирғизистон, Тожикистон сингари хорижий мамлакатларда Ўзбекистон маданияти кунлари ташкил этилган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шоир эътирофи: Жаннат оналарнинг кўнглида экан
Шеърият рукни
Маккадир бу – Пайғамбаримиз
Кўзларидан ёришган диёр.
Тошлар ўпиб, яна чўккан тиз
Бу диёрдан кетолмай баҳор.
Йўқотганин йиғлаб топгани
Келар инсон – содда, қувлари.
Шуларнинг ҳам қўлин ўпгани
Тошиб чиқар Замзам сувлари.
Ҳарам кўча-айвонларида
Жойнамозлар ёзилган тўкис.
Кўнглим, меҳр жавонларида
Ўксиганинг кўрдим-ку, эсиз...
Оппоқ либос жону танлари,
Оппоқ бўлиб ёришар осмон.
Аллоҳ!.. дея топинганлари
Жаҳонларга айланган жаҳон.
Аммо кўкка учдию оҳим,
Гулханларга айланди ўтим.
Шайтонларга тош отган чоғим,
Шайтонлар ҳам тош отди бетин.
Юрагимга қилибман жабр,
Симирдим-да ҳаволарни соф –
Мўминларга тиладим сабр,
Зулуклар тиладим инсоф.
* * *
Тилимга сал эрк берувдим
бошга ёққан бало бўлди.
Ҳар томчиси тошдан қаттиқ
ёмғир бўлди, жала бўлди.
Парвозларни суйган дилим
писиб қолди қоронғуда,
Тонгларга тик қаролмади,
юзи унинг қаро бўлди.
* * *
Лой олиб ердан, олам
Чақмоққа тушиб келди.
Жаннатда яйраб одам,
Тупроққа тушиб келди.
Юзлари ой бўлса-да,
Кўзлари қуёш нури –
Тупроқ қучиб ўлса-да,
Тупроқдан олди қўрни.
* * *
Яхшилик – яхшидир! – Онам ҳикмати
Юрагим тубига муҳрланган, рост.
Яхшилик – яхшидир! – Олам неъмати
Юрагим обидан меҳрланган, рост.
Қуёшни ўраб-да тоғ билакларга
Энг яхши шеърларни онам битганлар.
Яхшиям яхшилар оқ юракларга
Яхшилик уруғин қадаб кетганлар.
* * *
Жаннат қиёсини изладим кезиб,
Топганларим яшил боғу боғчалар.
Булоқлар қайнади меҳримни сезиб,
Меҳрини тўшади йўлга шохчалар.
Бунчалар шарафга муяссар юртим,
Ойдин қўшиқларга айланган чаман.
Муборак ҳадисни ўқиб-ла билдим,
Жаннат оналарнинг кўнглида экан.
Абдулҳай НОСИР
Тошкент шаҳридан
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир ҳадис шарҳи рукнидан: раҳм қилган марҳамат кўради
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Абуд Довуд ва Термизий ривояти).
Шарҳ: Ушбу ҳадисда кимга нисбатан раҳм кўрсатиш аниқ айтилмаган. Яъни, “одамларга”, “мўминларга” “солиҳларга” ёки “фақирларга” деган қайд йўқ. Шундай экан, бу ҳадисдан бутун махлуқотга нисбатан раҳм-шафқат кўрсатиш лозимлиги келиб чиқади. Яъни, ер юзидаги яхши-ёмон барча инсонларга, хонаки-ваҳший бутун ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳамат Раҳмон – раҳмати чексиз Аллоҳ таоло рози бўладиган амаллардандир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмдил бўлмагунча (комил) мусулмон бўлолмайсиз”, деб марҳамат қилганларида саҳобийлари: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳаммамиз раҳмлимиз”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу ўринда бирингизнинг дўстига кўрсатадиган раҳм-шафқат эмас, барча инсонларга ва ҳайвонларга кўрсатиладиган марҳаматни кўзда тутяпман”, дедилар».
Марҳаматлиларга Аллоҳ таолонинг ҳам раҳм қилиши дейилганида, уларга эҳсонини мўл-кўл қилиб бериши ва кўпгина неъматлар ато этиши тушунилади. Аммо кўрсатиладиган раҳм-шафқат Қуръон ва суннат асосида бўлиши зарурлигини ҳам билиб қўйиш керак. Зеро, Аллоҳ таоло розилигига терс тушадиган, суннатга тўғри келмайдиган марҳамат ва шафқат бу ерда мақталган сифатга кирмайди.
“Осмондагилар”дан мақсад фаришталардир. Чунки улар мўминларга истиғфор сўраб турадилар. “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар Парвардигорларига ҳамду-сано айтиш билан (У зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У зотга имон келтирурлар, ҳамда имон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-меҳрибонлик ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас тавба-тазарруъ қилган ва Сенинг йўлингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин” (Ғофир, 7). Бу муборак оятдан маълум бўлишича, фаришталарнинг раҳм қилиши мўминлар учун раҳмат ва мағфират сўрашдан иборат.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан келиб чиқадиган хулоса шу: қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга аҳамият бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга интилиш демакдир. Аксинча, бу масалага бепарво бўлиш Аллоҳ таолонинг раҳматига беписандликдан дарак беради.
“Кутуби ситта” асосида
Содиқ НОСИР
тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш...
Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири мўминлар қалбига хурсандчилик бағишлаш”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади.
Мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган, Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби бошчилик фаоллар жамоаси мунтазам равишта хайрли ишларга қўл уриб келишмоқда.
Куни кеча масжид масъуллари “Яккасарой” маҳалласида истиқомат қилувчи 73 ёшли Мастура ая Муртазоева ва Федорова Клара Григорьевнанинг аҳволидан хабар олиб, уларга иккита ногиронлик аравачасини хайрия тариқасида топширишди.
Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг кўриниши бўлган бу каби хайрли ишлар юртимизда инсон омилига бўлган эътиборнинг янада равнақ топаётганидан далолатдир, десак муболаға бўлмайди.
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,
Тошкент шаҳар Яккасарой тумани
“Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.