muslim.uz
Ислом цивилизацияси ва мафкурасига оид халқаро анжуман
Кеча Малайзиянинг Перак штати пойтахти “Ипох” шаҳрида Ислом цивилизацияси ва мафкурасига оид IV халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман “Султон Азланшоҳ” ислом университети ташаббуси билан ўтказилиб, унда иштирокчилар бугунги кунда дунё халқининг тинчлик-осойишталигига хавф солаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида мулоқот қилишди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
ОАВ: Ўзбекистон россиялик мусулмон сайёҳлар учун ноодатий таклиф билан чиқди
Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш, зиёрат туризмида фойдаланилмаётган салоҳиятни намоён этиш мамлакатимиз ҳукумати олдида турган асосий масаладир.
Аввалроқ, туризмнинг мамлакатимиз иқтисодиёти учун қай даражада самарали ва фойдали экани ҳақида маълумотларни эълон қилган эдик.
Юртимизнинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти бутун мусулмон оламига намоён қилинмоқда. Буни хорижий оммавий аъборот воситаларида Ўзбекистон ва унинг туристик салоҳияти борасида чоп этилаётган хабарлар ва мақолалардан билиб олиш мумкин.
Шундай маълумотлардан бири “Islam-today.ru” нашрида эълон қилинди. Ушбу хабарда Ўзбекистоннинг Россия, Туркия, Малайзия ва Индонезия сингари мамлакатлардаги мусулмонлар учун мўлжалланган сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиққани айтилган.
Ислом динига эътиқод қилувчилар учун зиёрат туризми йўналишида мусулмон уламоларнинг мақбараларига ташриф буюриш кабиларни таклиф этилаётгани қайд этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Россия ва Ўзбекистоннинг ҳудудлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириши учун имконият яратилгани маълум қилинган.
Амалий ишлар натижаси сифатида эса, Татаристон Республикаси ва Самарқанд вилояти ўртасидаги ҳамкорлик ўрнатилгани келтирилган. Самарқандда Имом ал Бухорийнинг мақбараси жойлашгани қўшимча қилинган.
ЎМИ матбуот хизмати
Ислом банки мусулмон жамоаларига ёрдам кўрсатади
Ислом тараққиёт банкининг ижрочи директорлар кенгаши томонидан ташкилотга аъзо мамлакатлар ва аъзо бўлмаган, бироқ мусулмон жамоалари яшовчи давлатлардаги ижтимоий ва иқтисодий ривожлантирииш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувни тасдиқлаш учун рухсат берилди.
Молиявий кўмак ҳажми 198,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиши хабар қилинган.
Ушбу йирик лойиҳа доирасида 110 миллион АҚШ доллари Шри-Ланкадаги йўлларни таъмирлаш учун, 71,3 миллион АҚШ доллари Гвинеяда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун, 14 миллион АҚШ доллари Бангладешда озиқ-овқатни тадқиқ қилиш халқаро марказига асос солиш учун, 1,5 миллион АҚШ доллари Сурияда истиқомат қилувчи қочоқларни зудлик билан қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.
Банк президентининг берган маълумотига кўра, техник ёрдам учун ажратиладиган 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Вақф жамғармаси томонидан ажратилиши кўзда тутилган.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 300 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий келишувни имзолаган эди. Тақдим қилинган маблағлар "Қишлоқ жойларида турар-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳасининг 2-босқичини амалга ошириш йўналтирилган.
ИТБ маблағларни 15 йиллик, жумладан, 2 йиллик имтиёзли муддатга берган. Лойиҳа доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 6,4 мингтадан кўпроқ уй, 110,52 км кириш ва ички йўллар, 197,80 км лик ичимлик суви тизими қурилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, Ислом ҳуқуқи асосида мусулмон жамоаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Бугунги кунда унинг 57 нафар аъзоси бор. Банкнинг капитали 100 миллиард АҚШ доллари миқдорида экани айтилади. Ислом тараққиёт банкининг идораси Жидда шаҳрида жойлашган бўлиб, дунёнинг тўрт шаҳрида минтақавий идораларига эга. Улар Работ (Марокаш), Куала-Лумпур (Малайзия), Олмаота (Қозоғистон), Дакар (Сенегал)да жойлашган.
ЎМИ ахборот хизмати
Олимлар соғлик учун энг фойдали озиқни топишди
“(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!” Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл сурасининг 68-69-оятлари).
Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар. Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Биродаримнинг қорни оғрияпти», деди. Расулуллоҳ унга: «Биродарингга асал ичир», деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди: «Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг гапи рост, биродаринг қорни алдаган!» дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
* * *
Инсонлар истеъмол қиладиган маҳсулотлар устида тадқиқот олиб борган олимлар асал энг фойдали озуқа деган хулосага келишди. “Мўъжизавий ҳапдори” вазифасини ўташи мумкин бўлган асал инсон танасига ижобий таъсир кўрсатадиган энг ажойиб озуқадир, демоқда Россия ОАВ.
Мутахассисларнинг фикрича, бир чой қошиқ асал кун давомида соғлиқни сақлаб юришга етади. ОАВ маълумотларига кўра, асал жуда ҳам яхши антиоксидант экан. Демак, мунтазам асал истеъмол қилиб юрилса, тана токсинлардан халос бўлиб боради ва асалнинг микробга қарши курашиш хусусияти терининг ҳолатини бир неча баробар яхшилайди.
Озишни хоҳлаганларга ҳар қандай ширинлик ейиш тақиқланади, аммо асал бундан мустасно. Чунки асалнинг таркибидаги шакар шоколаднинг таркибидаги шакардан фарқ қилади. Асал метаболизмни тезлаштиради ва вазн ташлашга яхши фойда беради.
Ҳар куни асал истеъмол қилиш тананинг холестринга қарши курашишида самарали таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар кўрсатишича, асал сиқилишларнинг олдини олади, танада токсинлар йиғилишига қаршилик кўрсатади ҳамда хотирани мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари асал таркибидаги кальций мияга енгил сўрилади ва унинг ишлаш қобилиятини яхшилайди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади
Фарғонада Ислом ҳуқуқи мактаби фаолият бошлади
Фиқҳ – Ислом ҳуқуқшунослигининг асосий пойдевори бўлиб, юртимиздан бу соҳада кўплаб уламолар етишиб чиққан. Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари эса фақиҳлар устози бўлган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида динда фақиҳ бўлишни ниҳоятда юқори баҳолаганлар.
Муовия розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар.
Жорий йилнинг 15 июнь куни ўтказилган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуманда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев:
“Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади. Куни кеча Имом Бухорий бобомиз ёдгорлик мажмуасида бўлганимда бу масаланинг нақадар муҳим ва долзарб эканини айниқса чуқур ҳис этдим”, – дея таъкидлаган эди.
13 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактабининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев, вакил ўринбосари А.Наимов, шаҳар туман бош имом-хатиблари, мазкур мактабда дарсларни олиб борувчи устозлар ва Ислом ҳуқуқи мактабида таълим оладиган тингловчилар иштирок этди.
Янги иш бошлаган мазкур ислом ҳуқуқи мактабида тингловчилар учун барча шароитлар яратилган вилоятимиздаги имом-хатиблар, ноиб-имомларга Бурҳониддин Марғиноний ҳамда Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий асарлари чуқур ўргатилиши, қолаверса, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, таълим замонавий модуль шаклида олиб борилишини ҳамда мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлагани тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилиши ҳам таъкидланди.
Тадбир сўнгида ақида илми мактабининг устоз ва тингловчилари ҳақига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча хайрли ва эзгу ишларида Аллоҳ мададкор бўлишини сўраб дуойи хайрлар қилинди.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.