Дунё янгиликлари

Ислом банки мусулмон жамоаларига ёрдам кўрсатади

Ислом тараққиёт банкининг ижрочи директорлар кенгаши томонидан ташкилотга аъзо мамлакатлар ва аъзо бўлмаган, бироқ мусулмон жамоалари яшовчи давлатлардаги ижтимоий ва иқтисодий ривожлантирииш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувни тасдиқлаш учун рухсат берилди. 

Молиявий кўмак ҳажми 198,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиши хабар қилинган.

Ушбу йирик лойиҳа доирасида 110 миллион АҚШ доллари Шри-Ланкадаги йўлларни таъмирлаш учун, 71,3 миллион АҚШ доллари Гвинеяда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун, 14 миллион АҚШ доллари Бангладешда озиқ-овқатни тадқиқ қилиш халқаро марказига асос солиш учун, 1,5 миллион АҚШ доллари Сурияда истиқомат қилувчи қочоқларни зудлик билан қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.

Банк президентининг берган маълумотига кўра, техник ёрдам учун ажратиладиган 1,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Вақф жамғармаси томонидан ажратилиши кўзда тутилган.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) 300 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий келишувни имзолаган эди. Тақдим қилинган маблағлар "Қишлоқ жойларида турар-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳасининг 2-босқичини амалга ошириш йўналтирилган.

ИТБ маблағларни 15 йиллик, жумладан, 2 йиллик имтиёзли муддатга берган. Лойиҳа доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 6,4 мингтадан кўпроқ уй, 110,52 км кириш ва ички йўллар, 197,80 км лик ичимлик суви тизими қурилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ислом тараққиёт банки 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, Ислом ҳуқуқи асосида мусулмон жамоаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Бугунги кунда унинг 57 нафар аъзоси бор. Банкнинг капитали 100 миллиард АҚШ доллари миқдорида экани айтилади. Ислом тараққиёт банкининг идораси Жидда шаҳрида жойлашган бўлиб, дунёнинг тўрт шаҳрида минтақавий идораларига эга. Улар Работ (Марокаш), Куала-Лумпур (Малайзия), Олмаота (Қозоғистон), Дакар (Сенегал)да жойлашган.

ЎМИ ахборот хизмати

 

5342 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top