muslim.uz
Оила мустаҳкамлиги омиллари
Муқаддас динимиз оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода қачон оилалар салоҳиятли бўлса, бундай оилалардан ташкил топган жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Шунинг учун динимиз оилага иймон, муҳаббат, таълим-тарбия ва бахтли ҳаёт сари йўлловчи маскан сифатида қарашни вожиб қилган.
Динимиз кўрсатмаларига мувофиқ қурилган оила мустаҳкам қонун-қоидалар устига қурилган бўлади. Ҳаётда учрайдиган турли муаммолар бундай асос устига қурилган оила мустаҳкамлигига асло раҳна сола олмайди. Чунки бу оила Аллоҳнинг китобига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, инсониятнинг энг улуғи бўлган саҳобалар ва тобеинларнинг тутган йўлларига ҳамда азиз уламоларимизнинг кўрсатмаларига таянган бўлади.
Шу маънода муқаддас динимизда ҳали оила қурилмасдан олдин уни қандай ташкил қилишга яъни бутун ҳаёти давомида ўзига шерик бўладиган инсонни танлашда нимага эътибор бериш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар бор. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга далилдир:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ: لِمَالِهَا، وَلِحَسَبِهَا، وَلِجَمَالِهَا، وَلِدِيْنِهَا، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّيْنِ تَرِبَتْ يَدَاك. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт нарса учун уйланилади: Мол-дунёси, насл-насаби, ҳусни-жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, барака топасан”, дедилар )Муттафақун алайҳ(.
Ушбу ҳадиси шарифда уйланадиган йигитларга турмушдан барака топиш учун аёлнинг фақатгина ё мол-дунёсига ё насл-насабига ёки ҳусни жамолига эмас, балки дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқига эътибор бериш лозимлиги уқтирилган. Албатта, динига ихлос билан риоя қиладиган аёлда юқоридаги сифатлар ҳам топилса, янада яхшироқ бўлади.
Шунингдек иккинчи тарафга ҳам яъни аёл тарафга ҳам куёвнинг қайси жиҳатига эътибор бериш лозимлиги баён қилинган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا خَطَبَ إلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ، فَزَوِّجُوهُ، إِلاَّ تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الْأَرْضِ وَفَسَادٌ عَرِيْضٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга дини ва хулқига рози бўладиган киши совчи қўйса, унга турмушга беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта бузғунчилик бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Демак, қиз тараф ҳам дини кўрсатмаларига риоя қиладиган гўзал хулқли йигитга турмушга беришлари керак экан.
Бир киши Ҳасан ибн Алининг ҳузурларига келиб: “Менинг қизимга бир қанча йигитлардан совчилар келди. Уларнинг қайси бирига берай? деб сўрабди. Шунда у зот: “Қизингни тақводорига бергин. Агар у қизингни яхши кўрса иззат-икром қилади, яхши кўрмаган тақдирда ҳам унга зулм қилмайди”, деб жавоб берганлар.
Динимиздаги мазкур кўрсатмалар асосида қурилган оила муқаддас динимиздаги буйруқ ва қайтариқларга риоя қиладиган тартибли маскан бўлади. Бу маскан раҳбарлари бўлмиш ота-оналар фарзандларини соғлом эътиқодли, одоб-ахлоқли ва илм-маърифатли бўлиб вояга етказишни зиммаларидаги бурч деб биладилар. Зеро бу бурч Қуръони каримда келган буйруқдир:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا
“Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни дўзахдан сақланг!” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Фарзандлар ота-оналарнинг навниҳоллари ва қалб меваларидир. Агар улар навниҳолларини парваришлаб турли офатлардан ҳимоя қилсалар бу ниҳоллар тўғри ўсиб мева берадилар. Агар қаровсиз қолдирсалар кўпинча қинғир-қийшиқ ўсиб, ота-оналарига ҳам, бошқа жамият вакилларига ҳам фақат ташвиш туғдирадиган манфаатсиз нарсага айланадилар.
Шунга кўра фарзанд тарбиясини энг муҳим вазифа деб билиб, бу вазифани сидқидилдан адо этишдан ота-оналарнинг ўзлари ҳам жамият вакиллари ҳам манфаат кўрадилар.
Оила мустаҳкамлигининг энг муҳим омилларидан бири оилада эр раҳбар бўлишидир. Яъни оилада эр раҳбар бўлсагина бу оила рисоладагидек оила бўлади. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: كُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ، وَالْأَمِيْرُ رَاعٍ، وَالرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أَهْلِ بَيْتِهِ، وَالْمَرْأةُ رَاعِيَةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجِهَا وَوَلَدِهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз. Амир раҳбардир. Эркак ўз оиласига раҳбардир, аёл эса эрининг уйига ҳамда унинг фарзандларига раҳбардир. Шундай экан, барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз”, дедилар ( Муттафақун алайҳ).
Оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидан бўлган аёлнинг эрига итоатли бўлиши лозимлиги ҳам динимиз талабидир. Бу талаб ҳадиси шарифда қаттиқ таъкидлаб баён қилинган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: لَوْ كُنْتُ آمِراً أَحَداً أَنْ يَسْجُدَ لِأَحَدٍ لَأمَرْتُ الْمَرْأَةَ أَنْ تَسْجُدَ لِزَوْجِهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор кишини бошқа бир кишига сажда қилишга буюрганимда, албатта аёлни эрига сажда қилишга буюрар эдим”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Яъни аёлнинг эрига итоат қилиши ниҳоятда муҳим бўлганидан шу тарзда қаттиқ таъкидлаб баён қилинган. Шунга кўра аёл учун гуноҳ бўлмаган барча ишларда эрига итоат қилиши вожиб бўлади.
Шунингдек оила мустаҳкамлигининг яна муҳим омилларидан бири аёлнинг эри учун зийнатланишидир. Кўчага пардоз-андоз қилиб эрига бепардоз кўринадиган аёл динимиз одобларига риоя қилмаган ва бунинг натижасида оила мустаҳкамлигига путур етказаётган аёл ҳисобланади. Уйида эрига чиройли кўринадиган ва эри ёқтирмайдиган нарсалардан сақланадиган аёлни ҳадиси шарифда энг яхши аёл дейилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ: قِيلَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَىُّ النِّسَاءِ خَيْرٌ قَالَ: الَّتِى تَسُرُّهُ إِذَا نَظَرَ وَتُطِيعُهُ إِذَا أَمَرَ وَلاَ تُخَالِفُهُ فِى نَفْسِهَا وَمَالِهَا بِمَا يَكْرَهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Аёлларнинг энг яхшиси қайси?”, дейилди. У зот: “(Эри унга) қараса, хурсанд қиладиган, буюрса, итоат қиладиган ва ўз нафсида ва молида эри ёқтирмайдиган нарсалар билан унга қарши бормайдиган аёл”, дедилар ( Насоий ривоят қилган).
“Таёқнинг икки учи бор” деганларидек, эр аёлини ўзига ёқадиган кўринишда бўлишини хоҳлагани каби, ўзи ҳам аёли учун зийнатланиши лозим бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аёлимнинг мен учун зийнатланишини хоҳлаганимдек мен ҳам у учун зийнатланишни яхши кўраман”, деган.
Оила мустаҳкамлигининг энг асосий муҳим омилларидан яна бири оиланинг барча таъминотлари эркак томонидан бўлишидир. Чунки эрнинг раҳбарлиги тўлиқ бўлиши учун оиланинг барча сарф харажатлари эр томонидан таъминланиши лозим бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Ушбу оятда эркакнинг оилани ҳимоя қиладиган қувватли бўлиши каби хусусиятлари туфайли ҳамда оила харажатлари учун ўз мол-мулкидан сарф қилиши сабабли аёли устидан бошлиқ бўлиши хабар берилган.
Хулоса қилиб айтганда динимиз кўрсатмаларига риоя қилинган оилада эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар кам бўлади. Чунки бу оила ҳаётда учрайдиган ташвишлар уни қимирлата олмайдиган мустаҳкам асос устига қурилган бўлади. Агар бирор тушунмовчилик бўлган тақдирда ҳам эр-хотин дарҳол уни бартараф этишга шошиладилар. Натижада бу оила меҳр-оқибат ва тинч-тотувлик ҳукм сурадиган фароғат масканига айланади. Чунки Аллоҳ таоло бу оиладаги эр хотин ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилган бўлади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир” (Рум сураси, 21-оят).
Яъни бу оилада аёл эрининг кўз қувончи бўлганидек, эр ҳам аёлининг кўзини қувонтирадиган бўлади. Улар ўзаро меҳр муҳаббат асосида ҳаёт кечирадилар.
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
”Новза” жоме масжиди имом хатиби
“Рамазон рисоласи” анжумани
Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги “Аллома Иқбол” университетида “Рамазон рисоласи” мавзуида анжумани бўлиб ўтмоқда.
Мазкур анжуманда Покистон Халқаро Ислом университети Даъват академияси мудири, Профессор Суҳайл Ҳасан “Қуръони карим ва суннати набавийяга эргашиш – муваффақиятга эришиш йўли” мавзусида маъруза қилади.
Анжуманни ўтказишга мезбонлик қилаётган “Аллома Иқбол” университети мудири ўринбосари Сиддиқийнинг айтишича, мазкур “Рамазон рисоласи” мавзуидаги анжуманни ўтказишдан талабаларга Қуръони карим ва суннати набавийя кўрсатмаларни ўргатиш ва уларни кундалик ҳаётига татбиқ этишга қизиқтириш мақсад қилинган.
Маълум бўлишича, Исломободдаги “Аллома Иқбол” университетининг 44 та филиалида Рамазон ойи давомида Қуръони карим тиловати, Рамазонга оид маърузалар ва талабалар ўртасида турли мусобақалар ўтказилмоқда. Мазкур университет дунёдаги нуфузли Ислом университетларидан бири ҳисобланади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Рамазон ва гўзал хулқлар
Саҳобаи киромлар айтадилар: Биз муборак Рамазон ойи келганида, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ичида уч нарсани янада зиёда бўлишини сезар эдик.
Биринчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга жуда кўп машғул бўлар эдилар. Ваҳоланки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий кунлардаги ибодатлари ҳам шундай эдики “кўп ибодат қилганларидан муборак оёқлари ишиб кетар эди”. Шундай бўлсада, муборак Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдингидан ҳам кўпроқ ибодат қилар эдилар.
Иккинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Аллоҳнинг йўлида жуда кўп хайр-садақа қилар эдилар. Рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетар эди.
Учинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойида Аллоҳга кўп дуо қилиб йиғлар эдилар.
Ушбу уч амалда Рамазон ойи ичи янада зиёдалик кўзга ташланар эди. 1.Ибодатга жуда кўп ғайрат қилишлик.
2.Аллоҳ таъолонинг йўлида кўп хайр-садақа қилишлик.
3.Аллоҳ таъолога ихлос билан дуо қилиб кўз ёш тўкишлик.
Биз ҳам муборак Рамазон ойида мана шу уч амалга хос эътибор қаратайлик. Ибодат орқали жисмимизга таскин берайлик. Бизнинг жисмимиз дунё ишлари учун ҳар куни толиқади. Ҳаётда бирор шундай вақт ҳам келсинки, у Аллоҳнинг ибодати учун ҳам толиқиб турсин. Бирор шундай вақт ҳам келсинки, бизнинг кўзларимиз уйқуга муштоқ бўлсин ва биз: “Агар сен Аллоҳнинг розилиги учун уйғоқ турсанг, у ҳолда қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг дийдори насиб бўлади. Бу кўзлар бугун уйғоқ бўлса, у ҳолда эртага қабр ичида ширин уйқуда бўлади” деб ўзимизга тушунтирайлик. Дарҳақиқат, ибодатда уйғоқ туриш ойи келяпти. Биз оромимизни камайтириб олайлик. Бу ибодат машаққатини кўтариш ойидир деб ўзимизга тушунтирайлик.
Шу ўринда Ифтор вақтидаги мукофот ҳақида ҳам эслатиб ўтсак:
Шариъат буюрадики, агар бирор мардикор бировнинг уйида ишласа ва иш вақти тугаса, унинг пешона териси қуримасдан туриб, унга иш хаққини бериб юбориш керак. У ҳолда нима деб ўйлайсиз? Қачонки, шариат биз ожиз бандаларга мардикорнинг пешона териси қуримасдан иш хаққини бериб юборишга буюриб турганда, қайси банда Аллоҳ таъоло учун бутун кун бўйи Унинг буюрган ишини қилса, рўза тутса, очқолса, чанқаса ва машаққатларга чидаса, энди, унинг ифтор вақти бўлганда, (гўёки, иш вақти тугаганда) Аллоҳ таъоло унга ўша заҳоти меҳнатининг мукофотини бермайдими? Шундай бир фарқ борки, биз бирор мардикорни ишлатиш учун уйга олиб келсак, эй, биродар! Сенга шунча ҳақ бераман, сен эса бизга мана бу ишни килиб бер, деб у билан иш ҳаққини келишиб оламиз. Ўша ишни қилиб бўлгандан кейин биз унга келишилган иш ҳаққини бериб юборамиз. Лекин кимнинг ҳиммати баланд бўлса, у мардикор билан иш ҳаққини келишиб ўтирмайди, қанча десанг бераман, сен эса бизга мана бу ишни қилиб бер дейди. Худди шунингдек, Аллоҳ таъоло ҳам: “Эй, Менинг суюкли маҳбубимнинг рўзадор умматлари! Сиз холис Мен учун рўза тутинг ва ифтор вақти бўлганда, нима сўрасангиз бераман. Сизлар нимани сўрасангиз, Мен Роббингиз сўраганингизга кўра ато қиламан. Сўрашлик сизнинг ишингиздир. Сизларни сўраган нарсаларингизга тўлдириб ташлашлик Менинг ишимдир” деб шундай муомала қилади. Шунинг учун, рўзадорнинг дуоси қабул бўлади.
Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
إن للصائم عند فطره دعوة لا ترد
“Албатта, рўзадорнинг ифтор вақтида рад қилинмайдиган дуоси бор” деганлар.
Шу ўринда инсон фикридан кичик бир мулоҳаза ўтади: Ҳар куни ифторликларга борамиз, афсуски, шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, кун бўйи Роббимизнинг буюрган ишини қилиб, рўза тутамиз, очқаймиз, чанқаймиз, машаққатларга чидаймиз, ифтор вақтида Роббимиз меҳнатимиз мукофотини бераман, дуоларингизни қабул қиламан деб турганда эса, беҳуда гаплар билан оворамиз. Қудрати чексиз бўлган Роббимиз Рамазонни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдек фойдаланишимизни ва ифторликда унумли дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин. Валҳамдулиллаҳи Роббил аламин.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров
Одам нимадан яралган?
Ниҳоят оврупалик олимлар Қуръони каримнинг “одам лойдан яратилган” деган оятини тан олди. Кейинги йилларда геология ва биология соҳасидаги етакчи олимлар “одамнинг лойдан қандай яралгани” масаласини изчил тадқиқ этдилар. Ана шу тадқиқот устида Massachusetts Teknoloje институтидан Хайман Хартман, Калифорния университетидан Лейл М.Койн, Бельгиянинг Liege университетидан Пьер Лазио ва Glasgow университетидан Грахман К.Смит каби таниқли олимлар ишламоқдалар.
“Барча инсонни чиройли қилиб яратган Зотдир. Инсонни яратишни эса (илк бор) лойдан бошлади” (Сажда сурасининг 7-ояти);
“У инсонни (Одамни) сопол янглиғ обдон қуритилган лойдан яратди” (Ар-Раҳмон сурасининг 14-ояти), .
“Барча инсонларни чиройли қилиб яратган Зотдир” калимасига эътибор қилинг. Қачонки, “лой” сўзини тилга олар эканмиз, кўз олдимизда пашша-ю чивинларга тўла – жамики юқумли касалликларнинг манбаи бўлган ботқоқ гавдаланади. Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ана шундай кўримсиз, биров қарагиси келмайдиган, пашшалар ижғиб ётган, бадбўй-у, ҳақир лойдан шу қадар гўзал одамни яратди. Буни қарангки, энг сифатли сополчилик маҳсулотлари ҳам лойдан тайёрланар экан.
Агар ёпишқоқ бўлмаганида, лойни қумга қўшиб қориштирилмаганида электроника ҳам, минтақалараро ва сунъий йўлдошлараро алоқалар ҳам бўлмас эди. Ҳатто ХХ асрнинг энг буюк ихтироси – компьютер ҳам бўлмас эди.
Асосий электрон элементлар (диод, транзистор, резистор ва бошқа) – яримўтказгичлар – лойдан бошқа нарса эмас.
Балчиқ лойининг хусусиятлари битмас-туганмас. У – ажойиб катализатор, нефтни қайта ишлаш борасида беқиёс тезлаштирувчи. Лой нарсалар таркибидаги заҳарларни ўзига сингдириб олиб уни тозалайди ва заҳарнинг кучини кесади. Унинг яна бир муҳим хусусияти, у радиация нурларини ўзига тортиб олади. Радиактив нурларни ўзига сингдириб олиш билан у атроф-муҳитнинг тозалигига ҳисса қўшади.
Балчиқ (лой) – тирик организм.
“Зотан, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратгандирмиз” (Соффот сурасининг 11-ояти).
Доктор Лейл М.Койн таъкидлашича, “Кўринишидан қимирламайдиганга ўхшаган лойнинг ичида ғоятда сирли ҳаёт кечади. Бир парча музлатилган лойни, – деб ёзади у, – болта билан уриб синдирдим ва кашфиёт қилдим: лабораторияда бир ой давомида ультрафиалет нур таралиб турди. Мени ҳайратга солгани, унинг манбаи балчиқ лойи эди”.
Нима бўлди? Лой қаттиқ элементлардан иборат. Кристалларнинг молекулалари қатор доирачалар ва барглар қиёфасини ҳосил қилади. Уларнинг устига ўтказгич ионлар ҳалқаси жойлашади. Ионлар “химиявий реакция кашшофлари” бўлиб, лойнинг ҳар бир қисми ичига жойлашиб ўзларига топширилган дастур бўйича ҳаракатланади.
Балчиқ лойи ўзининг ана шу хусусияти билан тўқиманинг худди иондек майда қисмлари тезлаштирувчи функцияни бажарадиган тирик тўқимани эсга солади.
Мулоҳаза учун мавзу
Тадқиқот натижалари кўрсатишича, ташқи таъсирлар сабабли кристаллнинг ион халқалари узилади, аммо орадан бир қанча вақт ўтиб баргмонанд молекулалар уларни яна қайта тиклайди.
Жейм Глекнинг фикрича, “Кристаллардаги ионлар халқасининг ҳаракатланиши шахмат доскасида фигураларнинг мантиқли ҳаракатига ўхшайди”.
Лейл М.Койн таъкидлашича, “Лойнинг кристалл бирикиши унинг имкониятларига таъсир қилмайди, шундай қилиб тозаланган кристалл худди оппоқ қоғозга ўхшаб қолади. Ионлар халқаси ҳаракатининг электр ўтказиш хусусияти мавжуд, фақат бунинг учун озгина ташқи ҳаракат таъсири лозим. Бу кундалик турмушнинг асоси ҳисобланади – ташқаридан энергия олиш ва уни сарфлаш. Ўзини ўзи янгилаб олиши эса кейинги босқич. Ана шу икки ҳолатда ҳам лойнинг иштирок этиши ундан ҳаёт яралгани ҳақидаги назарияни яна бир бор тасдиқлайди”.
Бу ҳақда доктор Хартман нима дейди: "Янада замонавийроқ аслаҳа билан биз молекулаларни ўрганиш билан чекланмасдан, мавзуга янада чуқурроқ кириб бориб, атом тузилишини ҳам тадқиқ этиб, шубҳасиз, ундан-да юқорироқ натижани қўлга киритишимиз мумкин эди, аммо ўшанда, ишончим комилки, биз ерда ҳаёт қандай пайдо бўлганини ўргана олмас эдик" .
"Менимча, – деб ёзади тадқиқотчи, – “ҳаёт” ва “тирик” тушунчалари атом ва молекулаларнинг моддийлиги билан кифояланмайди. Лойнинг хусусиятини ўрганиш борасида қандай катта ютуқларни қўлга киритмайлик, барибир, ундан одам қандай яратилганини амалий жиҳатдан асослаб бера олмаймиз. Чунки бу ҳодиса бизнинг ақлий ва интеллектуал салоҳиятимиздан баланд туради. Ҳаётнинг ақлбовар қилмас формуласининг сирини Яратувчининг Ўзи билади. Биз ана шу масала ҳақида тафаккур қилишимиз мумкин, аммо ҳеч қачон лабораторияда ҳаёт ярата олмаймиз".
Доктор Хартманнинг “ҳаётга тириклик берадиган” деган ифодаси бу – руҳ. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифда маълумот берилган. Руҳнинг моҳияти ва ҳаракати инсон ақлига бўйсунмайди. Зотан, Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга оз илм берилгандир" (Исро сурасининг 85-ояти), деб марҳамат қилинган.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Барчамиз бирдек масъулмиз
Жорий 2017-йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши инсонларнинг моддий-маънавий манфаатларини мақсад қилиб, халқ ўртасида ўзаро ҳурмат эҳтиромни янада ривожлантириш, пировардида давлат ва жамиятнинг равнақ топиши, халқнинг бой бўлиши давлатнинг бой бўлишига асос экани кўзда тутилиб, жамиятнинг ҳар бир аъзосига ушбу шиорнинг тақдим этилиши айни муддоадир. Раҳбарларда аҳолининг ҳол-аҳволидан хабардорлик ҳиссини зиёда қилиш ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйиш кўзланган асосий мақсад.
Мана шундай олий ва юксак ишларда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўзлари бош бўлмоқдалар. Муҳтарам юртбошимиз ҳар бир соҳа раҳбарларидан бошлаб, оддий халқ билан ҳам учрашиб, мулоқот қилишга вақт ва имконият топмоқдалар.
15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуман Президентимиз ва имом-хатиблар иштирокида бўлиб ўтди.
Бу анжуман катта тайёргарлик ва ўзига хос кўтаринки руҳ бўлиб, унда иштирок этган барча инсонлар ўзларининг қиладиган ишларини ва бажарадиган вазифалари яна ҳам англаб, тушуниб етди. Бу анжуман барча имом-хатибларга масъулият юклади. Имом-хатибларнинг доим халқ билан мулоқот қилиши ва яна кўпроқ масълият билан ўз вазифасига ёндашиши мантиқан тўғри ҳисобланади. Бундан бу ёғига имом-домлаларда ғайрат, шиддат билан фаол ишламоқлари лозим бўлади. Улар ўз қавмидаги ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир кимсанинг диний савиясига, дин тўғрисида олаётган маълумотларига масъулиятни сезиб, ҳар бир оилага соф исломни етказишда жонбозлик кўрсатишлари керак. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни эсла”, деб марҳамат қилган.
Бошқача қилиб айтганда, имом-хатиб жамият билан диннинг кесим нуқтасида турувчи жамият пешқадамидир. Демак, имом-хатиб ҳар жиҳатдан намуна бўлиб, элу халққа меҳр-муҳаббат кўрсатиши ва ўз навбатида жамоъатнинг иззат-икромига эга бўлиши лозим. Шундагина ҳақиқий пешқадам бўлади.
Биринчи навбатда ҳар бир имом-хатиб ўз вазифасига Расулуллоҳнинг мероси сифатида, ҳис-ҳаяжон ва мусулият билан қарамоғи лозим. Имом-хатибликни Пайғамбар алайҳиссалом мақомининг тамсоли эканлигини ўзига сингдириши керак. Шунда имом-хатибликни бошқа касблар сифатида талқин қилмайди. Зеро, имомлик мансаб ҳам эмас, ловозим ҳам эмас, у юксак мартабадир.
Имом-хатиб меҳробни ва минбарни севиши билан бирга, муомала ва гўзал одоб-ахлоқ билан масжид жамоасининг қалбига йўл топиб, ўзининг муҳаббатини кўрсатиш лозим. Жамоат ундан кўнгли қоладиган ишларнинг барчасидан узоқ бўлиши керак. Хусусан, жамоат ичида тортишиш ва қизишиш ҳеч қачон тавсия этилмайди.
Масжид ҳар доим жамоатни ўзаро бир-бирига боғлайдиган, сукунат ва муҳаббат тўла маскан бўлиши лозим бўлган улуғ даргоҳ. Унинг учун имом-хатибда кенг миқёсда билим ва тажриба талаб қилинади. Имом-хатиб ўрганган илмини такрорлаши, зиёда қилиши ва ўз устида ишлаши бугун яна ҳам аҳамиятлидир. Имом-хатибни китобга бўлган муҳаббати илмга бўлган муҳаббатини кўрсатади. Китоб мутолаасида бардавом бўлиш имом-хатибни ипак қурти пилла тўқигани каби камолотга етиштириб боради. Илм – доимо барча инсоннинг зийнати.
Имом-хатиб ўзининг ана шу илми билан бутун масжид жамоасини мўтатабар ва мўътадил бўлган Мотуридий эътиқодида ва Ҳанафий фиқҳида жамласа, уларнинг орасини жамлаган бўлади. Ҳар қандай жамоатнинг бир эътиқод ва бир мазҳабда бўлиши, улар орасида меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром бўлишини таъминлайди. Зотан, диннинг мақсади ҳам, имом-хатибнинг вазифаси ҳам шундан иборат. Ўз навбатида вазифасини бажарувчи имом-хатибни масжид жамоъси ҳам яхши кўради ва ардоқлайди.
Масжидда ўзаро меҳр-муҳаббат бўлиши, унда қилинадиган ибодатларнинг қабул бўлишига далолат қилади.
عَن أبي أُمَامَة رَضِيَ اللَّهُ عَنْه ، قَالَ رَسُول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ : « ثلاثةٌ لا تُجَاوِزُ صلاتُهم آذانَهم: العبدُ الآبقُ حتى يرجعَ، وامرأةٌ بَاتَتْ وزوجُها عليها سَاخِطٌ، وإمامُ قومٍ وهم له كارهون» رَوَاهُ التِّرْمِذِيّ
Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч (тоифа) киши борки, уларнинг намози қулоқларидан юқорига кўтарилмайди: қабул бўлмайди. (Хўжасига итоатсиз) қочган қул, эрини ғазаблантирган ҳолда кечани ўтказган аёл, қавми ёқтирмаган имом” – дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Фақиҳларимиз: “Қавм имомни бузғунчи эканлигидан ёки илмига амал қилмайдиган фосиқлиги сабабдан ёки илмни пухта эгалламаган жаласавод бўлганлигидан ёмон кўрса, ушбу имомни имомлик қилиб жамоатга намоз ўқиб бериши макруҳ бўлади. Яъни имом имомликка ҳақдор бўлмаса, жамоъатнинг ёмон ҳақ сабаб билан бўлса, макруҳ бўлади. Аммо, имом имомликка ҳақдор бўлиб, қавм дунёнинг бир ғаразларидан бир ғараз сабабли ёқтирмаса, унинг имомлиги макруҳ бўлмайди”, дейдилар.
Шуни қайд қилиш керак, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло ва унинг Расулига муҳаббат қўйгандан кейин, ўз имомига муҳаббат қўйиши вожиб бўлади. Ҳеч бир сабабсиз шаръий илм эгаси бўлган имом-хатиб ёки имом-ноибни ёмон кўриш қалбдаги имонга катта хавф-хатари бор. Имомни ёмон кўриш, динни ёмон кўриш деб баҳоланади.
Хуллас, солиҳ инсонда қандай яхши хусусиятлар бўлиши талаб қилинса, барчаси имом-хатибда топилиши керак. Жамият “Сен яхши инсонни қидиряпсанми?, мана”, деб имом-хатибни кўрсата олсин.
Президентимиз анжуманда сўзлаган нутқида: “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дейди.
Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” деган турли бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу сўзларнинг чуқур маъноси ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда.
Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.
Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак.
Инсон манфаатларини юрт тинчлиги, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидан ажратган ҳолда тасаввур этолмаймиз. Буларнинг барчаси бизнинг бебаҳо бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
ЎМИ ахборот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.