muslim.uz
Рамазонда Қуръоннинг фазли ва барокати
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила (бошлайман).
Бир куни бир одам пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларига келиб сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, киши фарзандига Қуръон ўқутса, уни ажри қандоғ бўлади?”. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Қуръон – каломуллоҳдирки, уни ажрининг ниҳояси бўлмайди”. Ва бу жавобни айтиб турганларида Жаброил алайҳиссалом нозил бўлдилар ва айтдиларки: “Ё Муҳаммад, Аллоҳ таоло Сизга салом юборди ва айтдики, ҳар ким фарзандига Қуръон ўқитса гўёки 10000 марта ҳаж қилгандек ва 10000 марта қул олиб озод қилгандек ва 10000 марта ғазот қилгандек ва 10000 марта мискинга таом бергандек ва 10000 марта кийми йўққа либос бергандек бўлади ва ўқутган Қуръоннинг ҳар бир ҳарфи учун у банданинг номаи аъмолига Аллоҳ таоло 10000 ҳасанот ёзур ва 10000 гуноҳни ундан ўчирур ва то қиёматгача у бандани қабрида бир каломуллоҳ ҳамроҳ булиб туради ва қиёматда у каломуллоҳ унга ҳужжат бўлади ва то у банда жаннатга кирмагунча каломуллоҳ ундан ажрамайди”(Мажмаъул маъориф китобидан). Юқоридаги ҳадисни бу ҳадиси шариф билан тушунтирсак олам- олам маънога эга бўламиз. Ва ҳадисдан оладиган фойдамиз ҳам шу бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Агар ҳар ким илм ўрганмоқ учун устозни олдига бориб чукка тушиб ўтирса, Аллоҳ таоло уни учун раҳмат хазинасидан 70 эшик очади ва устоздин таълим олиб, у ердан турган вақтида гўёки онасидан янги туғилгандек гуноҳдин пок бўлиб турар ва уни ўқуган илмининг ҳар бир ҳарфининг баробарига Аллоҳ таоло 70 шаҳиднинг савобини ато қилур ва ҳар бир калимасига бир йиллик ибодатнинг савобини ато қилур( калима феъл, исм ва ҳарфдан ташкил топади) ва ҳар бир варақи учун унга жаннатдин бир шаҳар бино қилади” (Мажмаъул маъориф китобидан). “Қул” (Иҳлос сурасидаги қул калимаси “айт” маъносида )сўзида иккита ҳарф бор. Шу калиманинг ўзи билан йўқ жойдан 140 шаҳиднинг савобини ва бир йиллик савобни қўлга киритасиз. Бир варақда камида 200 та сўз бўлади. Бу амални ҳисоблашнинг энг осон йўли ҳамма ҳарфларни санаб чиқасиз кейин калималарни санаб чиқиб уни ҳар куни ҳисоблаб борсиз ва ҳар куни қанча миқдорда савоб олаётганингизни ҳис қилиб, кундан кун бу амални давомийликка айлантирасиз ва иҳлос ва эътиқод билан шу савобни умид қиласиз. Ҳамма офат ва данкасалик ишончсизликдан келиб чиқади. Сиз эса амалий тарзда Аллоҳнинг расули ва ҳабиби Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашаётганингизни қалбингиз билан бутун танангизга билдириб қўйинг. Агар сиз устоздан бир варақ дарс олсангиз ҳарфлар ва калималар жамланмаси орқали жаннатда бир шаҳар эгасига айланасиз. Бир варақда қанча ҳарф ва қанча калима бўлса уларда ваъда қилган савоблар камайтирилмасдан берилади. Агар сиз бу дарс олишни Қуръондан бошласангиз нур устига нур бўлади. Айниқса, рамазонда Пайғамбаримиз ҳам Жаброил алайҳиссаломдан қуръодан дарс олганлар. Пайғамбаримизга эргашган барча саҳобалар, тобеъинлар ва тобаъ- тобеъинлар ҳам ҳатто бошқа зарур ишлари қолиб кетсалар ҳам факқат қуръон ўқиш ва ўқитиш билан машғул бўлганлар.
Қуръонннинг фазли ва барокатлари тўғрисидаги бошқа ҳадислар билан танишиб чиқсак зора бизнинг қалбимизда ҳам қуръонга муҳаббат уйғониб қуръонни ёдлаб қўйсак ва даражаларимиз қиёматда шафоъатчимиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган даражалар билан бирга бўлсак. Ҳамма ҳолига қараб амал қилган нарсани гапириш керак. Келинглар! Ўзлари ҳақиқий ҳолда умматларига ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзлари билан давом эттирсак.
Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни мен: “Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳирадир”, дедилар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да узун ҳадисда ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраганида, у зот энг биринчи навбатда Абу Заррга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Ҳақиқатан, тақво барча ишларнинг бошидир. Агар иш тақво асосида амалга оширилса, у Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Тақвосиз қилинган амал ҳар қанча чиройли кўринмасин, миқдори кўп бўлмасин, натижа бериши қийин.
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)ни катта қўрқинч қўрқита олмайди ва уларга ҳисоб етмайди. Халойиқ ҳисоб қилингунича улар мушк ичра бўладилар. (Улар) Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиган ва у билан қавмга имомлик қилган, (жамоат) ҳам ундан рози бўлган киши, Аллоҳ розилиги учун беш вақт намоз ўқишга чақирган даъватчи ва ўзи билан Парвардигори ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасини ислоҳ қилган қуллардир” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Табароний “Авсат” ва “Соғийра”да санади билан ривоят қилган).
Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар Аллоҳга ундан (яъни, Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайта олмайсизлар” (Ҳоким “Мустадрак”да, Абу Довуд “Маросийл”да ва Аҳмад “Зуҳд”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо иккиси ривоят қилишмаган”, деб айтган).
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Абу Нуайм “Ҳилйатул-авлийа”да ва Қузоъий “Муснадуш-шиҳаб”да ривоят қилган). Темир занглагани каби қалб ҳам занглайди. Темир занглашига унга сув тегиши сабаб бўлса, банда қилган гуноҳлари асорати йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, уни қорайтиради. Қуръон тиловати билан қалб яйрайди, банда қироатдан руҳий озуқа олади. Шу йўсин қалбга ёпишган занглар секин-аста тозаланиб боради.
عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти.)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа[2] кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала[3]кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
Умар[4]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)
Абу Умома Боҳилий[5]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ривояти.)
Ибн Умар[6]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)
Абдуллоҳ ибн Масъуд[7]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар. (Термизий ривояти.)
Абу Саъид Худрий[8]розияллоҳу анҳуданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир”. (Термизий ривояти.)
Ибн Аббос[9]розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир”, деб марҳамат қилдилар.(Термизий ривояти.)
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос[10]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Қуръонни ёдлаган қорига (қиёмат куни) “Ўқи, кўтарил ва дунёда тиловат қилганингдек тиловат қил. Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир”, деб айтилади”. (Термизий ва Насоий ривояти.)
Муоз ибн Анас[11]розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг ота-онаСега тож кийдиради. Унинг нури дунё уйларидаги қуёш нуридан кўра ёрқинроқдир. Бунга амал қилган инсон ҳақида гумонинг қандай?”. (Абу Довуд ривояти.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, деб марҳамат қилдилар. (Доримий ривояти.)
Аллоҳ таолонинг Каломини ёдлаш улуғ неъмат ва фазилатдир. Бу ҳақида Қуръон карим оятлари ва Ҳадиси шарифларда кўплаб хушхабарлар келган. Бунга Юнус сурасининг 58-оятни мисол қилиб келтиришмиз мимкин. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ
Айтинг: "Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса(бойликлари)дан яхшироқдир.
Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинмоқда. Бири фазли, яъни Ислом дини. Иккинчиси раҳмати, яъни Қуръони карим.
Ояти карима тафсири ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳнинг фазли – Ислом, раҳмати – сизларни Қуръон аҳлидан қилганидир”.
Насаий, Ибн Можа ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. “Улар кимлар?” – деб сўрадилар. У зот: “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар.
Мунавий: “Қуръон аҳли” Қуръонни тадаббур қилиб, унга амал қилишни лозим тутганлардир”, деган.
Қуръони карим оятлари ва Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардан Қуръон ҳомиллари(қори)га берилган бу неъматнинг қанчалик улуғ эканини англаб олишимиз мумкин. Оиша онамиз розияллаҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сурани ёдласа, у олимдир”.
Имом Аҳмад ва Имом Ҳокимнинг “Муснад”ларида келтирилган. Демак, инсон Қуръони каримни ёдлаш сабабидан олимлик даражасига кўтарилар экан. Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 49-оятида:
بَلْ هُوَ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ فِي صُدُورِ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ
“Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир”
дея марҳамат қилади. Бундан Қуръон ҳофизлари аҳли илмлардан экани маълум бўлади. Чунки илмнинг аввали Аллоҳ таолонинг Китобини ёд олиш ва уни тушунишдир. Кўплаб уламоларнинг ҳаётига назар ташласак, Аллоҳ таолонинг Каломини ёд олганликларини кўрамиз. Буюк бобокалонларимиздан Ибн Сино ва Амир Темурлар ҳам бунга яққол мисол бўлади. Шунингдек, баъзи олимлар ўз олдига илм талабида келганларни Қуръони каримдан қанча ёд олганига қараб уларни қабул қилган, ёки қайтарган.
Ибн Ҳузайма: “Мен отамдан Қутайба ҳузурига боришга изн сўраган эдим, у менга: “Аввал Қуръонни ўқи, кейин изн бераман”, деди. Мен Қуръонни ёдлаганимда, у: “Энди уни намоз (Рамазон)да хатм қил”, деди. Мен бу ишни ҳам қилдим. Биз ҳайит байрамини нишонлаётганимизда отам менга изн берди”, деган.
Қуръон ёдлаш билан олимлик даражасига етилади. Илм сабабидан эса ҳақлар адо этилади, силаи раҳм қилинади ва даражалар кўтарилади. Мужодала сурасининг 11-оятида бундай деб марҳамат қилинади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қуръон қиёмат куни ҳолдан тойган киши кўринишида келиб, “сени тунлари бедор қилган ва кундузлари чанқатган менман”, дейди” (Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят санади ҳасан[1]).
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиргандим, у зот: “Сизлар Бақара сурасини ўрганинглар! Зеро, уни олиш барака, тарк қилиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўлолмайдилар”, деб айтганларини эшитдим. Сўнг бир муддат турдилар ва: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар! Зеро у иккиси икки ёритувчи нур бўлиб, қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф тортган қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларига соя қилади. Қиёмат куни қабр очилиб, банда у ердан чиқиб келганида Қуръон уни чарчаган киши суратида кутиб олади ва унга: “Мени танидингми?” дейди. Банда: “Сени танимайман”, дейди. Шунда у: “Мени танимайсанми?” деб сўрайди. Банда яна: “Мен сени танимайман”, деб жавоб қайтаради. Шунда (Қуръон): “Мен сени иссиқ кунларда чарқатган, кечалари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг орқасидан фойда кўрасан”, дейди. Бас, унинг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Унинг бошига виқор тожи кийдирилади. Унинг ота-онасига икки либос кидирилади. У иккисига дунё аҳли тенг келолмайди. Шунда улар (яъни ота-онаси): “Бу бизларга нима сабабдан кидирилди?!” деб сўрайдилар. Шунда: “Фарзандларингиз Қуръонни ўргангани учун”, дейилади. Кейин унга (яъни, Қуръон соҳибига): “Ўқи ва жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил”, дейилади. У хоҳ тез, хоҳ шошилмасдан қироат қилсин, аста-секин юқорилаб бораверади”, дедилар” (Доримий, Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ عِشْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَيِّتٌ وَاحْبِبْ مَنْ أَحْبَبْتَ فَإِنَّكَ مُفَارِقُهُ وَاعْمَلْ مَا شِئْتَ فَإِنَّكَ مَجْزِيٌّ بِهِ ثُمَّ قَالَ: يَا مُحَمَّدُ شَرَفُ الْمُؤْمِنِ قِيَامُ اللَّيْلِ وَعِزُّهُ
اسْتِغْنَاؤُهُ عَنْ النَّاسِ. رَوَاهُ الْحَاكِمُ فِي الْمُسْتَدْرَكِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Саҳл ибн Саъд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Жаброил алайҳис салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, “эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг. Зеро, сиз (вақти келиб) ўласиз. Хоҳлаган одамингизни яхши кўринг. (Бир кун) ундан айриласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг. Зеро, сиз бунинг учун ҳисоб қилинасиз”, деди ва кейин: “Эй Муҳаммад, мўминнинг шарафи кечаси қоим бўлиш ва унинг ҳурмати одамлардан беҳожатлигидадир”, деди” (Ҳоким “Мустадрак”да, Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Туннинг маълум қисмини қоим ўтказиш тўғрисида қуйидаги ривоят келган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким (кечаси) Қуръондан ўн оят билан қоим бўлса, ғофиллардан, деб ёзилмайди. Кимюз оят билан қоим бўлса, “Аллоҳга итоат этувчилардан” деб ёзилади. Ким минг билан қоим бўлса, “кўп миқдорда савобга эришганлардан”, деб ёзилади” (Абу Довуд, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ). Бу маънода келган ривоятларни юқорида кўриб чиққан эдик. Саълабий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Ким кечаси икки ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ йўлида сажда қилган ва қоим бўлган ҳолида тонг оттирибди”.
Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Ким тунда Бақара сурасини ўқиса, кўп ва яхши қилибди” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Иброҳим Нахаъий шундай деб айтарди: “Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!”
Авзоий: “Ким кечалари бедор бўлиб, Қуръонни кўп ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон бўлади”, деган. Кечаси намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзаллиги шундаки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи нарсалардан узоқ бўлади. Бунда банда дунё ташвишларидан фориғ бўлиб, Парвардигорига сиғиниши осон кечади. Бу вақтда риё ва амалларни бекор қилувчи иллатлардан сақланиш осонроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улуғ мўъжизаларидан бўлмиш Исроъ ва Меърож воқеалари ҳам кечаси содир бўлгани бежиз эмас. Кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон тиловат қилишда меъёрга амал қилиш яхши. Бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш, инсонга қийинчилик туғдириши, бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига зарар етказиши мумкин.
Ва яна пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ҳар кимики олимларни хор тутса қиёмат куни уни Аллоҳ таоло халойиқ ичида хор қилади”. Демак шунча сифатларни ўзида жамлаган олимларни хорласа Аллоҳ қиёматда бутун халойиқ ичида хорлашини ваъда бермоқда.
Аллоҳим барчаларимизни Ўзининг каломига аҳл бўлишни насиб қилсин.
Аллоҳумма солли васаллим ва барик ала набиййина Муҳаммад.
Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири
Урол Назар Абдулқуддус Термизий тайёрлади.
Адашганни кечирмоққа қодир эл (шеър)
(Республика имом-хатибларининг“Ижтимоий-маънавий
муҳитни соғломлаштириш” анжумани шарафига)
Бу ватанда шарафдадир барча инсон,
Адолатдир ҳар бир ишда олий мезон,
Эгилса бош, қилич кесмас – бизга аён,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Амир Темур сўзларини тумор қилган,
Кечиримлик одатини шиор қилган,
Ҳаққонийлик тамойилин ҳамкор қилган-
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Бағрикенгдир, бағри гулу райҳон диёр,
Ҳар бир қонун инсон учун бунда дастёр,
Амнистия акти эрур эзгу қарор,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Давлатимиз раҳбаридан бу ташаббус,
Соғлом муҳит ичра ҳаёт сурса улус,
Гуноҳкорлар узрин айтур қилиб афсус,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ҳар бир фарзанд юрти учун содиқ ўғлон,
Ватанфуруш номин олмоқ қандай ёмон,
Ота каби талабчан-у меҳри уммон,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Соғлом фикр, теран нигоҳ, эзгу ғоя,
Мустақиллик келажакка зўр сармоя,
Чин инсонга сололмагай шубҳа соя,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Қанча-қанча адашганлар бўлиб шодон,
Қадам ташлар бугун соғлом ҳаёт томон,
Улар бошин рағбат ила силар ҳар он,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Имом-хатиб, уламолар бир тану жон,
Тарғиботу ташвиқотда илғор чаққон,
Анжуманнинг бош мавзуси бу жараён,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Зиёлилар оммасидир бугун якдил,
Мулоқотда очилади ҳар қулфи дил,
Қонун, виждон амрига эш бўлган оқил,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Билиб-билмай адашганлар билди бугун,
Ёт оқимлар касофатдир дунё учун,
Сарф этишар эзгуликка энди кучин,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ижтимоий ҳам маънавий муҳит соғлом,
Бунёдкорлик, ҳурфикрлик эзгу мақом,
Бобомерос ҳикматлардан сўйлаб калом,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ёшлигидан зурёдимиз бўлсин огоҳ,
Уни йўлдан оздирмасин турфа гумроҳ,
Аммо, авф бор – ғўрлик сабаб қилса гуноҳ,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Шу ватандир паноҳимиз, она замин,
Биздан фарздир асли поклаш рух оламин,
Керак бўлса тутиб меҳрин жон малҳамин,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Кичик хато қилса - кечмоқ каттадан фарз,
Тўғри йўлга қайтмоқлик ҳам сабоқ, бир дарс,
Бошин эгиб адашганлар қилганда арз,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Тараққиёт сари қадам бу анжуман,
Ибратларга тўла олам бу анжуман,
Кўнгилларни ёритган шамъ бу анжуман,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Ўзбекистон – осойишта –тиниқ осмон,
Истиқлолдан яшнаётган сўлим бўстон,
Масъул эрур ватан учун ҳар тирик жон,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
Абдулаҳад анжуманда шоду хуррам,
Ёш авлодга ёрқин камол тилар ҳар дам,
Тараққиёт, савоб йўлдан ташлар қадам,
Ер юзида тимсоли йўқ нодир эл бу,
Адашганни кечирмоққа қодир эл бу!
2017 йил.
Абдулаҳад қори ШАҲРИХОНИЙ,
Бўз тумани бош имом-хатиби.
Закот ва фитр – диний ва миллий қадриятимиздир
Исломий ва миллий қадриятлардан бири ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишдир. Ушбу кўмак моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Рамазон ойида бериладиган закот ва фитр ана шундай ыадриятлар сирасига киради.
“Закот” сўзи тилимизда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса “Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.
Закот туфайли ижтимоий барқарорлик юзага келади. Шунингдек, закотнинг фақат моддий эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолари ҳам бор. Закотда берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам катта фойда бор. Закот беришдан асосий мақсад кам таъмиланган фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам бериш баробарида инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон мол-дуёнинг, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:
“Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”, деганлар.
Закот мусулмонларнинг маълум саноққа етган ва бир йил айланган чорва молларидан берилади. Унинг шарти йилнинг кўп қисмини яйловда ўтказган бўлиши керак. Уламоларимиз бунинг ҳикматини қуйидагича айтган. Одатда, чорва ҳайвонлар яйловдаги ўт-ўсимликлар билан озиқланади. Ваҳоланки, ўша яйловада унган ўт-ўланлар аҳолининг умумий мулки ҳисобланади. Демак, унда халқнинг ҳаққи бор. Чорвадор ҳамма молини халққа бера олмаслиги табиий. Шу боисдан унга молидан 2,5 фоизни ажратиш кифоя. Ана ўша ажратилган мулк, табиийки, ўзи каби мулкдор бойга эмас, муҳтож одамга берилади.
Муайян миқдорга етган, йил тўлган тижорат молларидан ҳам закот берилади. Тижоратчининг мулкига шубҳали моллар аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Молини поклаб олиш учун муҳтожларга шариат белгилаган қисмини ажратиши керак бўлади. Яна уйида закот миқдорида пули борлар, ё сотиш ниятида машина, уй-жой, қиммат баҳо нарсалар олиб қўйган ҳамда 85 гр тилло-кумуши борлар ҳам закот беради. Тасаввур қилинг, бир одамнинг уйида 15 миллиондан ортиқ пули бор. Буни асраб қўйганига бир йил бўлди. Шундан у закот бериши керак бўлади. Чунки пулни уйида сақлагани боис давлат ва жамият зарар кўради.
Зеб-зийнат ва тилло тақинчоқлар ҳеч қачон қадр-қийматини йўқотмайди ва табиий равишда нархи ўсувчи мол ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ундан улуш берилади. Зеро, баъзи уддабурон одамлар пулни жамғариш мақсадида тиллога айлантириб қўйиши ҳеч кимга сир эмас. Давлатга тўланадиган солиқ садақа ва закот ҳисобига ўтмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда, албатта, икки фаришта нозил бўлади-тушади. Улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига ўринбосар бергин”-, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим! Мумсик (Зиқна бахил)га йўқотиш бергин”, дейди”, дедилар.
Тасаввур қилинг, агар ҳар бир мусулмон инсон жамиятдаги ва динидаги вазифасини сидқидилдан бажарса, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзса, жамиятда фақир ва мискин қолмайди.
Шу ўринда бир мулоҳаза закотни кимларга беришни Яратганнинг ўзи Каломида битиб қўйган. Уни кимларга бериб бўлмаслик ҳам ҳадисларда баён қилинган. Яна уламоларимиз номақбул йўлларга сарф қиладиганларга ҳам закот бериб бўлмаслигини таъкидлаганлар.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринга берилиши муҳим. Чунки номуносиб шахсга берилган маблағ ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи ҳам гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳалол топган бойликдан ажратилган закот бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга, толиби илмларга берилса, ҳам улкан савобларга эришилади.
Мева-чева ва ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин(оқар) сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр-1/10 (ўндан бир) берилади. Халқимизда буни қўни-қўшничилик ва муҳтожлар ҳаққи деб юритилади. Агар ҳосил олишда суғориш асбобларидан фойдаланган бўлса, харажати ва қўл меҳнати кўпроқ синггани учун 1/20 (йигирмадан бир) берилади.
Фитр садақаси
Фитр садақаси буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан 2 кг. берилади. Хурмо ва арпадан 4 кг. берилади.
Бизнинг диёрда кенг тарқалгани фитр садақасини буғдойдан беришдир. Ўрта ҳисобда бозордаги сотилаётган буғдой нархи олинади. Баъзи олимлар камбағалларнинг фойдаси учун бозордаги энг қимматини ҳисоблаш яхши дейдилар. Ҳанафий мазҳабимизда садақаи фитр вожиб ҳисобланади. “Фитр”нинг маъноси “оғиз очиш” дегани. Закот ва бошқа садақалар молдан қилинса, фитр садақаси жон бошидан қилинади. Унинг ҳикмати ҳадисларда баён қилинганидек, рўзадаги камчиликларни бартараф қилиш, қолаверса, рўза тугаши ва Рамазон ҳайити кириши билан барча мусулмонлар байрам қилишидир. Табиийки, байрамни муносиб ўтказиш учун дастмоя керак. Бунинг учун эса қурби етганлар муҳтожларга фитр садақасини худди совғадек улашади ва байрам барчага татийди. Натижада жамият вакиллари ва табақалари ўртасида иноқлик, меҳр-мурувват ришталари шаклланади.
Аҳрорбек МАДАИПОВ,
Оҳангарон туманидаги “Хонобод” жоме масжиди имом ноиби
Таровеҳда гўзал бир тароват бор
Кеча пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Алибек” масжидида таровеҳ ўқиётган эдик. Тўртинчи тасбеҳдан сўнг имом-хатиб Искандар домла: “Муҳтарам биродарлар, масжидимизга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳамманазар Қаюмов домла ташриф буюрдилар. Ҳозир у киши сизга Рамазон ойидаги ибодатларнинг фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берадилар”, деди.
Муҳаммадназар домланинг ҳамду сано, дуруду саловатдан кейин сўзини бошлаганда айтган биринчи жумласини эшитганда ёнимда ўтирган қўшним “ғилт” этиб ютинди. Қарасам, кўзи ёшга тўлиб турибди. Ўша иборанинг мазмуни бундай эди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар. Азизлар, биз Рамазонни йил давомида кутамиз, у яқинлашган чоқларда хурсандчилигимиз янада зиёда бўлади...”
Намозни тугатиб масжиддан чиққанимизда одамлар “Домла зўр экан-ей”, “Нотиқ экан-да, нотиқ”. “Ҳақиқатан олим экан, умри зиёда бўлсин” ва шунга ўхшаш гаплар билан Муҳаммадназар домлани алқаб кетаверди. Мен қўшнимдан нега кўзига ёш келганини сўрадим. У айтади: “Рамазон кираётганда ҳамма хурсанд бўлади. Мен ҳам шунга ҳаракат қиламан. Аммо негадир, хурсандчилигимда кемтиклик борга – ҳаммага хурсандчилик бўлган Рамазон менга меҳнатга ўхшаб туйилади. Таровеҳга ҳам хатмдан қолиб кетмайин дея аранг келаман. “Нега бир миллиарддан ортиқ мусулмон севинган Рамазондан сен севинмайсан”, дея ўзимни маломат қиламан. Муҳаммадназар домла ана шу саволимга жавоб топиб берди. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар”.
Демак, одамлар Рамазон кирганда дўзахдан халос бўлганига севинар эканлар. Ахир бундан ортиқ хурсандчилик, бундан ортиқ тантана бўлиши мумкинми! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ҳадиси шарифини, балки ўзим ҳам ўқигандирман-у, эътибор қилмагандирман. Лекин домла уни шундай тушунтирдики, ўша чоқда мен ўзимдан дўзахнинг ваҳшатли оловлари чекинганини аниқ тасаввур қилдим. Ана энди мен ҳам бошқаларга ўхшаб чин дилдан севинадиган бўлдим, Аллоҳга шукр”.
Қўшнимнинг чин дилдан гапирган эътирофларини эшитиб бораётиб, қандай ажойиб инсон, қандай самимий мусулмон, нақадар илмга чанқоқ сиймо деб ўйладим. Унинг самимиятига ҳавас қилдим.
Муҳаммадназар домланинг суҳбати бошқаларда ҳам шундай ажойиб туйғулар уйғотган эди. Барибир, иймонлашиш, хусусан, олиму воизнинг суҳбатидан баҳра олишнинг ўзига хос файзи бор-да.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Болалик Рамазонлари
Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.
Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.
Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.
“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.
Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.
Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.
Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.
Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.
Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...
Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!
Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.
Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.